Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:44

Тожикистон фойдасига жосусликда айбланган аёлнинг отаси Олий судга шикоят қилди


Жосусликда айбланган Ҳалимова ўғли билан
Жосусликда айбланган Ҳалимова ўғли билан

Тожикистон фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб 11¸5 йилга қамалган Зулфия Ҳалимованинг отаси Муҳаммадносир Ҳалимов 7 август куни қизи билан Зангиотадаги аëллар қамоқхонасида учрашиб келганидан кейин, қизининг ишини қайта кўриб чиқиш талаби битилган ариза билан Президент ва Олий судга мурожаат қилди.

- Кеча қамоқонага бориб қизим билан гаплашиб¸ унинг айбсизлигига амин бўлдим. Қизим қийноқлар остида қилмаган айбига иқрор бўлганлигини айтиб берди. Мана бугун эса Ўзбекистон президенти ва Олий судга ариза ëздим. Қизим жосус эмас¸ уни ишини қайта кўриб чиқилишини талаб қиламан¸ деди ўтган йили қамоққа олиниб¸ жорий йилнинг 12 июлида Тожикистон фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, 11¸5 йилга қамалган 36 яшар Зулфиянинг отаси.

Судда Зулфия Ҳалимовни ҳимоя қилган адвокат Шоира Қиличеванинг Озодликка маълум қилишича¸ ҳимояси остидаги аёл Ўзбекистон жиноят кодексининг 223-моддаси, (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш) ва 160- моддада (Жосуслик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.

Ҳукм жорий йилнинг 22 июлидан кучга киргани ортидан Ҳалимова этап қилиниб, Зангиотадаги аëллар қамоқхонасига юборилган.

Сирдарë ИЭС оператори қандай қилиб жосусликда айбланди

Сирдарë Иссиқлик электр станциясининг кимë цехида оператор бўлиб ишлаган 36 яшар¸ ватандошлиги йўқ Зулфия Ҳалимова жазога Ўзбекистон Ҳарбий судининг ëпиқ мажлисида ҳукм қилинган.

Ҳалимованинг отасига кўра, суд жараëнида Ўзбекистон давлат сирларига оид масалалар кўрилгани боис, адвокатга ҳукм нусхаси ҳозиргача берилмаган.

Зулфия Ҳалимованинг отаси Муҳаммадносир ака Озодлик билан суҳбатда қизи Тожикистонга бориб ишлаб келгани учун “жосус” дея айбланганини айтди.

- Қизим Сирдарë ИЕСда оператор бўлиб ишлаганда ОВИРга алдаб чақириб олиб кетишди. Қизимни айтишича ўша ОВИР идорасида иккита жанжалкаш аëл унга ташланишган. Дарров милиция келиб қизимни безориликда айблаб 10 сутка қамаб қўйишди. Оиласига ҳабар ҳам беришмади. 10 кунлик ҳибс пайтида Ховосдаги изоляторда МХХ терговчиси Зоир Турсунов қизимга босим ўтказиб жосуслик бўйича иқрорномага қўл қўйдириб олибди¸ дейди суҳбатдош.

Муҳаммадносир аканинг айтишича, унинг қизи 2004 йилдан 2005 йилгача Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридаги "Очил" ресторанида официант бўлиб ишлагани Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органларида шубҳа уйғотган.

- Қизим 10 суткага ҳибс қилинган пайтида уйда тинтув ўтказиб¸ компютер ва бошқа жиҳозларни олиб кетишди¸ дейди жосусликда айбланган аëлнинг отаси.

Зулфиянинг фотоальбомидан яна бир “жосус” чиқди

Зулфия Ҳалимованинг тинтув пайтида олинган фотоальбоми яна бир сирдарëлик аëлни жосусликда айблаш учун асос бўлган. Ўзбекистон Ҳарбий суди айни суд мажлисида Зулфия билан биргаликда Сирдарëнинг Ширин шаҳарчасида истиқомат қилган 36 яшар Ўзбекистон ватандоши Алëна Кимни Тожикистон манфаатига жосусликда айбдор деб топиб, 10 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилган эди.

Маҳкуманинг опаси Виктория Султонмуродовага кўра¸ ўтган йили Зуля Ҳалимова қўлга олинган пайтда унинг фотоальбомидан Алëна Кимнимнг сурати чиққан:

- Сўроқ пайтида Зулфия Ҳалимова синглимга қарши кўрсатма берди. Лекин, шунга қарамай, Ҳалимовани ҳам жосуслик ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айблаб, 12 йилга қамашди¸ - дейди Султонмуродова.

Тергов материалларига кўра. Зулфия Ҳалимова ва Алëна Ким бир вақтнинг ўзида Тожикистон республикаси Хўжанд шаҳридаги “Очил “ ресторанида ишлашган.

Озодликнинг Хўжанддаги мухбири “Очил” ресторанига бориб ҳақиқатдан ҳам бу иккала аëлнинг ресторанда ишлаганлигини тасдиқлади.

Айни пайтда мухбиримиз суҳбатлашган ресторан маъмурлари бу икки аëлнинг жосуслик қилганига ишонмаслигини айтган.

Озодлик билан суҳбатлашган адвокат Надежда Пакнинг кузатишига кўра¸ Зулфия Ҳалимова ҳам Алëна Ким ҳам бир схемада қўлга олинган ва қийноқ остида айбига иқрор қилинган.

Алена Кимнинг опаси Виктория Султонмуродова Озодлик билан суҳбатда синглиси Тожикистонга бориб ишлаб келгани учун “жосус” дея айбланганини айтди.

- Синглим ўтган йилнинг 7 декабрида уйга келмади. У Ширин шаҳридаги касалхонада санитар бўлиб ишлар эди. Эртасига унинг маъмурий ҳуқуқбузар сифатида 10 кунга қамалганини айтишди. Янгиердаги изоляторда экан. 16 декабр куни изолятор полини ювишдан бош тортди деб яна ўн кун қамоққа ҳукм қилинди. Ўша пайтда Сирож деган МХХ зобити синглимни сўроқ қилиб уни устидан жиноий иш очди¸ - дейди Султонмуродова.

Адвокатнинг айтишича¸ ўша вақтда Ўзбекистон Ички ишлар тизимидаги ВОХР (Қўриқлаш хизмати)да ишлаган Алëна Ким дугонаси ватандошлиги йўқ Зулфия Ҳалимова билан 2004 йилдан 2005 йилгача Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридаги "Очил" ресторанида официант бўлиб ишлаганини терговчилар «жосуслик» деб малакалашган.

Ўзбекистон Ҳарбий суди 36 яшар ўзбекистон ватандоши Алëна Ким ҳамда ватандошлиги йўқ 36 яшар Зулфия Ҳалимова иши юзасидан Озодлик мухбирига изоҳ бермади.

Ўзини Ҳарбий суд матбуот хизмати ходими, деб таништирган мулозим давлат ва ҳарбий сирларига оид жараëнлар изоҳланмаслигини айтиш билан кифояланди.

Яқинларининг иддао қилишича Алёна Кимга берилган дастлабки адвокат Суҳроб Воҳидов тергов жараёнида адвокатлик лицензиясидан маҳрум этилган. Бироқ Озодлик Воҳидовнинг ўзи билан боғлана олмади.

Порталга ëзмаслик ва журналистларга шикоят қилмаслик талаб қилинган

Ҳозир қамоқда жазо ўтаëтган Алëна Кимнинг Сирдарë вилоят Ширин шаҳрида яшовчи онаси олдига вилоят ИИБ вакиллари келиб «порталга ëзмаслик ва журналистларга арз қилмаслик» борасида суҳбат ўтказишган.

Шунга қарамасдан Кимнинг яқинлари ҳукм юзасидан кассацион ариза топширган.

Зулфия Ҳалимованинг отаси эса бу масалани Олий суд кўриб чиқиб ҳал қилишига ишонади.

- Қизим менга ва ўғлига зарар етишидан қўрқиб қилмаган айбини бўйнига олибди. Энди қайта суд бўлса қизим оқланади ва адолат қарор топади¸ дейди Зулфия Ҳалимованинг отаси Муҳаммадносир ака.

Туташ чегаралардаги "жосус"

Туташ чегараларга эга бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон сўнгги йилларда ўнлаб ватандошларини қўшни давлат фойдасига жосуслик қилганлик айблови билан Озодликдан маҳрум қилди.

2013 йилнинг мартида Сурхондарё вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан уч аёл Ўзбекистонга қарши жосуслик қилишда айбланиб қўлга олинган эди.

"Ёшлар" телеканали "Жиноят ва Жазо" кўрсатувида иддао қилинишича, бу уч аёл Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятининг энг муҳим иншоотлари, шу жумладан, ҳарбий ва чегара постлари, у ердаги хавфсизлик даражаси ва бу иншоотларда хизмат қилаётганлар ҳақида "маълумот тўплашлари лозим" бўлган.

Тожикистонда ҳам Ўзбекистон фойдасига жосуслик айбловлари билан бир неча киши қамалган.

Шундай маҳкамалардан бири Тожикистон шимолидаги "Востокредмет" ташкилоти масъуллари устидан бўлиб ўтган эди.

XS
SM
MD
LG