Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:55

Респиратор етишмаётган шифохоналар сувга шўнғиш ниқобларидан фойдалана бошлади


Коронавирус пандемияга айланганидан сўнг дунë бўйлаб касалхоналарда сунъий нафас олиш тизимлари - вентиляторлар тақчиллиги бошланди.
Коронавирус пандемияга айланганидан сўнг дунë бўйлаб касалхоналарда сунъий нафас олиш тизимлари - вентиляторлар тақчиллиги бошланди.

Дунё бўйлаб COVID-19 инфекцияси туфайли нафаси бўғилаётганлар сони кўпаяр экан, айрим шифохоналар сноркелинг, яъни сув остига шўнғиш ниқобларидан фойдалана бошлади.

Бу фикр илк маротаба COVID-19 пандемиясидан энг кўп азият чекаётган Европа давлати – Италияда пайдо бўлгани айтилмоқда.

Бельгия пойтахти Брюссель яқинидаги Erasme Hospital шифохонаси ҳам айни чорани кўрмоқда. Шифохона ходими Фредерик Бонниер сноркелинг ниқобларидан жиддий нафас олиш муаммоларига дучор бўлган беморларни даволашда фойдаланилаётганини айтди. Бундан мақсад беморни респираторга уламасдан ва унинг трахеясига трубка ўрнатмасдан даволашдир.

Бонниер юзни бутунлай қопловчи сноркелинг ниқоблари учун махсус клапан яратиш жараёнига етакчилик қилди. Клапан ниқобга ҳаво тортувчи трубка ўрнига кислород юборувчи стандарт мосламаларни улаш имконини беради.

Беморни кислород билан таъминлаш нафас олганда кенгайиб, нафас чиқарганда торайиб ҳаво алмашинувини таъминлайдиган алвеолалар бутунлай ишдан чиқиши олдини олади. COVID-19 инфекцияси келтириб чиқарадиган пневмония ўпка мембранасида яллиғланиш келтириб чиқариб, алвеолалар суюқлик билан тўлишига олиб келади.

Касаллик ўта оғир кечаётган беморлар жонлантириш бўлимларида респираторларга уланади. Аммо касалликка чалинганлар сони ўта юқори бўлгани учун, жаҳон бўйлаб респираторлар тақчиллиги юзага келди.

Сноркелинг ниқоблари ётоқхонада жой ва респиратор бўлмаган ҳолатларда беморлар учун вақтинча ечим бўла олади.

Бонниер душанба кунидан бошлаб 50 сноркелинг ниқобини синаб кўришини айтди. Шифокор Decathlon ширкати хайрия ўлароқ топширган ниқоблар фақат оғиз ва бурунни қопловчи тиббий ниқобларга қиёслаганда бесўнақай эканлигини айтар экан, улар тиббий стандартлар бўйича текширилмагани ҳақида огоҳлантирди. Бу эса уларни стерилизация қилиб бўлмаслигини ва бир ниқобни фақат бир бемор учун ишлатиш мумкинлигини англатади.

Бонниер сноркелинг ниқобларидан шифохона ходимлари ўзларини инфекциядан сақлаш мақсадида ҳам қўлланишлари мумкинлигини таъкидлади. Аммо шифокор ваҳима тушган харидорлар сноркелинг ниқобларини ёппасига харид қила бошласа, шифохоналар ушбу ечимдан маҳрум бўлишлари мумкинлигини қўшимча қилди.

Ўз маскалари шифохоналарда фойдаланилаётгани ҳақида хабар топган Decathlon ширкати Twitterда «Айни дамда бу ечим чиндан самара бераётгани тасдиқлангани йўқ», деб ёзди ва обуначиларини тасдиқланмаган хабарлар асосида чора кўрмасликка чорлади.

XS
SM
MD
LG