Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:00

Риштонда 2 яшар қизчани зўрлаганликда гумонланаëтган 9-синф ўқувчиси қамоққа олинди


Фарғона вилояти Риштон тумани марказида ғайриқонуний очилган хусусий боғчалардан бирида 2 яшар қизчани 4 март куни зўрлаганликда гумонланиб, шу боғча эгасининг 16 яшар ўғли қамоққа олинди.

Туман ички ишлар мулозими, бу ҳолат билан Фарғона вилояти прокуратураси шуғулланаётганини айтди.

Риштон тумани марказидаги хусусий боғчалардан бирида икки яшар қизчанинг зўргангани ҳақида 19 март куни исми сир қолишини сўраган риштонликлардан бири Озодликка хабар берди.

“Қизчани зўрлаган бола, Фаргона вилояти Риштон тумани, Риштон шаҳридаги мактаблардан бирининг 9-синф ўқувчиси. (Гумонланаëтган ўспирин шахси¸ у ўқиëтган мактаб рақами Озодликка маълум. Аммо айбсизлик презумпцияси боис¸ уни очиқламаëтир -таҳр.) Йигитчанинг онаси уйида хусусий боғча очган, зўрланган қизча ҳам шу уй-боғчанинг тарбияланувчиси бўлган. Йигитчанинг онаси болаларни ўғлига ишониб, ўзи ўтиришга кетган. Онаси келгунча, бола 2 ёшли қизчанинг номусига тегиши оқибатида қизча район касалхонасининг реанимация бўлимига ётқизилган”¸ деди қизалоқ яшайдиган маҳалла фаолларидан бири.

Озодлик гаплашган риштонликлар¸ қизалоқнинг айнан қайси шаклда зўрлангани тафсилотларидан бехабарликларини билдирди. Ҳозирча бу воқеа ортидан тиббий экспертиза ўтказилган-ўтказилмагани¸ ўтказилган бўлса¸ унинг қандай хулосага келгани ҳақида Озодлик ихтиëрида маълумот йўқ.

Риштон тумани Мактабгача таълим бўлими бошлиғи Авазжон Ғаниев шундай воқеа бўлганини тасдиқлар экан, бу боғча ноқонуний фаолият олиб борганини айтди.

“Бу воқеадан хабарим бор. Биз ўша куни у жойга бориб ҳолатни ўргандик. Маълум бўлишича, боғчанинг эгаси ўзи ноқонуний ясли очиб олиб, маълум бир миқдор пул эвазига болаларни қарар экан. Тўртта болага қараётганлиги аниқланди. Менинг эшитишимча, у опанинг ўғли ўша куни қамоққа олиниб, Фарғонага олиб кетишган экан. Қизча зўрланганми ёки йўқми, бу ишни ўрганаётган ҳуқуқ идоралари жавоб беришади”¸ деди маҳаллий мулозим.

Риштон тумани Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, бу иш билан вилоят прокуратураси шуғулланаётганини айтди.

Риштонлик инсон ҳуқуқи фаоли ва ўқитувчи Баҳодир Элибоев ҳам бу воқеа юзасидан мустақил текшириш ўтказганини айтар экан, аниқ маълумот олишнинг мушкуллигини айтди:

- Ўша кўча боғчалар кўчаси. Уларнинг орасида қонуний ва ноқонуний боғчалар ҳам бор. Агар қонуний боғча кунига 9-10 минг сўм бўлса, ноқонуний боғча 5 минг сўм. Шунга кам таъминланган оилалар шундай боғчаларга болаларини бериб, ўзлари ишлайди. Бу қизчанинг онаси ҳам Сўх туманидан келиб, Риштондаги ошхоналардан бирида идиш ювгич бўлиб ишлайди экан. Қизча турадиган боғчада ҳам жами бешта бола бўлган. Ҳозир бу боғча ёпилган. Боғча опа бизга ўғлимда ҳеч қандай гуноҳ йўқ, деди. Гуноҳи бўлмаса ҳимоя қилайлик, десак, керак эмас, деди. Қизчанинг онасини ҳам топишнинг имкони бўлмади. Уни отаси Фарғона шаҳрига олиб кетган экан.

Озодлик ҳозирча қизалоқнинг ўлик-тириклиги ҳақида аниқ маълумотга эга эмас - айрим риштонликлар унинг нобуд бўлганини билдирган бўлса¸ маҳаллий мулозимлар¸ унинг Фарғонада олиб кетилгани боис¸ бу ҳақда аниқ маълумотга эга эмасликларини айтдилар.

Зўрлашда гумонланаëтган йигит ўқийдиган мактаб директори эса¸ Озодлик билан суҳбатда воқеа тафсилотларини бекитишга уринди.

"Нима қиласиз кавлаштириб, бу ишлар ҳаммаси тинчиган", деган директор алоқани узиб қўйди.

Озодлик ҳозирча прокуратура расмийларидан бу воқеа тафсилотлари бўйича расмий маълумот олишга муваффақ бўлмади.

XS
SM
MD
LG