Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:46

Янги Ўзбекистоннинг эски трансформаторлари. Ҳокимлар газ ва электр муаммосини Озодликка изоҳлади


Озодликка мурожаат йўллаган ўзбекистонликларнинг аксарияти электр таъминотидаги узилишлар ва газ тақчиллигидан шикоят қилмоқда.

Шикоятлар географияси жуда кенг: Андижондан тортиб Қорқалпоғистон, Тошкентдан Сурхондарёгача.

Озодлик вазият юзасидан Қува тумани ҳокими, Тўрткўл туман газ таъминоти корхонаси раҳбари ҳамда Энергетика вазирлиги матбуот хизматига шикоятларда кўтарилган саволларни берди.

Озодликка сўнгги кунларда қилинган мурожаатлар орасида қуваликлардан (Фарғона вилояти) шикоят келмаган, бироқ жорий йил бошида Озодлик Қува туман, Ифтихор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган оилавий корхона эгаларининг видеомурожаатини эълон қилган эди. Унда корхона эгалари электр узилиши оқибатида тўлақонли ишламаётганидан арз қилган.

Қуйидаги видео 2020 йилнинг 27 январида эълон қилинган:

ФАРҒОНА – "Электр узилишлари сабаб кунига 4-5 соат ҳам ишлолмаяпмиз"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:23 0:00

Қувадан яна бир шикоятни Озодлик 2019 йилнинг 16 октябрида эълон қилган, унда тумандаги Бўстон, Ҳувайдо ҳамда Қалинпўстин кўчалари аҳли 2018 йилда симёғочлар алмаштирилгани, қўшимча трансформатор ўрнатиш эса пайсалга солинаётганидан арз қилган эди.

Ҳоким: Бир йилда 57 та трансформаторни капитал таъмирдан чиқардик, 17 та янги трансформатор ўрнатдик

Қува тумани ҳокими Равшан Қурбонов 18 ноябрь куни Озодликнинг электр таъминотига оид саволларига жавоб берди:

- Жаноб ҳоким, туманингизда электр таъминоти билан боғлиқ вазият қандай? Бу йил ҳам узилишлар борми?

- Электр таъминотида узилишлар ҳақиқатан ҳам бор. Бунинг ўз сабаблари бор. Бир томондан, электр линиялари эскирган. Иккинчи томондан, аҳоли йилдан- йилга ўсяпти. Туманимизда йилига 5 ярим мингта чақалоқ туғиляпти. Натижада таъминотга нисбатан талаб кўпайяпти. Масалани ҳал қилиш учун ҳозир иккинчи линияга уланиш устида иш олиб бориляпти. Ҳозирда линиямиз битта, 110 киловатт соатли. Янги линия Сойгузар линияси дейилади. Шу линияга улансак, бутун водийнинг электр таъминоти яхшиланади. Мутахассисларнинг айтишича, таъминотдаги узилишлар деярли тўхтайди.

Қува туман ҳокими Равшан Қурбонов
Қува туман ҳокими Равшан Қурбонов

- Президент уч йилдан бери подстанциялару трансформаторларнинг эскириб кетгани, уларни алмаштириш кераклиги ҳақида гапириб келади. Шу йўналишда қандай ишлар амалга оширилди?

- Бу йил 57 та трансформаторни капитал таъмирдан чиқардик. 17 та янги трансформатор ўрнатдик. Бу - трансформатори таъмирланган, янгиси ўрнатилган маҳаллаларда муаммо ечилди, дегани. Лекин маҳаллалар кўп. Бир-икки йилнинг ичида бошқа маҳаллаларда ҳам трансформаторларниям, эскирган симёғочларниям янгилаймиз. Бироқ асосийси ўша иккинчи линия тортилиб, таъминот яхшиланишига боғлиқ.

- Бизнеснинг аҳволи қандай? Баъзи жойларда тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш цехларини электр қуввати билан узлуксиз таъминлаш учун алоҳида линиялар тортишга рухсат берилади? дейишади. Қувада ҳам шундайми?

- Бу ишлаб чиқариш корхонаси жойлашган ҳудуднинг электр таъминоти ҳолатига боғлиқ. Агар цехнинг ишлаши аҳолини электр билан таъминлашга салбий таъсир кўрсатадиган бўлса, алоҳида линия тортиб берилади.

- Электр таъминоти ёмонлиги оқибатида тўхтаб қолган бизнеслар борми?

- Туманимизда тўхтаб қолган ишлаб чиқариш корхонаси йўқ. Кичик саноат зонаси қуриляпти. Бу зона учун алоҳида электр линияси тортилган.

- Аҳолига электр қуввати етказиб беришда узилишлар борми? Бир кеча-кундузда неча соатга чироқ ўчяпти?

- Икки кун олдин ёмғир ёғди. Ўшанда айрим маҳаллаларда қисқа туташишлар бўлди ва оқибатда свет ўчди. Керакли таъмирлар қилинди. Умуман эса, туманда свет ўчириш графиги йўқ.

Қува туман ҳокими Равшан Қурбонов 18 ноябрь куни Озодлик саволларига, айтишича, “оёғи узангида турган” пайтда – иш билан бир жойга кетаётган дақиқаларда жавоб берди ва шунинг учун газ таъминотига оид саволларимиз бошқа суҳбатга қолди.

Бироқ газга оид саволларини Озодлик 17 ноябрь куни мамлакатнинг бошқа минтақаси – Қорақалпоғистонлик газчига берди.

Тўрткўлгаз раҳбари: Газнинг табиийси ҳам, суюлтирилгани ҳам етарли

Тўрткўл туман газ таъминоти корхонаси раҳбари Аъзам Абдуллаевнинг 18 ноябрда Озодликка билдиришича, туманда табиий ва суюлтирилган газ таъминотида ҳам, электр қуввати таъминотида ҳам муаммо йўқ.

- Жаноб Абдуллаев, туман аҳолисини газ билан қай даражада таъминлай оляпсизлар?

- Тўрткўлда газ таъминоти яхши. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Шаҳарда ҳам, қишлоқларимизда ҳам таъминот яхши.

- Сиз табиий газни назарда тутяпсизми?

- Албатта, табиий газни айтяпман. Суюлтирилган газ бўйича ҳам муаммо йўқ.

- Туман газ билан 100 фоиз таъминланган, ҳамма табиий газ ёқяпти, демоқчимисиз?

- Туманда ҳамма табиий газ ёқмайди. Истеъмолчиларнинг ярми табиий газдан узилган ўз вақтида. (2013 йили Ўзбекистоннинг чекка қишлоқларини табиий газдан узиш жараёни бошланган эди - таҳр. ) Лекин қувурлари кесилмаган жойларга етарли газ етказиб бериляпти. Қувури кесилганлар суюлтирилган газга ўтган.

- Суюлтирилган газни етказишга доир мамлакат бўйича 45 кунлик муддат белгиланган. Тўрткўлда ҳам шундай тартибми?

- Тўғри, 45 кунлик норматив бор. Лекин биз бунга қараб ўтирмаймиз. Ойда бир етказиб бераверамиз талабга қараб.

- Тақчиллик йўқ?

- Йўқ.

- Сиз тумангаз раҳбари бўлиш билан бир пайтда оддий тўрткўллик ҳамсиз. Электр таъминоти тўғрисида нима дея оласиз?

- Светга гап йўқ. Ўчмаяпти лекин.

- Газ билан электр таъминоти Тўрткўлда яхши эканлигини бошқа тўрткўлликлардан ҳам эшитдим. Нима учун сизларнинг тумандаги аҳвол Ўзбекистоннинг бошқа жойларидагидан яхши?

- Тўғри, бундан 3 – 4 йил олдин Тўрткўлдаям газ йўқ эди. Бироқ биз ишладик. Бу йил ёзи билан ҳам ишладик. Ремонт қилдик линияларни.

- Қорақалпоғистоннинг бошқа туманларига қараганда Тўрткўлда аҳвол яхшироқ, дея оласизми?

- Бошқа туманлардаги вазиятга баҳо беролмайман. Лекин бизда аҳвол яхшироқ, деб ўйлайман.

Тумангаз раҳбари гапларини тўрткўлликлар тасдиқлади

Тўрткўл туман газ таъминоти корхонаси раҳбари Аъзам Абдуллаев билан суҳбат ёзиб олингунича Озодлик тўрткўллик икки истеъмолчи билан ҳам мулоқот қилган эди. Тумандаги мактаб-интернет ўқитувчиси Зулфия ҳам, хусусий корхона раҳбари Асилбек Дуйсенов ҳам газ яхши ёнаётгани, электр узилмаётганини билдиришди.

Энергетика вазирлиги изоҳи

Тўрткўлдаги аҳвол бутун мамлакат учун характерли эмас. Энергия манбалари таъминоти ночор эканлигини мамлакат раҳбарининг ўзи ҳам бир неча бор тан олган. Хўш, аҳволни ўнглаш устида Энергетика вазирлиги нима қиляпти?

Вазирлик матбуот котиби Сабина Бекмуродова 17 ноябрь куни Озодлик саволини эшитгач, маълумотни расмий сайтдан олишни тавсия қилиш билан чекланди.

Энергетика вазирлиги расмий сайтида 10 ноябрь куни “Электр энергияси узилишларининг сабаблари нимада ва бу йўналишда қандай ишлар қилинмоқда?” деган саволга жавоб жойлаштирилган.

Вазирликка кўра, “2020 йилда электр энергиясидаги узилишлар сони ва давомийлиги 2019 йилга нисбатан икки баравар камайган”.

Бироқ вазирлик узилишлар ҳануз рўй бераётганини тан олган ва вазиятни бундай тушунтирган:

“Ҳозирги кунда фойдаланилаётган энергоқурилмаларнинг 50 фоизигача 30-40 йил давомида фаолият кўрсатади. Уларнинг жисмонан ва маънан эскириши ушбу энергоблокларнинг ишдан чиқишига олиб келади, бу эса электр станцияларининг айрим энергоблокларида узилишлар юз беришига олиб келади. Одатда уларни таъмирлаш учун 3-5 соат вақт кетади. Ушбу ҳолатлар қисқа муддатли электр узилишларининг сабаблари ҳисобланади”.

Энергия соҳасида 90-йиллар бошида қолиб кетган мамлакат

Мутахассислар ва соҳадаги вазиятдан яхши хабардор таҳлилчилар фикрича, муаммонинг илдизи ўтган 30 йил давомида энергия ишлаб чиқарувчи янги қувват манбаларининг яратилмаганида.

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев 90-йиллар бошида Ўзбекистон қўшни Қозоғистон билан деярли бир хил - йилига 50 млрд кв/соат атрофида электр қуввати ишлаб чиқаргани, бугунга келиб мамлакат деярли 30 йил олдинги кўрсаткичда қолиб кетганини айтган эди.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон йилига 110 млрд кв/соат электр энергияси ишлаб чиқармоқда.

Охирги 4 йилда Ўзбекистон энергетика инфратузилмасини янгилаш мақсадларига юз миллионлаб доллар хорижий ва халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилган.

Шунингдек, муқобил энергия манбаларини яратиш лойиҳаларига жалб қилинаётган сармоялар миқдори ҳам сезиларли даражада ошган.

Шавкат Мирзиёев биринчи муддатга сайланган 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди.

Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.

Пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолаётган жорий йилда ҳукумат бу борада қўшимча чоралар кўриб-кўрмагани номаълум.

Ўтган ой «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоев Ўзбекистонда 2021-2022 йилларда электр энергияси нархи оширилмаслигини маълум қилган.

Пандемия боис Ўзбекистоннинг Хитойга газ экспорти учдан бир қисмга камайган, аммо бу ички истеъмолчилар учун газ ҳажми ўз-ўзидан кўпайганини англатмайди.

XS
SM
MD
LG