Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:28

Гулнорага пора берганликда гумонланган VimpelCom ҳақдори икки мулозимни ишдан ҳайдади


VimpelCom Ўзбекистондаги "нуфузли шахс"га пора берганини тан олиб, АҚШ расмийларига 795 миллион жарима тўлаган
VimpelCom Ўзбекистондаги "нуфузли шахс"га пора берганини тан олиб, АҚШ расмийларига 795 миллион жарима тўлаган

Telenor Group компаниясининг икки топ-менежери VimpelCom Ўзбекистон президентининг қизига миллионлаб пора бергани иддаолари билан боғлиқ жанжал ширкат обрўйига зиён етказилгани учун ишдан олинди. VimpelCom Ўзбекистондаги "нуфузли шахс"га пора берганини тан олиб, АҚШ расмийларига 795 миллион жарима тўлаган.

Норвегиянинг Telenor Group ширкати 29 апрель куни эълон қилишича, бош молиявий директор Ричард Олав ва бош юрист Виен Эспен Telenor-нинг Ҳолландияда рўйхатга олинган VimpelCom ширкатидаги ҳақдорлиги билан боғлиқ масалада йўл қўйган хатоликлари боис истеъфога кетган.

Маълум бўлишича, иккала мулозим VimpelCom ширкатининг Ўзбекистондаги шуъбаси бўлган Билайн мобил опертори фаолияти билан боғлиқ коррупция текширилаётган пайтда вазифасидан вақтинча четлатилган ҳолатда бўлишган. Жума кунги қарор билан эса иккала мулозим истеъфога чиқарилган.

VimpelCom Ўзбекистонда бизнес қилиш имкони эвазига бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага миллионлаб доллар пора бергани билан боғлиқ жанжалдан чиқа олмаётган Telenor ширкатида бу илк истеъфолар эмас. Ўтган йили Telenor бошқарув ҳайъати раиси Свеин Аасер ва ширкат бош директори Йон Фредерик Баксаас ҳам истеъфога кетган эди.

Шу йилнинг ферваль ойида эса VimpelCom Ўзбекистондаги “нуфузли шахсга” 114 миллион пора берганини тан олиб, АҚШ назорат идораларига 795 миллион доллар миқдорида жарима тўлашга рози бўлди.

Шу ой бошроғида эса, АҚШ Адлия вазирлиги “нуфузли шахс” айнан Гулнора Каримова эканини ошкор қилиб, Ўзбекистон президентининг қизи ва унинг жиноий шериклари устидан судга мурожаат қилди ва пора сифатида олиниб, пул ювиш схемалари орқали ўзлаштирилгани гумон этилаётган 550 миллион АҚШ долларини ундиришни сўради.

АҚШ расмийларига кўра, Гулнора Каримовадан бу пулларни ихтиёрий тарзда АҚШ назорат идораларига топшириш талаб этилган, лекин бу сўровлар президент қизи томонидан жавобсиз қолдирилган.

Бу жанжал ширкат обрўйига етказган зиёндан қутулиш мақсадида Telenor Гулнора Каримовага пора бергани айтиладиган VimpelCom ширкатидаги 33 фоизлик улушишини сотиш режаларини эълон қилган. Лекин Telenor расмийларига кўра, коррупция жанжали боис сотувга қўйилган Ўзбекистондаги бизнесга харидор топиш жуда қийин кечмоқда.

Ўзбекистон телеком бозорида фаолият қиладиган учта йирик хорижий ширкат -- VimpleCom, Швециянинг TeliaSonera ва Россиянинг МТС ширкатлари бир неча йил давомида президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнорага камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пора берганига доир иддаолар АҚШ ва Европа мамлакатларида тергов қилинмоқда.

Бу терговлар доирасида Швейцария ва яна бир неча малакатлардаги банк ҳисоб рақамларида Гулнора Каримовага тегишли экани ишониладиган 1 миллиард доллардан ошиқ активлар музлатиб қўйилган.

Ўтган ҳафта TeliaSonera ширкати коррупция жанжали боис номини Telia Company-га ўзгартирди. Айрим хабарларга кўра, АҚШ назорат идоралари Швеция ширкатидан 1,7 миллиард доллар миқдорида жарима унидиришга ҳаракт қилмоқда.

XS
SM
MD
LG