Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:56

Стокҳольм судидан: Пора олишда айбланаëтган ўзбекистонликларнинг судда кўрсатма бериши сўралди


TeliaSonera ширкатининг Евроосиë президенти Теро Кивссари адвокати Лейф Густафсон(ўнгда) маҳкама бошланиши арафасида. 6 сентябрь¸2018 йил
TeliaSonera ширкатининг Евроосиë президенти Теро Кивссари адвокати Лейф Густафсон(ўнгда) маҳкама бошланиши арафасида. 6 сентябрь¸2018 йил

2007 йили Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун ўшандаги президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 400 миллион долларга яқин пора берганликда айбланаëтган TeliaSonera собиқ раҳбарлари адвокатлари ўз ҳимоя стратегиясини мижозларининг бу жараëнда сўнгги қарор бериш ваколатига эга бўлмагани¸ Ўзбекистонда бизнес қилишнинг махфий қоидалари ва телекоммуникация соҳасининг Гулнора Каримова назоратида бўлганини билмаганини ва шу асосда уларнинг Takilant билан келишувини пора бериш сифатида талқин этиб бўлмаслигини иддао қилди.

Маҳкаманинг учинчи кунида ҳакам порани олганликда айбланаëтган томон¸ хусусан¸ Гулнора Каримова¸ Гаяне Авакян ва Беҳзод Аҳмедовларнинг судда сўроқ-жавоб қилинишини таъминлаш учун Ўзбекистон ва Россия тегишли идораларига расмий сўров юборилганини билдирди. Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги Озодликка ҳозирча бундай расмий сўровни олмаганларини билдирдилар.

TeliaSonera ширкатининг 2007-2013 йиллардаги бош ижрочи директори Ларс Нюберг(чапда) ўз адвокати билан. 6 сентябрь¸2018 йил
TeliaSonera ширкатининг 2007-2013 йиллардаги бош ижрочи директори Ларс Нюберг(чапда) ўз адвокати билан. 6 сентябрь¸2018 йил

​4 сентябрь куни Швеция пойтахти Стокҳольм шаҳар судида бошланган TeliaSonera ширкатининг Гулнора Каримовага 400 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганликда айбланаëтган собиқ раҳбарлари судининг учинчи куни улар адвокатлари чиқишларига ажратилди.

Учала судланувчини уч алоҳида адвокатлар гуруҳи ҳимоя қилмоқда ва англашилишича¸ учала гуруҳ умумий ҳимоя стратегиясини мувофиқлаштирган ҳолда¸ асосий эътиборини ўз мижозини оқлашга қаратмоқда.

"6 йилдан бери стрессда яшаëтган Кивисаари кўп нарсани эслай олмайди"

5 сентябрь куннинг иккинчи ярмида Теро Кивисаари адвокати Лейф Густафсон ўз ҳимоя стратегиясининг асосий ўринларини тақдим этди.

Кивисаари¸ айблов хулосасига кўра¸ Ўзбекистонга кириш ва турли имтиëзлар олиш учун ўшандаги президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага пора бериш жараëнидаги асосий шахсдир.

TeliaSonera 2007 йили Ўзбекистон телекоммуникация бозорига UCell бренди остида кирганида Теро Кивисаари бош қароргоҳи Стокҳольмда жойлашган ширкатнинг Евроосиë президенти бўлган.​

Прокурор ўз тақдимотида¸ Кивисаарига юборилган ва у жавоб йўллаган электрон ëзишмалар¸ унинг ўзбек бозорига киришнинг ягона йўли биринчи оила¸ хусусан¸ унинг қудратли вакили Гулнора Каримовага пора бериш эканини олдиндан билганини кўрсатишини таъкидлади.

Кивисаари адвокати ўз чиқишида мижозининг Ўзбекистондан ташқари бир қатор мамлакатлари учун масъул бўлгани боис¸ ўзига нусхаси юборилган электрон мактубларнинг ҳаммасини ўқишга вақти бўлмаганини таъкидлади.

"Кивисаари¸ Ўзбекистонга кириш учун музокаралар бошланганидан кейин Евроосиë президенти бўлган ва у ўзигача бўлган музокаралардан хабари бўлган ҳолда¸ улар тафсилотлари¸ хусусан¸ Takilant ширкати¸ унинг Гулнора Каримовага алоқаси борлигини билмаган. Кивисаари бу келишувнинг юридик томони учун маъсул бўлмаган"¸ деди Лейф Густафсон ўз чиқишида.

Адвокат¸ ширкатнинг Ўзбекистонга кириш учун биринчи оиладан рухсат излагани ва Каримовага пора берилгани ҳақидаги айбловни инкор қилишга уринди.

Бу уринишида адвокат¸ Ўзбекистон ҳукуматининг 2012 йил декабрида Берлиндаги ўзбек элчихонаси орқали Швеция Ташқи ишлар вазирлигига юборган дипломатик нотасидан иқтибос келтирди.

Гулнора Каримова ҳамон Ўзбекистонда энг қудратли шахслардан бири бўлиб турган бир пайтда юборилган дипломатик нотада¸ TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистонга шаффоф тарзда киргани ва швед журналистлари ва прокуратурасининг бу жараëнда Каримовага пора берилганига оид айбловлари асоссиз провокация экани айтилади.

"Кивисаари олти йилдан бери муттасил стрессда яшамоқда. Икки марта ишидан ажради. У нимаики қилган бўлса¸ қонунга мувофиқ қилган. Ҳар бир қарорини ширкатнинг сўнгги қарор бериш ваколатига эга рабарлари билан мувофиқлаштирган. Бу жараëн унинг прокурор келтирган электрон ëзишмаларида кўринмаган бўлса¸ сабаби унинг иши кўпчилиги боис асосан телефон билан ишлаганида. Бугун у қасамëд остида қайси раҳбарига қачон телефон қилиб¸ нима деганини¸ албатта¸ эслай олмайди"¸ деди Кивисаари адвокати.

"Ули Туима ҳам Гулноранинг қудратидан бехабар бўлган"

6 сентябрь куни ўз ҳимоя стратегиясини тақдим этган Ули Туима адвокатлари ҳам 2007 йили TeliaSoneraнинг Евроосиë бўйича етакчи ҳуқуқий маслаҳатчиси бўлган мижози Гулнора Каримованинг Ўзбекистондаги қудратли мақомини билмагани¸ Takilant ширкатининг унга қарашли экани ва 3G лицензияси ва частоталар учун тўланган пулларнинг Гулнора Каримовага берилаëтган пора бўлиш эҳтимолидан бехабар бўлганини иддао қилди.

"Биз Гулнора Каримованинг Ўзбекистон телеком секторини назорат қилган асосий шахс экани ҳақидаги прокурор Стетлер баëнотига эътироз билдирамиз. У телеком секторидаги қарор бериш ваколатига эга давлат расмийси бўлмаган. Унинг расмий мақоми Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси бўлган¸ телеком соҳасида ҳеч қандай роли бўлмаган. Ўзбекистон Бош прокуратураси 2017 йилда прокурор Стетлерга юборган расмий баëнотда ҳам Гулнора Каримованинг телекоммуникация соҳасида қарор бериш мақомига эга шахс бўлмагани айтилади"¸ деди 6 сентябрь кунги маҳкамада чиқиш қилган Ули Туима адвокати.

Маҳкама жараëнида адвокатлар Ўзбекистон телекоммуникация секторини 2000 йилларда Абдулла Арипов бошқарганини бир неча бор таъкидладилар.

Озодлик билан суҳбатда учала судланувчи адвокатлари 2016 йили Ўзбекистон Бош вазири этиб тайинланган Ариповни судда интервью қилиш¸ бу вазиятга ойдинлик киритиши¸ аммо ҳозирча бундай интервью эҳтимолининг йироқлигини таъкидлади.

"Жаноб Арипов биз билан суҳбатлашишга рози бўлса¸ эртагаëқ Тошкентга учиб борамиз"¸ деди Озодликка Ули Туима адвокати Ҳанс Станберг.

400 миллион доллар пора олганликда айбланаëтганлар судда қатнашадими?

6 сентябрь кунги суд мажлиси тугаши олдидан ҳимоя ва айблов томони ҳакамлар билан жараëннинг кейинги қадамларига оид айрим процедура масалаларини муҳокама қилди.

Адвокатлар биз суд давомида пора олганликда айбланаëтганлар¸ хусусан¸ Гулнора Каримова¸ Гаяне Авакян ва Беҳзод Аҳмедовларни сўроқ-жавоб қилишни сўраб прокуратурага мурожаат қилганмиз. Бу сўровимиз қондириладими¸ дея савол берди.

Бунга жавобан ҳакам Швеция Адлия вазирлиги бу сўровни расман Ўзбекисон Адлия вазирлигига жўнатгани¸ аммо ҳозирча бунга жавоб олинмаганини билдирди.

Озодлик боғланган Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги мутасаддилари эса¸ ўзларига бундай сўровнинг ҳозирча расмий каналлар орқали етиб келмагани¸ келиши билан уларга "халқаро процедура асосида жавоб берилишини" билдирдилар.

Озодлик ихтиëридаги суднинг кейинги мажлисларига оид дастлабки дастурга Гаяне Авакян ва Беҳзод Аҳмедовнинг судда кўрсатма бериши киритилган.

XS
SM
MD
LG