Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:32

Гулнора Каримованинг музлатилган миллионлари тақдири нима бўлди?


АҚШ Адлия вазирлиги Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган банк ҳисобларидаги жами 850 миллион долларлик активларни суд орқали мусодара қилиш ҳаракатини бошлаганидан бери бир йилдан кўпроқ вақт ўтди.

Бу сўровни кўриб чиқишни бошлаган Ню Йоркдаги Манҳаттен суди¸ АҚШ ва Ўзбекистон Адлия вазирликларига бу пуллар тақдирини суддан ташқари келишув йўли билан ҳал қилишга берилган муддатни бир неча бор узайтирди.

АҚШ матбуоти хабарларига кўра¸ томонларга суддан ташқари ечим (мировое соглашение) учун берилган сўнгги муҳлат 2017 йилнинг 31 январида тугаган ва жараëнга оид бошқа маълумот жамоатчиликка ҳозирча эълон қилинган эмас.

2016 йил январида¸ ўша вақтдаги Адлия вазири Музраф Икромов бир миллиардга яқин музлатилган маблағни Ўзбекистон ихтиëрига қайтаришни сўраб АҚШ судига расман мурожаат қилгани ҳақидаги хабардан сўнг¸ Гулнора Каримованинг отаси оламдан ўтди¸ Тошкентда ҳокимият ўзгарди.

Ҳозиргача Мирзиëев ҳукуматининг АҚШ мусодара қилиш ҳаракатини бошлаган бу пулларга муносабати жамоатчиликка ошкор этилмади.

АҚШда яшаëтган ўзбекистонлик сиëсий диссидент Санжар Умаров ўтган йил Америка Адлия вазирлигига бу пулларни Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларга ажратиш¸ бунинг учун махсус жамғарма тузишни сўраб мурожаат қилган эди.

Озодлик билан суҳбатда Санжар Умаров Гулнора Каримовага қарашли экани айтилаëтган 850 миллион долларлик музлатилган пуллар тақдири ҳамон муаллақ қолаëтгани¸ на Мирзиëев¸ на Трамп маъмуриятининг ҳозирча бу масала юзасидан суддан ташқари ечим топишга жиддий уринаëтганини кўрсатувчи белгилар йўқлигини айтади.

2004 йилда ислоҳотлар талаби билан “Серқуëш Ўзбекистон” коалицияси тузганидан сўнг¸ Тошкент ҳукумати томонидан қамоққа ташланган собиқ сиёсий маҳбус Санжар Умаров билан АҚШ Адлия вазирлиги мусодара қилиш ҳаракатини бошлаган Гулнора Каримованинг 850 миллион долларлик музлатилган активлари тақдиридан бошланган суҳбат давомида АҚШ-Ўзбекистон муносабатларида Шавкат Мирзиëев президентликка келгандан сўнг туғилган янги имконлар¸ қолаверса¸ Тошкент янги ҳукуматининг Каримов давридаги сиëсий маҳбусларга оид муносабати мавзуси ҳам тилга олинди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:20 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG