Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:58

Швеция прокурори: Гулнора Каримова ишида илгари силжиш бор!


Гуннар Стетлер Швеция прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бўйича Европада энг танилган прокурорларидан ҳисобланади.
Гуннар Стетлер Швеция прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бўйича Европада энг танилган прокурорларидан ҳисобланади.

Швейцариялик прокурорларнинг Тошкентда уй қамоғида сақланаëтган Гулнора Каримовани сўроқ қилганига оид хабарни шарҳлаган Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси директори Гуннар Стетлер¸ ўз идорасининг Каримовани сўроқ қилишга оид сўровларига Тошкентдан жавоб бўлмаганига қарамай¸ бу савол-жавобни Европа давлатларида бораëтган жиноий ишлардаги илгари силжиш деб баҳолади.

- Биз швейцариялик ҳамкасбларимиз билан жуда яқиндан ишлаяпмиз. Ҳозирча сизга фақат шуни айта оламан. Бу ишда жиддий прогресс бор ва йил охирига қадар ишнинг судга оширилишига умид қилиб турибмиз¸ деди Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўйича бош прокурори Озодлик билан суҳбатда.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига қарашли TeliaSonera ширкати 2007 йилда Ўзбекистон телеком бозорида бизнес қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида ўша вақтдаги президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан тузилган ноқонуний битимга биноан унга тегишли оффшор ширкатларига 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганликда айбланмоқда.

Швеция прокуратурасининг Гуннар Стетлер бошчилигида ушбу айблов юзасидан 2012 йилдан бери олиб бораëтган тергови давомида¸ ширкатнинг энг юқори раҳбарлари ишдан кетди¸ нафақат TeliaSonera, балки бошқа қатор телеком шикатлари юзлаб миллион долларлик жаримага ҳукм этилди¸ ҳатто TeliaSonera глобал имижини сақлаб қолиш учун ўз номини ўзгартиришга мажбур бўлди.

Озодлик билан 16 январь кунги суҳбатда жаноб Стетлер¸ шунга қарамай¸ бу жараëннинг ҳали охирига етмаганини таъкидлади:

- Бу ишнинг жуда муҳим икки жиҳати бор. Биринчиси¸ пора берган шахсларни жавобгарликка тортишдир. Агар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиëт ташкилоти (OECD)нинг порахўрликка қарши конвенциясига эътибор берсангиз¸ унинг бирламчи мақсади пора бераëтган ширкатларни жазолашдир. Ҳозирча ширкатлар катта жарималарга тортилди¸ лекин биз пора беришда қатнашган шахсларнинг айбини исботлаб¸ уларни жазолашимиз керак. Иккинчиси¸ албатта¸ порага берилган пулларни мусодара қилишдир. Пора олганчи¸ у жазоланмай қоладими¸ деган ҳақли саволга келсак¸ албатта¸ жазоланиши керак. Лекин айнан бу ишда Гулнора Каримова ëки бошқа шахсларнинг Швецияга келиб¸ суд олдида жавоб беришига Ўзбекистон расмийлари осонликча рухсат бермайди¸ деб ўйлайман. Берса¸ очиғи¸ бундан ҳайратга тушган бўлардим¸ дейди Швеция Бош прокуратурасинин Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер.

АҚШда чиқадиган Wall Street Journal нашрига кўра¸ 9-10 декабрь кунлари Швейцария прокурорлари¸ мамлакат маҳкамаси томонидан тайинланган адвокат иштирокида Гулнора Каримовани жами 23 соат давомида сўроқ қилишга муваффақ бўлди.

Бу 2012 йил ëзида Швейцария прокуратураси Гулнора Каримованинг бизнес шерикларига қарашли банк ҳисобларидаги 800 миллион долларга яқин пулни музлатганидан бери швейцар прокурорларининг Каримова билан биринчи бор юзма-юз савол-жавоб қилишидир.

Бу пулларнинг коррупция ва пул ювишга алоқадорлик айблови асосида музлатилишига муваффақ бўлган Швейцария прокуратураси¸ 2013 йил сентябрида уларнинг асл эгаси деб 2012 йилгача Ўзбекистоннинг Женевадаги халқаро ташкилотлардаги доимий намояндаси бўлиб ишлаган Гулнора Каримова эканини расман гумонлаб келмоқда.

XS
SM
MD
LG