Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:38

“Геноцид ўйинлари”. Уйғур фаол Хитойдаги олимпиадани бойкот қилишга чақирмоқда


2008 йил Пекинда бўлиб ўтган Ёзги Олимпиада ўйинлари машъалдорларидан бири бўлган уйғур фаол Хитойда бўлиб ўтадиган Қишки Олимпиада ўйинларини бойкот қилишга чорламоқда.

Айни дамда АҚШда яшаётган Камолтурк Ёлқин “The Associated Press” агентлигига берган интервьюсида:

“Глобал фуқаро ва спортчи ҳисси бу сафарги Олимпиада ўйинлари арафасида четга суриб қўйилгандек туюляпти”, деди.

Сўнгги йилларда Пекин Хитой ғарбида жойлашган Шинжон-Уйғур мухтор бўлгасида мусулмон халқларни қатағон қилиб келади.

Жума куни Пекинда Олимпиада ўйинлари бошланиши кутилар экан, мезбон давлатнинг уйғурлар ва бошқа этник озчиликларга нисбатан муносабати яна глобал баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Хитой бир миллиондан ортиқ уйғур ва Шинжондаги бошқа маҳаллий, асосан мусулмон, туркий тилли этник гуруҳлар вакилларини қайта тарбиялаш мақсадида ҳибсга олгани учун халқаро танқидларга учрамоқда ва санкцияларга дучор бўлмоқда.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Пекинда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларини “Геноцид ўйинлари” деб атамоқда.

Хитой мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилаётганини рад этиб, бу айбловларни “аср ёлғони” деб атайди. Хитойнинг таъкидлашича, Шинжондаги лагерлар одамларни терроризмдан ҳимоя қилиш мақсадида очилган “касбий таълим марказларидир”.

Ёлқин Хитойда ўтказилган илк Олимпиада ўйинларида қатнашганидан ўша пайтда фахрланганини эслайди. Аммо отаси Ёлқин Рўзи дараксиз ғойиб бўлгач, бу туйғу йўқолган. Уйғур адабиётига оид китобларни таҳрир қилиб келган Рўзи 2016 йилда ҳибсга олинган ва Хитой давлатини “ағдаришга” уринишда айбланиб, 15 йилга қамалган.

Ёлқин отасини шу билан бошқа кўрмаган. Отаси бедарак йўқолганидан беш йил ўтгач, CGTN давлат телерадиокомпанияси Шинжон ҳақида ҳозирлаган ҳужжатли фильмда отасини таниб қолган.

Ёлқин 2014 йилда магистратура қилиш учун АҚШга кўчиб борган ва мамлакатда қолган.

Сўнгги ойларда Ёлқин Бостон шаҳрида Қишки Олимпиада ўйинларини бойкот қилишга чақириб ўтказилган норозилик намойишларида мунтазам қатнашиб келади.

2008 йилги Ёзги Олимпиада ўйинлари арафасида тибетлик фаоллар Пекиннинг зулмига қарши намойиш ўтказган эди.

Ёлқин ўшанда бу ҳақда ҳеч нарса билмаганини айтди. Сиёсатга қизиқмаган ўрта мактаб ўқувчиси сифатида у пойтахтга борганидан ҳамда Олимпиададаги ёшлар лагерини кўрганидан мамнун бўлган.

Ўшанда Шинжонда таълим учун масъул амалдорлар бир нечта мактабдан энг намунали ўқувчиларни танлаб олган. Сўнгра уларнинг муомала одобини ҳамда инглиз тилида сўзлашиш қобилиятини аниқлаш учун Коммунистик ёшлар лигасининг минтақавий бўлими интервью ўтказган. Ёлқинга қўнғироқ қилиб, танлаб олинганини айтишганда, унинг боши кўкка етган.

“Кўнгилли ўлароқ бўладими ёки машъалдор ўлароқ бўладими ёки шунчаки томошабин сифатида бўладими, ўйинларда қатнашиш имконини қўлга киритган ҳар бир одам фахрланарди”, деди у.

Пекиндаги Олимпиада қўмитаси кейинчалик Ёлқинни машъалдорлар сафига қўшган.

Ёлқин машъал билан югуриш иссиқ июль кунига тўғри келганини ва “кўз очиб юмгунча” ўтиб кетганини сўзлаб берди. Ёлқин ва бошқалар Буюк Хитой деворининг шарқий чеккасида, Циньхуандао шаҳридаги қирғоқдан бошланган қисми бўйлаб югурган.

“Югуришимиз керак бўлган масофа жуда қисқа эди, эҳтимол 30 метр”, деди у AP агентлиги билан суҳбатда.

Ҳар бир машъалдорга нақшлар билан безатилган қизил рангли алюминий машъал берилган.

Ёлқин узунчоқ алюминий машъални эсдалик сифатида сақлаб қўйган. Пекинга автобусда қайтганида йўловчилар машъал билан суратга тушишни сўраган. Унинг сўзларига кўра, ўша пайтда ҳаммани ҳаяжон қамраб олган бўлган.

Ўша тунда полиция у қолган меҳмонхонага бориб, тинтув ўтказган. Машъал ва машъалдор формасини кўргач, полиция уни тинч қўйган. Хитойдаги йирик шаҳарларда полиция уйғур саёҳатчиларни мунтазам равишда текшириб туради.

Ёлқиннинг Пекиндаги кунлари тез ўтган. У Олимпиада ёшлар лагерида Хитой номидан қатнашиш учун танланган 70 нафар ёшнинг бири бўлган. 400 дан ортиқ ёшлар гуруҳи Тақиқланган шаҳар ва янги қурилган савдо марказлари каби жойларда айлантирилган. Ёлқин фурсатдан фойдаланиб, бошқа мамлакатлардан келган ўқувчилар билан танишган.

2008 йилги Олимпиада ўйинлар Хитой учун ўз қудратини кўз-кўз қилиш учун имконият бўлди. Мамлакат олимпиададан олдинга йилларда тез суръатда ўсиб ва бойиб келаётган эди. Бир пайтлар велосипедларга тўла бўлган кенг хиёбонлар энди машиналар билан гавжум эди.

Ёлқинни баланд осмонўпар бинолар ва кенг кўчалар эмас, балки дарахтлар кўпроқ ҳайратга солган.

“У пайтда Хитой атроф-муҳитга унчалик аҳамият бермасди. Ҳамма жойда фақат бетон ва цемент эди, табиат йўқ эди”, дейди у.

Аммо янги қурилган халқаро аэропортдан шаҳарга элтувчи йўл бўйлаб экилган ям-яшил дарахтларни кўриб, ҳайратга тушган.

“Қаерга қарамай, ям-яшил ўсимликларни кўрдим”.

Айни дамда Ёлқиннинг туғилиб ўсган ватанига қайтиш нияти йўқ. Тинчлик ва дўстлик рамзи ҳисобланувчи Олимпиада алангаси у учун ўчган.

Бу йилги Олимпиадага қарши дипломатик бойкотни Австралия, Канада ва Буюк Британия қўллаётган бўлишига қарамай, Ёлқиннинг ҳафсаласи пир бўлган. Унинг сўзларига кўра, тўлиқ бойкот бўлиши керак эди, жумладан, спортчилар томонидан.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, жума куни бўлиб ўтадиган очилиш маросимида кўплаб давлат раҳбарлари ва юқори мартабали амалдорлар, жумладан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Россия президенти Владимир Путин иштирок этиши кутилмоқда.

“Бундай ваҳшийликлар содир бўлаётгани учун жамоавий жавобгарлик бўлиши керак”, деди Ёлқин.

“Одамларнинг бу қадар совуққон муносабатини кўриш мен учун жуда оғриқли”.

XS
SM
MD
LG