Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:40

“Газ иттифоқи” амалга ошмоқдами? Қозоғистон ва Россия газни қайта ишлаш бўйича йўл харитасини имзолади


Остона билан Москва қозоқ газини Оренбург газни қайта ишлаш заводида газни қайта ишлаш ҳамда Россия газини Қозоғистонга етказиб бериш масалалари юзасидан “йўл харитаси”ни имзолашган. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Склярнинг “Газпром” раҳбари Алексей Миллер билан 18 январь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган учрашуви якунларига кўра маълумот тарқатди.

“Учрашув чоғида Қозоғистон ва Россия Федерацияси ўртасида табиий газ соҳасида икки томонлама ҳамкорликнинг асосий масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар натижаларига кўра томонлар ҳамкорлигининг асосий йўналишларини, хусусан, қозоқ газини Оренбург ГҚИЗда қайта ишлаш, Россия газини Қозоғистонга етказиб бериш имконияти ҳамда ҳамкорликнинг истиқболдаги лойиҳаларини белгиловчи йўл харитаси имзоланди”, дейилган матбуот хизмати хабарномасида.

Ҳукумат маълумотига кўра, учрашувда Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси Ермек Кошербаев, Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков ва QazaqGaz миллий ширкати раёсати раиси Санжар Жаркешовлар ҳам иштирок этишган.

Аввалроқ вазир Акчулаков Россиядан хом ашё олиш йўли билан Қозоғистон шимоли ва шимолий-шарқини газлаштириш зарурати тўғрисида билдирган эди. “Бизга мамлакат шимолий-шарқи ва шарқини газлаштириш учун йилига 10 миллиард куб метр газ тортиб олишга имкон берувчи қувур керак”, деган эди у матбуот анжуманларидан бирида.

Ноябрь ойида Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан “газ иттифоқи” тузишга қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди.

Ўзбекистон газ эвазига сиёсий шартларга кўнмаслигини, Россия билан газ етказиб беришга оид шартнома эса, агар шундай шартнома тузилгудек бўлса, ҳали иттифоқ тузилишини англатмаслигини билдирган.

Қозоғистон ҳукумати январь ойи бошида Москвадан Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида “газ иттифоқи” тузиш юзасидан расмий таклиф олмаганини билдирган, айни пайтда Россиядан газ импорт қилишга оид шартнома бўйича музокаралар олиб борилаётганини қайд этган.

Европа Иттифоқи мамлакатлари Россияни газдан сиёсий босим ва шантаж воситаси ўлароқ фойдаланаётганликда айблаб келишади. Кремль бу айбловларни рад этган. Сентябрь ойида Польшада Россия газининг ўрнини босиши кўзда тутилган газ қувури очилган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG