Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:45

Ишчилари исëн кўтарган Ғузордаги ширкат Бангладешдан юзлаб ишчи олиб келди


Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 21 октябрь куни Ғузорда ғалаён кўтарган маҳаллий ишчиларини тинчлантирмоқда
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 21 октябрь куни Ғузорда ғалаён кўтарган маҳаллий ишчиларини тинчлантирмоқда

Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Enter Engineering ширкати махсус киралаган лайнер Бангладешнинг Ҳазрат Шох Жалол аэропортидан ҳавога кўтарилиб, Тошкентга 239 нафар бангладешлик ишчини олиб келди.

Бу ҳақда ëзган Бангладешнинг Daily Star газетасига кўра¸ жами учта чартер рейс билан 888 нафар ишчи Ўзбекистонга етказилади.

Бу ишчилар “Uzbekistan GTL” заводини қураëтган Enter Engineering ширкатида келаси ҳафтадан иш бошлайди.

Озодлик суҳбатлашган Enter Engineering ширкати ишчисига кўра¸ Бангладешдан келган ишчилар гурухи Ғузорга етиб келган ва COVID-19 га қарши бир хафталик карантинга олинган.

Enter Engineering ширкатининг минглаб ишчилари жорий йил 21 октябрида стихияли норозилик акциясига чиққан эди.

Ойлик ва овқатнинг вақтида берилмаганидан ғазабга келган ишчиларнинг норозилиги оммавий тартибсизликларга айланиб кетган.

4 миллиард долларлик Uzbekistan GTL заводини қураëтган минглаб ишчи ғалаëн кўтарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:26 0:00

Озодлик суҳбатлашган Enter Engineering ишчиси ғалаëндан кейин юзлаб ишчилар ишдан бўшатилгани ва 20 дан зиëд ишчи устидан жиноят иши очилганини айтиб¸ “бангладешлик ишчилар бизнинг ўрнимизни эгалламоқда” деди.

"Ўнта бўлса ўрни бошқа"

Ўзини Enter Engineering ширкати ходимлар бўлими вакили, деб таништирган мулозимнинг Озодликка айтишича¸Бангладешдан ишчи келтирилишининг бундан 20 кун олдин чиққан ишчилар норозилигига алоқаси йўқ:

“Йил охиригача завод қурилиши тугалланиши керак. Режага кўра¸ ускуналарни монтаж қилиш учун Бангладешдан мутахассислар олиб келиниши керак эди. Булар "қора ишчи" эмас, балки мураккаб техника ускуналарини ўрната оладиган "установшик" мутахассислар. Иш графиги бўйича булар заводдаги технологик линияни монтаж қилади. Буларнинг келиши ўзбек ишчиларига таъсир қилмайди. Ҳар кимнинг ўз иши бор”.

Мулозимнинг айтишича¸ Enter Engineering ширкати ўтган йил охирида ишчи етказиб берувчи учта халқаро ширкат билан шартнома тузиб, Ғузорга четдан ишчи келтириш бўйича келишувга эришган. Мулозимга кўра, пандемия ва карантин сабаб ишчилар келиши кечиккан.

Четга арзон ишчи кучи экспорт қиладиган Ўзбекистон ўзининг яқин тарихида автомобил саноати учун ўнлаб мутахассисларни Кореядан таклиф қилган бўлса ҳам, мингга яқин ишчининг бирваракайига четдан олиб келиниши кузатилмаган.

"Хумо"ни қуриб президент назарига тушган ширкат

Ўзини Ўзбекистондаги саноат қурилишида етакчи компания сифатида тақдим этиб келаëтган Enter Engineering¸ расмий сайтидаги маълумотга кўра¸ 20 мингга яқин ишчи ва мутахассисга эга.

Озодлик суҳбатлашган муҳандисга кўра, йил охиригача қолган бир ярим ой муддатда заводни фойдаланишга топшириш учун малакали ишчилар четдан жалб қилинган.

Завод мулозимлар орасида “Мирзиëевнинг 4 миллиард долларлик лойиҳаси” дея айтиб келинади.

Шавкат Мирзиëев Ўзбекистон президенти этиб сайланиши билан имзолаган ҳужжатлардан бири «Шўртан ГКМ метан тозалаш базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш» инвестицион лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарордир.

2016 йил декабрида чиққан қарор асосида Қашқадарёда табиий газдан синтетик ёнилғи ишлаб чиқарувчи завод лойиҳаси устида иш бошланди.

Uzbekistan GTL (gas to liquids ёки суюлтирилган газ олиш) лойиҳасининг президент қарорида ëзилган дастлабки қиймати 2,6 миллиард доллар дея баҳоланган бўлса¸2020 йилга келиб, бу нарх қарийб 4 миллиард долларга кўтарилди.

2012 йили таъсис этилган Enter Engineering газ конларида инфраструктура ва бошқа иншоотлар қуриш бўйича Ўзбекистондаги етакчи компанияга айланди.

Тошкентдаги “Ҳумо” спорт аренасини ҳам қурган Enter Engineering ширкатининг қатор раҳбарлари Ўзбекистон президенти томонидан тақдирланган эди.

Компания расмий сайтида унинг акционерлари ҳақида расмий маълумот йўқ.

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра¸ компания президенти ва акцияларининг назорат пакети эгаси Бахтиëр Шуҳратович Фозиловдир. Асли самарқандлик 45 яшар Фозилов Тошкент Иқтисодиëт университетининг Халқаро иқтисодий алоқалар йўналишини тугатгани маълум.

Россия матбуотига кўра¸ Фозиловнинг 2015 йил ноябрида Қибрисда рўйхатга олинган Altmax Holding Ltd ширкати Surhan Gas Chemical Operating Companyга қарашли акцияларнинг 75 фоизига ҳам эгалик қилади.

XS
SM
MD
LG