Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:57

"Совуқ муносабатлар". Яқин Шарқ бўйича эксперт Туркия-Исроил алоқалари ҳақида


Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Истанбулдаги намойишда.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Истанбулдаги намойишда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Яқин Шарқда уруш бошланганидан сўнг ҲАМАСни (АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган - таҳр.) террорчилар деб ҳисоблашдан бош тортди, Исроилни “жунун ҳолат”дан чиқишга ва Ғазони бомбалашни бас қилишга чақирди, бир неча кун аввал эса Нетаняҳу билан ҳеч қанақа мулоқот бўлмаслигини айтаркан: “Биз уни ўчириб ташладик”, деди.

Октябрь охирида Эрдўғон Фаластин тарафдорларининг Анқарадаги кўп минг кишилик митингида нутқ ирод этди ва Исроилгагина эмас, бутун Ғарбга катта уруш билан таҳдид қилди.

Урушга қадар Эрдўғон ва Нетаняҳу камералар қаршисида қўл сиқишишар, икки мамлакат алоқалари яхшилангани ҳақида ҳазил-мутойиба қилишарди – охирги шунақа учрашув 2023 йилнинг 20 сентябрида Нью-Йоркда бўлган.

Энди бўлса Исроил ва Туркия ўз элчиларини маслаҳатлашув учун чақириб олган. Дипломатик муносабатларни узиш ҳақида ҳозирча гап йўқ, аммо Анқара турк элчиси Тел-Авивда “исталмаган шахс” деб эълон қилинишини кутмоқда.

Исроил ва Туркия алоқаларида нималар бўляпти? Нега Эрдўғон бунақа кескин оҳангга ўтди? Украинанинг Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази директори Игорь Семиволос “Настояшчее время” ёйинида ана шу саволларга жавоб берди.

- Туркия ва Исроил муносабатларини ҳозир қандай таърифлаган бўлар эдингиз?

Игорь Семиволос: Совуқ. Шубҳасиз, бу жуда совуқ ва гоҳида аёзли алоқалар. Бироқ муносабатларда буткул музлик даври бошланишига шубҳам бор, чунки Эрдўғоннинг гап-сўзлари, ҳар ҳолда, тил топишишга имкон қолдиради. У ўзини Ғазога тинчлик олиб келувчи инсон сифатида, Туркияни эса Ғазо хавфсизлигини бўйнига ола биладиган давлатлардан бири ўлароқ кўради. Жанглар тугаганидан сўнг Ғазога турк қўшинлари жойлаштирилишини ўйлаб юрган бўлса ҳам ажаб эмас.

- Аммо у, гап-сўзларига қараганда Исроилга душмандек туюлади, шундай эмасми?

Тўғри. Бироқ у бунақа гапларни илгари ҳам айтарди. Бу янгилик эмас. Шунчаки, Яқин Шарқда уруш бошланганидан кейин баёнотларида кескинликни бир парда оширди, холос. Умуман олганда, Эрдўғоннинг нутқларидан аксиламерика ва аксилғарб кайфияти ҳамиша уфуриб турган, бу айниқса митинглардаги чиқишларида яққол сезилади. У электоратга ишлаяпти. Ҳозирда Туркияда сайловолди кампанияси бўлаётганини эсдан чиқармайлик. Албатта, Эрдўғон ушбу имкониятдан ўз электорати кўнглини олишда фойдаланишни истайди. Иқтисодий аҳвол чатоқ. Лекин унга AK Partisi (Адолат ва Тараққиёт партияси)нинг турк жамиятидаги устунлигини таъминловчи ғалаба зарур. Шу боис ҳам Ғазо мавзусида Исроил шаънига жуда қаттиқ гапирмоқда.

Уруш анатомияси: Араб-Исроил урушлари, Исроил-Фаластин зиддияти тарихи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:23 0:00

- “Сизлар тағин ярим Ой ва хоч урушини истайсизми?” дея Ғарбга юзланаркан у сиз тилга олган ички электоратга ишлаяптими ёки ташқи истеъмолчиларгами?

Игорь Семиволос: Йўқ, биринчи галда ички электоратга мурожаат қилмоқда. Ғарб учун бу риторик савол, яъни Ғарб ҳеч қанақа урушни истамайди, албатта. Эрдўғон аслида бу билан музокараларни таклиф қилаётганини ҳамма жуда яхши англаб турибди. Аммо ҳозир музокара мавриди эмас, ҳозир мана шунақа даҳанаки жанглар фурсати. Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан Блинкен билан хушламайроқ кўришганига эътибор қилгандирсиз? Бу ҳам томонлар ҳозирда оралиқ масофани узайтираётганини билдиради. Лекин масофа бир мақсадда – Ғазода нималар бўлажагини, вазият қай тарзда ривожланишини кутиб туриш учун узайтирилмоқда. Исроил учун имконият эшиклари ёпиляпти. Шу боис ҳам Туркия унинг ёнгинасида ва қулай фурсатни кутиб турибди.

- Нима учун?

Игорь Семиволос: Америкаликларга ўз хизматларини янада фаол тарзда таклиф қилиш учун. Бу қанақа хизмат бўлиши мумкин? Ғазо бўлгасини назоратга олишми?

Бу эҳтимоллардан бири, лекин айнан шунақа бўлиши шарт эмас. Асосийси – Туркиянинг Яқин Шарққа яна келиб, мустаҳкам ўрнашиб олиши. Бу Усмонли империяси даврига мафтун Эрдўғоннинг гарданидаги вазифалардан бири, эрдўғонча ресентиментнинг бир қисмидир.

- НАТОга аъзо мамлакат нега бунақа кескин баёнотларни ўзига эп кўрмоқда? Қўшма Штатларнинг иттифоқчиси бўлмиш давлатни нега жиноятчи ва душман деб атаяпти?

Игорь Семиволос: Гап шундаки, Туркия иккисини айри-айри кўради. Штатлар билан алоқалар – алоҳида муносабатлар ва бу ерда бир талай муайян муаммолар бор. Исроил билан алоқалар эса бошқа масала. Туркия билан АҚШ ўртасида бир қатор зиддиятлар мавжуд, айниқса Сурия борасида. Чунки Вашингтон курдлар бошчилигидаги Сурия демократик иттифоқини қўллаб-қувватлайди. Эрдўғон эса уларни Курдистон ишчи партиясига алоқадор террорчилар деб ҳисоблайди. Хуллас, ихтилоф кўп ва томонлар уларни бартараф этиш йўлларини излашмоқда, аммо бу жуда мураккаб жараён. Бироқ айни чоғда Туркия НАТО аъзоси ва Американинг иттифоқчиси бўлиб қолаётир. Туркия шундан фойдаланиб доим савдолашади.

- Ўз навбатида Туркия Қўшма Штатлар учун минтақадаги ўта муҳим ўйинчи саналади, чунки у Эрон, Ироқ ва Сурия билан қўшни. Шундай экан, Вашингтоннинг хоҳиш-истакларидан қатъи назар ҳар қандай ҳолатда ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштириш керак бўлади. Хўш, бошқа йўл борми?

Игорь Семиволос: Бор – Яқин Шарқда камида Эрон ва бир неча давлат қўшиладиган глобал можаро. Буни эса ҳеч ким истамайди. Шу боис ҳамма Эрдўғон билан савдолашади, албатта.

Эрдўғонда манёвр қилиш учун майдон бор, лекин у унчалик катта эмас ва ҳозирда у тилаганига етиша олмаслигини жуда яхши тушуниб турибди. Шунга қарамай, қулай фурсат келишини кутиб ўз позициясида собит қолмоқда.

OzodNazar: Исроил-Фаластин зиддияти ечими нимада?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:45:43 0:00

- Яқин Шарқда глобал можаро бошланиши мумкинми, сизнинг-ча?

Игорь Семиволос: Яқин Шарқда ҳар бало бўлиши мумкин. 7 октябрда шунақа ишлар бўлади, Ғазода уруш бошланади, деб кимнинг хаёлига келибди. Эрон билан уруш хавфи ҳамиша мавжуд. Лекин, назаримда, бу хавф ҳозирда бир оз бўрттирилмоқда, чунки уруш бошлашга на эронликлар (ким нима деса десин, аммо мамлакат раҳбарияти анчагина ҳушёр ва ақлли), на америкаликлар тайёр. Фақат Исроилни тийиб туриш керак, токи бирон балони бошлаб қўйишмасин...

- ...Токи Ғазодан у ёғига ўтишмасин дебми?

Игорь Семиволос: Ҳа. Чунки Исроил сиёсатчилари орасида жанубий Ливанни то Литанига қадар тозалаш керак, деб талашаётган урушқоқлар бор. Агар Исроил бунгача бормаса, яъни эскалация қилмаса, глобал можаро бўлиши эҳтимоли жуда кам. Бироқ минтақани ўт ичига отишдан тап тортмайдиган одам ҳар доим топилади.

Форум

XS
SM
MD
LG