Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:31

Тошкент тимсоли бўлган фонтан Жаҳонгир Ортиқхўжаев буйруғи билан бузилди. Ҳокимлик буни "таъмир" деб атади (ВИДЕО)


Тошкент рамзига айланган Фаввора комплекси 11 июнь куни мана шундай ҳолга келтирилди.
Тошкент рамзига айланган Фаввора комплекси 11 июнь куни мана шундай ҳолга келтирилди.

Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги горизонтал фаввора 10 июнь куни бузиб ташланди. Тошкент тимсоли сифатида 52 йилдан бери ишлаб турган фонтанни бузишда бевосита қатнашган мутасаддилардан бири унинг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев буйруғи билан бузилганини билдирди.

Озодлик гаплашган бу қурилиш мулозими “горизонтал фонтан ва унинг олдидаги майдоннинг гидросистемаси ва мармар қопламасини демонтаж қилиш” бўйича буйруқни Тошкент ҳокимлигидан олганини билдирди.

Озодлик мухбири Тошкент шаҳар ҳокимлиги қурилиш департаменти мулозимлари билан боғланганида¸ расмийлар “бу майдоннинг келажакда нима бўлиши ҳақида аниқ лойиҳа-режа йўқлиги”ни айтиш билан чекланди.

Тошкент тимсоли бўлган фонтан Жаҳонгир Ортиқхўжаев буйруғи билан бузилди. Ҳокимлик буни "таъмир" деб атади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:49 0:00

Айни пайтда шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати Озодликнинг фаввора тақдири ҳақидаги саволини эътиборсиз қолдирди.

Тошкент фонтанлари таъмири билан шуғулланадиган устахона раҳбарининг Озодликка билдиришича¸ маҳаллий ҳокимлик аввалига фавворани таъмир қилмоқчи бўлган ва кейин бу режадан воз кечган.

"Агар таъмирланадиган бўлса¸ мен таъмирлайман. Зотан бу фонтан бинойидек ишлаб турган эди. Йигирмага яқин латун жўмракларни бронзага алмаштирилса¸ бўлди эди. Менимча¸ бу фонтан ўтмишда қолди"¸ дейди фонтанлар таъмири билан шуғулланадиган устахона раҳбари.

Мустақиллик майдонида Вазирлар Маҳкамаси биносига ëндош фавворани бузиш ишлари билан шуғулланаëтган қурилиш ташкилоти мутахассисининг 10 июнь куни Озодлик мухбирига айтишича¸ бузилган фонтан ўрнида мулозимлар учун машина қўядиган ер ости гаражи қурилади.

Аммо бу иддаонинг расмий тасдиғи Озодликда ҳозирча йўқ.

Айни пайтда фонтан олдига бевосита борган Озодлик мобиль мухбири фаввора бузилаëтган ҳудуднинг бетон девор билан ўраб олинганини билдирди.

Мобиль мухбир¸ фаввора ëнига бориб ортиқча синчковлик қилганларнинг погонсиз зобитлар тарафидан сўроқ-саволга тутилаëтганига гувоҳ бўлди.

Рацияда гаплашган қоровуллардан бирининг гапидан келиб чиқилса¸ бузилаëтган фонтан ҳудуди Ўзбекистон президентини қўриқловчи гуруҳ тарафидан қоровулланмоқда.

Нафақат Тошкент тимсоли¸ балки меъморлик санъати намунаси

Таниқли қўшиқчилар Ботир Зокиров¸ Мансур Тошматов ва Фаррух Зокировларнинг мусиқали клипларида “Порлаган Тошкент “ тимсоли ўлароқ васф қилинган фонтан 1967 йили таниқли совет архитектори тарафидан қурилган эди.

Машҳур совет архитектори¸ Ленин ва Сталин мукофоти совриндори Борис Мезенцев раҳбарлигида яратилган бу фонтан мажмуаси¸ санъатшунослар эътирофига кўра “Шарқ ва Ғарб меъморий услублари уйғунлигидан иборат” бўлган.

Тошкент визуал қиëфасини таъминлашда иштирок этган таниқли ҳайкалтарош Петр Анненков Озодлик билан 11 июнь куни қилган суҳбатида фавворани бузган ҳокимни “варвар ва жоҳил” деб атади:

- Ахир бу Тошкент қиëфасику! Тошкентнинг ташриф қоғози бу фонтан! Тошкентнинг барчага таниш чеҳраси. Иккинчидан¸ бу тарих. Бу фаввора Ўзбекистон тарихининг шонли воқеалари гувоҳи. Учинчидан¸ ностальгия. Ҳар бир ўзбекнинг бу фонтан билан боғлиқ ҳиссиëтли хотираси бор. Тўртинчидан¸ бу санъат асари. Борис Сергеевич Мезенцевнинг севимли асари бу. Борис Сергеевич улуғ меъмор. Москвадаги Лермонтов майдони¸ Петровка 38 даги машҳур бино ва Ульяновскдаги Ленин мемориалини яратган. Шундай улуғ рассом асари ўрнига жоҳил ҳоким Хитойдан келтирилган китч фигуралар билан шаҳар кўркини бузмоқда. 30 йил мобайнида шаҳарга юз бўладиган бирор бино яратилмади. Шаҳар кўрки бўлган “Дом кино”¸ “Баҳор” концерт зали ва Навоий кутубхонаси бузиб ташланди. Мана энди навбат фонтанга келибди. Мен қаршиман бундай вандализмга¸ дейди ҳозир Москвада яшаëтган таниқли ҳайкалтарош.

Петр Анненков мустақил Ўзбекистон герби ва Мустақиллик майдонига ўрнатилган Ҳумо қуши ҳайкали муаллифидир.

Расмий муносабат

Озодликда бу мақола эълон қилинганидан 26 дақиқа ўтганидан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Telegram каналида фаввора бузилиши борасида ҳокимлик муносабати элон қилинди.

"Ижтимоий тармоқлар орқали кутилмаганда Мустақиллик майдонидаги фавворанинг олиб ташланаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Аммо ундай эмас. Ҳозирда бу ерда тўлиқ таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур фавворанинг қурилганига 50 йил бўлган. Ҳозирда унинг айрим жойларида дарз кетган. Агар вақтида таъмирланмаса метрога сув тушиш эҳтимоли бор.

Қолаверса, фаввора у вақтга нисбатдан 8 баробар кўп электроэнергия истеъмол қилади. Ҳозирги кунда олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари сабаб электр янада тежалади.

Шу йил охирига қадар фаввора таъмирланиб, замонавий кўринишда қайта ишга туширилади"¸
дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Озодлик мақоласига билвосита муносабатида.

Айни пайтда ҳокимлик ўз баëнотида Тошкент марказидаги фавворанинг нега айнан ëз чилласида "таъмирланаëтгани"¸ унинг йил охири - декабрга бориб ишга туширилишда қандай мантиқ борлигини изоҳламади.

30 йилдан бери бузилаëтган Тошкент

Кейинги йилларда Ўзбекистонда кўпайиб бораëтган тарихий биноларни бузиш ëки фасадларига қорайтирилган шиша қоплаб тарзини ўзгартириш ҳолатлари санъатшунослар ташвишига сабаб бўлмоқда.

2016 йили ТошМИнинг Николай даврида ғиштдан қурилган эски биноси¸ Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети (ТДПУ) бош биносининг сирт қисми батамом бузиб ташланган эди.

Тошкентлик генерал Жўрабек тарафидан 1897 йили қурилган ва “Жўрабек “ масжиди дея тарихий ëдгорлик сифатида махсус рўйхатга тиркалиб, асраб келинаëтган масжид бутунлай бузилиб¸ ўрнида Ислом Каримов номидаги “алюкобонд масжид” қурилган эди.

XS
SM
MD
LG