Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:30

Андижонда президентга "экспорт ҳажми кўпайди" деб сохта ҳисоб бериш учун фермерлардан пул йиғилмоқда


Андижон вилояти Андижон тумани фермерлари туман ҳокимининг оғзаки буйруғига кўра “экспорт учун” 300 минг сўмдан 150 АҚШ долларигача пул топширишга мажбурланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган фермерларнинг иддао қилишича, фермер хўжаликларини бирлаштирувчи массив раҳбарлари йиғилган пулни туман ҳокимлигига олиб бориб топширмоқда.

Фермерларга кўра, йиғилган пулга Жасур Саидов исмли хусусий тадбиркор бозордан мева-сабзавот сотиб олиб экспорт қилиш ва шу йўл билан президентнинг экспорт ҳажмини кўпайтириш топшириғини бажарилгандай қилиб кўрсатишга ҳаракат қилинмоқда.

Андижон вилоятида экспорт масалалари билан шуғулланувчи тадбиркор бу иддаоларни инкор қилди.

Андижон вилоятидаги фермерлардан Озодликка келиб тушган хабарда, фермерлардан экспорт ҳажмини кўпайтириш мақсадида пул йиғилаётгани ҳақида ёзилган:

“Бугун Андижон вилоятининг деярлик барча туманларида юклатилган экспортни бажариш учун ноқонуний пул йиғиш авж олиб кетди. Туман ҳокимларининг оғзаки буйруғи билан массив раҳбарлари фермерлардан пул йиғиб олиб бориб, ҳокимиятга топширмоқда. Андижон туманида ҳар гектар ер майдони учун 300 минг сўмдан, Асака туманида ҳар бир фермер 500 АҚШ долларидан пул беришга мажбурланмоқда. Фермернинг айби ҳокимиятдан ер олганими? Бунга чек қўйилмаса¸ яна президентни алдаб саботаж қилиб юрилаверадику. Қачонгача ўзимизни ўзимиз алдаймиз?”

Андижон туманидаги Ўзбекистон массивида ишлайдиган, ери олиб қўйилишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, массив раҳбари экспорт учун ҳар бир фермердан 150 АҚШ долларидан йиғиб олган:

“Бизнинг массивда мақбуллаштиришдан кейин ўнтача фермер қолдик. Ҳаммамиз 150 доллардан қилиб, 1500 доллар йиғиб бердик. “Ҳақиқат” массиви 2000 доллар йиғиб берди. Массив раҳбарининг айтишича, туман ҳокими уларни чақириб, оғзаки буйруқ берибди. Бу пулга мева-сабзавот олиб, Россия, Қирғизистон ёки Қозоғистонга экспорт қилишар экан. Президентимизнинг экспортни кўпайтиринглар деганига жавоб экан. Аслида фермерларда ишлаб чиқарилган маҳсулот экспорт қилиниши керак, лекин булар бозордан сотиб олиб экспорт қилар экан. Бу навбатдаги кўзбўямачилик, бу президентнинг кўзига чўп суқиш”.

Фермернинг айтишича, пул олингани ҳақида ҳеч қандай ҳужжат берилмаган:

“Массив раҳбари ҳокимликдаги қайсидир бир мулозимга олиб бориб берар экан, тамом. Бу пуллар ортга қайтмаслигини биз жуда яхши биламиз”.

Андижон туманидаги Патиддинов массивида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, ҳар бир фермердан 300 минг сўмдан пул йиғиб олинган:

“Экспорт учун дейишаяпти. Мен ҳам 300 минг сўм бердим. Биз ерлари бошқа фермерга қўшиб берилган собиқ фермерлармиз. Массив раҳбари Восилжон ака йиғиб олди. Нега десак, экспортга сизларнинг ҳиссангиз экан, деди. Жасур деган экспортчи бола ҳоким билан жуда ҳам қалин экан. У бола вилоятда биринчи “Туз” экан. Ҳамма экспорт маҳсулотлар шунинг қўлидан ўтар экан. Ўша йиғилган пулларга бозордан маҳсулот олиб экспорт қилар экан. Бир фермеримиз гаплашганда, “Туз” менда ака, менинг айтганим бўлади, деган экан. Ҳозир ҳамма карталар ўша “Туз”га ишлаяпти экан”.

Ўзини Патиддинов массиви раҳбари деб таништирган Восилжон Озодлик билан суҳбатда фермерларнинг пул йиғиб олингани ҳақидаги иддаосини инкор қилмади, аммо тадбирда эканлигини айтиб, алоқани узди.

Андижон вилояти бўйича экспорт масалалари билан шуғулланувчи, Озодлик билан суҳбатда ўзини асосий “эскпортёр” деб таништирган Жасур Саидов фермерлардан пул йиғиб олинаётганидан хабари йўқлигини айтди:

“Мен хусусий ташкилотман, бешта корхонам бор. Асосийси - “Андижонсабзавот”. Вилоятда мева-сабзавот экспорти билан асосан мен шуғулланаман. Бир ойлик оборотим 4 миллион доллар. Фермерларнинг пулига қараб қолган жойим йўқ. Ҳокимларимиз қўллаб-қувватлайди. Ҳокимлик менга ундай қил, бундай қил, деб топшириқ беролмайди. Президентнинг қарори бор, ҳар бир туманда экспортни ривожлантириш бўйича. Ҳокимиятларнинг ҳам экспорт плани бор ва улар буни бажариши керак. Улар фақат менга илтимос қилишадики, экспорт қилиб бер, деб. Мен қилиб бераман, эвазига менга холодильник ва бошқа нарсалар қуриш учун ер беришади. Агар, туманларда экспорт деб пул йиғишаётган бўлса, демак у ҳокимиятнинг шахсий манфаати ҳам бўлиши мумкин, мени ниқобим остида. Лекин менинг бу нарсага алоқам йўқ”.

Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг мобиль телефони ўчирилгани боис, у билан гаплашиш имкони бўлмади.

Туман ҳокими қабулхонаси телефонларига кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG