Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:59

Европа парламенти Ўзбекистонга оид резолюцияни қабул қилди


Европарламент парламентнинг ташқи ишлар қўмитаси Ўзбекистон бўйича тайёрлаган катта ҳисоботни кўриб чиқди ва 4 октябрда бу мамлакат бўйича резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда Европарламент расмий сайтида маълум қилинди.

Ҳисоботда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлиги бўйича янги шартномани имзолаш масаласи ҳам кўтарилган. Мазкур шартнома 1996 йилда имзоланган эски битим ўрнига ишлаб чиқилган ва 2022 йил июлида қабул қилинишга тайёр ҳолга келтирилганди. Бироқ у шу кунгача имзоланмаган.

1996 йилдаги шартнома сиёсий мулоқот, демократия, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, маданий алоқаларни илгари суриш, молиявий ва техник ҳамкорлик, инвестициялар, товар ва хизматлар савдоси, шунингдек интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасидаги қоидаларни ўз ичига олади.

Янги битимда эса бунга қўшимча равишда савдо ва унга тегишли масалалар, божхона маъмурчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат корхоналарининг фаолияти, давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ қоидалар белгилаб ўтилган.

Ҳисоботда таъкидланишича, ЕИ Ўзбекистон учун 2021−2027 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли дастурни қабул қилган. 2021−2024 йил учун дастур доирасида Тошкентга 76 миллион евро берилган. Бундан ташқари инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятини олға суриш учун 7 миллион евро бўлинган.

Парламент Ўзбекистонда аҳолининг деярли ярми ичимлик сувига муҳтожлиги, сув ресурсларининг 90 фоизи қишлоқ ҳўжалиги учун ишлатилиши ва 2050 йилга келиб сув захираси яна 15 фоизга қисқаришига эътибор қаратган.

Шунингдек, ҳисоботда 2022 йилги Нукус воқеалари пайтида 21 киши ҳалок бўлгани ва камида 70 киши ҳалок бўлгани ҳам қайд этилган.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда 10 мингдан ортиқ нодавлат ташкилоти мавжудлигини иддао қилиб келади. Аммо фуқаровий жамият ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, уларнинг катта қисми ҳукумат томонидан ташкил этилганини таъкидлаб келади.

Ўзбекистон Freedom House халқаро ташкилотининг 2023 йилги эркинлик рейтингида ва 2022 йилги интернет эркинлиги рейтингида «эркин бўлмаган давлат» сифатида қайд этилган. «Чегара билмас мухбирлар» Ўзбекистонни матбуот эркинлиги рейтингида 180 давлат ичида 137- ўринга қўйган. Transparency International ташкилотининг 2022 йилги индексида коррупция бўйича Ўзбекистон 180 давлат ичида 126-ўринни эгаллади.

Европарламент қўмитаси ўз ҳисоботида 2023 йилда ўтган Конституция бўйича референдум ва президентлик сайлови ҳақиқий рақобат ва сиёсий плюрализм муҳитида ўтмаганини қайд этган.

Ҳисоботда Ўзбекистонда қийноқлар, ноқонуний қамоққа олишлар ва сиёсий маҳбуслар мавжудлиги тан олинади. Европарламент ҳисоботида Ўзбекистонда суд эркинлиги мавжуд эмаслиги, матбуот, йиғинлар, интернет эркинлиги топталиши, журналист ва блогерларни қамаш ҳолатлари кўпайгани айтилади.

Европарламент қабул қилган резолюцияда Янги Ўзбекистон стратегияси юзасидан режалаштирилган амбицияли ислоҳотлар эътибор учун қабул қилингани айтилади. Европарламент бу ислоҳотлар дастурига дин ва матбуот эркинлигини ривожлантириш юзасидан чора-тадбирларни киритишни тавсия қилади.

Тавсиялар орасида Ўзбекистон ҳукуматини демократия тамойилларига, қонун устуворлигига амал қилишга чақириқ ҳам бор.

Расмий Тошкентга Ўзбекистонда 2023 йилда ўтган президентлик сайловини кузатган ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг тавсияларини эътиборга олиш тавсия қилинади.

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси “9 июлда муддатидан олдин ўтказилган президент сайлови техник жиҳатдан яхши тайёрланган, аммо унда чинакам рақобат бўлмади”, деган хулосасини эълон қилган эди. АҚШ элчихонаси ҳам 10 июль куни тарқатган баёнотида ЕХҲТ ДИИҲБнинг "сайлов рақобатсиз муҳитда ўтгани ҳақидаги хулосаси"ни қўллаб-қувватлашини билдирганди.

Халқаро ва маҳаллий кузатувчилар аввал-бошдан Констиуция бўйича референдумдан кўзланган асосий мақсад Мирзиёевнинг президентлик муддатини узайтириш эканини тахмин қилишган эди. 30 апрелдаги референдумда президент муддати ҳамда ваколатлари ўзгартирилган янги таҳрирдаги конституция 90 фоиздан ортиқ овоз билан маъқулланганди. Унда президент муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилган.

Аммо президент Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида 19 сентябрь куни нутқ сўзлар экан, Ўзбекистон сўз ва виждон эркинлиги принципларига содиқлигини иддао қилди.


Нутқи давомида Мирзиёев Ўзбекистон бу билан миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқатини яна бир бор тасдиқлаганини айтди.

Европарламент 4 октябрдаги резолюциясида Ўзбекистон ҳукуматини барча манфаатдор томонларга болалар меҳнати бўйича маълумотларни очиқ тақдим этишга, мажбурий меҳнат, болалар меҳнати ва эксплуатация масалалари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотларини рўйхатдан ўтказишга рухсат беришга чақирди.

Бундан ташқари резолюцияда Ўзбекистон Россияга санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашаётгани эҳтимоли юзасидан ташвиш ҳам билдирилган.

Форум

XS
SM
MD
LG