Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:55

Эрон Исроилга ракета ва дронлар билан ҳужум қилди


Якшанбага ўтар кечаси Эрон Исроилга 300 дан ортиқ ракета ва дрон билан ҳужум қилди
Якшанбага ўтар кечаси Эрон Исроилга 300 дан ортиқ ракета ва дрон билан ҳужум қилди

Якшанбага ўтар кечаси Эрон Исроилга дронлар ва ракеталар билан ялпи зарбалар йўллади.

Икки мамлакат бир-бирига душман бўлса-да, бунақаси биринчи марта юз бермоқда – шу пайтгача Сурия, Ливан ёки Ямандаги эронпараст гуруҳларгина вақти-вақти билан Исроилга зарбалар бериб турган.

Эрон Исроилга қарата юзлаб камикадзе дронлар учирди. Бу ҳақда шанба куни кечқурун Исроил мудофаа армияси – ЦАХАЛ маълум қилди.

Дронлар бир неча туркум қилиб йўлланган. Кейинроқ эса қанотли ва баллистик ракеталар ҳам учирилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

14 апрел Тошкент вақти билан соат 3.45 ларда Исроилда ҳаво тревогаси сиреналари ёқилди. Эрондан учирилган дронлар ва ракеталар Исроил ҳаво ҳудудига кирган эди.

Исроил ҲҲМ тизими ҳаводаги нишонлар, хусусан Қуддус устидаги нишонларни уриб туширди.

Тошкент вақти билан соат 4.00 (мск 2.00) ҳолатига дрон ёки ракета бирон бир объектга бориб текканига доир маълумот йўқ эди. Фақат, Исроил ҳудудидаги бадавийлар манзилгоҳларидан бирида 10 яшар ўғил бола яралангани хабар қилинди.

Эрон бир кечада Исроилга 300 дан ортиқ дрон ва ракеталарни учирди, уларнинг 99 фоизи уриб туширилди,дея хабар қилди Исроил ҳарбийлари. Мамлакат қуролли кучлари тўлиқ фаолият кўрсатаётгани ва кейинги қадамларни муҳокама қилаётганини билдирди.

«Кеча тунда Эрон Исроилга қарши 300 дан ортиқ ракета ва дронлар билан ҳужум бошлади. Эрон таҳдиди Исроил Мудофаа Кучларининг ҳаво ва технологик устунлиги билан тўхтатилди. Биз Исроил ҳудудига учирилган ракета ва дронларнинг 99 фоизини уриб туширдик. Бу жуда муҳим стратегик ютуқ. Бугун Эрон Яқин Шарқдаги вазиятни кескинлаштириштирувчи жуда оғир қадамни қўйди. Биз Исроил фуқароларини ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсани қиляпмиз» деди Исроил армияси матбуот котиби контр-адмирал Даниел Ҳагари.

Иордания ўз ҳаво ҳудудини бузган ҳар қандай дрон ёки ракетани уриб туширишидан огоҳлантирди.

Исроил телевидениеси АҚШ ва Британия ҳарбий самолётлари Ироқ-Сурия чегараси ҳудудида Исроилга учирилган бир неча дронларни уриб туширишда иштирок этганини хабар берди

Эрон ҳужумни тасдиқлади

Эрон Исроилга қарата зарба беражаги ҳақида сўнгги кунларда ўз манбаларига таянган ҳолда кўплаб ОАВлар ёзди, муҳтамал ҳужум тўғрисида жумладан АҚШ президенти Жо Байден ҳам огоҳлантирди.

Шанба куни кечқурун Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ЭИИМК) баёнот билан чиқиб, Исроилнинг Дамашқдаги Эрон элчихонасига берган зарбасига жавобан Исроил ҳудудидаги муайян ҳадафларга қарата “ўнлаб дронлар ва ракеталар” билан зарбалар йўлланганини билдирди.

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Ҳумайний ижтимоий тармоқларда: “Зараркунанда сионист режими жазосини олади”, деб ёзди.

Эроннинг БМТдаги ваколатхонаси баёнот эълон қилиб, унда мазкур ҳужумни Дамашқдаги консулхонага берилган зарбага жавоб деб атади (Исроил Дамашқдаги воқеа учун жавобгарликни расман ўз бўйнига олмаган).

Баёнотда айтилишича, буни якуний нуқта деб ҳисоблаш мумкин, бироқ Исроил АҚШ кўмагида Эронга оид нишонларга яна ҳамла қилгудек бўлса, Теҳрон янада қудратли зарбалар йўллашга тайёр.

АҚШ ҳужумни қайтаришга ёрдамлашди

Оқ уй Эрон Исроилга ҳужум бошлагани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади ва Қўшма Штатлар Исроил халқини ва унинг ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаяжагини маълум қилди. Эроннинг хатти-ҳаракатларини Буюк Британия ҳам кескин қоралади.

Олинаётган хабарларга кўра, АҚШ ҲҲКнинг Яқин Шарқдаги базаларда турган учоқлари Исроилга йўлланган дронларни йўқ қилишда иштирок этган.

Эрон дронлари Исроилга етиш учун бир неча соат учиши керак. Исроиллик ҳарбийлар мамлакат ҳаво ҳудудидан ташқарида 100 дан зиёд дрон уриб туширилганини айтишмоқда.

Дронлар ҳужумини даф қилишда Буюк Британия ва Иордания ҳаво кучлари ҳам қатнашган.

Ракеталар ва дронлар

Аввалроқ АҚШ ОАВлари ўз манбаларига таяниб, Эроннинг муҳтамал зарбаси қурама шаклда, яъни дронлар ва ракеталарни қўллаган ҳолда амалга оширилиши ҳақида ёзган эди.

Ҳужум ҳарбий нишонларга қаратилган, дейиш мумкин. Айни пайтда унинг кучини баҳолаш мушкул, бироқ юзлаб дрон ва ракеталар учирилгани аниқ.

АҚШнинг исми очиқланишини истамаган мулозими АВС телеканалига улар сони 400-500 та бўлиши мумкинлигини айтган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу шанба куни кечқурун халққа телемурожаатида мамлакат ҳукумати Эрон тарафидан бўлажак тўғридан-тўғри ҳужумга шайлигини маълум қилди.

У Исроил аҳолисини Фронт орти қўмондонлигининг кўрсатмаларига сўзсиз риоя қилишга чақирди, шунингдек, Эрон Исроилга зарба бергудек бўлса, бу оқибатсиз қолмаслигини айтди.

Аввалроқ Фронт орти қўмондонлиги яқин икки кун ичида Исроилдаги барча таълим муассасаларини ёпишга фармойиш берган эди.

Ҳаво ҳудудининг ёпилиши

Аввалроқ хабар қилинишича, якшанбага ўтар кечаси Иордания ўз ҳаво ҳудудини “бир неча соат” ёпиб қўйган. Унинг ортидан Ироқ ҳам фуқаровий авиация учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди.

Исроил ҳам Бен-Гурион халқаро аэропорти ва мамлакат устидаги ҳаво кенглиги бир неча соатга ёпилажагини маълум қилди.

Ўз навбатида, Росавиация Россия авиаширкатларининг Иордания, Исроил ва Ироққа рейслари вақтинча тўхтатилганини билдирди.

Мазкур чораларнинг Эронга дахли йўқ, чунки у парвозларга чеклов қўймаган.

Яна маълум қилинишича, Исроилнинг ўнлаб жанговар учоқлари ҳавога кўтарилган.

Байден таътилини бекор қилди

Таътилга чиқиб, Делавэр штатида дам олаётган АҚШ президенти Жо Байден Яқин Шарқда вазият кескинлашгани туфайли таътилни тўхтатиб, Вашингтонга қайтди. У вазиятни ҳукумат аъзолари ва Миллий хавфсизлик кенгаши билан бирга муҳокама қилмоқда.

Пентагон баёнотига кўра, АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант билан сўзлашиб, Вашингтон Исроилни Эрон ва минтақадаги эронпараст кучлар тарафидан бўлажак муҳтамал ҳужумларда қўллаб-қувватлажагига ишонтирган.

Форум

XS
SM
MD
LG