Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:52

Юлий Юсупов: Конвертация очилса ҳам¸ доллар нархи биржа ва қора бозор курси ўртасида тўхтайди!


Ўзбекистондаги Иқтисодий ривожланишга кўмак маркази директори¸ мустақил иқтисодчи Юлий Юсупов¸ мамлакатда эркин конвертация жорий қилинган тақдирда “ундай бўлади¸ бундай бўлади”¸ деган қўрқувларнинг жиддий асосга эга эмаслигини айтади. Мутахассис¸ ҳукумат конвертацияни эртага очган тақдирда ҳам¸ доллар курсининг қора бозордаги 8000 сўм билан биржадаги 10 минг сўм оралиғида муқимлашишини тахмин қилади.

Юлий Юсупов¸ Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар ўтказилиши¸ хусусан¸ ҳукумат ўз ҳаракат стратегиясига киритган валюта сиëсатини либераллаштиришни қўллаб-қувватлаëтган мустақил иқтисодчилардан бири.

Мутахассислар орасида обрў қозонган бу иқтисодчи¸ Озодлик билан суҳбатда¸ валюта эркин конвертациясини жорий қилмай туриб¸ ўзбек иқтисодидаги бошқа бирор муаммони ҳал этиб бўлмаслигини таъкидлади.

Бу муаммони ҳал қилишнинг қатор синалган усуллари борлигини айта туриб Юсупов¸ Ўзбекистон шароитида қўлланиши лозим қадамларга оид ўз таклиф ва мулозаҳаларини ўртага ташлади:

- Валюта бозорини либерализация қилиш ва эркин конвертация жорий қилишнинг бир неча йўли бор. Муҳими - натижа. Натижа эса¸ бир неча айирбошлаш курсига барҳам беришдир. Ўзбекистонда ҳозир бунақа курс бир нечта. Расмий¸ қора бозор¸ нақдсиз келишувлар бўйича биржа курси бор. Қилинажак иш ана шу курсларни биттага олиб келиш¸ унификация қилиш¸ Ўзбекистонда ҳам дунëнинг аксар давлатларидаги каби валюта айирбошлашнинг битта курсини белгилашдир. Бунинг йўллари кўп. Улардан бири¸ расмий курсни босқичма-босқич девальвация қилиш. Бошқаси¸ бирор чекловсиз валюта эркин савдосига рухсат бериш ва курсни Марказий банк белгиламайдиган эркин валюта бозори яратиш. Бу вариантда¸ Марказий банк ўз курсини бозор белгилайдиган курсга мослайди. Яна бир йўл¸расмий курсни валюта бозоридаги талаб ва таклиф тенглашгунга қадар девальвация қилиш.

Озодлик: Бугунги вазиятдан келиб чиқилса¸ эркин конвертацияга ўтишнинг тилга олганингиз йўлларидан қай бири Ўзбекистон учун энг мақбул¸ деб ўйлайсиз?

- Энг мақбули¸ расмий курсни бирданига девальвация қилишдир. Расмий курсни ҳафтасига 50 сўмдан ошириш эмас¸ балки талаб ва таклиф тенглигини таъминловчи мувозанат нуқтаси қаерда эканини “пайпаслаб кўриб”¸ шу нуқтани белгилашдир. Мен бу мувозанат нуқтаси жуда баланд бўлади¸ деб ўйламайман – талаб ва таклиф ўртасидаги тенглик 7000-8000 сўм ўртасида тўхтайди¸ деган фикрдаман.

Озодлик: 28 апрелда доллар қора бозор курсининг 8000 сўмга чиққанидан келиб чиқсак¸ қора бозор озми-кўпми талаб ва таклиф мувозанатини¸ доллар ҳақиқий нархини белгилади¸ дейиш мумкин?

- Қора бозор¸ ҳа. Аммо биржа курсини ҳам унутмаслик керак. Расмий курсни қўйворишдан олдин¸ нақд пул муомаласидаги маъмурий тўсиқларни олиб ташлаш керак. Шундай қилинса¸ расмий курс билан нақдсиз ҳисоб-китоб қилинадиган биржа курси яқинлашади. Бу икки курснинг қайси нуқтада яқинлашишини аниқ айтиш жуда қийин. Биринчидан¸ талаб ва таклифга таъсир қиладиган ниҳоятда кўп омил бор. Иккинчидан¸ биз расмий¸ нақд ва нақдсиз айланма миқдорини билмаймиз. Лекин меинг тахминимча¸ бу курслар учрашадиган нуқта 7-8 минг оралиғида бўлади. Ҳозир нақдсиз олди-берди қилинадиган биржа курси 10 минг сўм атрофида¸ расмий курс 3¸5 минг атрофида ва улар кесишадиган нуқта¸ менимча бугунги қора бозор нархи¸ яъни 8000 сўм бўлади.

Озодлик: Бундан чиқадики¸ ҳукумат конвертацияни эртагаëқ очиб юборса¸ бу ҳаракат бутун бозор-ўчарини фақат долларнинг қора курсига мослаб юритишга ўрганиб бўлган аксар ўзбекистонликнинг кундалик ҳаëтини остин-устун қилиб юбормайди!

- Мутлақо тўғри. Ўзбек иқтисоди қарийб тўлиғича ана шу икки курс – қора бозор ва биржа курси бўйича иш юритади. Аксар ўзбекистонликлар харид қиладиган истеъмол бозоридаги маҳсулотлар нархи бугун 8000 сўмга чиққан қора бозор курси¸ ëки 10 мингга яқинлашган биржа курсига асосланади. Яъни бозордаги нарх долларнинг ана шу курсидан келиб чиқиб белгиланган. Моҳиятан¸ эркин бозор курси биржа курсидан баланд бўлиши мумкин эмас. Унинг қора бозордаги бугунги нарх атрофида бўлиши эҳтимолга яқинроқ. Конвертация очилса¸ ҳатто¸ биржа нархи бўйича ҳисоб-китоб қилинган айрим маҳсулот нархлари қора бозор даражасига тушиши ва 10-20 фоизга арзонлаши мумкин.

Озодлик: Агар конвертация очилишидан аксар ўзбекистонликлар зиëн кўрмаса¸ бозордаги нархлар кескин ошиб кетиб¸ ижтимоий-иқтисодий фалокат рўй бермаса¸ конвертацияни очишдан бу қадар кучли қўрқув нимага асосланади?

- Бу қўрқув¸ мени ҳам доим ҳайрон қолдиради. Қўрқув¸ аҳвол бундан ëмонлашиб кетиш эҳтимоли қўрқувидир. Буни тушуниш қийин эмас. Чунки одамлар нимадир бўлса¸ унинг ўз чўнтакларига зарба беришига ўрганган. Конвертация очилишидан амалда зиëн кўрадиганлар¸ биринчи галда¸ расмий курс бўйича импорт қилиб келаëтганлар бўлади.

Озодлик: Демак¸ конвертация очилишидан аҳоли эмас¸ расмий курс бўйича Ўзбекистонга импорт билан шуғулланиб келаëтган бир гуруҳ сараланган¸ қудратли шахс ва ширкатлар зиëн кўради.

- Зарар кўрадиганлар қайсидир давлат тизимлари ëки уюшмаларга кирувчи давлат ширкатлари ва расмий курс бўйича конвертация имтиëзига эга хусусий ширкатлар бўлади. Ўзбекистонда расмий курсдан фойдаланувчи ширкатлар рўйхати энг катта давлат сири ва биз кимнинг бу имтиëзга эгалигини ҳам аниқ билмаймиз. Лекин бундай шахс ва ширкатлар сони жуда кўп¸ деб ўйламайман. Бу ерда энг муҳим жиҳат – ҳатто бу имтиëзга эга давлат ва хусусий ширкатлар импорт маҳсулотларини долларнинг расмий курси бўйича сотиб олса ҳам¸ улар бу маҳсулотларни ички бозорда қора бозор нархида сотиб келмоқда. Шу боис¸ бу ширкатларни имтиëздан маҳрум қилиш бозордаги нархларга жиддий таъсир кўрсатмайди. Конвертация очилса¸ валютада қарз ва кредит олган корхона ва ширкатлар ҳам ютқизади. Дейлик¸ авваллари бу қарзни сўмни расмий курс бўйича доллар қилиб тўлаб келган бўлсам¸ конвертация очилиб¸ расмий курс ҳам девальвация бўлса¸ мен ҳам доллардаги қарзимни тўлаш учун икки баравардан кўпроқ сўм беришим керак бўлади. Лекин¸ билишимча¸ бунақа қарздорлар Ўзбекистонда кўп эмас.

Озодлик: Конвертация очилса¸ импорт қилинадиган асосий истеъмол моллари ва ëнилғи нархи ҳам кескин ошиб¸ ижтимоий талотўплар эҳтимоли кучаяди¸ деган хавотирлар ҳам бор. Яъни¸ четдан расмий курс билан олиб келинаëтган¸ дейлик¸ буғдой¸ картошка¸ ëғ¸ нефть ва газ нархи ҳам қора бозор нархига кўчади ва икки баравардан кўпроққа ошиб кетади¸ деган қўрқувлар бор. Бу қўрқувга нима дейсиз?

- Мен¸ ҳатто расмий курс бўйича импорт қилинган тақдирда ҳам¸ шу нарх асосида сотилаëтган импорт маҳсулотларини билмайман. Улар кўпдан бери қора бозор нархида сотилмоқда. Шу боис¸ ҳатто сараланган гуруҳ импортчилари расмий курсдан мосуво қилган тақдирда ҳам¸ улар бу маҳсулотларни қора бозор нархида олиб киради ва ички бозордаги нарх ўзгаришсиз қолади. (Ягона ўзгариш – улар чўнтагида қолаëтган даромад миқдорида бўлади¸ яъни бу даромад икки баравардан ошиқроққа камаяди - таҳр.)

Озодлик: Биз гаплашган айрим ўзбекистонлик кузатувчилар фикрича¸ узоқ йиллар давомида конвертация йўқлиги соясида ниҳоятда катта бойлик орттирган бу сараланган шахс ва ширкатлар шу қадар қудратлики¸ улар статус квони ўзгартириш¸ бу қоидаларни ислоҳ қилишга қаратилган ҳар қандай уринишни бемалол чиппакка чиқара оладилар. (Бу кузатувчилар¸ конвертация йўқлигидан бойиб кетганларнинг¸ бирини галда қудратли МХХ раҳбарлари атрофида жипслашганини айтадилар – таҳр.)

- Фикримча¸ бу гуруҳлар ҳақиқатан ҳам ислоҳотларга тўғаноқ бўлиш даражасида жуда қудратли. Айни пайтда¸ улар қудратининг чексизлигига ҳам ишонмайман. Бу - сиëсий ирода кучли бўлган ҳолатда ҳал қилса бўладиган муаммо. Бунинг устига¸ Ўзбекистон мустақилликдан бери эркин конвертация жорий этиш ва сўмни девальвация қилиш тажрибасини бошдан кечирган давлат. Ўзбекистонда 2004-2008 йилларда валюта айирбошлашнинг деярли битта курси бўлганини эсдан чиқармаслик керак. Ўша йиллари расмий ва қора бозор курси ўртасида деярли фарқ йўқ эди. Бу жараëн нега тўхтатилди¸ кимлар¸ нима мақсадда тўхтатди¸ бу жуда узун ҳикоя.

Озодлик: Президентликка келганидан бери Шавкат Мирзиëев Ўзбекистондаги “оғир иқтисодий аҳвол”ни (президентнинг ўз эътирофи – таҳр.) ўнглашнинг асосий чораларидан бири сифатида хориж инвестициясини жалб қилишга астойдил уринмоқда. Ҳукумат раҳбарлари шу мақсадда Қозоғистон¸Туркияга борди¸ Россияга борди¸ яқинда Хитойга боради. Лекин ҳукумат конвертация муаммосини ҳал эмай¸ яъни уни очмай туриб¸ четдан инвестиция жалб қила оладими? Ҳозирча¸ бирор хориж ширкати ëки тадбиркорининг ўз пулини Ўзбекистонга олиб киришга ошиққанини кўрганимиз йўқ!

- Хориж инвестициясини жалб қилиш учун лозим биринчи қадам¸ албатта¸ конвертацияни очиш¸ лекин бу ҳаммаси эмас. Исталган сармоядор сўрайдиган биринчи нарса “конвертация борми”¸ деган саволдир. Ўзбекистонда конвертация йўқлигини ҳамма билади¸ конвертация йўқ жойда¸ сармоядор ўз даромадини қандай олиб чиқади? Улар бу даромадни ўзвалютасига алмаштириб¸ уни эркин олиб чиқа олмаса¸ ўзбек сўмини нима қилади?Шу боис¸ сармоядор фақат конвертация очилсагина келади. Конвертация очилишининг сармоя киришга таъсири жуда яхши бўлади¸ аниқ рақам айтиш қийин¸ лекин конвертация очилса Ўзбекистонга жуда кўп инвестиция кириши аниқ.

Конвертация йўқлиги¸ сармоя йўлидаги биринчи рақамли муаммо¸ тўсиқ. Лекин сармоя иқлимини яхшилаш йўлида конвертацияни очишдан бошқа ҳам кўп ишларни қилиш лозим. Битта конвертациянинг ўзи етмайди. Нафақат хориж сармоядорлари¸ балки ички инвесторлар учун ҳам иқлимни яхшилаш учун¸ мамлакатга катта сармоя баробарида янги технологиялар ҳам кириши учун туб иқтисодий ислоҳотлар қилиш керак.

Озодлик: Лекин ҳар қандай ислоҳотнинг ибтидоси¸ Ўзбекистон шароитида¸ эркин конвертация жорий қилишдан бошланади.

- Тўппа-тўғри. Конвертацияни очиш ислоҳотларнинг бошланиши бўлади. Чунки ўзбек иқтисодининг ҳамма муаммоси конвертация йўқлигига бориб тақалади. Конвертациянега муҳим – чунки уни ечмай туриб¸ иқтисоднинг қолган бирор бошқа муаммосини ҳал қилолмайсиз. Айни пайтда¸ конвертацияни очиш билан¸ қолган муаммолар автоматик ҳал ҳам бўлиб қолмайди. Конвертация очиш қолган муаммолар ечими учун замин ҳозирлаш бўлади¸ холос.

Озодлик: Ўзбекистоннинг ҳозирги вазиятида конвертация муаммосини ижобий ҳал қилиш¸ яъни эркин конвертация жорий қилишга¸ энг оптимистик тахминингизда¸ қанча вақт берасиз?

- Мен келаси икки-уч ой ичида Ўзбекистонда конвертация жорий қилинади¸ деган оптимистик тахминим бор. Салбий прогноз ҳақида ўйлагим ҳам йўқ. Чунки¸ тепадагилар истаса¸ шунча узоқ йил конвертациясиз қандай яшаб келган бўлсак¸ бундан кейин ҳам яшайверишимиз мумкин. Жиддий¸ бутун иқтисодий муносабатлар тизимини ўзгартирадиган¸ иқтисодий ривожланишнинг бошқа моделини яратадиган тузумга оид ислоҳотларга келсак¸ бунинг учун сиëсий ирода топилган ва ўзгаришлар тез амалга оширилган тақдирда ҳам камида бир неча йил керак бўлади.

XS
SM
MD
LG