Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:32

Чехия меҳнат бозори ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун очилиши мумкин


Ўзбекистонликларнинг асосан қурилиш ва қишлоқ хўжалиги ишларига таклиф қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистонликларнинг асосан қурилиш ва қишлоқ хўжалиги ишларига таклиф қилиниши кутилмоқда.

Европа Иттифоқида ишсизлик даражаси энг паст бўлган Чехия ҳукумати маҳаллий аҳолидан талабгор чиқмаëтган ишларга ўзбекистонликларни жалб қилиш таклифини кўриб чиқмоқда. Бу таклиф қабул қилинса¸ ўзбекистонликлар ҳам махсус малака талаб этилмайдиган соҳаларда ишлаш учун 1-2 йиллик меҳнат визаси олиши қулайлаштирилиши мумкин.

Чехия Ташқи ишлар вазирлиги консуллик ишлари бўйича бўлими расмийси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу таклиф ташаббусчиси Саноат ва савдо вазирлиги ва Савдо палатаси экани ва унинг қабул қилиниш-қилинмаслиги мамлакатда қачон янги ҳукумат ташкил этилишига боғлиқлигини билдирди.

(Чехияда 20-21 октябрь кунлари бўлиб ўтган парламент сайловларида ғолиб бўлган АНО партияси коалицион ҳукумат тузиш бўйича бошқа партиялар билан музокара олиб бормоқда¸ аммо парламентга ўтган бошқа партиялар АНО билан бирга ишлашни рад этаëтгани боис¸ янги ҳукуматнинг қачон тузилиб¸ қачон иш бошлаши мавҳум қолмоқда.)

Агар сиз Прагада ҳукумат қачон тузилиб¸ қачон иш бошлашини айтсангиз¸ мен ҳам сизга “Режим Ўзбекистон” дастурининг қачон иш бошлаши мумкинлигини айтаман"¸ дея ҳазиллашди Ташқи ишлар вазирлиги мулозими.

Бу суҳбатдошга кўра¸ украиналикларга жорий этилган дастурни ("Режим Украина") давом эттирувчи мазкур ташаббус Ўзбекистон¸ Монголия ва въетнамликларга маҳаллий меҳнат бозорида очиқ қолаëтган ишларда ишлаш учун рухсат беришни кўзда тутади.

Бу асосан¸ махсус малака талаб қилмайдиган ишлар бўлади. Малакали ишларга кетиш учун алоҳида “Кўк карта” дастури бор"¸ дейди Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

“Режим Ўзбекистон” қандай ишлайди?

Йиллардан бери Чехия меҳнат бозоридаги вазиятни бевосита кузатиб келаëтган ўзбекистонлик иқтисодчи Холназар Омонов¸ Чехияда жорий этилган “Режим Украина" дастури қандай ишлашини тушунтираркан, бундай деди:

- Бўш иш жойлари бор корхоналар Ички ишлар вазирлигидан тегишли рухсатнома олади ва таклифини украиналикларга юборади. Кейин улар шу асосда 1-2 йиллик виза олиб¸ бу ерга келиб рухсат берилган корхоналарда ишлайди. Ишга рухсатнома бўлса¸ турар жойи тайин бўлса¸ маоши бўлса виза олиш тартиби ўзгармайди¸ лекин унда бироз қулайлик бўлади. Бу жараëн Ички ишлар ва Меҳнат вазирлиги томонидан назорат қилинади¸ дейди иқтисод фанлари доктори Омонов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:00 0:00
Бевосита линк

Суҳбатдош¸ Чехиядаги қурилиш ва қишлоқ хўжалиги¸ шунингдек турли омборхоналарда иш кучи тақчиллиги кучайгани ортидан¸ ўзбекистонликлар учун "Режим Украина" сингари "Режим Ўзбекистон" дастури очилса, айни шу соҳадаги ишлар таклиф этилишини тахмин қилади.

Ўзбекистонлик Чехиядаги ишни қаердан топиб¸ меҳнат шартномасини қандай тузади?

Танишлар¸ ëки айрим ўртакаш ширкатлар орқали ҳозиргача ҳам ишга рухсатнома олиб¸ Чехияда ишлаб-яшаб юрган ўзбекистонликлар бор ва улар сони¸ тахминларга кўра¸ юзлабдир.

Озодлик гаплашган чех ва ўзбек расмийлари бу жараëннинг узоққа чўзилишини таъкидлаб¸ агар "Режим Ўзбекистон" дастури қабул қилинса¸ иш визаси олишнинг тезлашиши¸ ишга келувчилар сонининг ҳам кўпайишини айтадилар.

Айни пайтда¸ Чехия ҳукумати “Режим Ўзбекистон” дастурини қабул қилса¸ Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг Озодлик билан микрофонсиз гаплашган расмийсига кўра¸ ҳукуматлараро келишув тузиш эҳтиëжи туғилади.

Польшадаги иш берувчилар танлаб олган 50 нафар ўзбекистонлик ҳалигача ишга кетолмаяпти¸ чунки ҳукуматлараро келишув ҳали имзоланмаган. Чехия билан бу масалада музокаралар бошланғич босқичда¸ агар чех ҳукумати ўзбекистонликларни махсус дастур асосида ишга ëллашга рози бўлса¸ бу музокаралар давом этади ва Чехия билан ҳам ҳукуматлараро келишув имзоланади”¸ деди Меҳнат вазирлиги расмийси.

Бундай келишув¸ суҳбатдошга кўра¸ Чехиядаги иш берувчилар таклиф қилган иш ўринларига конкурс эълон қилиш¸ танлов ўтказиш ва ишга кетувчиларнинг хорижда ҳуқуқлари кафолатланган ҳолда ишлашини таъминлашга қаратилган бўлади.

"Ҳозиргача Жанубий Корея¸ Россия ва бошқа бир қатор давлатларга шу тартибда ишга жўнатаяпмиз. Бу¸ ўртакаш ширкатлар аҳолини алдаëтгани каби¸ фалон минг доллар тўланадиган жараëн эмас¸ деярли бепул. Миграция агентлиги ходимлари ишга кетиш жараëнини тез ва қонуний бўлишини таъминлайди. Бунинг учун ҳеч қандай пул олмайди. Миграция хизмати орқали ишга кетганлар¸ пенсия фондига тўлов ўтказадиган бўлса¸ уларнинг четда ишлаган йиллари ҳам стажга киритилади¸ пенсия ëшига етганда¸ пенсия олади¸ қолаверса¸ паспорт ва виза билан боғлиқ ҳамма расмийятчиликни улар ишга борадиган давлатдаги Ўзбекистон консулликлари қилиб беради"¸ дейди Меҳнат вазирлигининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган мулозими.

Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан сўнг расмий Тошкент илк бор мамлакатдаги ишсизлик муаммоси миллионлаб ўзбекистонликларни хориждан иш излашга мажбурлаëтганини тан олди ва бу жараëнни Ташқи Миграция масалалари агентлиги бўйича тартибга солиш ҳаракатини бошлади.

Шунинг ортидан¸ Россиянинг қатор регионлари билан ўзбекистонликларни ишга ëллаш бўйича махсус келишувлар имзоланди¸ айни жараëн Туркия¸ Қатар каби давлатлар билан ҳам бошланди.

XS
SM
MD
LG