Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:02

"Россия қилмиши учун жавоб бериши керак". Дунё раҳбарлари Буча қирғинини қораламоқда


Фуқаро кийимидаги икки кишининг жасади Буча шаҳридаги кўчалардан бирида ётибди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, уларни рус аскарлари отиб ташлаган. Жасадлардан бирининг қўллари орқасига боғланган. Буча, Киев вилояти, 3 апрель, 2022.
Фуқаро кийимидаги икки кишининг жасади Буча шаҳридаги кўчалардан бирида ётибди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, уларни рус аскарлари отиб ташлаган. Жасадлардан бирининг қўллари орқасига боғланган. Буча, Киев вилояти, 3 апрель, 2022.

Киев яқинидаги бир пайтлар сокин Буча шаҳрида тинч аҳолига қарши оммавий қатллар содир этилганига доир далиллар дунё ҳамжамиятини ларзага солди. Украина ва жаҳон етакчилари шаҳарни назорат қилган Россия қўшинларини оммавий қирғин ва уруш жиноятларида айблашмоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский 3 апрель куни рус қўшинларини шаҳарда "геноцид" содир этишда айблаб, Кремль раҳбарларини ўз ҳарбийлари қилмишини кўриш учун Бучага таклиф қилди.

Зеленский видеомурожаатида, “Россиянинг барча раҳбарлари ўз буйруқлари қандай бажарилаётганини кўришларини истайман”, дея рус тилида гапирди.

"Бу каби буйруқлар ва унинг ваҳший ижроси. Бунинг учун умумий жавобгарлик бор. Бу қотилликлар учун, қийноқлар учун, портлашда узилиб кетган қўллар учун... орқадан бошга отилган ўқлар учун", деди Зеленский.

Буча, Киев вилояти. 2 апрель, 2022
Буча, Киев вилояти. 2 апрель, 2022

Унинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин ва россиялик ҳарбийлар мамлакат қўшинларининг Украинадаги ҳаракатлари учун жавобгар бўлиши керак.

“Қўли орқасига боғланган ва боши кесилган одамларни топганимизда, мен тушунмай қолдим”, деди у Буча кўчаларида ётган қурбонлар ҳақида.

4 апрель кун Зеленский Бучага борди. У омон қолган аҳоли билан гаплашди ва Бучада бўлган воқеаларни “геноцид” деб атади.

Пойтахт Киевдан 35 километр шимоли-ғарбда жойлашган шаҳарчанинг Россия томонидан босиб олинишининг ҳалокатли оқибатлари ҳақида кўплаб видео ва фотосуратлар пайдо бўлди.

Озодлик радиосининг Украина хизмати мухбири кичик шаҳар кўчаларида тинч аҳоли жасадлари ётганини кўрди. У фақат биргина кўчанинг ўзида 10 га яқин жасадга гувоҳ бўлган.

"Ассошиэйтед Пресс" агентлиги журналистлари Буча атрофидаги турли жойларда камида 21 кишининг жасадларини қайд этди. Тўққиз кишидан иборат бир гуруҳ жасадларнинг барчаси фуқаролик кийимида. Маҳаллий аҳоли жасадлари рус кучлари база сифатида фойдаланган жой яқинида ётибди. Қурбонлар яқин масофадан ўлдирилган бўлиши мумкин.

Улардан камида иккитасининг қўли орқасига боғланган, бирининг бошига ўқ узилган, деб ёзди АP.

Украина бош прокурори Ирина Венедиктова 3 апрель куни Россия қўшинларидан қайтариб олинган Киев вилоятидаги шаҳарлардан 410 нафар тинч аҳолининг жасади олиб чиқилганини айтди.

Буча мэрининг айтишича, шаҳарчада 300 нафар аҳоли рус кучлари томонидан ўлдирилган. Ўшанда ҳудуд чечен жангарилари назоратида бўлган.

Зеленский Россиянинг Украинадаги жиноятларини тергов қилиш учун “махсус механизм” ишлаб чиқилганини айтди.

Россия Мудофаа вазирлиги 3 апрель куни баёнот бериб, ўз кучларининг Буча шаҳрида тинч аҳоли ўлдирилишига алоқадорлигини инкор этди ва айбловлар Киев томонидан ОАВ учун “саҳналаштирилгани”ни иддао қилди.

Ғарб Буча ва Украинанинг бошқа жойларидаги ваҳшийликларни қораламоқда.

АҚШнинг Украинадаги элчихонаси Twitter да, "Буча ва Путин кучлари ташлаб кетган бошқа ҳудудлардан келаётган тасвирлар даҳшатли. АҚШ ҳукумати барча мавжуд воситалардан фойдаланган ҳолда айбдорларни жавобгарликка тортишга ҳаракат қилади. Биз жим туролмаймиз, нима бўлганини дунё билиши керак ва ҳаммамиз ҳаракат қилишимиз керак", деб ёзди.

Британия Бош вазири Борис Жонсон “Россиянинг Ирпин ва Бучада бегуноҳ тинч аҳолига қарши разил жиноятлари Путин ва унинг армияси Украинада ҳарбий жиноятлар содир этаётганининг яна бир далили”, дея таъкидлади.

"Путиннинг уруш машинасини тўхтатиш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан", деди Жонсон ва Британия Москвага қарши санкцияларини, Киевга эса ҳарбий ёрдамни кучайтиришини қўшимча қилди.

“Россия дунё олдида ўз қилмиши учун жавоб бериши керак", деб айтди Янги Зеландия Бош вазири Жасинда Ардерн. У ҳукумат Украинага қўшимча ёрдам масаласини муҳокама қилишини билдирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари Антониу Гутерриш "Бучада ўлдирилган тинч аҳолининг тасвирларини кўриб қаттиқ ларзага тушгани"ни айтди.

Германия канцлери Олаф Шольц Россия қўшинларининг Буча шаҳрида содир этган “ҳарбий жиноятлари” туфайли унинг мамлакати иттифоқчилари билан Москвага қарши янги санкциялар ишлаб чиқишини маълум қилди.

Киев яқинида Украинанинг кутилганидан ҳам қаттиқроқ қаршилигига дуч келган Россия кучлари пойтахтнинг шимоли ва шарқидаги ҳудудларга чекинди.

Баъзи экспертлар қўшинлар олиб чиқиб кетилганига шубҳа билдириб, рус қўшинлари Украина шарқига ҳужумларини йўналтириш учун ўз ўрнини ўзгартираётганини тахмин қилди.

Жанубда Николаев шаҳрига берилган руслар зарбасидан кейин бир киши ҳалок бўлиб, 14 киши яраланганини маълум қилди шаҳар губернатори Виталий Ким.

XS
SM
MD
LG