Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:57

Расман: Ишдан олинган ДХХ раиси Азизов янги лавозимга тайинланмаган


64 яшар Абдусалом Азизов махсус хизматларнинг Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ишдан олинган учинчи раҳбаридир.
64 яшар Абдусалом Азизов махсус хизматларнинг Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ишдан олинган учинчи раҳбаридир.

23 ноябрь куни лавозимидан четлатилган ДХХ раиси Абдусалом Азизов янги лавозимга тайинланмаган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Асадовнинг расмий телеграм-каналида ёзишича, генерал-лейтенант Азизов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги "Хавфсизлик кенгаши котибияти ихтиёрига ўтказилган".

Озодликнинг ҳукуматдаги манбасига кўра, бу Азизовнинг "заҳирага олингани"ни англатади.

Азизов лавозимдан четлатилиши ортидан Ўзбекистондаги қатор телеграм-каналлар, жумладан, ДХХнинг расмий XAVFSIZLIK телеграм-канали Абдусалом Азизов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашига "тайинлангани" ҳақида ёзган эди.

ДХХ раиси истеъфосининг расмий сабаби маълум эмас.

Озодлик манбалари хавфсизлик хизмати раҳбарининг ишдан олинишини шу йилнинг 26 октябрь куни Қибрай туманида президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга боғламоқда.

64 яшар Абдусалом Азизов махсус хизматларнинг Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ишдан олинган учинчи раҳбаридир.

Ички ишлардан чиққан Азизов 2019 йил февралида ДХХ раиси этиб тайинланганди.

Унинг ўтмишдоши, прокуратурадан чиққан Ихтиёр Абдуллаев ДХХга бир йил раҳбарлик қилгани ортидан 2019 йилда ҳибсга олинган ва давлатга хиёнатда айбланиб 18 йилга қамалган.

Ўзбекистон махсус хизматларини энг узоқ вақт - қарийб чорак аср давомида бошқарган генерал Рустам Иноятов 2018 йил бошида нафақага чиқарилган бўлса-да, ДХХ ва Ўзбекистон сиёсатига таъсирини сақлаб қолган деб ишонилади.

Иноятов ишдан олинган мажлисда президент Мирзиёев давлат хавфсизлик хизмати ўзининг вазифаси - давлатнинг хавфсизлиги билан шуғулланиши кераклигини айтган ва уни ислоҳ қилишга ваъда берган эди.

Аммо ўтган вақт мобайнида ДХХ Ўзбекистондаги ҳеч ким ҳисоб бермайдиган энг қудратли ва репрессив аппарат бўлишда давом этган.

Озодликка маълум бўлишича, бир кун аввал ҳукумат, ДХХ ва ИИВнинг қатор юқори мартабали мулозимлари терговга тўсқинлик қилгани учун лавозимидан четлатилган.

Суиқасддан кейинги "тозалашлар"

Озодлик манбалари буни Комил Алламжоновга суиқасд сабаб куч тизимларида бошланган "тозалаш амалиёти" демоқда.

Азизовнинг истеъфоси Алламжоновга суиқасд фонида юз бераётган ягона истеъфо эмас.

Озодликка маълум бўлишича, бир кун аввал ҳукумат, ДХХ ва ИИВнинг қатор юқори мартабали мулозимлари "терговга тўсқинлик қилгани учун" лавозимидан четлатилган.

Озодлик ихтиёрида ишдан бўшатилган 5 нафар мулозимнинг рўйхати мавжуд, аммо Озодликнинг тушунишича, рўйхат тўлиқ эмас.

Булар:

Полковник Ашуров Алижон Ғаниевич - ДХХнинг шахсий Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи;

Сарвар Ашуров Ғаниевич - Бош вазир ёрдамчиси, қабулхона мудири, полковник Алижон Ашуровнинг укаси;

Полковник Ташходжаев Дониёр Бахтиярович- Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари;

Полковник Адхамов Ахроржон Халимжанович - ИИВ Тезкор-қидирув департаменти бошлиғининг ўринбосари - Жиноят қидирув хизмати бошлиғи;

Подполковник Тимур Собиров Акромович - Тошкент шаҳар ИИББ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи.

Озодликнинг ҳукумат ва куч тизимларидаги бир-биридан мустақил манбалари номлари зикр этилган мулозимларнинг ишдан бўшатилганини тасдиқлади.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Озодлик сўровини аккредитация йўқлиги важидан жавобсиз қолдирди, аммо вазирликнинг номи очиқланмаслигини сўраган бошқа бир мулозими тизимдаги истеъфоларни тасдиқлади.

Озодлик манбаларининг таъкидича, ҳукумат, қудратли ДХХ ҳамда Ички ишлар вазирлигининг бу беш мулозими шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг буйруғи билан ишдан олинган.

Ишдан олиш ҳақидаги расмий ҳужжат нусхаси Озодликда мавжуд эмас, аммо Озодлик гаплашган ҳукумат ва куч тизимларидаги манбаларга кўра, улардан айримлари расман “пенсияга чиқарилган”.

Озодлик манбалари бешовлон Қибрайдаги суиқасд изини йўқотиш ва жиноятни яширишга уриниш, шунингдек, жиноятни очишга тўсқинлик қилишда гумонланаётганини иддао қилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG