Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:44

Аввал Украина, энди Молдова. Кремль урушни кенгайтирмоқчими?


Молдовадаги Ленин ҳайкали.
Молдовадаги Ленин ҳайкали.

Молдованинг бўлгинчи ҳудуди Днестрбўйида содир бўлган бир қатор ҳужумлар одамларнинг ҳудудни тарк этишига сабаб бўлиб, Россия урушни Украинадан ташқарига кенгайтиришга интилаётгани борасидаги хавотирни кучайтирди.

Киев Молдовадан ажралиб чиққан бироқ тан олинмаган Днестрбўйи пойтахти Тирасполда содир бўлган ва иккита радиоэшиттириш минораси ҳамда маъмурий бинога зарар етказган портлашларда Москвани айблади.

Молдова анча эҳтиёткор муносабат билдирди. 26 апрель куни ўзининг юқори даражадаги хавфсизлик амалдорлари билан учрашгандан сўнг, Молдова президенти Майя Санду “уруш тарафдорлари”ни Днестрбўйидаги кескинликни кучайтиришга уринишда айблади.

Вайрон қилинган радиоантенналар.
Вайрон қилинган радиоантенналар.

Днестрбўйида сўнгги ўттиз йил давомида 2000 га яқин рус аскари Украина билан чегарадан атиги 2 километр узоқликда жойлашган, Европадаги энг йирик Кобасна ўқ-дори омборини қўриқлаб келмоқда.

Рус армияси генерали Рустам Миннекаев 22 апрель куни Москва Украина жанубини, жумладан, Одессани эгаллаш ниятида эканини ва бу "Днестрбўйига чиқиш учун йўл” бўлишини айтди.

Украина президенти Владимир Зеленский Миннекаевнинг гаплари Россиянинг Украинага истилоси фақат “ибтидо” эканлигини ва “улар бошқа мамлакатларни ҳам қўлга олмоқчилигига” ишора эканлигини айтди.

"Украинада ҳарбий муваффақиятсизликка учраганига қарамай, Россия президенти Владимир Путин кўпроқ ерларни эгаллашга ҳаракат қилиши мумкин" деди Бирмингем университети халқаро хавфсизлик профессори Стефан Волф Озодлик радиосига электрон почта орқали.

"Путин орзусидаги сценарий бўйича кетмоқда. У бутун Украина жанубини эгаллаб, Днестрбўйини тан олади, кейин эса Молдованинг қолган қисмида, жумладан, Гагаузияда ғалаён қўзғатади", дея тушунтирди Волф.

Гагаузия Молдованинг асосан туркийзабонлар ва православ христианлар яшайдиган автоном вилоятидир.

"Россия ҳарбийлари урушнинг дастлабки мақсадларидан воз кечишни жиддий хато деб билади. Улар энди Россия Украинага қарши эмас, балки НАТОга қарши курашаётганини таъкидламоқда", деб ёзди Андрей Солдатов ва Ирина Бороган АҚШда жойлашган Европа сиёсатини таҳлил қилиш маркази учун ёзган мақоласида.

Стратегиядаги ўзгаришларнинг эҳтимолий белгиси сифатида 26 апрель куни Россия ракета зарбаси Украинанинг Бессарабия вилоятини Одесса билан боғловчи асосий кўприкни нишонга олгани бўлди. Бироқ, шунга қарамай, Россия минтақада янги ҳужум уюштира оладими, деган савол туғилади.

Виржиния штатида Россия тадқиқотлари дастурини бошқарадиган Майкл Кофман: "Мен бундай бўлади деб ўйламайман", деб таъкидлади.

"Умуман олганда, Россия армиясидаги катта йўқотишлар мавжудлиги жанговар самарадорликни кескин пасайтирди. Улар қўшимча кучларни шакллантириш учун доимий қўшинда қолган ресурсларни олди. Бу йўқотишларнинг ўрнини боса олмайди", деди Кофман.

Украинанинг Киев вилоятидаги Гостомел яқинида танк устида ётган рус аскари жасади.
Украинанинг Киев вилоятидаги Гостомел яқинида танк устида ётган рус аскари жасади.

Украина расмийлари 27 апрель ҳолатига кўра, ўлган рус аскарлари сони 21 мингдан ошганини маълум қилди.

"Ҳақиқатан ҳам, Москва янги босқин амалга ошириш учун ҳарбий салоҳиятга эга эмас. Улар Донбассда катта ғалабага эришиш учун курашмоқда", дейди Волф. Жорий "режа" Украина ҳудудининг тахминан учдан бир қисмини босиб олиш. Узоқ давом этадиган ва Россияга қимматга тушадиган маҳаллий қаршилик Украина ва НАТО томонидан яхши қўллаб-қувватланмоқда.

Мудофаа бўйича таҳлилчи, польшалик Конрад Музика ҳам Россия тез орада ҳужумни кенгайтиришига шубҳа билдирди. “Ҳозир Россиянинг диққат маркази Донбасс ва шимоли-шарқий Херсонда” деди у.

"Ҳамма Киев мудофааси ҳақида гапиради, лекин Николаевни ҳимоя қилиш ҳам жуда муҳим", дея тушунтиради Музика Россиянинг ўтган ой Украина пойтахти атрофидаги ҳудудлардан чекинишига ишора қилиб.

Агар Москва ҳақиқатан ҳам Днестрга юриш қилишга қарор қилганида, у ердаги шундоғам яхши таъминланмаган қўшиндан кўмак олмаган бўларди, деди Озодлик билан суҳбатда Дионис Сенуса.

"Днестрбўйи ҳам ўз қуролли кучларига эга, уларнинг сони 4000 дан 7500 гача, аммо уларнинг жанговар қобилияти ва техникалари ҳақида кўп нарса маълум эмас."

Днестрга кенг қамровли ҳужум эҳтимоли ҳозирча йўқ бўлса-да, Москва Молдовани беқарорлаштиришга уриниши мумкин. Молдовада 2020 йил декабрда Санду президент этиб сайланганида Кремль асосий иттифоқчисидан айрилган. Ғарбпараст партиялар парламент сайловларида яхши натижа кўрсатган.

Волфнинг сўзларига кўра, шундан келиб чиқиб Днестрбўйидаги сўнгги воқеалар Кремль томонидан уюштирилган бўлиши мумкин.

Россия хавфсизлик хизматлари ҳозирда “Молдовани беқарорлаштириш, жанубий чегарада Украина қўшинларини тўсиб қўйиш, мамлакатда кучайиб бораётган европапараст кайфиятга қарши туриш ва Ғарбга Украинани қўллаб-қувватлаш янада жиддий оқибатларга олиб келишини кўрсатишни муҳокама қилмоқда, деб ёзган Жек Уотлинг ва Ник Рейнольдс ўз мақолаларида.

Молдова президенти Майя Санду
Молдова президенти Майя Санду

7 апрель куни президент Санду Украинада Россия агрессиясининг рамзига айланган "Z" белгиси ва Авлиё Георгий лентасини тақиқлади.

Уотлинг ва Рейнольдснинг сўзларига кўра, тақиқдан сўнг, Украина разведкаси Россия Федерал хавфсизлик хизмати Молдовада норозилик ҳаракатини ташкил этиш масаласини муҳокама қилаётгани ҳақида хабарлар ола бошлаган.

Сиёсий таҳлилчи Кристиан Власга кўра, Молдовада бундай ғалаёнлар эҳтимоли юқорироқ. “Россияпараст социалистлар 9 майда (Ғалаба куни) Георгий ленталарисиз митинг ўтказишларини эълон қилган бўлса-да, Гагаузияда ва шимолий ҳудудларда провокациялар бўлишини кутиш мумкин, дейди у Молдованинг россияпарастлар хайрихоҳлиги юқори бўлган шаҳрини назарда тутиб.

Россия гази нархининг ошиши Eвропанинг энг қашшоқ мамлакати Молдовада аҳолига қаттиқ таъсирини ҳисобга олса, вазият беқарор, дейди Влас.

XS
SM
MD
LG