Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:32

Asalhoney ва бошқалар: Сайловда "ҳаммасини ҳал қилган" овозлар


Asalhoney сайлов участкасида овоз бермоқда
Asalhoney сайлов участкасида овоз бермоқда

24 октябр куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган навбатдаги президент сайловида, кутилганидек, амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз билан ғолиб, деб эълон қилинди.

Бу ўтмишда Ўзбекистон президенти сайловларида амалдаги президент қўлга киритган овозлардан кам, аммо умумиятла, сайловнинг ўтмишдаги овоз бериш жараёнларидан фарқи катта эмас.

ЕХҲТ кузатувчилари ўзининг дастлабки хулосаларида сайловга мухолифат қўйилмагани, ҳақиқий сиёсий рақобат кузатилмагани, Ўзбекистон ҳукумати Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзолик доирасида олган қатор мажбуриятларини ҳануз бажармай келаётганини таъкидлаган.

Ҳисоботда, шунингдек, амалдаги президентни ҳеч ким танқид қилмагани, у маъмурий захиралардан фойдаланишда давом этгани қайд этилади.

Марказий сайлов комиссияси ушбу сайловлар учун 300 миллиард сўмдан зиёд миқдорда пул ажратди, ҳар бир партияга 15,4 миллиард сўмдан, 5та номзодга эса яна 3 миллиард сўмдан берди.

Аммо жамоатчилик номзодлар орасида биргина Шавкат Мирзиёевнинг тарғибот ва ташвиқот кампанияси кенг қамровли ва оммавий тус олганига эътибор қаратди.

Мисли кўрилмаган сайлов жараёнига кино, шоу-бизнес ва санъатдан кўплаб таниқли шахслар ҳам жалб қилинди. Уларнинг аксари амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватлади.

Ҳаммасини ҳал қилган битта овоз...

“Инсон қадри учун” шиори остида ўтказилган ЎзЛиДеП партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев учун овоз бериш кампаниясида аҳолининг турли қатлами вакиллари билан бирга, шоу-бизнес вакиллари ва бошқа таниқли шахсиятлар ҳам фаол иштирок этди. “MIR21YOYEV” ёзуви туширилган уст-бошни, жумладан, танилган блогерлар ҳам кийиб чиқди.

Asalhoney тахаллуси билан Инстаграмда машҳур бўлган қўшкўпирлик 31 яшар эротик блогер Асал Хўжаева ўзининг Фейсбук саҳифасида амалдаги президентга овоз бериб келганини хабар қилди ва “MIR21YOYEV” ёзувини кўз-кўз қилди.

“Ман эрталабдан фуқаролик бурчимни бажардим сизларчи ….?”, деб ёзган эроблогер ўзининг постига мана бу суратни ҳам илова қилди:

Сайлов қутиси олдида тор шимда тушган Асалҳонейнинг бу фотосурати тармоқда энг кўп кўрилган ва муҳокама қилинганлардан бирига айланди.

“Таҳликали, бурилиш нуқтасидан ўтиб олдик, энди натижалардан хавотир олмасак ҳам бўлади. Ҳатто Асалхоней овоз берди, энди ҳам шубҳага ўрин борми? Йўқ, энди бўлиши мумкин эмас, ахир ҳаммасини шу битта овоз ҳал қилиши мумкин эди”, дея ишонтирди президент сайловчиларини @tentakminds.

Биз билгандик, биз кутгандик...

Шавкат Мирзиёевга овоз беришни тарғиб этувчи саноқсиз юқори сифатда бажарилган видеолар барча тармоқларга жойлаштирилди.

“Мирзиёев - менинг танловим!” шиори остида ижтимоий тармоқларда амалдаги президентни қўлловчи махсус флешмоб ва челленжлар ташкил этилди.

Ҳар бир катта ва кичик шаҳару аҳоли пунктларида Мирзиёевга овоз беришга даъват этувчи реклама баннерлари ва постерлар осилди, "Мирзиёевга овоз беринг!" деб номланган кортежлар ташкил этилди.

Сайловга тарғибот роликларига жалб қилинган таниқли актёрлар, журналистлар ва хонандалар “MIR21YOYEV” ёзуви туширилган кийимларда чиққанини кўриш мумкин эди.

Instagram ижтимоий тармоғида президентлик сайлови арафасида янги #insonqadriuchun ҳештеги кенг тарқалди.

Кўплаб шоу-бизнес юлдузлари - Райҳон, Муниса Ризаева, Жавлон Шодмонов, Рашид Холиқов, шу билан биргаликда, инстаблогерлар ушбу ниқобдан фойдаланиб, ўз саҳифасига видео жойлаштирди ва сайловда Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.

Машҳур қўшиқчи Озода Нурсаидованинг “Инсон қадри учун” қўшиғи амалдаги президентнинг сайлов кампаниясининг норасмий гимнига айланди.

Шу йилнинг августда президентнинг яна бир ашаддий тарафдори Муниса Ризаева билан бирга “Шуҳрат” ордени билан тақдирланган Озода бу қўшиқни ижро этишга танлангани ҳам бежиз бўлмаса керак.

2003 йилдан буён президент Ислом Каримов ўлимигача тақиқда бўлган Озода Нурсаидова қўшиғини “ўтган кунларни эслашга” бошлайди:

Одамлар рост сўзин

Айтишдан қўрқиб,

Пана-паналарда

Юрган йилларни.

Қўрқувда қотган бу

Тилларимизда

Дадиллик йўқ эди,

Шиддат йўқ эди...

Бу сўзлар видеодаги қамоқдан чиқарилаётган одамларнинг яқинлари билан қучоқ очиб кўришаётгани, вайрона уйлар ва бузилган кўчаларда кетаётган ғамгин одамлар ва қариялар акслари манзарасида янграйди.

Кейинги сўзлар янграши билан саҳнага халқ билан мулоқот қилаётган президент Мирзиёев чиқади.

Келди юксакларни
Кўзламоқ даври,
Борини борича
Сўзламоқ даври.

Бу барча одатнинг
Битта номи бор -
Бу инсон қадридир,
Бу инсон қадри.

Орада Озода ва Юлдуз Усмонованинг йиғлаётгани, ҳасрат қилаётган Ботир Зокиров ва марҳум Обид Асомовлар акслари кўринади. Бироқ, номаълум сабабларга кўра “Саҳнани соғиндик, юраклар ёниб, Қўшиқлар эскирди, тасмада қолиб, Ўн йиллар йиғладик ёлғиз қолганда, Тош қотган дилларни Худога солдик” деган қўшиқ матнидаги сўзлар унинг Интернетда чоп этилган вариантида тушиб қолдирилганини кўриш мумкин.

Каримов ҳукмронлиги даврида санъаткорлар хўрлангани ҳақида сўзлаган ва олдинги даврда “эзилгани ва тепилгани”ни гапирган санъаткор Юлдуз Усмонова ҳам президент Шавкат Мирзиёевга овоз беришга даъват қилди.

2016 йилда ҳам Юлдуз Ибрагимовна Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирган эди.

Марҳум биринчи президент даврида Усмонова Ислом Каримовни “Ислом сиёсатини баралла қўллаб-қувватлаган”, унга ва оила-аъзоларига қўшиқлар бағишлаган эди.

“Америка Овозига” берган интервьюсида у Каримовни “тинчлик-хотиржамлик гарови” деб атаган, жонли эфирда Ислом Каримовга бағишлаб қўшиқ ҳам куйлаб берганди.

Шавкат Мирзиёев учун овоз беришга чақирган санъаткорлар навбатида DJ Piligrim тахаллуси остида ижод қилувчи Илҳом Йўлчиев ҳам турибди.

5 йил олдин Мирзиёевни танлаганини айтган ижодкор “Мен учун ҳаммаси маъқул, ундан ташқари, менда бор ҳамма нарса учун миннатдорман ва уни қадрлайман!”, дея муддатдан олдин овоз бергани ҳақида ёзди.

Хонанда “MIR21YOYEV” ёзуви туширилган футболка-кепкаларни ҳам реклама қилди.

Президентни улуғлаш тарихидан

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни кўкка кўтариш бўйича қўшиқчилар мусобақасини таниқли хонанда Дилфуза Исмоилова бошлаб берганди.

2017 йилда басталанган "Омон бўлсин-эй" қўшиғида Дилфуза "Элим дея, юрт дея оқил ишни бошлаган мард ўғлоннинг йўлини айтинг ким ҳам тўсади? Омон бўлсин, бор бўлсин, шу гўзал юрт султони бор бўлсин" дея куйлади. Қўшиққа ишланган клипда Президент Мирзиёевнинг вилоятлардаги учрашувлари кадрлари акс этган.

Кейинроқ президентга атаб қўшиқ куйлашни бошқа хонандаю хофизлар ҳам урф қилди.

Улар орасида марҳум президентнинг ҳозирда қамоқда ўтирган қизи Гулнора Каримова тадбирларидаги чиқишлари билан танилган “Божалар” гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжонов ҳам бор.

Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков “Божалар”дан ҳам ўзиб кетди: у Шавкат Мирзиёевнинг ҳатто халққа қилган мурожаатномасига бағишлаб қўшиқ куйлади.

Вазир ўз композициясини "Ҳаёт гўзал” деб номлади.

“Президентимизнинг охирги мурожаатларидан ҳеч кимнинг ичи ёнмай қолмади. Бу бизга тинчлик бермади. Тўлқинлантирди. Ёндирди. Ҳақиқий халқ отасини кўрдим шу мурожаатда. Халқимизга президент мурожаатини янада чуқурроқ етказиш мақсадида янги қўшиқ ёздик”,деди Озодбек Назарбеков.

Олдинги президент Ислом Каримовни мадҳ этган шоу-бизнеснинг айрим таниқли намояндалари 2016 йилда нафақат марҳум президент, балки унинг қамоқдаги қизи Гулнора Каримованинг озодликка чиқишини сўраб ҳам дуо қилган ва мадҳ этган эдилар. ​

Расмийлар аввалига бундай кимўзар пойга салбий кўриниш акс этаётгани ва Каримов даврига тақлидга ўхшаб кетаётгани важидан уни дастакламади.

"Ўзбекнаво" ўрнига ташкил қилинган "Ўзбекконцерт" давлат муассасасида бўлган мажлис муассаса директори вазифасини вақтинча бажарувчи Азамат Ҳайдаров давлат раҳбарига бағишланган қўшиқлар тақиқланишини маълум қилди.

"Бу яхшиликка олиб келмайди. Мана шу ишни қилганлар тақдири нима билан тугади, ўзларингиз кўрдинглар-ку. Саҳнани соғинганлар қанақа аҳволга тушди. Қанча йиллар саҳнага, халққа чиқолмай юрди. Мана шулар бизга сабоқ бўлиши керак-да. Шу нарса кўз ўнгимизда бўлди-да. Бошқа мамлакатларни мақташлар, айрим нарсаларга учиб, Ўзбекистонни унутиб қўйишлар. Мана шу нарсаларга тақиқланади, чек қўямиз", - деган эди "Ўзбекконцерт"нинг ҳозирда марҳум мулозими.

Маданият вазири ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов эса, умуман “сиёсатни тушунмасдан сиёсат тўғрисида” куйловчи қўшиқчиларни танқид қилган эди.

Аммо орада бир муддат ўтиб, мадҳиялар яна урфга айланди - ЎзЛиДеП партиясидан президентликка даъвогар Шавкат Мирзиёев ҳақида танилган ва танилмаган шоирлар ҳам шеърлар битди, уни мадҳ этиш мақсадида қалам тебратди.

Шундай номаълум шоирлардан бири президентга атаб ёзилгани тахмин қилинаётган шеърини тақдим этган қисқа видео тармоқларда тарқади.

Олдинроқ эса “илоҳий илҳом” билан ёзилгани айтилган “Янги Ўзбекистон стратегияси!” шеъри тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Айни муаллиф бундан аввал “Инвестиция киритинг, инвестиция”, “Ҳоким бўлиш осонмас, дўстим”, “Халқ банки”, “Ички ишлар органи ходимларига”, “Президентдан ўрганайлик матонатни” каби битиклари учун тармоқларда мазах қилинганди.

Ўзбекистонликларнинг 80 фоизи овоз берган янги сайланган эски президентни мадҳ этиш авжига чиқаётган бир даврда ўзини дифирамблар айтиш, кўкка кўтариш ва ортиқ даражада мақташдан сақлай олган санъаткорлар ҳам йўқ эмас.

Президентлик сайловларидан четлаштирилган хонанда ва сиёсатчи, “Эрк” партияси вакили Жаҳонгир Отажонов бироз бошқача оҳангда қўшиқ куйлади.

Муаззам Иброҳимова шеъри асосида яратилган қўшиғини Жаҳонгир Отажонов амалдорларнинг "сайловолди қилаётган ёлғонларига" бағишлаганини билдирди.

XS
SM
MD
LG