Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:31

Тошкент Россия босими остида "Артдокфест"ни тақиқлади - Манский


"Артдокфест-Азия".
"Артдокфест-Азия".

Ўзбекистон Маданият вазирлиги 2–8 апрель кунлари Тошкентда ўтказилиши режаланган “Артдокфест/Осиё” ҳужжатли фильмлар фестивалини тақиқлади.

Вазирлик фильмлар намойишига тақиқни фестиваль ташкилотчилари Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган тартибда рухсатнома олишмагани билан изоҳлаган.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, республика ҳудудида маҳаллий ва хорижий фильмларни намойиш этиш учун хусусий тадбиркорлар томонидан Кинематография агентлигига ариза билан мурожаат этади ҳамда агентлик томонидан ушбу мурожаат 10 иш кунида кўриб чиқилади. Бундан ташқари, юқоридаги ҳужжатларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оммавий тадбирларни ўтказиш учун Ички ишлар вазирлигидан рухсатнома олиши шарт экани белгиланган”.

4 апрель куни фестивал доирасида режиссёрлар Виталий Манский ва Евгений Титаренконинг Украинадаги уруш тўғрисидаги “Шарқий фронт” фильми намойиши ички ишлар ходимлари талаби билан тўхтатилган.

"Ўзбекистон Маданият вазирлиги буйруғи билан"

Виталий Манский.
Виталий Манский.

Фестивал ўтказилаётган “139 Documentary Center” маркази раҳбари Тимур Карпов Озодликка ҳанузгача вазирликдан бирор расмий ҳужжат берилмаганини айтди:

- 2 апрель куни, намойишлар бошланишидан олдин, шаҳар ИИБсидан вакиллар келиб, “Сиз реклама берибсиз - кино қўйишга рухсатингиз йўқ!” дейишди. Бошқа ҳеч қандай тушунтириш ёки ҳужжат беришмади. Менга расмий ҳужжат беришмагани сабабли 3 апрел куни намойишимизни ўтказавердик. 4 апрел куни яна участка нозири келиб, Вазирлар Маҳкамасининг 205 қарорини кўрсатяпти - оммавий йиғилишларни ўтказиш тартибини. Оммавий йиғилишлар - бу 100 кишигача бўлган тадбирдир! Бизнинг марказимизга 100 киши жисмонан сиғмайди.

Улар менга нисбатан маъмурий иш очишибди. 5 апрел куни мени алдов йўли билан отделга эмас, Яшнобод туман судига олиб бориб, 450 доллар жарима солишди. Бу жарима “полиция ходимининг қонуний талабларини бажармаганим учун” экан. Ходимлар менга телефонда бир ҳужжат кўрсатишди. Унда Ўзбекистон Маданият вазирлиги Ички ишлардан “Артдокфест” филмларини намойиш қилишни тўхтатишни талаб қилганини ўқиб қолдим. Филмлар гўёки “Ўзбеккино”да сертификатланмаган экан. Бизда бу вазият билан боғлиқ Маданият вазирлигига кўплаб саволларимиз пайдо бўлиб қолди: асос нима, нима учун, бу қанақа бедодлик?

Суҳбатдош суднинг бу қарорини Ўзбекистон қонунларини бузувчи цензура деб атади ва қарор юзасидан тегишли тартибда шикоят қилишини айтди.

Режиссёр Виталий Манский Facebook саҳифаси орқали Ўзбекистон Маданият вазирлиги кўрсатмаси билан фестиваль дастуридаги бошқа фильмлар намойиши ҳам тақиқланганини билдирди.

Бу 139 Documentary Center мустақил майдончасида тўрт йил давомида дуч келинган биринчи ҳодисадир. Салом сенга, “Рус дунёси!”, деб ёзди режиссёр.

Манский Тошкентдаги фестивалга қатор таниқли режиссёрлар келганини қўшимча қилган.

Тўхтатиб қўйилган Тошкент “Артдокфести”да Манскийнинг Украина уруши тўғрисидаги “Шарқий фронт”идан ташқари Светлана Лишчинскаянинг “Мариуполь. Реконструкция”, Элёр Неъматовнинг “Асқаров”, Энджи Винчитонинг “Манифест”и ва бошқа филмлар намойиши кутилаётганди.

“Шарқий фронт” фильми премьераси 2023 йил 24 февралида — Россия қўшинларининг Украина ҳудудига бостириб кирганининг бир йиллигида Берлинда бўлиб ўтган эди. Фильмда ўз оилаларини фронт ортига олиб бориб қўйиб, ўзлари кўнгилли бўлиб урушга жўнаган беш нафар украиналик ҳақида ҳикоя қилинади. Фильмни тасвирга олиш ишлари 2022 йил 24 февралида - Россия қўшинлари бостириб кирган илк кундан бошланган. Фильм Озодлик лойиҳаси бўлган Current Time телеканали дастагида яратилган.

Манский: Россия элчихонаси босим қилган

“Артдокфест” ҳужжатли фильмлар фестивалига 2007 йили режиссёр Виталий Манский томонидан асос солинган. Бироқ 2020 йили фестиваль Россия расмийлари босими туфайли Ригага кўчирилган, ҳозирда у ўз фаолиятини Балтика ва Шарқий Европа документалистикаси форуми ўлароқ давом эттирмоқда. Манский, щунингдек, Шимолий Кореядаги диктатура тўғрисида филм олган режиссёр сифатида ҳам танилган.

Ўзбекистонда Artdocfest/Asia ҳужжатли фильмлар фестивали биринчи марта 2021 йили 139 Documentary Center галереясида бўлиб ўтган эди.

2022 йил март ойида навбатдаги “Артдокфест” очилиши бўлиши керак бўлган Москвадаги "Октябр" кинотеатри эвакуация қилинганди ва номаълум шахслар Манскийнинг ўзига бўёқ сепиб кетган.

Шундан сўнг, Украинадаги урушга очиқчасига қарши чиққан асли Украинанинг Лвовидан бўлган Виталий Манский "Россияда тузум қуламагунча" Артдокфест бошқа ўтказилмаслигини билдирган. Ўша йилнинг сентябр ойида Россия Ички ишлар вазирлиги Виталий Манскийни “туҳмат” моддаси асосида жиноят иши очиб, қидирувга берди.

Манский Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги Artdocfest/Asia фестивалининг тақиқланиши Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси босими остида бўлганини иддао қилди:

- Биз бундан олдин икки марта - 2019 ва 2021 йилда Тошкентга келганмиз. Аммо меҳмонларимиз сони бир неча бор кам эди. Бу гал биз Артдок-мактабни ҳам ташкиллаштиргандик. Бу сафар ўнлаб режиссёрлар кўплаб мамлакатлардан ўзлари филмлари билан келишди, зал тўла бўлди. Жуда яхши тадбирлар бўлаётган бир пайтда, ўтган йили Украинада Титаренко билан бирга олган фильмимиз намойишида милиция наряди келиб, намойишни тақиқлаб кетди. Бу мустақил галерея шаҳар марказида эмас, жуда кичкина жой: биз атайин рухсатнома талаб қилмайдиган катта жойни танламадик. Зобитлардан бири “Кечирасиз, бу бизнингмас, Маданият вазирлигининг талаби. Бизга юқоридан буйруқ келди”, деди.

Гап шундаки, бу вазирлик иддао қилаётган кинонамойиш эмас - биз чипта сотмадик, бу муаллифлар билан учрашув эди, холос. Ўзбекистонда яшовчи маданият вакиллари бу тақиқ бевосита Россия элчихонаси босими натижаси эканини гапирмоқда. Боз устига, 3 апрель куни Владимир Путиннинг маданият масалалари бўйича вакили Швидкой Ўзбекистонга ташриф буюрган экан. "Артдокфест" фестивалига бўлган Россиянинг муносабатини билсангиз керак.

Режиссёрнинг фикрича, Маданият вазирлигининг фестивал ўтказилишига қўйган асоссиз тақиқи Ўзбекистоннинг халқаро имижига салбий таъсир кўрсатади.

- “Шарқий фронт” филми 40 дан зиёд мамлакатларда минглаб одамларга намойиш этилганди, Ўзбекистон эса уни ҳатто 100 кишига ҳам кўрсатишга рухсат бермади, галерея муҳрланди, фантастик тезлик билан суд бўлиб ўтди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги барча мамлакатлардаги ваколатхоналарига Россиянинг Украинага қарши урушига қўшилишга даъват этган, кўринади. Ўзбек тарафининг кўнувчанлиги эса унга иззат келтирмайди. Фестивал тақиқи аллақачон кўплаб мамлакатлар ОАВлари эътиборини ўзига тортди. Албатта, Россия тарафи ичқоралик билан “Ўзбекистон биз билан!” деган ғалабасини нишонламоқда.

Лекин Ўзбекистон босқинчилар билан бирга эмаслигига бу ерда туриб гувоҳ бўлдим: оддий ўзбекистонликлар бошқача кайфиятда, амалдорлар эса заифроқ экан. Ахир улар Ўзбекистон имижига маданий жиҳатдан жуда улкан зарар келтиришди! Биз 25 та танлаб олинган ўзбек киночисига энг кўзга кўринган усталарни олиб келгандик ва бу тадбир энг аввало Ўзбекистонга туҳфа эди. Ваҳоланки, биз Ўзбекистондан ҳали кетмасимиздан Молдова ҳукуматидан айни шундай тадбир уюштириб бериш таклифи келиб тушди, деди Виталий Манский.

Россия, маданият ва сиёсат

2024 йилга келиб, урушни қўллаб-қувватламайдиган санъат арбоблари, сиёсатчилар, блогерлар ва журналистларнинг Россияда чиқишлари деярли имконсиз бўлиб қолди. Кремл сиёсатига қарши чиқиш, тармоқда қўйилган пост ёки қўшиқларни ижро этиш жарима ва узоқ йиллик қамоқ жазосига олиб келиши мумкин.

Аксинча, Путиннинг Украинага босқинини қўллаб қувватлаган артистлар ва жамоат вакилларига телевидение ва жамият олдида чиқишларга кенг йўл очилди, уларга бюджетдан катта маблағлар ажратилмоқда.

2024 йил бошида Россияни тарк этган ва бутун дунё бўйлаб муваффақиятли чиқишлар қилаётган россиялик санъат ва маданият вакилларининг “қора рўйхати” мавжудлиги ҳақида маълум бўлди. Кремль “қора рўйхат”га тушган россиялик санъаткорларнинг концертлари ва чиқишларига нафақат Россияда - хорижда ҳам тўсқинлик қила бошлади. Россия пропагандаси Украинага босқинни қоралаб чиққан ва сазойи қилган Алла Пугачева, Земфира, Борис Гребеншчиков, Юрий Шевчук, Нойз МС, Андрей Макаревич, Максим Галкин, Монеточка, Чўлпон Хаматова, Анжелика Варум ва Леонид Агутин, Артур Смолянинов ва бошқа кўплаб йирик рус санъат усталари Россияни тарк этишга мажбур бўлди.

Guardian нашрининг маълум қилишича, Россия расмийлари бундай рўйхатни Таиланд ҳукуматига топширган ва 2024 йил январ ойида Россияда таниқли бўлган “Би-2” гуруҳи санъаткорларини Таиланддан депортация қилишни талаб қилган. Рус элчилиги мусиқачиларни "терроризм ҳомийлари" деб атаган. Аммо дипломатлар мусиқачиларни жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган Россияга эмас, балки Исроилга чиқариб юборишга муваффақ бўлишди.

Ҳажвчи Максим Галкин Россия расмийлари хати асосида Индонезия ҳукумати мамлакатга киришини тақиқлаганини айтганди. Шу йилнинг 27 январ куни у Балида концерт бериши керак бўлган.

Шу билан бирг,а Россиянинг босқинчилик сиёсатини очиқчасига қўллаб келаётган қатор рус қўшиқчилари ва эстрада намояндалари чиқишларига Ўзбекистонда саҳна берилаётгани муносабати билан жамоатчилик билдираётган эътирозлар Мирзиёев ҳукумати эътиборидан четда қолмоқда.

Жаҳон кино индустриясидан четда қолдирилган Россия эса “Оскар” мукофотининг Евроосиё аналогини яратмоқда, унда ўзбек киноижодкорлари ҳам фаол иштирок этишга таклиф қилинмоқда.

2022 йил баҳорида Россия Кинематографлар уюшмаси раиси Михалков Оскар мукофотининг аналогига айланиши керак бўлган Евроосиё киноакадемияси ва унинг мукофотини таъсис этиш ташаббуси билан чиқди. У 2024 йилдан бошлаб тақдим этилиши кутилмоқда.

Кўплаб мамлакатларга киритилмаётган Россия кино ва мусиқаси эса ўзбек саҳналарига ўз экспансиясини бошлаб юборди.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков 11 март кунги чиқишида хорижлик хонандаларнинг Ўзбекистондаги концерти тадбиркорлар томонидан ташкил этилишини айтиб, россиялик қўшиқчилар учун дунёда майдонлар қисқариб кетганини айтди.

2023 йил ноябрида Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммити чоғида Озодлик мухбири саволига жавоб берган Назарбеков Ўзбекистон рус қўшиқчиларининг Тошкентда, ўз таъбирича, “сиёсат қилишларига йўл қўймаслиги”ни таъкидлаган эди.

Тошкентдаги “Артдок” фестивали ва Украина ҳақидаги ҳужжатли фильм намойишининг тақиқланиши, ташкилотчиларга кўра, Ўзбекистоннинг Украина уруши борасида ўзи таъкидлаб келаётган “нейтраллиги”ни яна бир бор савол остига қўяди.

Форум

XS
SM
MD
LG