Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:52

“Чексиз ҳокимият хатарли” – АҚШ элчиси Ўзбекистонда конституция ўзгаришига муносабат билдирди


АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм давлат бошқарув бўғинларининг бир-бирини тийиб туриши муҳим тамойил эканини айтган.

Gazeta.uz” нашрига берган интервьюсида АҚШнинг Тошкентдаги юқори мартабали дипломати президент Мирзиёев ислоҳотлари ва конституцияни ўзгартириш жараёнларига баҳо берган.

У шунингдек, Ўзбекистоннинг Украина борасидаги нейтрал позициясини тушунишини айтиб, айни пайтда бу позиция Россияга нисбатан унчалик ҳам нейтрал эмаслигига ишора қилган.

Дэниел Розенблюм Ўзбекистонда бошланган конституциявий ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, давлат бошқарув бўғинларининг бир-бирини тийиб туриши сув билан ҳаводек зарур эканини урғулади.

“Конституция давлат ҳокимиятини чеклаши кераклигини таъкидлашни истардим... Бу, ҳар бир мамлакатда айрича шаклланади. Сиз британча, французча, хитойча ёки американча тизимни қабул қилмайсиз. Бироқ ушбу ҳужжатда биз тийиб туриш ва мувозанат тизими деб атайдиган жиҳат бўлиши керак. Бу – ҳокимиятнинг турли тармоқлари ўртасида мувозанат мавжудлиги ва ҳокимиятни тийиб туриш тизимингиз бўлишини англатади. Чунки бир киши ёки бир институтнинг жуда кўп ҳокимиятга эга бўлиши мамлакат учун ёмон. Бу янглиш қарорларга олиб келади”, – дейди АҚШ элчиси.

Дипломат Тошкентнинг Украина уруши бўйича нейтрал позициясини “тушуниш”ини қайд этган. Мамлакат Украинага гуманитар ёрдам етказиб берганини ҳам олқишлаган.
“Биз Ўзбекистон тушиб қолган позицияни тўлиқ тушунамиз ва ҳурмат қиламиз. Ўзбекистон суверенитет, мустақиллик, ҳудудий яхлитлик каби тушунчаларни юксак қадрлашини ҳам биламиз. Ўзбекистон расмийлари ушбу тамойиллар Украина учун ҳам муҳим эканини очиқчасига таъкидлади”, – дейди у.

Розенблюм Ўзбекистон ҳукумати можарода бетараф эканини билдиргани ҳолда, Россия билан фаол алоқада экани, Украина билан эса мулоқот ўрнатишга уринишлар кузатилмаётганини савол остига олган.

“Биз бетарафликни шундай тушунамиз: Ўзбекистон бундан кейин ҳам ҳар икки томонга ҳурмат билан муносабатда бўлади, алоқаларни сақлаб қолади ва бир томон иккинчисидан тўғрироқ эканини кўрсатадиган ҳаракатларга йўл қўймайди. Мен Украина, Украина ҳукумати билан қўшма мулоқот ёки алоқа ўрнатишга уринишларни ҳали кўрмадим. Ҳолбуки, уруш бошланганидан бери Россия ҳукумати билан кўплаб тадбирлар, учрашувлар, ташрифлар бўлиб ўтди”, – дея эътироз билдиради дипломат.

Элчи Ўзбекистонда Украина воқеаларининг ёритилишидан қониқмаётганига ҳам ишора қилган. Таассуф билан қайд этилишича, Кремлдан келган мақолалар матбуотда Украина томони изоҳисиз, шунчаки қайта чоп этилгани ҳам кузатилди.

“Мувозанатга риоя этилмаётгани важидан бизга бетарафлик йўқдек кўринади. Маълумотни шу тарзда тақдим этиш орқали сиз амалда бир томонга ён босган бўласиз. Булар бизни хавотирга солаётган масалалардир”, – дейди Розенблюм.

Дипломат Вашингтон президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини таъкидлаш асносида олти йиллик ўзгаришларга ҳам баҳо берган. Жумладан, валютанинг эркин конвертация қилиниши, Солиқ кодекси ва бизнесга доир меъёрий-ҳуқуқий базанинг ислоҳ этилиши, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ўзгаришлар муваффақият ўлароқ баҳоланган. Шу билан бирга, хусусийлаштириш жараёни жадал эмаслиги, бу борадаги уринишлар тўсиққа учраётганидан баҳс этилган, давлат бошқаруви ислоҳотлари ҳам суст кечаётгани таъкидланган.

“Президент ва унинг жамоаси аввал-бошданоқ иқтисодиёт ва ҳатто ижтимоий институтларни ислоҳ қилишнинг ўзи етарли эмаслигини тан олди. Бир вақтнинг ўзида сиёсий институтлар, бошқарув билан ҳам шуғулланиш керак. Давлат бошқаруви соҳасида жараён ўта суст кечмоқда, эҳтимол, бу йўналишда ўзгаришларни амалга ошириш жуда қийинлигидандир. Ўйлайманки, баъзи жойларда муайян қаршиликлар мавжуд. Шундай одамлар борки, улар барчасини муайян шаклда бажаришга одатланиб қолган ва ўзгаришларни хоҳламайдилар”, – дейди АҚШ дипломати.

XS
SM
MD
LG