Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:53

Андижонлик боғча опа: Кечқурун Қорқиз, тунда қоровулмиз


“Оқшом соат 5 дан 8 гача “Ўзбегим” савдо маркази олдида ўрнатилган Янги йил арчаси олдида Қорқиз бўлиб турибмиз, бундан ташқари тунда боғчада навбатчилик қиламиз”, - деди Озодликка Андижондаги болалар боғчаларидан бирининг тарбиячиси.

Андижон шаҳар Мактабгача таълим бўлими мудири “МТМлар педагог кадрларини Янги йил тадбирларига ёки тунги навбатчиликка қўйишга доир меъёрий ҳужжат йўқлигини, бинобарин улар бундай ишларга жалб этилмаётганини” билдирди.

Андижон шаҳар Халқ қабулхонаси мутахассиси мажбурий меҳнатга доир ҳар қандай шикоят зудлик билан ўрганилиши, бунга йўл қўйган амалдорлар жазоланишини таъкидлади.

Озодлик андижонлик тарбиячи билан боғланди. Икки фарзандли ёлғиз она бўлгани учун ишдан ҳайдалиб кетишдан қўрқиб, исми ва иш жойи ошкор қилинмаслигини сўраган тарбиячи барча саволларга Телеграм орқали жавоб берди.

Совқотган Қорқиз

Тарбиячининг айтишича, Андижонда Янги йил ярмаркалари иш бошлаганидан буён у ва ҳамкасблари навбатма-навбат Қорқиз ролини ижро этишга жалб қилинмоқда.

"Мен бир марта бўлдим Қорқиз. Кечки пайт соат 5 дан 8 гача совуқда арча атрофида турдик. Қорбободан сўрасам, мединститутда ўқир экан. Совуқ бўлгани учун одам ҳам оз. Улар билан ўйинга тушишимиз керак экан. Ахир биз раққоса эмасмизку?"

Тарбиячи ўз иддаоси тасдиғи сифатида Озодликка сурат тақдим этди. Жўнатган тарбиячи рухсат бермагани ҳамда болалар акс этгани учун эълон қилмаётганимиз суратда Янги йил арчаси, Қорқиз ва Қорбобо ҳамда 4 яшар бола акс этган. Сурат, тарбиячининг айтишича, 12 декабрь оқшомида олинган.

Андижонда Янги йил тадбирлари бошланди

Янги йил ярмаркалари бошлангани тўғрисидаги видеосюжетни Андижон шаҳар ҳокимлиги куни кеча Фейсбукдаги саҳифасига жойлаштирди. Бош қаҳрамони вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бўлган сюжетда Қорбобо ҳам, Қорқиз ҳам кўринади. Расмий видеосюжетдаги Қорбобо, Қорқиз ва бошқа эртак қаҳрамонлари ролини ким ўйнаганини Озодлик аниқлай олмади.

Шаҳарнинг 1- микрорайонида истиқомат қиладиган 54 яшар Аҳмаджон аканинг айтишича, Янги йил ярмаркалари уларнинг мавзесида ҳам уюштирилган. Унинг сўзларига кўра, икки кун олдин кечқурун ярмаркада Қорбобо билан Қорқиз пайдо бўлиб қолганини кўргач, қизиқиб, олдиларига борган:

“Қорбобо мактабда ўқитувчи, Қорқиз боғчада ишлар экан. Ўша куни ярмаркага ҳоким келади, деб эшитувдим. Ҳўў, анчага туришди ҳокимни кутиб, ҳоким келдими, йўқми – билмадим. Совқотиб, уйга кириб келавердим”.

"Қорқиз бўлишга топшириқ берилмаган"

Болалар боғчалари педагоглари шаҳар миқёсидаги тадбирларда Қорқиз ролини бажаришга мажбурланаётганини Андижон шаҳар Мактабгача таълим бўлими (МТБ) мудири Дилдора Толипова инкор этди:

“Президентимиз топшириғи билан бу йил Янги йил тадбирлари тақиқланган. Ярмаркаларга ходимларни жалб этиш тўғрисида ҳеч қандай топшириқ бўлмаган. Боғчаларда ота-оналар иштирокисиз Янги йил кечалари ўтказиш тўғрисида топшириқ бўлган, холос. Ярмаркаларга Қорқиз чиқарилсин, деган топшириқ йўқ”.

Инкорнинг инкори

МТБ мудири билан мулоқотдан сўнг Озодлик тарбиячи билан яна боғланди. У ёлғон айтмаётганини, ҳатто Қорқиз кийимини тиктириш учун тарбиячилардан 10 минг сўмдан йиғиб олинганини айтди. Тарбиячининг айтишича, у ишлайдиган боғча мудираси Қорқиз масаласини ҳар кунги мажлисда бир марта айтиб ўтади:

Боғча мудираларининг Телеграм канали бор. Опамиз (мудиримиз демоқчи – таҳр.) телефонини бизга кўрсатиб, “мана кўринглар, ўзим ўйлаб топганим йўқ буни, мендан ҳам талаб қилишяпти”, дейди".

Андижонлик боғча опани Озодликка мурожаат қилишга ундаган яна бир масала тунги навбатчилик масаласидир:

“Ҳар тун икки тарбиячи боғчада навбатчилик қиламиз. Мен ўзим охирги бир ойда икки марта навбатчи бўлдим. Биздан туни билан боғча биносини айланиб юриш талаб қилинади. Террористлардан ҳимоя қилишимиз керак эмиш боғчани”.

Андижон шаҳар Мактабгача таълим бўлими (МТБ) мудири Дилдора Толипова тарбиячининг бу иддаосини ҳам рад этди. Толипованинг айтишича, "навбатчилик бор ва бу иш куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида қилинади, бироқ бу юмушни МТБнинг Эксплуатация бўлими бажаради. Боғчалар хавфсизлигига қоровул, ўт ёқувчи ва мудир масъулдир. Тарбиячи ёки ёрдамчи тарбиячини тунги навбатчиликка чиқариш тўғрисида топшириқ бўлмаган, қарор ҳам йўқ".

Андижон шаҳар ҳокимлигидан ярмаркаларда Қорбобо, Қорқиз ва бошқа эртак қаҳрамонлари ролини бажаришга турли касб эгалари қайси қонун асосида жалб этилаётгани, уларга меҳнати учун нега ҳақ тўланмаётганига (тарбиячининг айтишича, ҳеч қандай ҳақ тўланмаган, иссиқ овқат ҳам берилмаган) оид саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмади.

"Мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганлар бизга мурожаат қилсин"

Андижон шаҳар Халқ қабулхонаси мутахассиси Дониёр Раҳимовнинг Озодликка билдиришича, шу кунгача ҳеч кимдан ярмаркаларда Қорқиз сифатида ишлатилаётгани ёки боғчаларда тунги навбатчиликка қўйилаётганидан шикоят келиб тушган эмас.

“Агар шундай мажбурий меҳнат ҳолатлари бўлса, фуқароларимиз қўрқмасдан бизга мурожаат қилишлари мумкин. Агар шикоятчи исми ошкор этилмаслигини истаса, исмини сир сақлаш кафолатини берамиз. Қўрқмай мурожаат қилишлари мумкин. Истасангиз, телефонимизни эълон қилинг”, - деди Халқ қабулхонаси мутахассиси.

Андижон шаҳар Халқ қабулхонаси телефони: 228 10 00

Ярмаркадаги арзон маҳсулотлар

Андижон шаҳрининг қатор мавзеларида бир неча кун олдин очилган Янги йил ярмаркаларида қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмоқда.

Шаҳар ҳокимлиги Фейсбукка қўйган видеосюжетда мана бундай нархлар акс этган:

мол гўшти 50000 сўм;

товуқ гўшти 16000 сўм;

“Аланга” гурунчи 8500 сўм;

“Авангард” гуручи 7000 сўм;

нўхат 12000 сўм;

мош 10500 сўм;

ловия 10500 сўм

лимон 13000 сўм;

киви 20000 сўм;

банан 19000 сўм.

Андижоннинг 1- микрорайонида яшовчи Аҳмаджон ака ярмаркадаги нархларнинг бозордагидан пастлигини эътироф этаркан, “ҳамма нарсани бир кило-бир килодан сотишади, холос. Ҳаммага етсин десалар керак- да”, - дея қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG