Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:56

Мирзиёев махсус вакили: афғонларни куч билан қайтармаймиз, қайтган 150 кишидан ҳеч бири ўлдирилмади


Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги "Дўстлик" кўприги, февраль, 2019 йил
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги "Дўстлик" кўприги, февраль, 2019 йил

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, шу йилнинг август ойида юртига қайтариб юборилган 150 афғонистонлик тақдири ҳақида маълумот берди.

Махсус вакилга кўра, уларнинг бирортаси қамалмаган ёки ўлдирилмаган. И. Иргашев, Толиблар бунга кафолат бергани ва сўзида турганини таъкидлади.

Тошкентда бўлган брифингда сўзлаган махсус вакили, айни пайтда Ўзбекистонда қолаётган афғонистонликлар ҳам куч билан ортга қайтарилмайди, деб таъкидлади.

Исматулла Иргашев бу афғонистонликларнинг қўлидан иш келадигани Ўзбекистонда қолиши мумкинлиги ва уларга виза берилиши, учинчи давлатга чиқиш истагида бўлганларга эса халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ёрдам берилишини айтди.

Расмий Тошкент Толибларнинг сўзига ишониб, мамлакатга қайтганлар ўлдирилмаган ёки қамалмаган деб таъкидларкан, БМТ ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, Афғонистондаги вазиятдан жиддий хавотир билдирмоқда.

Жумладан, HRW 15 августдан октябрь ойи охирларигача толиблар собиқ афғон ҳарбийлари, полициячилари ва хавфсизлик хизмати ходимларидан 47 кишини ўлдиргани ҳақида ишончли маълумотлар тўплаганини билдирган. Ўлганлар ёки бедарак йўқолганлар сони Ғазни, Ҳелманд, Қандаҳор ва Қундуз вилоятларининг ўзида 100 кишидан зиёд.

Брифинда расмий Тошкент илк бор, шу йилнинг 14 августида Толиблардан қочиб, Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги "Дўстлик" кўпригига йиғилган ва сўнгра ортга қайтариб юборилган 150 афғонистонлик ҳақида баёнот берди.

Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, бу афғонистонликлар билан шахсан гаплашгани ва улар, агар Толиблар хавфсизликни таъминласа, ортга қайтишни истаганини айтди:

"Бизда Америкага ёки Европа давлатларига учиш учун молиявий имкониятлар йўқ. Биз уйда қолган болаларимиздан воз кечолмаймиз. Биз ватанимизга қайтишга тайёрмиз", дейшди. Улар (Толиблар - таҳр.) кафолат бердики: "Биз уларга тегмаймиз, агар улар ўз халқига, ватанига хизмат қилишга тайёр бўлса, биз уларни афв қиламиз". Улар қочқинларга умумий амнистия эълон қилишди, шундан келиб чиқиб қайтишлари мумкин. Улар орасида ҳарбийлар ҳам кўп эди. Аввалига уларда ишонч йўқ эди, биз уларни кичик гуруҳларга бўлиб юбордик. Мен буни шахсан ўзим назоратим остига олдим. Афғонистонга қайтганларнинг ҳеч бири ўлдирилмаган ёки қамоққа олинмаган".

Президент махсус вакили, шунингдек айни пайтда Ўзбекистононда қолаётган афғонистонликлар тақдири ҳақида ҳам гапирди. Расмийга кўра, уларни мажбурлаб ортга қайтариш нияти йўқ:

"Халқаро институтлар уларнинг баъзиларига қочқин мақомида учинчи давлатларга кўчиб ўтишда ёрдам беради. Бу ерда яшаш ва ишлаш имкониятига эга бўлганларнинг бир қисми қолади. Виза масаласи ҳал қилинади. Шу билан бирга, виза муддати ўтган шахслар мамлакатдан мажбуран чиқариб юборилмайди".

Айни пайтда, махсус вакил Толиблардан қочиб Ўзбекистонга ўтган афғонистонликларнинг катта гуруҳи чегарадаги Термиз шаҳрида йиғилгани ва уларнинг сони энг камида 200 дан ортиқ экани ҳақида ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари берган маълумотларни инкор қилди.

"Бундай қочқинлар Термизда кўп яшамайди, улар учун лагерлар ҳам яратилмаган… Фожиали кунларда, яъни 14−15 август кунлари Термизга 150 га яқин афғон қочқинлари Амударё орқали ўтган эди. Маълумки, баъзи афғонлар АҚШ ва Европа давлатлари кўмагида қочқин мақомида бошқа давлатларга ўтиб кетишган", деди Иргашев.

Мулозим назарда тутган лагер, Толиблар Афғонистоннинг шимолий минтақаларини эгаллай бошлаган август ойида пайдо бўлганди.

Афғонистонлик ҳарбийлар ва оила аъзоларидан иборат 585 нафар киши, шу йилнинг 15 августида Кобул Толибон қўлига ўтишидан бир неча соат аввал А-29 русумли енгил ҳужумчи учоқлар ва UH-60 Black Hawk вертолётларида Ўзбекистонга учиб келишганди.

Ўшанда Ўзбекистон ҳарбий учоқлари билан йўли кесилган бу учоқ ва вертолётлар Термиз халқаро аэропортига мажбуран қўндирилган эди.

Бу учувчиларнинг айримлари 12 сентябрь куни Бирлашган Араб Амирликларига учиб кетишган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилганди. Кейинчалик Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Юсуф Қобилжонов ҳарбийларнинг ҳаммаси 12-13 сентябрь кунлари бошқа мамлакатга эвакуация қилинганини маълум қилган.

Махсус вакил Исматулла Иргашевга кўра, ҳозирда Термизда ҳеч қандай қочқинлар лагери йўқ.

Расмий Тошкент Толибларнинг сўзига ишониб, мамлакатга қайтганлар ўлдирилмаган ёки қамалмаган деб таъкидларкан, БМТ ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, Афғонистондаги вазиятдан жиддий хавотир билдирмоқда.

Жумладан, HRW 15 августдан октябрь ойи охирларигача толиблар собиқ афғон ҳарбийлари, полициячилари ва хавфсизлик хизмати ходимларидан 47 кишини ўлдиргани ҳақида ишончли маълумотлар тўплаганини билдирган. Ўлганлар ёки бедарак йўқолганлар сони Ғазни, Ҳелманд, Қандаҳор ва Қундуз вилоятларининг ўзида 100 кишидан зиёд.

17 декабрь куни ўтказилган брифингда Ўзбекистон томони БМТ билан ҳамкорликда олиб борилаётган гуманитар ёрдам жараёни ҳақида ҳисобот берди.

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги 15 декабрь куни Термиз орқали иккита юк машинасида Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига илк гуманитар ёрдамни жўнатди.

Инсонпарварлик ёрдами Сурхондарё вилоятида ташкил этилган Termez Cargo Centreдан юкланиб, қўшни давлатга олиб чиқилди. Termez Cargo Centre Ўзбекистон – Афғонистон чегарасидан икки километр узоқликда жойлашган.

Афғонистонга юборилган дастлабки қирқ тоннага яқин гуманитар юк ошхона анжомлари, пластмасса қоплама ва бошқа зарур ҳаётий нарсалардан иборат.

Октябрнинг ўрталарида БМТ Афғонистонга гуманитар ёрдамни Ўзбекистон орқали етказиб бериши хабар қилинган эди. Ўшанда Termez Cargo Centre логистика марказига 100 тонналик инсонпарварлик ёрдами олиб келинган, бу ёрдам юк машиналарида Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига ташилиши керак эди.

Аммо 28 октябрда Толибон ҳаракати шакллантирган ҳукумат БМТнинг Термиздаги инсонпарварлик ёрдамини Афғонистонга олиб киришга ҳозирча рухсат бермагани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG