Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:35

Лола Каримова француз нашрини судга берди


Машҳур француз актëри Alain Delon ва италян актрисаси Monica Bellucci Лола Каримова Парижда уюштирган хайрия кечаларидан бирида.
Машҳур француз актëри Alain Delon ва италян актрисаси Monica Bellucci Лола Каримова Парижда уюштирган хайрия кечаларидан бирида.

Президент Каримовнинг кенжа қизи отасини диктатор деб атагани учун Rue89 нашрини туҳматчиликда айблади.


19 май куни Париж маҳкамаси Ўзбекистон республикасининг UNESCO – БМТ нинг Маориф¸ фан ва маданият ташкилотидаги доимий вакили Лола Каримова-Тиллаева шикоят аризасини кўриб чиқишга киришади.

Каримова хоним Франциядаги мустақил журналистларнинг энг йирик ва энг машҳур интернет нашри ҳисобланмиш Rue89 интернет газетасини туҳмат маълумот тарқатиш орқали ўз обрўсига путур еткизганликда айбламоқда ва ўзига еткизилган маънавий зиëнни қоплаш учун нашрдан 30 минг евро талаб қилмоқда.

Шикоят аризасига Rue89 нашри мухбири Augustin Scalbertнинг Францияда Лола Каримова ўтказган хайрия кечалари ҳақида ëзган мақолалари асос бўлган.

Бу мақолаларда француз журналисти Лола Каримованинг Ғарб¸ хусусан француз зодагонлари¸ кино ва санъат юлдузлари иштирокида ҳашаматли зиëфатлар ва хайрия кечалари уюштириш орқали ўз отаси – “диктатор Ислом Каримов” ҳукмронлиги остидаги Ўзбекистоннинг халқаро имиджини бўяб кўрсатишга уринаëтгани ҳақида ëзган эди.

Мақолалар муаллифи Augustin Scalbert Озодлик билан суҳбатда¸ Лола Каримова даъвосига ойдинлик киритади.

Alain Delon 2009 йилнинг 8 апрелида Парижда ўтказилган "Ўзбекистон - 2020' деб номланган хайрия кечасида Лола Каримованинг қўлини ўпмоқда.
- Сайтимизда Лола Каримова ҳақида учта мақола чоп этилди. Бу мақолаларда Лола Каримованинг ОИТС каби касалликлар ëки дунë бўйлаб қашшоқликка қарши кураш¸ ëхуд инсон ҳақларини қўллашга оид хайрия кечалари ўтказиш орқали Ўзбекистоннинг Франциядаги имиджини бўяб-бежаб кўрсатишга уринаëтганини ëзган эдик. Аслида Лола Каримованинг диктатор отаси Ўзбекистонда бу масалалар бўйича қизи тарғиб қилаëтган ишларнинг мутлақ аксини қилмоқда¸ дейди Augustin Scalbert.

Лола Каримова уюштирган шоҳона кечаларда “палов дипломатияси” мазасини татиб турган кўплаб француз ва бошқа Европа нашрлари у¸ қолаверса Лоланинг опаси¸ Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ идораларидаги доимий вакили ва Испаниядаги элчиси Гулнора Каримованинг “гўзаллиги¸ билимдонлиги¸ истеъдоди ва нозик дидлиги” ҳақида тўлиб-тошиб ëзаëтган маҳал Rue89 бошқача йўлдан борди – президент қизларининг Париждаги ялтироқ ҳаëти ва уларнинг Ўзбекистонни пушти рангларда кўрсатиш уринишларининг асл вазиятга қанчалар мос келишини ўрганишга уринди. Бу ўрганиш натижасида¸ вазиятнинг бир-бирга тамом тескари эканини аниқлади ва уни чоп этди.

Лола Каримова судлашаëтган Augustin Scalbert билан Франция президенти Николя Саркози ҳам судлашиб кўрган...
- Афсуски¸ Франциядаги етакчи газета ва теле ҳамда радиоканаллар Ўзбекистондаги асл вазиятга¸ у ердаги инсон ҳақлари аҳволига қизиқиш кўрсатмайдилар. Зотан¸ етакчи газеталарни Ўзбекистонда катта бизнеси бўлган конгломератлар назорат қилади ва бу ширкатлар Тошкентга ëқмайдиган фикрларнинг чиқишига йўл қўймайди. Аммо Франциядаги энг машҳур мустақил нашр сифатида бизнинг ҳақиқатни ëзишдан бошқа муддаомиз йўқ¸ дейди Augustin Scalbert.

Ғарбда Ислом Каримовни “диктатор” деб атамаган¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари¸ сўз ва дин эркинлиги вазиятининг нақадар аянчли аҳволда қолаëтгани ҳақида гапирмаган¸ ëзмаган нашр ëки ноҳукумат ташкилоти бор.

АҚШ Давлат департаментининг йиллик ҳисоботларидан тортиб¸ Human Rights Watch, Freedom House, Amnesty International, Reporters without border каби ноҳукумат ташкилотлари¸ The Economist, Guardian, Independent, Spiegel, New York Times каби Ғарбнинг етакчи нашрларидан то Parade.com каби сариқ матбуотга қадар Ислом Каримов “диктатор”деб бошланадиган ўнлаб¸ балки юзлаб мақолаларни чоп этиб келмоқда. Хусусан¸ Hollywood нашрларидан бири Parade.com Ислом Каримовни йиллардан бери "дунëдаги энг ëмон диктаторлар" ўнлигига киритиб келмоқда.

Аммо негадир Лола Каримова шунча нашр қолиб¸ айнан Франциядаги мустақил интернет газетасини судга беришга қарор қилди. Бунга сабаб¸ балки бизнинг Францияда машҳурлигимиз ëхуд Каримова хоним маслаҳатчиларининг "ахмоқлиги"дир¸ дейди Augustin Scalbert.

- Бизнинг нашрни бир кунда камида 300 минг одам ўқийди¸ бу эса бир ойда 2 миллион муштарий демакдир. Ана шу нарса уни бизни судга беришга ундагандир¸ балки. Аммо нима бўлганда ҳам¸ бу қарорнинг калтабинлик эканини айтишга мажбурман. Лола Каримова туҳмат ва ҳақорат деган айб қўйилса¸ журналист ўн йиллаб қамоққа ташланадиган отасининг юртида эмас¸ балки матбуот эркинлиги бўйича дунëдаги энг либерал давлатлардан бири Францияда эканини унутган кўринади. Ҳақиқатни айтгани учун журналистни туҳматчига чиқариш¸ унинг фойдаси эмас¸ балки зиëнига ишлайди¸ дейди Augustin Scalbert.

Маркази Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг тадқиқотлар бўлими директори Gilles Lordet Лола Каримованинг Rue89 нашрини судга берганидан ҳайратга тушганини айтади.

- Мен Rue89 нашрида Ўзбекистон президентининг қизи ҳақида чоп этилган мақолани ўқиганман. У ерда туҳмат деб аташга асос бўладиган бирор жиҳат йўқ. Мухбир на Лола Каримова ва на унинг отаси шахсий ҳаëтига дахл қилган¸ у бор-йўқ бутун дунëга маълум ҳақиқатни тилга олган¸ холос. Ислом Каримовнинг Ўзбекистонда кучли диктатура ўрнатгани ҳақида юзлаб нашрлар¸ минглаб сиëсатшунос ва таҳлилчилар гапириб келмоқда. Агар Каримова хоним уларнинг ҳаммасини маҳкамага тортмоқчи бўлса¸ унда у умрининг қолган қисмини судларда ўтказишига тўғри келади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Gilles Lordet.

"19 май куни бошланадиган маҳкама жараëнида Ислом Каримовнинг дунëдаги энг қаттиққўл диктаторлардан бири эканини исботлашдан осонроқ иш йўқ – биз ҳакам олдига буни тасдиқловчи юзлаб ҳужжатларни¸ хусусан нуфузли ташкилотларнинг мустақил ҳисоботлари¸ шунингдек Каримов режими қурбонлари кўрсатмаларини тақдим этамиз"¸ дейди Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова туҳмат орқали ўз шаънига путур еткизганликда айблаëтган мустақил француз журналисти Augustin Scalbert.

"Айни пайтда¸ қўлимизда Ўзбекистонда аксарият аҳоли¸ айниқса қишлоқ ëшлари камбағалликда яшаëтган¸ миллионлаб ўзбекистонликлар тирикчилик учун меҳнат муҳожирлигида юрган бир пайтда¸ италян киноактрисаси Моника Белуччини ўз хайрия кечаларидан бирига бор-йўқ 20 дақиқага келиб-кетишга кўндириш учун Лола Каримованинг 190 минг евро тўлаганига оид фактлар бор"¸ дейди Ўзбекистон президентининг қизи билан маҳкамага ҳозирланаëтган француз журналисти.

Rue89 нашридагилар¸ Augustin Scalbertнинг айтишича¸ бу каби маҳкамаларга ўрганиб қолишган. Нашрни судга тортганлар рўйхатида Франция президенти Николя Саркозидан бошлаб¸ ҳукумат вазирлари ва йирик бойлар исм-шарифлари бор. Миллионлаб евро товон пули талаб этилган бу маҳкамаларнинг бирортасида мустақил журналистни туҳматчиликда айблаганлар муродига етган эмас¸ зотан Франция суди дунëдаги энг одил ва мустақил судлардан бири ва у француз жамиятининг фундаментал қадрияти бўлмиш сўз ва матбуот эркинлигини қаттиқ ҳимоя қилади¸ дейди Augustin Scalbert.

Озодлик мухбири Парижда бошланадиган маҳкама жараëни юзасидан Лола Каримова-Тиллаева ëхуд унинг расмий намояндаси муносабатини ўрганиш мақсадида Ўзбекистоннинг UNESCOдаги доимий ваколатхонасининг расмий сайтида берилган рақамларига кун давомида сим қоқди. Аммо кун бўйи 01.53.30.03.53 рақамли телефонни ҳеч ким кўтармади.
XS
SM
MD
LG