Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:55

Тошкентда спорт саройи бузилади


"Мoвароуннаҳр" сув спорт саройи Тошкентда бузилаётган мужмуаларнинг навбатдагиси бўлади.
"Мoвароуннаҳр" сув спорт саройи Тошкентда бузилаётган мужмуаларнинг навбатдагиси бўлади.

Шаҳар ҳокимияти 1 апрел куни "Мoвароуннаҳр" спорт саройини уч кунда бўшатиб қўйиш ҳақида фармойиш берган.


"Моварауннаҳр" номли сув спорти саройи шаҳарнинг марказида жойлашган спорт-соғломлаштириш масканларидан бири эди. Айни пайтда абонентлик чипталари билан келган мижозлар спорт саройининг ишламаётганига гувоҳ бўлдилар.

Озодлик спорт саройи директори Маҳмуд Собиров билан телефон орқали боғланди. Директор спорт саройининг бузилиши ҳақидаги саволга мужмал жавоб берди:

- Ҳозир ака, ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Ҳозирча ёпиқмиз, ремонтдамиз,- деб суҳбатни қисқа қилди спорт саройи директори Маҳмуд Собиров.

Uznews.net Интернет сайтининг спорт саройи ходими гапига таяниб ёзишича, март ойининг сўнгида Тошкент шаҳар ҳокимиятидан одамлар келиб, уч кун ичида саройни бўшатиб қўйишни талаб қилган. Бу манбага кўра, спорт саройидан бўшаган майдон унинг ёнидаги Халқаро Вестминстер университети ихтиёрига берилишига оид тахминлар бор.

Бироқ, Ўзбекистон сув спортини ривожлантириш марказининг исми ошкор этилишини истамаган ходими Озодлик билан суҳбатда спорт саройининг бузилиши аниқ, дея таъкидлади:

- Мен олган маълумотларга кўра, спорт саройи жойлашган жойдан генплан бўйича йўл ўтиши керак экан, шунга бузиляпти,- деди Ўзбекистон сув спортини ривожлантириш марказининг шахси сир қолишини истаган ходими.

"Мовароуннаҳр" спорт саройида ишлайдиган яна бир манбага кўра, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг биқинида жойлшаган спорт саройи ҳудуди Вестминстер университетига ҳам берилмайди, у ердан йўл ҳам ўтмайди. Бу суҳбатдошимиз ҳам исмини ошкор қилмаслигимизни сўради:

- Бу ер, бу яхши жой кимгадир керак бўлиб қолди. Кўрасиз, қайси бир олигарх ёки биринчи оила қизлари бу ерда гипермаркетми, савдо марказими қуради,- дейди бу манба.

Илгари В. Митрофанов номи билан аталган бу спорт саройи 1963 йилда қурилган бўлиб, сув спорти учун мўлжалланган эди.

Мустақиллик йилларида номи "Мавароуннаҳр"га ўзгартирилган спорт саройи сўнгги бир ой ичида Тошкент шаҳрида бузилаётган илк иншоот эмас.

Бунга қадар шаҳарнинг Навоий кўчасидаги ярмарка ҳам бузилган эди ва у ердаги дўконлар шаҳардаги Ўрикзор бозори ва собиқ “Малика” тикув фабрикаси биносида очилган савдо мажмуасига кўчирила бошлаган.

Бундан ташқари, сўнгги ҳафталар ичида Тошкент шаҳри метрополитенининг “Машинасозлар” бекати устида жойлашган бозор, Юнусобод, Олой, Паркент бозорининг айрим қисмлари бузилди.

Ўтган ҳафта эса Тошкентнинг Учтепа туманида жойлашган Фарҳод савдо ярмаркасини бузиш ишлари бошланди.

Бу ҳудудларда савдо қилиб турган савдогарлар ёҳуд кичик тадбиркорларнинг айримлари Озодлик билан суҳбатда бу бузилишларда уларнинг ҳаққи инобатга олиниши ва уларнинг асосий ҳаққи бўлган товон пули берилиши ҳақида ҳеч қандай гап бўлмаётганини айтган эди.

Бу бозорлардан айримларининг Озодликка сўзлаган мутасаддилари бузилишлар Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида шаҳарни ободонлаштириш ва катта кўчалари кўринишига янги, замонавий тус бериш режаси доирасида амалга оширилаётганини айтмоқда.

6 апрел куни Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлашга тайëргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорга имзо чеккан эди ва кузатувларга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ана шу қарор ижросига қаттиқ киришган.
XS
SM
MD
LG