Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:36

Асадни ағдарган Суриядаги исёнчилар раҳбари Жўлоний ким?


Исёнчилар раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўлоний Дамашқдаги Уммавийлар масжидида йиғилганларга хитоб қилмоқда. 8 декабрь, 2024
Исёнчилар раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўлоний Дамашқдаги Уммавийлар масжидида йиғилганларга хитоб қилмоқда. 8 декабрь, 2024

Абу Муҳаммад ал-Жўлоний 2016 йилгача Ал-Қоида ташкилотининг Суриядаги бўлими раҳбари сифатида фаолият юритган. Бироқ, у жамоатчилик эътиборидан четда қолаётган шахс эди.

Жўлоний Ал-Қоидадан ажралиб чиқиб, ўз гуруҳини тузди ва 13 йиллик фуқаролик урушидан сўнг Асадни ҳокимиятдан ағдарган исёнчилар раҳбари сифатида эътиборга тушди.

42 яшар Жўлонийнинг ҳақиқий исми Аҳмад ал-Шаръа. “Келажак бизники", - деб айтди Жўлоний Сурия давлат телеканалида қилган чиқишида.

У ҳукумат тинч топширилишини айтар экан, унгача Сурия давлат муассасалари амалдаги бош вазир назорати остида қолишини эълон қилди.

Сурияда Асад режими қулади, унинг ўзи қочди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:18 0:00


Оклахома университетининг Сурия бўйича эксперти ва Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази раҳбари Жошуа Ландис Жўлоний қайта қуролланиб, янги иттифоқчилар орттирганини айтади. Унинг фикрича, Жўлоний Суриядаги диний ва миллий озчиликлар қаршисида қудратли куч сифатида намоён бўлмоқда.

"Жўлоний Асаддан ақллироқ", дейди таҳлилчи.

Century International таҳлил маркази ходими Арон Лунднинг фикрича, Жўлоний ва ҲТШ ("Ҳайъат Таҳрир аш-Шом") илгари шафқатсиз бўлган бўлса-да, ҳозирга келиб ўзгарган.

“Бу албатта "пиар", лекин уларнинг ҳаракати гуруҳ аввалгидек қаттиққўл эмаслигини кўрсатади. "Ал-Қоида" ва "Исломий давлат" (кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб эълон қилинган-таҳр.) да бу ҳеч қачон кузатилмаган», дейди таҳлилчи.

"Жабҳат ан-Нусра" ("Нусра фронти") бундан ўн йил аввал Асадга қарши қўзғолоннинг дастлабки кунларида пайдо бўлган кўп сонли исёнчи гуруҳлардан бири эди.

"Нусра фронти" ни ташкил этишдан олдин Жўлоний Ироқда "Ал-Қоида" сафларида жанг қилган. Ҳатто беш йил умрини АҚШ қамоқхонасида ҳам ўтказган.

Шундан кейин Ироқдаги ИШИД гуруҳи раҳбари Абу Умар ал-Бағдодий уни "Ал-Қоида" фаоллигини ошириш учун Сурияга юборади.

ИШИДнинг 2013 йилда "Нусра фронти"ни бир томонлама бўйсундириш ҳаракатидан кейин Жўлоний ўзининг эски иттифоқчиси Бағдодийга қарши қонли уруш олиб борди. Нусра Ал-Қоида билан алоқадор бўлишига қарамай, ундан фарқли ўлароқ тинч аҳоли ва бошқа исёнчи гуруҳларга нисбатан бағрикенг ва мўътадил бўлди.

"ИШИД" парчаланиши билан, Жўлоний Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида мустаҳкам ўрнашиб, «Нажот ҳукумати» деб номланган фуқаролик маъмуриятини ташкил қилди.

Асад ҳукумати бошқа исёнчилар қатори ҲТШга ҳам террорчи ташкилот деб қараган.

ҲТШ маъмурияти Суриядаги алавий, насроний ва бошқа озчиликлар манфаатларини таъминлашга қаратилган баёнотлар билан чиқди.


Ҳалаб жанубидаги насроний аҳолига йўллаган мактубида Жўлоний уларнинг моллари ва жонларини ҳимоя қилишини айтиб, уларни ўз уйларида қолишга ва Сурия ҳукуматининг «психологик урушини» рад этишга чақирди.

“У ҳақиқатан ҳам муҳим шахс. Суриядаги исёнчиларнинг асосий етакчиси, энг кучли исломчи", - дейди Лунд.

Унинг хулоса қилишича, Жўлоний бошчилигидаги гуруҳ Асадга қарши кўтарилган 2011 йилги ҳаракатнинг бир қисми сифатида инқилобий ўзгаришларга даъво қилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG