Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:41

Бирлаштирувчи спорт: Олимпиада Марказий Осиё халқларида ўзаро дўстлик руҳини уйғотди


Ўзбекистонлик Абдумалик Халоков (чапда) Париж Олимпиадасида қирғизистонлик Мунарбек Сейитбек ўғли устидан ғалабасини нишонламоқда
Ўзбекистонлик Абдумалик Халоков (чапда) Париж Олимпиадасида қирғизистонлик Мунарбек Сейитбек ўғли устидан ғалабасини нишонламоқда

Ўзбекистон Париж Олимпиадасида катта муваффақият қозонди, бироқ кўплаб кузатувчиларга кўра, ушбу Ўйинлар қардош халқларни яна жипслаштиргани билан аҳамиятлидир.

2024 йилги Олимпия ўйинлари муқаддимасида Ўзбекистон ёзги олимпиадалардаги биринчи олтин медалли қизини олқишлаган бўлса, хотимасида ўзбек боксчилари барча мамлакатлар боксчиларидан кўпроқ олтин медални қўлга киритишиб, 20 йил бурунги Кубани ёдга солдилар.

Аммо марказий осиёлик кузатувчилар назарида мазкур Олимпиаданинг оламшумул ғалабалар намойишидан кўра муҳимроқ жиҳати бор: у минтақа халқлари ўртасида дўстлик руҳини уйғотди.

“2024 йилги Олимпиада чоғида Марказий Осиё халқлари орасида ажойиб бирлик ҳукм сурди. Бунақасини илгари кўрмаганмиз”, деб ёзди 11 август куни Фейсбук тармоғида 2014-2015 йилларда Қозоғистон таълим вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Бермет Турсунқулова.

Турсунқулованинг постига Парижда мухлислар Марказий Осиёнинг беш мамлакати байроқларини кўтариб тургани, ўзбеклар кумуш медаль олган қирғиз боксчиси Мунарбек Сейитбек ўғлини олқишлаб, “Қирғизистон!” дея ҳайқираётгани ва Мунарбек ғолиб рақиби – ўзбекистонлик Абдумалик Халоков билан қучоқлашгани акс этган фотосуратлар илова қилинган эди.

Мунарбек ва Абдумалик 10 август куни олтин медаль учун рингга чиқишди, шу куни икки мамлакат ўз тарихидаги энг қийматли олимпия медалларини қўлга киритди. Ўзбек билан қирғиз дўстларча қучоқлашиб, бир-бирининг муваффақиятига хурсанд бўлди. Аммо ўтган йилларда икки мамлакат, икки халқ муносабатларида бирмунча совуқчилик, дилхираликлар кузатилган эди.

Можародан – ҳамкорлик ва дўстликкача

Дастлаб геосиёсий яқинлашув бўлди.

Саккиз йил муқаддам – Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинларидан сўнг Тошкент билан Бишкек муносабатлари хийла кескинлашган.

Ўзбек ва қирғиз ишқибозлари спортчиларининг зафар онларини ўзаро баҳам кўриш ўрнига, интернетни икки мамлакатнинг чегара можароларига оид суратларга тўлдириб ташлаганлар.

Париж Олимпиадасида олтин медални қўлга киритган ўзбекистонлик дзюдочи Диёра Келдиёрова
Париж Олимпиадасида олтин медални қўлга киритган ўзбекистонлик дзюдочи Диёра Келдиёрова

Бироқ Рио-де-Жанейро Олимпиадаси тугаганидан кўп ўтмай Ўзбекистонни узоқ йиллар давомида идора қилган авторитар лидер Ислом Каримов инсульт билан касалхонага ётқизилган ва ўша ерда вафот этган.

Ўшанда у Ўзбекистоннинг Олимпия ўйинларидаги ғалабаларини керагидан ортиқроқ байрам қилиб юборган, деган миш-мишлар тарқалган эди.

Каримов ўлимидан сўнг Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгач, Ўзбекистон билан қўшнилари орасидаги совуқчилик якун топди.

Сиёсий яқинлик спорт соҳасида ҳам акс этмоқдаки, бунга 2016 йилдан кейин томошабинлар қўйилган биринчи Олимпия ўйинларида амин бўлинган (коронавирус чекловлари туфайли Токиодаги Ўйинлар томошабинларсиз ўтган эди).

Бирдамлик, дўстлик трибуналардан ташқарида ҳам бўй кўрсатди.

Мунарбек Сейитбек ўғли Олимпиада олтин медали учун курашган биринчи қирғизистонлик ўлароқ тарихга кирди.

Бунда эса унга Ўзбекистон бокс терма жамоачи мураббийи Акмал Ҳасанов кўмаклашди: Сейитбек ўғлининг ўз мураббийи номаълум сабабларга кўра Қирғизистон олимпия делегацияси таркибига кирмай қолгани учун Ҳасанов финалга қадар барча жангларда унга секундантлик қилди.

Ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасанов (ўнгда) қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғли (ўртада) билан
Ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасанов (ўнгда) қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғли (ўртада) билан

Манфаатлар тўқнашуви бўлмаслиги учун ўзбекистонлик мураббий, табиийки, финалда Сейитбек ўғли билан ишламади, лекин жанг олдидан унга чин кўнгилдан омад тилаб, ўзбекча чопон ва дўппи ҳадя қилди.

Мунарбек, финалга чиққанингдан фахрланаман. Қирғизистон халқи шундай натижаларга эришаётганидан хурсандман. Ким кучли бўлса, ғалаба ўшаники бўлсин!” деди унга Ҳасанов.

Тожикистонда ҳам ўзбекларга мухлислик қилишди

Яхши қўшничиликни йўлга қўйган Ўзбекистоннинг Олимпия ўйинларидаги улкан ютуқлари минтақадаги бошқа халқларни ҳам қувонтирди, ўзбек спортчиларининг ғалабаларини улар ҳам нишонладилар.

"Озодлик" радиосининг тожик хизмати мухбирлари Душанбе шаҳри спорт барларида ўзбек боксчиларига мухлислик қилишгани ҳақида хабар беришди.

Саккизинчи август куни Ўзбекистон бокс терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличевнинг тўсатдан юраги тўхтаб қолганида барчани ҳаяжон босди, унга шифо тилаб дуолар қилишди.

Ўзбекистоннинг олимпия бокси чўққисини забт этишига катта ҳисса қўшган мураббийга Британия бокс терма жамоаси шифокорлари тиббий ёрдам кўрсатишди, сўнгра у Париждаги касалхонага ётқизилди.

Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган мухлислар Париж Олимпиадасида ўз байроқларини биргаликда намойиш қилишмоқда
Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган мухлислар Париж Олимпиадасида ўз байроқларини биргаликда намойиш қилишмоқда

Ўзбекистон боксчилари жамоасининг юлдузи Баҳодир Жалолов ўзининг иккинчи олимпия медалини Тўлқин Қиличевга бағишлади, уни “мураббийдан ортиқ кишим, отамдек бўлиб қолган инсон” деб атади.

Олимпиаданинг илк куни дзюдодан олтин медаль олгач омад кулиб боқмаган Қозоғистон халқи ҳам интернетда ўзбекларнинг спортдаги ютуқларини роса мақтади.

Шу билан бирга, қозоқлар 2023 йилда ҳукумат спортни ривожлантиришга 660 миллион доллар, яъни Ўзбекистоннинг спорт бюджетидан уч баравар кўп маблағ ажратганини эсга олиб, мулозимларини танқид қилишди.

Аввалги Олимпия ўйинларида қозоғистонлик спортчилар анча-мунча медаль олишганди.

Бироқ жамоа Париждан битта олтин, уч кумуш ва уч бронза олди, холос. Медаллар ҳисобида Ўзбекистондан 30 поғона қуйи – 43-ўринни эгаллади. Бу Қозоғистоннинг ўз тарихидаги энг яхши олимпиада – 2002 йили Сиднейда бўлиб ўтган Ўйинларда кўрсатган натижасидан 21 поғона паст.

Икки кумуш ва тўрт бронза медаль олган Қирғизистонни спортга кўп пул сарфлаётганликда айблаб бўлмайди.

Ўзбекистонлик Алишер Юсупов (ўнгда) ва тожикистонлик Темур Раҳимов (чапда) дзюдо бўйича олган бронза медалларини нишонлашмоқда, 2024 йил 2 августи
Ўзбекистонлик Алишер Юсупов (ўнгда) ва тожикистонлик Темур Раҳимов (чапда) дзюдо бўйича олган бронза медалларини нишонлашмоқда, 2024 йил 2 августи

Парижда бронза медалга сазовор бўлган юнон-римча курашчи Узур Жузупбеков журналистларга интервью бераркан, Қирғизистон олимпия терма жамоаси штатида на диетологлар, на психологлар борлигини айтганида ватандошлари даҳшатга тушдилар.

Мунарбекнинг ўз мураббийи шогирдининг ғалабасини оиласи билан яшайдиган ётоқхонада нишонлаётгани акс этган видео тарқалганида ҳам қирғизистонликлар, мураббийдан фарқли ўлароқ Парижга боришга имкон топган мулозимларни танқидларга кўмиб ташлашди.

Қўшни Тожикистон атлетлари Олимпиадада учта бронза медаль олишди: иккитасини – дзюдода ва биттасини боксда. Бу уларнинг энг яхши натижаси, 2012, 2016 ва 2020 йиллардаги Ўйинларда қўлга киритган жами медалларидан ҳам кўп.

Ўта авторитар Туркманистон эса ҳеч вақо юта олмади – бу анъана, оғир атлетикачи Полина Гурьева кумуш медаль олган Токио Олимпиадасини ҳисобга олмаганда, барча Ўйинларда давом этиб келмоқда.

Бунга мамлакат президенти Сардор Бердимуҳамедов жим қараб туролмади, албатта: “хизмат вазифаларига совуққонлик билан ёндашгани ва фаолиятида камчиликларга йўл қўйгани учун” спорт қўмитаси раиси Аллаберди Сапаровга “қаттиқ ҳайфсан” эълон қилди.

Мақола Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) журналисти Крис Риклтон томонидан ёзилди

Форум

XS
SM
MD
LG