Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:49

Москвадаги ҳужум ортида тургани айтилган «ИШИД-Хуросон» қандай ташкилот?


Кобул аэропорти ташқарисидаги террорчилик ҳужуми қурбонларининг яқинлари жасадларни тобутга ортмоқда. Ҳужумда 13 америка аскарлари дохил 26 киши ўлган. 27 август, 2021
Кобул аэропорти ташқарисидаги террорчилик ҳужуми қурбонларининг яқинлари жасадларни тобутга ортмоқда. Ҳужумда 13 америка аскарлари дохил 26 киши ўлган. 27 август, 2021

22 март куни Москвадаги "Крокус" концерт залида амалга оширилган ҳужум Россия тарихида сўнгги ўн йилликдаги энг қонли ҳужум бўлди. Концерт залига қуролланган шахслар бостириб кириб, одамларни ўққа тутиши оқибатида 137 инсон ҳалок бўлди, яна 180 дан ортиқ одам яраланди.

Бу ҳужумни ИШИД жангари гуруҳи ўз зиммасига олди. АҚШ воқеа ортида ИШИДнинг минтақавий бўлими – «ИШИД-Хуросон» тургани ҳақида баёнот берди.

Афғонистонда жойлашган ИШИД-Хуросон икки йил олдин Россиянинг Кобулдаги элчихонаси олдида портлаш амалга оширган ва Россия ичида ҳам терактлар содир этиш билан таҳдид қилган.

"ИШИД-Хуросон"нинг пайдо бўлиши

Ташкилот Афғонистонда 2014 йил охирида, ИШИД Ироқ ва Суриянинг катта ҳудудларини эгаллаб, ўзини халифалик деб эълон қилган йили ташкил этилган. Кейинроқ ИШИД АҚШ бошчилигидаги коалиция томонидан мағлуб этилди.

Хуросон бир вақтлар ҳозирги Афғонистон, Эрон ва Марказий Осиёнинг бир қисмини ўз ичига олган тарихий минтақа бўлган.

"ИШИД-Хуросон" дастлаб Афғонистон шарқи ва шимолидаги кичик ҳудудларни қўлга киритди.

Аммо жангари гуруҳ Афғонистон ва хорижий кучлар ҳамда рақиб Толибон томонидан тобора сиқиб чиқарила бошлади. 2019 йилда улар Афғонистондаги ўзининг ҳудудий таянч пунктларидан чиқиб кетишга мажбур бўлади. Шундан сўнг, "ИШИД-Хуросон" урушнинг янги стратегиясига ўтишни бошлади.

"ИШИД-Хуросон" жангчилари қаердан?

Бу гуруҳга Афғонистондаги Толибон, Покистондаги Теҳрик-э Толибон ва Ал-Қоиданинг норози жангарилари асос солган ҳамда улар ИШИДга содиқликларини эълон қилган.

Йиллар давомида "ИШИД-Хуросон" сафи маҳаллий ва хорижий ёлланма жангчилар, хусусан, марказий осиёлик жангчилар билан кенгайди.

«Крокус Сити Холл» 22 март кунги қонли ҳужумдан кейин.
«Крокус Сити Холл» 22 март кунги қонли ҳужумдан кейин.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2023 йил июнь ойида чоп этилган ҳисоботда "ИШИД-Хуросон" жангарилари 4000 дан 6000 нафаргача етиши ҳамда уларнинг таркибида Покистон, Эрон, Озарбайжон, Туркия, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон фуқаролари ва Суриядан Афғонистонга қочиб ўтган оз сонли араб жангарилари борлигини эълон қилган.

"ИШИД-Хуросон" амалга оширган терактлар

"ИШИД-Хуросон" ҳозирга қадар Афғонистон армияси ва халқаро кучларга ҳамда Толибонга қарши бир қанча ҳужумлар уюштирган.

Улар Афғонистондаги диний озчиликларни ҳам нишонга олган.

Гуруҳ ўзининг энг шов-шувли ҳужумларидан бирини 2021 йил август ойида, АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетаётган пайтда содир этди. Кобул халқаро аэропортида амалга оширилган қўпорувчиликда 170 нафар тинч аҳоли ва 13 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлди.

Толибон ҳокимиятни қўлга киритгач, "ИШИД-Хуросон" Толибон расмийлари, чет эл фуқаролари ва элчихоналарини, шунингдек, Афғонистондаги шиа ҳазоралар жамоасини нишонга олишни бошлади.

"ИШИД-Хуросон" 21 март куни Қандаҳор шаҳрида банк олдида содир этилган ҳужум учун ҳам жавобгарликни ўз зиммасига олди. Ҳужум оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти Толибон хизматчилари бўлган.

Улар трансчегаравий ҳужумлар ҳам уюштирди. Январь ойида Эрон жанубидаги Кирмон шаҳрида содир этилган ва 90 дан ортиқ одам ҳалок бўлган хунрезлик яна "ИШИД-Хуросон"га алоқадор бўлиб чиқди.


Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2021 йилдан бери Толибон томонидан юзлаб жангарилари ҳибсга олингани ёки ўлдирилганига қарамай, ИШИД-Хуросон ҳамон барқарор фаолият юритиб келмоқда.

Вашингтонда жойлашган Уилсон марказининг Жанубий Осиё институти директори Майкл Кугелман «ИШИД-Хуросон бугунги кунда ИШИД минтақавий бўлинмалари орасида энг фаоли ва қудратлиси», дея қайд этди.

Нега "ИШИД-Хуросон" Россияга ҳужум қилди?

2022 йил сентябрида Россиянинг Кобулдаги элчихонаси олдида содир этилган портлаш учун ҳам айнан Ишид-Хуросон жавобгарликни ўз зиммасига олган эди. Ҳужумда олти киши, жумладан элчихонанинг икки ходими ҳалок бўлган.

Таҳлилчилар ИШИД узоқ вақтдан бери Россия ичкарисида ҳужумлар уюштириш билан таҳдид қилганини эслатди.

Форум

XS
SM
MD
LG