Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:46

Салимбой ва Ғафурбой устида қора булутлар. Мирзиёев "кўча"ни жиловлашга киришдими?


АҚШ дипломатик ёзишмаларида "криминал авторитет" деб таърифланган Салим Абдувалиев терговга қадар текширувга жалб этилган.
АҚШ дипломатик ёзишмаларида "криминал авторитет" деб таърифланган Салим Абдувалиев терговга қадар текширувга жалб этилган.

"Бахти Ташкентский", "Саидазиз медгородок", Салимбой, Ғафурбой...

Одатда Тошкентдаги чойхоналарда кўпроқ эшитиладиган бу номлар охирги кунларда маҳаллий матбуотнинг тилига тушди.

Бунга сабаб, Тошкентда жиноят оламига қарши бошланган кенг кўламдаги рейдлар.

Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари бу амалиётни “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” деб атамоқда.

Матбуот эса “кўча"га қарши кураш демоқда.

Тармоқларда 1990-йиллар бошидаги президент Ислом Каримовнинг мафияга қарши аёвсиз курашига қиёсланаётган ҳибсга олишларнинг аниқ миқёси маълум эмас.

Айблов ва тафсилотлари, жабрланганлар ҳақида ҳам маълумот тўлиқ эмас.

"Бахти Ташкентский" лақабли Бахтиёр Қудратуллаев.
"Бахти Ташкентский" лақабли Бахтиёр Қудратуллаев.

Тармоқлардаги муносабатлар ҳам турлича - кимдир қонун, ниҳоят ўз кучини кўрсатаётгани ҳақида ёзса, яна кимдир ҳуқуқ-тартибот идораларининг зўравонлигию "кўчанинг адолати" ҳақида ёзмоқда.

Ўзбекистонда "кўча" деб аталаётган тузилмаларнинг қаерда бошланиб, қаерда тугаши ҳам номаълум.

Масалан, бугун қидирувга берилгани айтилаётган, аммо ҳозирча расман тасдиқланмаган Ғафур Раҳимов атиги бир неча кун олдин Тошкентдаги халқаро бокс тадбирида президент Шавкат Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров ва ҳатто ўғли, Миралишер Мирзиёев билан бир қаторда ўтирган эди.

Ғафур Раҳимовнинг "Биродарлик халқаси" номли жиноий гуруҳ етакчиси сифатида АҚШда халқаро қидирувга берилгани унинг Ўзбекистондаги фаолияти ва имижига таъсир қилмаган.

Ўзбек матбуоти уни йирик тадбиркор ва меценат деб таърифлайди.

Терговга қадар текширувга жалб этилгани айтилаётган Салимбой ёки Салим Абдувалиев эса президент Шавкат Мирзиёевнинг фаол тарафдорларидан. У Мирзиёев сурати туширилган футболка билан сайловолди тадбирларида қатнашган ва Мирзиёевни "душманларидан ҳимоя қилишга" онт ичган эди.

Ғафур Раҳимов ва Отабек Умаров.
Ғафур Раҳимов ва Отабек Умаров.

Расмийлар Салим Абдувалиевга нисбатан терговга қадар текширув олиб борилаётгани, Ғафур Раҳимовнинг эса қидирувга берилгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлаганича йўқ. Америка дипломатлари Ўзбекистонниннг "мафия босс"лари деб таърифлаган бу икки зиддиятли шахс ҳақида расмий маълумот мавжуд эмас.

Озодликнинг Салим Абдувалиевга яқин манбаси 4 декабрь куни Салимбой уйида эмаслиги, аммо унинг уйга қайтишини “интизорлик билан кутаётганликлари”ни айтди.

Манба 73 ёшли тадбиркор Салим Абдувалиевнинг уйида тинтув ўтказилгани ва унга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, 73 яшар Салим Абдувалиев 2 декабрь куни соғлиги ёмонлашгани ортидан Тошкентдаги шифохонага олиб борилган. Аммо ҳозирда унинг шифохонадами ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлида қолаётгани маълум эмас.

Тошкентда жиноий гуруҳларга қарши кенг кўламли амалиёт 25 ноябрь куни Тошкентнинг "Ҳумо Арена"сидаги концерт чоғида юз берган тартибсизлик ортидан бошланиб кетган.

Қозоғистонлик рэпер Jah Khalibнинг издиҳомга айланиб кетган концертидаги тартибсизликларда билет сотиб олгани ҳолда концертга киролмаган ғазабнок мухлислар Миллий гвардия ходимларига қаршилик кўрсатгани, ҳатто пичоқбозлик юз бергани ҳақида хабарлар олинган.

29 ноябрь куни Тошкент шаҳар бўйича Миллий гвардия бошқарма бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Атамурад Аҳмедовнинг “соғлиғи туфайли” олингани, ўрнига вақтинча бошлиқ вазифасини бажарувчи тайинлангани маълум қилинди.

Ҳокимиятга яқинлашган Салимбой Мирзиёевга "ҳеч кимни яқинлаштирмаслик"ка онт ичди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:42 0:00

30 ноябрь куни Озодлик гаплашган Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси вакили Абдувоҳид Абдусаломов тартибсизликлар чоғида Миллий гвардия ходимлари пичоқлангани ҳақидаги хабарларни рад этди.

“Ҳумо Арена” вакили ҳам Озодлик сўровига жавобан издиҳом юз берганини тасдиқлади, аммо “пичоқбозлик” бўлмаганини айтди.

Аммо Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалари “Ҳумо Арена”даги тартибсизликлар чоғида бир неча Миллий Гвардия ходими пичоқлангани, камида бир ходимнинг ўлганини айтмоқда.

Озодлик Ҳумо Аренадаги ҳодисадан уч кун ўтиб, 28 ноябрдан 29 ноябрга ўтар кечаси 19 яшар Миллий гвардия хизматчисининг жасади Қашқадарё вилоятидаги яқинларига топширилганини тасдиқлади.

Аммо Озодликда косонлик Миллий гвардиячининг ўлими Ҳумо Аренадаги воқеага бевосита боғлиқлигини тасдиқловчи далил ҳозирча йўқ. Озодлик бу борадаги текширувларини давом эттирмоқда.

4 декабрь куни Тошкент шахар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси “қонундаги ўғри” сифатида билинган “Бахти Ташкентский” лақабли Бахтиёр Қудратуллаев ва бошқа шахслар ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Хабарда айтилишича, улар "таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган". (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик).

Шунингдек, “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев 276-модда 2-қисми - кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлашда ҳам гумонланмоқда.

Тошкент шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноий гуруҳ аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ 2 декабрь куни “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган шахс қамоққа олинганини маълум қилди.

Расмий билдиргига кўра, 1987 йилда туғилган Саидазиз Саидалиев спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига йиғиб, безорилик, тамагирлик каби жиноятларни содир этган.

Пойтахтда “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” ўтказилаётганини тасдиқлаган ИИББ фуқаролардан хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ва хавотирга берилмасликни сўраган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, “Долзарб қирқ кунлик” доирасида Тошкентда “кўча”ни батамом йўқ қилиш кўзланган.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Миллий олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари Салим Абдувалиевга нисбатан терговга қадар текширув ўтказилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бироқ расман бу маълумот ҳозирча тасдиқланмади. Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам, ҳукумат идоралари ҳам бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади.

Абдувалиев 2017 йил январидан Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаб келаётганди.

Kun.uz нашри ўз манбаси Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси биринчи вице-президенти Ғафур Раҳимов қидирувда экани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарларни тасдиқламагани ҳақида ҳам ёзди.

Фарғона вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабарига кўра, “Зарбдор 40 кунлик” доирасида вилоятда тезкор вазият барқарорлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш борасида ҳамкорликдаги тезкор-қидирув профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.

Хабарда айтилишича, криминоген муҳитда мавқега эга бўлган 248 нафар шахсларнинг яшаш ва бошқа манзилларида комплекс тезкор қидирув тадбирлари ўтказилган.

Ўтказилган тезкор ишлар давомида 15 нафар гуруҳбозлар ва уларнинг издошлари қўлга олинган.

Мазкур тадбирлар давомида, 4 кг 749 грамм гиёҳвандлик воситалари, 78 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар, 41 та қурол, ўқ дорилар ва совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёлар олинган.

Бундан ташқари, ўтказилган махсус тадбирлар давомида гуруҳбозлик қилган 22 нафар шахслар безорилик устида ушланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилган.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра, бир вақтнинг ўзида тошкент вилояти, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам жиноий тузилмаларга қарши амалиёт экани айтилаётган рейдлар ўтказилган. Ушбу рейдларда 200 дан ортиқ одам ҳибсга олингани айтилмоқда.

Жиноят олами вакилларига қарши рейдлар Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органлари - ДХХ, ИИВ ҳамда Миллий гвардиянинг қўшма амалиёти экани айтилмоқда.

Марҳум Ислом Каримов бошқарувининг илк даврида ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари “мафияга қарши уруш” деб ном олган амалиётларни ўтказгани маълум.

Каримовнинг мамлакатда қаттиққўллик билан тартиб ўрнатиш сиёсати мухолифатга қарши таъқиблар билан бир қаторда 1990-йилларда жиноий тузилмаларга қарши муросасиз курашни ҳам ўз ичига олгани айтилади.

1995 йил мартида россиялик таниқли журналист Влад Листьев Москада номаълум шахслар томонидан отиб кетилган пайт президент Борис Ельцин Каримовнинг мафияга қарши урушини “андоза олишга арзигулик ҳодиса” деб атаганди.

Аммо 2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач халқ тилида “кўча” деб аталадиган норасмий тузилмаларнинг кўзга кўринган намояндалари жамоатчиликка тез-тез кўриниш бера бошлади, тармоқларда уларнинг ўзларига тегишли бойликларни кўз-кўз қилган видеолари пайдо бўлди.

Салимбой номи билан машҳур тошкентлик Салим Абдувалиев президент ва жорий ҳокимиятга яқинлигини айтиб мақтанган видеосига унинг президент Шавкат Мирзиёев билан тушган сурати илова қилинди.

Уч йил аввал Ғофур Раҳимовнинг Халқаро Бокс Ассоцияцияси - AIBA президентлигига сайланиши боксни олимпия ўйинларидан чиқарилиш хавфи остида қолдирганди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси агар AIBA ўзининг бошқарувидаги муаммоларни бартараф этмаса, боксни Токио Олимпия ўйинлари дастуридан олиб ташлаши ҳақида огоҳлантирганди.

ХОҚ огоҳлантирувидан бир ҳафта ўтиб Раҳимов AIBA президентлигидан истеъфо берган.

Уч ой ўтиб эса Раҳимовнинг Ўзбекистон профессионал бокс федерациясига вице-президент этиб сайлангани маълум бўлди.

Ўзбекистонлик тадбиркор, халқ орасида “Салимбойвачча”, деб танилган Салим Абдувалиев Ўзбекистон Олимпия қўмитаси вице президентидир. У ўтган президентлик сайловларида Шавкат Мирзиёевни Аллоҳни ердаги сояси деб атаган.

Ўзбек расмийлари халқаро матбуотда криминал авторитет деб таърифланадиган Салим Абдувалиевнинг бу каби баёнотларига ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

Ҳукумат расмийлари ва президент оиласи мансубларининг Салимбой ва Ғафурбой сингари зиддиятли шахслар билан бир тадбирда ёнма-ён туриши Мирзиёев даври бошқаруви учун тобора одатий ҳолга айланиб бораётганини кузатиш мумкин.

"Биродарлик ҳалқаси" ва президентнинг кенжа куёвини нима бирлаштиради?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:40 0:00

2021 йилнинг ноябрида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда бозорлар жиноятчиларга “солиқ” тўлаётганини тан олган ва уларни “жиловлашга” чақирганди.

Ҳукуматнинг махсус йиғилишида Мирзиёев ички ишлар ва прокуратура идоралари фаолиятини танқид қилган.

Ўзбекистон бозорларида савдо қилувчи тадбиркорлар криминал структуралар бозор ва маҳаллий маъмуриятлар билан чатишиб кетгани, кўп масалалар эскичасига яна “кўча” номини олган гуруҳлар томонидан ҳал этилаётганини айтиб келишади.

Global Initiative against Transnational Organized Crime (Транснационал уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича глобал ташаббус) ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон уюшган жиноятчилик даражаси бўйича 193 давлатдан 90-ўринни эгаллаб келмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG