Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:11

Доғистонда антисемит акцияси: Ўзбек врач "яҳудий" эмаслигини исботлашга мажбур бўлди


Акция иштирокчилари “яҳудийларни топиш ва шаҳарга киргизмаслик” мақсадида Махачқала аэропортини босиб олган.
Акция иштирокчилари “яҳудийларни топиш ва шаҳарга киргизмаслик” мақсадида Махачқала аэропортини босиб олган.

Доғистон пойтахти Махачқалада 29 октябрь куни кечқурун антисемит акцияси ўтказилди. Хабарларда акцияда бир неча юздан минг нафаргача норози иштирок этгани айтилмоқда. Акция иштирокчилари Тель-Авивдан учиб келган самолётда “яҳудийларни топиш ва шаҳарга киргизмаслик” мақсадида Махачқала аэропортини босиб олган. 30 октябрь тонгга яқин кучишлатар тузилмалар тартибсизликлар иштирокчиларини тарқатиб юборишга муваффақ бўлгани хабар қилинди. Россия Тергов қўмитаси мазкур воқеа юзасидан жиноят иши очди.

Махачқалада "Смарт Вингс" авиаширкатининг Тель-Авивдан учиб келадиган самолётини “кутиб олиш”га чақириқлар якшанба куни эрталабдан маҳаллий телеграм каналларда пайдо бўла бошлади. Бунинг ортидан аэропорт ОМОН томонидан қуршаб олинди. Бироқ улар аэропортга “юриш қилган” юзлаб одамларни ушлаб қололмади.

Аэропортдан чиқиш жойларида акция иштирокчилари “яҳудийларни аниқлаш мақсадида” йўловчиларнинг ҳужжатларини текширганлар. Оломон ҳатто ОМОН автобусини ҳам текширган. Озодликнинг “Кавказ.реалии” лойиҳаси мана шундай “текширув”га Ўзбекистон фуқароси ҳам тушиб қолгани тўғрисида хабар берди.

“Агрессив оломон Москвадан Доғистонга учиб келган эркакни Исроил фуқароси деб таҳмин қилиб, ушлаб олди. У оломонга яҳудий эмаслигини, Исроилдан келмаганини тушунтиришга ҳаракат қилди. Уни фуқаролик кийимидаги полициячилар оломон ичидан олиб чиқиб кетди.

Маълум бўлишича, у -Дилшод Мамадалиев, миллати ўзбек ва Москвада врач бўлиб ишлайди”,
деб ёзди “Кавказ.реалии”.

Якшанба куни кечки соат 9 ларда оломон аэропортнинг учиш-қўниш майдончасига бостириб кирган ва Тель-Авивдан келган самолёт бортига чиқишга ҳаракат қилган.

30 октябрь соат икки ҳолатига кўра, тартибсизликлар пайтида камида 20 киши жароҳатланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир. Тартибсизликлар пайтида полициячилар тошбўрон қилинган. Камида икки полициячи бошидан яраланган. Махачқалага учиб келган самолётнинг аёл йўловчиларидан бири қон босими ошиб касалхонага ётқизилган.

Россия Тергов қўмитасининг Доғистон бошқармаси Жиноят кодексининг 212-моддаси (оммавий тартибсизликлар) бўйича жиноят иши қўзғатди. Полиция тартибсизликларда иштирок этганларнинг барчаси видеокамералардаги тасвирлар воситасида аниқланишини ва қўлга олинишини ваъда қилмоқда.

Маҳаллий ҳукумат аэропорт устидан назорат қўлдан чиқарилгани ҳақида анча вақт сукут сақлади. Ҳукуматга қарашли ОАВларда ҳам бу воқеа ҳақида кечикиб хабар берилди.

Дам олиш кунлари антисемит акциялар Шимолий Кавказнинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказилди. 28 октябрда Қорачой-Черкес республикаси пойтахти Черкесскда Исроил фуқароларини мамлакат ҳудудига киритмаслик талаб қилинган намойиш ўтказилди. Намойишчилардан камида 30 нафари қўлга олинди. 29 октябрда Доғистоннинг Дербент шаҳрида Исроилдан келган қочқинларни гўёки маҳаллий меҳмонхоналарга жойлаштириш режаси мавжудлиги тўғрисидаги миш-мишлар ортидан намойиш бўлиб ўтди.

Кабардин-Балкар республикаси пойтахти Нальчик шаҳрида қурилаётган яҳудий маданий маркази биноси олдида норозилар автомобил покришкаларини ёқиб юбордилар. Бино деворларига “Яҳудларга ўлим” деган сўзлар ёзиб кетилди.

Уруш анатомияси: Араб-Исроил урушлари, Исроил-Фаластин зиддияти тарихи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:23 0:00

Маҳаллий ҳукуматлар норозилик намойишлари «Россия душманлари» томонидан ташкиллаштирилганини иддао қилаётир. Шимолий Кавказ муфтийлари эса антисемит акцияларига қарши фикр билдирдилар ва бу намойишларни “фитначилар уюштирмоқда” деб ҳисоблашларини айтдилар.

Россия бош раввинлигининг Доғистондаги вакили Овадья Исаков республикадаги яҳудий аҳоли эвакуация қилиниши мумкинлигини маълум қилди. Унга кўра, ҳозирда Доғистонда 600 - 800 яҳудий оиласи яшамоқда. Исаковнинг айтишича, Дербентдаги яҳудий жамоаси, турли маълумотларга қараганда, бу ерга IV ва VII асрлар оралиғида кўчиб келган.

Америка Антидиффамация лигаси Европа Иттифоқи, Британия, Канада, АҚШ, Лотин Америкаси давлатлари ва Туркияда яҳудийларга қарши ўнлаб норозилик чиқишлари бўлганини қайд этган.

Форум

XS
SM
MD
LG