Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:40

Болалар Омбудсмани Алия Юнусова нега лавозимидан истеъфо берди?


Алия Юнусова Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига 2020 йил февралида тасдиқланган эди.
Алия Юнусова Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига 2020 йил февралида тасдиқланган эди.

14 сентябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова лавозимидан истеъфо беришини эълон қилди.

Бу ҳақда у парламентда эълон қилгани йўқ, балки ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида пост қолдирди.

“Юзага келган вазият туфайли Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимидаги ўз фаолиятимни тўхтатаётганимни маълум қиламан”, деб ёзди Алия Юнусова Фейсбукдаги постида.

Юнусова ўз фаолияти давомида ўзи билан ҳамкорлик қилган барчага, хусусан, президент Шавкат Мирзиёев ҳамда БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммадзаде ва унинг жамоасига миннатдорчилик билдирди.

Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар Ўзбекистонда матбуотга очиқ кам сонли расмийлардан бўлган Юнусова фаолияти давомида педофилия дохил болалар ҳуқуқларига доир муаммоларни ҳал қилишга астойдил ҳаракат қилганини эътироф этишади.

Озодлик истеъфо тафсилотларини ўрганиш мақсадида Алия Юнусова билан боғланишга ҳаракат қилди, аммо унинг мобил телефони ўчирилгани боис жавоб ололмади. Озодлик суҳбатлашган маҳаллий фаоллар ҳам Болалар омбудсманининг қўл телефони ўчирилганини айтишди.

Аммо айни пайтда Юнусованинг ўзи ижтимоий тармоқларда ҳамдардлик ва миннатдорчилик изҳор қилган касбдошларига ташаккур изҳор қилинган пост ва изоҳларни қолдирмоқда.

“Менимча, Алия Туйғуновна болалар Омбудсмани истиқболини кўра олмагани учун ишдан кетди”, деди Озодлик билан суҳбатда аввалроқ Олий Мажлисда ўтган йиғин иштирокчиларидан бири.

Тармоқларда яна педофилия билан боғлиқ ҳолатлар муҳокамади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:37 0:00

2021-22 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институтига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар миқдори 3,5 миллиард сўмдан ошмаган. 2023 йилги бюджет параметрларида бу миқдор бирданига 16,8 миллиард сўмга оширилган.

Аммо Озодликка маълум бўлишича, бу қўшимча маблағлар Болалар Омбудсманигача етиб бормаган. Ҳуқуқ фаоллари Омбудсман ўнлаб штат бирликлари, транспорт воситаларига эга бўлгани ҳолда Болалар омбудсмани Омбудсманнинг оддийгина ўринбосари бўлиб қолганини айтишади.

Алия Юнусова Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига 2020 йил февраль ойида тасдиқланган эди. 2005 йилдан бери Олий мажлис депутати сифатида фаолият кўрсатиб келган Алия Юнусова, расмий маълумотларга кўра, депутатликка қадар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бўлим мудири, ундан олдин эса¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада I даражали мутахассис, бош мутахассис бўлиб ишлаган.

Шов-шувли тергов ва суд жараёнлари

Ўзбекистон Олий Мажлиси Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова ўз истеъфоси сабабларини изоҳлагани йўқ. Ижтимоий тармоқларда унинг ишдан кетиши турли талқинларга сабаб бўлди.

Журналист Илёс Сафаровнинг ёзишича, Aлия Юнусова болалар омбудсмани сифатида "яхши ишламади, ишлолмади".

“Aйни унинг даврида болалар зўравонлиги билан боғлиқ содир қилинган жирканч жиноятларни ҳали эсдан чиқарганимиз йўқ. Қолаверса, шу кунларда энди Aндижондан педофилия билан боғлиқ даҳшатли хабарлар келмоқда.

Aммо, шуларга қарамай, мавжуд оғир вазиятни ҳис қилолгани, мард бўлиб постни топширгани учун Юнусованинг олдида шляпамни ечишга тайёрман. Қани энди, ҳеч нарсани эплолмаётган бўлса-да, амал курсисини бошқаларга бермай келаётган амалпарастлар ҳам ундан ўрнак олса”, деб ёзди Илёс Сафаров.

Ўзбекистон Парламентининг собиқ депутати Расул Кушербаев: “Шахсан мен учун Алия Юнусова ҳурматга лойиқ, билимли ва тажрибали инсон. Унинг ўз ихтиёри билан ишдан кетишга мажбур бўлгани бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида жиддий муаммолар сақланиб қолаётганлигидан далолат беради”, дея қайд этди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга кўра, Алия Юнусова ўз ҳамкасблари орасида жонкуяр ҳуқуқ фаолларидан бири эди.

“Болалар Омбудсмани Алия Юнусова хоразмлик педофилллар ишига ниҳоятда жонкуярлик билан ёндашганидан хабардорман. Бу борада етимхона қизларини зўрлаган Адлия бошқармаси бошлиғи, Фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбарини жавобгарликка торттириш бўйича Алия опа кўп ҳаракат қилди. Бош прокуратура, суд раҳбарлари билан мунозарага борди. Аммо натижага эриша олмади” , дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ташановга кўра, мазкур ишни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция тартибида кўриб чиқиши жараёнида шу йилнинг августида қўшимча айбловлар билан тўлдиришни сўраб, Хоразм вилояти прокуратурасига бир ойлик муддат билан қайта терговга қайтарди.

Аммо Хоразм вилояти прокуратураси педофилларга нисбатан айбловларни ўзгартиришсиз қолдирган.

"Жиноят ишида номусга тегиш, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, фоҳишахона ташкил қилиш аломатлари бўлса-да, судланувчиларнинг жиноятларига кўз юмилди.

Алал-оқибат педофиллар иши яна Тошкент судига эски айбловлар билан қайтди. Жамоатчилик орасида шов-шув бўлган кунлари педофилларнинг процессуал тартибда қамоққа олингани айтилганди, бу ҳам ёлғон бўлиб чиқди.

Шу йилнинг 19 сентябрь куни иш яна Тошкент судида кўрила бошлайди ва катта эҳтимол билан, педофиллар яна жазоланмай қолади. Алия опа бу каби адолатсизликлардан безди, деб ўйлайман”, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили идорасининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган ходимига кўра, Алия Юнусова шу пайтга қадар Болалар Омбудсмани учун атиги 2 та штат бирлиги ажратилгани, ваъда қилинган котибият, ходимлар, транспорт ва офис берилмаганини айтди.

Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари бўйича янги институт

Алия Юнусова тарк этган лавозим Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари борасидаги нисбатан янги институтларидан бири. У Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг 2021 йил 28 октябрдаги қўшма қарори билан ташкил қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) институти вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади, бу борада ҳисоботлар тайёрлайди.

Парламент қарорига кўра, Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида институт ва унинг Котибияти ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш фондини молиялаштириш амалга ошириши лозим эди.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий хизмат кўрсатиш ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қўмитасининг раисига тенглаштирилиши кўзда тутилган.

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган бинодан Болалар омбудсмани ва унинг Котибиятига хоналар ажратилиши кўзда тутилганди, аммо Озодликка маълум бўлишича, бу ваъдалар бажарилмаган.

Форум

XS
SM
MD
LG