Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:27

Яккаҳокимлик ва монополиянинг кучайиши. Эксперт Мирзиёевнинг сайловолди дастури ҳақида


Шавкат Мирзиёев учинчи марта  ЎзЛиДеПдан президентликка номзод этиб кўрсатилмоқда.
Шавкат Мирзиёев учинчи марта  ЎзЛиДеПдан президентликка номзод этиб кўрсатилмоқда.

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёев учинчи бор Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Либерал-демократик партиясидан президентликка номзод этиб кўрсатилди. Бу ҳақдаги қарор ЎзЛиДеПнинг 30 май куни бўлиб ўтган XI сьездида қабул қилинган. Мирзиёев съезддаги нутқида мамлакатни ривожлантиришнинг бешта стратегик йўналиши ҳақида гапирган. Улар орасида бундан аввал янграган 2030 йилгача жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки бараварга ошириш ваъдаси ҳам бор.

9 июлдаги президент сайловида Мирзиёев парламентдаги яна 3 партия илгари сурган номзодлар билан "рақобатлашади" - уларнинг барчаси собиқ ва жорий мулозимлардир. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Мирзиёев ҳокимиятга келган 2016 йилдан буён ўтган президентлик ва парламент сайловларининг биронтасини эркин ва демократик деб тан олган эмас.

Озодлик Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури ва сайлов жараёнлари ҳақида Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов билан суҳбатлашди.

-Нима учун 5 йўналиш, 6 та эмас? Ўз вақтида Каримовнинг беш тамойили бўлгич эди...

Алишер Илҳомов: Мирзиёевнинг беш йўналишида мен амалда олти йўналишни кўрдим. Булар: таълим ва соғлиқни сақлаш – битта йўналиш; иккинчиси – ижтимоий таъминот; учинчиси – иқтисод, бу банк секторини ҳам ўз ичига олади; сув заҳиралари ва атроф-муҳит ҳимояси – тўртинчи йўналиш; қонун устуворлиги – бешинчи ва олтинчиси – “Янги Ўзбекистон, хавфсиз ва тинч давлат”. Афтидан, Мирзиёевга 5 рақами ёқади, қандайдир “муқаддас” рақам, пиар учун яхши, умуман олганда, Шавкат Мирзиёевнинг беш тамойили. Майли 5 та бўлақолсин, бу унчалик ҳам муҳим эмас.

Алишер Илҳомов
Алишер Илҳомов

Иқтисодий ривожланишни таъминлаш, хусусан, чет эл инвестицияларини жалб қилишда энг муҳим жиҳат, бу – маъмурий тизимни ислоҳ қилиш ва қонун устуворлиги, судларнинг мустақиллиги. Маҳаллий ва хорижий бизнес ҳукуматнинг ёрдамига муҳтож бўлмасдан ўз манфаатларини ҳимоя қила олиши керак. Қандайдир баҳслар бўлса, суд орқали ҳал қилиниши керак. Аммо афсуски, Мирзиёев сайловолди дастурининг “қонун устуворлиги” қисмида санаб ўтилган чораларнинг қонун устуворлигига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Улар қандайдир бошқа чоралар. Фақат бир ўринда-санкцияларнинг судлар томонидан берилишини ҳисобга олмаганда. Масалан, бир ўринда мажоритар-пролпорционал сайлов тизимини жорий қилиш ҳақида сўз боради. Аммо бу пунктнинг қонун устуворлигига алоқаси йўқ. Бу алоҳида пункт ва сиёсий ислоҳотларнинг бир қисми бўлиши керак.

- Бу йўналишларни стратегик деб аташ мумкинми?

Алишер Илҳомов: Президентлик сайловолди кампанияси ҳақида гапиришдан олдин бу сайловлар ва сайловолди дастурларининг контекстини ёдда тутиш керак бўлади. Мен айрим фундаментал омиллар, масалан, ҳар қандай авторитар давлат устувор деб биладиган масалаларга эътибор қаратган бўлардим. Авторитар давлатлар, одатда, иккита асосий устувор йўналишдан келиб чиқишади. Биринчидан, уларнинг мақсади ҳокимият устидан авторитар назоратни таъминлаш ва шу орқали имкон қадар умрбод ҳокимиятда қолиш; иккинчидан, улар аҳолининг ўз бошқарувларидан розилиги масаласини эътибордан четда қолдиролмайди. Шунинг учун ҳам улар сиёсий легитимликка интилишади. Бу уларга мамлакатдаги барқарорликни ушлаб туришга имкон беради.

Мирзиёев ҳали ҳам ислоҳотчими? ТАҲЛИЛ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:36 0:00

Ҳозир Ўзбекистонда янги таҳрирдаги конституциянинг қабул қилиниши билан мавжуд тузумнинг яккаҳокимлик табиати янада кучайди; биринчидан, амалдаги президентнинг икки муддати устига яна муддат қўшиляпти – шу йўл билан у, афтидан, бир умр ҳокимиятда қолишни ният қилган, иккинчидан, парламент ваколатлари узурпация қилиняпти – президент парламентнинг қатор муҳим ваколатларини ўзига оляпти, масалан, муҳим давлат лавозимларига тайинлаш ваколати. Юзага келган вазиятдан чиқиш, қайсидир маънода компенсация қилиш учун Мирзиёев қандайдир қадамлар қўйиш, ваъдалар беришга мажбур. Ҳозир эълон қилинган сайловолди дастурида у катта ваъдаларни беряпти. Бу ваъдаларнинг қанчалик бажарилиши борасида саволлар пайдо бўлиши табиий. Мирзиёевнинг ваъдалари менга ўтган асрнинг 50-йилларида совет раҳбари Никита Хрушчев берган ваъдаларни эслатади. Хрушчев 20 йилдан кейин коммунизм қуришни ваъда қилган эди. Амалда 20 йилдан кейин нима бўлгани маълум – Совет Иттифоқида турғунлик даври бошланди. Ҳозир Мирзиёев жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баравар оширишни ваъда қиляпти. Бу ерда рақамларга савол бор. Халқаро молия ташкилотларининг ҳисоботларига кўра, ҳозир Ўзбекистонда йиллик ЯИМ ҳажми тақрибан 60 миллиард долларни ташкил қилади. Буни иккига кўпайтирсак 120 миллиард бўлади. Мирзиёев бундан каттароқ рақамни айтяпти. Албатта, бу жуда яхши ният. Аммо қандай қилиб, деган савол пайдо бўлади. Мирзиёевнинг сайловолди дастури бу саволга жавоб бермайди. Ҳозирги ваъдалар Совет Иттифоқи давридаги режалаштиришни ёдга солади. Биз шунча миллиард тонна цемент, пўлат ёки дейлик фалон миллион тонна пахта етиштирамиз, қабилидаги. Масалан, Мирзиёев 1 миллион дона автомобил ишлаб чиқарамиз, деяпти. Аммо бу унинг бозор иқтисодиётини ёки хусусий бизнесни ривожлантирамиз, деган баёнотига зид келади. Бозор иқтисодиёти шароитида қанча маҳсулот ишлаб чиқаршини бизнеснинг ўзи бозор шароитларидан, талаб ва таклифдан келиб чиқиб ҳал қилади. Тепадан бизнесга режа қўйиш буйруқбозликка асосланган эски иқтисодий тартибни ёдга солади. Ўз вақтида Ислом Каримов ҳам худди шундай йўл тутган, иқтисодиётни қўл билан бошқаришга уринганди. Мирзиёев ҳам ўз чиқишларида фермер хўжаликларига, ҳатто шахсий хўжаликларга қанча лимон етиштириш, қанча товуқ боқиш ҳақида кўрсатмалар беряпти. Бу кўрсатмаларнинг бозор иқтисодиёти тамойиллари билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Давлат бизнесга аралашмаган ҳолда иқтисодий муносабатларни тартибга солиши, эркин, ҳалол ва адолатли рақобатни таъминлаши лозим. Адолатли рақобат бўлмаган жойда ҳамма нарсани монополиячилар назорат қилади. Мен Мирзиёевнинг сайловолди дастурида худди шу нарсани кўрмадим, яъни ҳукумат иқтисодиётни қандай тартибга солмоқчи, соғлом рақобатни қандай таъминламоқчи? Бунинг ўрнига қандайдир мега-лойиҳаларни кўряпмиз. Худди пахта-тўқимачилик кластерларига ўхшаган. Бу кластерлар жойларда маҳаллий ҳокимиятлар билан бирлашиб, фермерлар етиштирган маҳсулотга нархни ўзлари белгилаяпти; ҳеч қандай рақобат йўқ, фақат монополия.

- Мирзиёевнинг сайловолди дастурида сиёсий ўзгаришларга бирон ишорани кўрдингизми?

Алишер Илҳомов: Афсуски, Мирзиёевнинг дастурида мамлакат ўз сиёсий тизимини қай тариқа ривожлантириши, демократик йўналишда қандай тараққий этишига бағишланган алоҳида боб мавжуд эмас.

Афтидан, Мирзиёев мазкур йўналишда бирон тузукроқ таклиф билан чиқа олмаслигини тушуниб, сиёсий ислоҳотларга доир бандларни ўз дастурига мутлақо киритмаган ва сайлов тизимига оид банднигина қолдириб, уни ҳам мантиққа зид эканига қарамай, қонун устиворлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар сирасига қўшиб юборган.

Мазкур бандда, жумладан, ҳокимлар бундан кейин маҳаллий кенгашлар олдида ҳисобдор бўлиши ҳақида сўз боради. Умуман олганда бу ёмон эмас. Лекин муаммо шундаки, кенгашларнинг ўзи эркин сайлов йўли билан тузиладиган демократик орган ҳисобланмайди. Лоақал маҳаллий сайловларда бир оз рақобат яратиш учун мухолифатнинг сайловда қатнашишига рухсат бериш ҳақида таклифлар бўлган эди, бироқ кўряпмизки, бу хусусда ҳеч гап йўқ. Бинобарин, маҳаллий кенгашлар, гарчи расман ҳокимдан ҳисоб сўраш ваколатига эга бўлса-да, ижро ҳокимияти ва ҳокимлар назоратида қолади.

-Умуман, ҳозирги сайловолди жараёнларининг Каримов давридаги сайловлардан фарқи борми?

Алишер Илҳомов: Ислом Каримов давридан бери ҳеч нима ўзгармади. Мирзиёев билан қўштирноқ ичида рақобатлашадиган номзодларнинг ҳеч қандай обрўси йўқ, чунки улар “чўнтак партиялар”нинг вакиллари. Биз улар ҳақида жуда оз нарса биламиз, лекин улар ҳукуматни ҳеч қачон танқид қилишмаган, давлат сиёсатини ўз сиёсий платформаси нуқтаи назаридан танқидий таҳлил қилишга журъат эта олишмаган. Бу номзодлар ҳукумат “мана, бизда демократик сайловлар ўтказилади” дея олиши учун Мирзиёевнинг томошасида рол ўйнаб беришади, холос.

Мирзиёев Берлинда. 3-муддат ва микрочиплар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:28 0:00

-Президент сайловидан кейин ҳукумат таркиби ўзгариши, қандайдир янги одамлар келиши мумкинми?

Алишер Илҳомов: Сайловдан сўнг жиддий ўзгаришлар юз беради деб ўйламайман, лекин муайян вақт ўтиб Мирзиёев ўзининг ваъдалари доирасида режим моҳиятини ва идора услубини ўзгартирмайдиган бирон кичик, хусусий ислоҳотларга қўл уриши мумкин, албатта. Чунончи, у ижтимоий таъминот ва таълим тизими ҳақида гапиряпти, ўзининг сиёсий бошқарувини легитимлаштириш мақсадида бир қанча ресурслардан воз кечиб, ушбу соҳаларда қандайдир ислоҳотлар ўтказса ажаб эмас. Бироқ қонун устуворлиги борасида бирон арзигулик ўзгариш бўлишига кўзим етмайди, бу ҳақда унинг дастурида ҳеч нима дейилмаган.

- Айни пайтда Мирзиёев гўёки электр энергияси ва умуман энергия тарифларини либераллаштириш каби халққа хуш келмайдиган ислоҳотларни ўтказиш учун ҳам сайловни тезлаштиряпти, деган фаразлар ҳам бор. Шундай бдўлиши мумкинми?

Алишер Илҳомов: Бу ерда иккита муҳим жиҳат бор. Биринчидан, Мирзиёев ҳокимиятнинг барча тармоқларини ва мамлакатдаги вазиятни назорат қилувчи, репрессив аппаратга таянувчи авторитар раҳбар сифатида бу ишларни хоҳласа бугуноқ қилиши мумкин, ҳеч ким унга халал бера олмайди. Албатта, олдин қандайдир тушунтириш ишлари олиб борилади, аммо умуман олганда президент истаса, тарифларни ҳозироқ ошириши мумкин. Масала бошқа ёқда. Энергетика соҳасида бозор муҳитини яратмай туриб энергия нархларини либераллаштиришдан нима маъно бор? Ахир электр қуввати, иссиқлик ва газ етказиб бераётган ташкилотлар ҳозирги монопол мавқеини сақлаб қоладиган бўлса, тарифлар либераллаштирилганидан кейин ҳам улар бир томонлама нархларни оширишда давом этаверади-ку. Бу ерда рақобат муҳитини яратиш, бир неча ширкатлар бозорда ўзаро ҳалол рақобат олиб боришига эришиш масаласи биринчи ўринда бўлиши лозим. Шунда талаб ва таклифга асосланган нисбатан адолатли нархлар шаклланган бўлур эди. Лекин ўшанда ҳам давлат нархларни дотациялаш билан аҳолига ёрдамлашиб туриши керак бўлади. Масалан, Буюк Британияда газ, электр ва иссиқлик қуввати етказиб бериш хизматларини таклиф этувчи кўплаб ширкатлар ишлайди, улар ўртасида реал рақобат мавжуд. Шундай бўлса ҳам ўтган бир неча ойда нархлар кескин ошиб кетди ва ҳукумат уй хўжаликларининг энергия сарф-харажатларини қисман қоплаб беришга мажбур бўлди. Қисқаси, мен “Мирзиёев энергия нархларини ошириш учун сайловни тезлаштиряпти” деган фикрга қўшилмайман.

Форум

XS
SM
MD
LG