Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:32

Ўзбекистонда янги таҳрирдаги конституция кучга кирди. Расмийлар "ноллаштириш" ҳақида сукут сақламоқда

Марказий сайлов комиссияси “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонуни кучга кирганини эълон қилди.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси якшанба куни ўтказилган референдумда рўйхатга олинган овоз берувчиларнинг 84,54 фоизи иштирок этгани ҳамда улардан 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституцияни ёқлаб овоз бергани ҳақида билдирган эди.

65 фоизга ўзгаргани айтилган конституция 65 яшар президент Шавкат Мирзиёевнинг 2040 йилгача ҳокимиятда қолишига йўл очади.

Мирзиёевнинг амалдаги ваколати 2026 йилда тугайди. Тузатишлар, президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача узайтиради. Ўзбекистон қонунчиларига кўра, ўзгартиришлар конституциянинг тахминан учдан икки қисмини ўзгартиради.

Таклиф этилган тузатишлар дастлаб мамлакатнинг Қорақалпоғистон Мухтор Республикасининг ажралиб чиқиш ҳуқуқини бекор қилишни ўз ичига олган эди.

Бироқ 2022 йил июл ойи бошида минглаб қорақалпоқлар минтақанинг Ўзбекистондан мустақилликка интилиш ҳуқуқининг йўқ қилинишига қарши норозилик намойиши ўтказгач, Мирзиёев Қорақалпоғистон мақомини ўзгартириш ғоясидан воз кечган.

Ўзбекистон расмийларининг билдиришича, Қорақалпоғистонда хавфсизлик кучлари томонидан намойишлар тарқатиб юборилганида 21 киши ҳалок бўлган. Кейинчалик митингларнинг ўнлаб иштирокчилари конституциявий тузумни бузиш йўли билан ҳокимиятни эгаллашга уринганлик, оммавий тартибсизликлар уюштирганлик, давлат маблағларини ўғирлаш ва пул ювишда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Референдум мустақил Ўзбекистон тарихидаги учинчи референдумдир.

2016-йилда вафот этган Мирзиёевдан аввалги авторитар биринчи президент Ислом Каримов 1995 ва 2002-йилларда икки марта референдум ўтказган ва бу унга ҳокимиятни сайловларсиз узайтириш имконини берган. Президентлик муддати ҳам ўзгартирилди.

14:39 29.4.2023

"Референдумга бормасак иш ҳақи берилмаслиги билан таҳдид қилишмоқда"

Референдум ўтди деб ҳисобланиши учун унда сайловчиларнинг ярмидан кўпи қатнашиши керак.
Референдум ўтди деб ҳисобланиши учун унда сайловчиларнинг ярмидан кўпи қатнашиши керак.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз давлат педагогика институтининг исмини очиқламаган ходими Озодликка ўзи ва ҳамкасблари реферундумга қатнашишга мажбурлаётгани ҳақида маълум қилди.

"Реферундумда қатнашганлигини расм ва видоега олиб телеграмдан ташлаб беришмаса иш ҳақи берилмаслиги билан таҳдид қилишмоқда. Бу ҳолат демократияга зид ҳаракат эмасми? Ахир реферундум ва сайловларда қатнашиш ҳар бир фуқарони ўз ҳохиш истаги билан амалга ошириладику", - дейди шаҳрисабзлик муаллим.

Билим юрти ходимлари 29 апрель куни Телеграм орқали Қадрлар бўлимидан қўйидаги мазмунда хат олишган. Унда шундай дейилади:

"Барча кафедралар ва бўлимлар диққатига! Эртага 30 апрель куни барча раҳбар ва ходимлар Референдумда фаол иштирок этиб овоз беришлари сўралади. Ҳар бир ходим овоз бериш жараёнини расмга тушириб тақдим этиши шарт. Табел берувчи масъул ходимлар кафедра ва бўлимларнинг овоз бериш жараёнидан олинган фотосуратларини умумлаштирб алоҳида электрон папкаларга жойлаб эртага соат 12: 00га қадар Кадрлар бўлими ходимлари Каримов Беҳзод ёки Рашидов Жавоҳир телеграмм рақамларига юборишингиз сўралади. ЭСЛАТМА: Тақдим этилаётган фотосуратларнинг сифатли бўлишига ва ташқи кўринишга жиддий эътибор қаратинг! ! ! ".

Ўзбекистоннинг бошқа бюджет ташкилотларида ҳам ходимларга референдумда қатнашишлари учун босим қилинаётгани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, Ўзбекистондаги сайловчилар сони қарийб 21,2 миллион кишини ташкил қилади.

Референдум ўтган деб ҳисоблаш учун овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг ярмидан кўпи иштирок этиши керак.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи ёқлаб овоз берган бўлса қарор референдумда қабул қилинган деб топилади.

17:10 29.4.2023

Сурхондарёлик сайловчи: "Ҳар бир маҳаллага 20тадан одам олиб келиш топширилган"

Сурхондарё вилояти, Денов шаҳри "Меҳр-оқибат" маҳалласида яшовчи фуқаро (хавфсизлиги сабаб исми очиқланмайди) ўзи ва рафиқаси муддатидан олдин овоз беришга мажбурланганини иддао қилмоқда.

19−26 апрель кунлари янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси бўйича чет элда яшовчи ўзбек ватандошлари ва маълум сабабларга кўра сайлов участкасига боролмайдиган фуқаролар учун муддатидан олдин овоз бериш ташкиллаштирилди.

Исми очиқланмаслигини сўраган сайловчи Озодликка буларни айтди:

"Бир ҳафта чамаси олдин. Махалламиз фаолларидан бири келиб, муддатидан олдин референдумда иштирок этишимизни мен ва аёлимдан сўради. Мен қандай қилиб, десам, у фаол сизлар гуёки сафарга кетаётган кишилар, референдум кунида ўз сайлов участкангизда бўлмаслигингиз сабабли, референдумда қатнаша олмаслигингиз, шу сабабли олдинроқ сўровномада иштирок этишни ариза асосида илтимос қиласиз, деб тушунтирди. Мен ҳеч каерга кетмаслигимни, референдум куни сўровномада қатнашишимни айтсам, у унга план қўйилганини, ҳар бир участка камида 20 тадан шундай мазмундаги иштирок этувчи фуқарони олиб келишга мажбурлигини айтиб илтимос қилди. Мен эса, майли деб бориб аёлим ва ўзим номимдан сўровномада иштирок этиб келдим", дейди сайловчи.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, 19−26 апрель кунлари бўлиб ўтган янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси бўйича референдумда муддатидан олдин овоз беришда 611 320 нафар фуқаро иштирок этган.

Улардан 159 276 нафари хорижда, 452 044 нафари хориждаги сайлов участкаларида овоз берган.

Муддатидан олдин ўтказилган овоз беришда соҳтакорликларга йўл қўйилгани ҳақидаги иддаолар ҳақида Озодлик ҳозирча Марказий сайлов комиссиясидан изоҳ ололмади.

Ўзбекистонда референдум бўлди деб ҳисобланиши учун сайловчиларнинг ярмидан кўпи унда қатнашиши керак.

19:58 29.4.2023

HRW: Германия Мирзиёевни ислоҳотлар ваъдаларини бажаришга ундаши керак

Ўзбекистон президенти Шавкам Мирзиёев Германия президенти Франк Ватер Штайнмаер билан Берлинда. 2019 йил, январь.
Ўзбекистон президенти Шавкам Мирзиёев Германия президенти Франк Ватер Штайнмаер билан Берлинда. 2019 йил, январь.

Германия ҳукумати расмийлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан келаси ой бошида Берлинга ташрифи чоғида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни кўтариши керак, дея баёнот берди Human Rights Watch ташкилоти.

Ўзбекистон президентининг Германияга ташрифи 30 апрель куни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган конституциявий референдумдан бир неча кун ўтиб амалга ошади.

3 май куни Ўзбекистон президенти Берлинда Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер ҳамда Германиянинг бошқа юқори мартабали расмийлари билан учрашади.

“Германия президенти музокараларда Мирзиёевни кўплаб ислоҳотлар ваъдаларини бажаришга ундаши керак”, - дейди Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Хю Уильямсон.

Музокараларда савдо ва инвестициялар асосий ўринни эгаллаши кутилмоқда.

Германия-Ўзбекистон ўзаро савдоси яқинда “динамик ўсишни” бошдан кечирди ва 2022 йилда тахминан 1, 3 миллиард еврони ташкил этди.

Бундан ташқари, Германия Россия босқинига жавобан Украинани қўллаб-қувватлаш контекстида ҳам Ўзбекистон билан яқинроқ сиёсий алоқалар ўрнатишга интилмоқда.

Human Rights Watch ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳукумати 2022 йил июл ойида Қорақалпоғистонда 21 киши ўлимига сабаб бўлган ва 270 киши яраланган воқеалар учун жавобгарликни ҳалигача таъминламаяпти.

Қорақалпоғистондаги намойишларга Ўзбекистон конституцияга киритилган ўзгартиришлар сабаб бўлди. Кейинчалик ўзгартиришлар қайтариб олинди.

HRW ташкилоти Ўзбекистон хавфсизлик кучлари асосан тинч намойишчиларни тарқатиш учун ҳаддан ташқари ўлимга олиб келадиган куч ишлатганини билдирган.

Ўзбекистон ҳукумати Қорақалпоғистондаги норозилик намойишларида иштирок этганликда айбланиб, ўндан ортиқ одамни, жумладан, адвокат ва журналистларни жиноий жавобгарликка тортган бўлса-да, намойишчиларнинг ўлими ёки жароҳати учун ҳеч бир ҳуқуқ-тартибот ходими жавобгарликка тортилмаган.

Қорақалпоғистонлик намойишчиларга нисбатан ишни кўраётган суд асосий айбланувчи Даулетмурат Тожимуратовнинг қийноқ ва шафқатсиз муносабат ҳақидаги даъволарини ҳам эътиборсиз қолдириб, уни 16 йилга озодликдан маҳрум қилди.

19 апрел куни Тожимуратовнинг адвокати у ҳибсхонада ҳақорат ва калтакланишда давом этаётгани ҳақида видеомурожаат тарқатди. HRW га кўра, Ўзбекистонда қийноқлар ва шафқатсиз муомалалар учун жазосиз қолиш одатий ҳол бўлиб қолмоқда.

Германия расмийлари ҳам Ўзбекистон президентини матбуот ва сўз эркинлиги муҳимлиги ҳақида оғзаки гапиришдан кўра кўпроқ нарсани талаб қилиши керак, дейилади HRW баёнотида.

Ўзбекистон расмийлари сўнгги йилларда очиқ ва танқидий блогерларни сохта жиноий айбловлар ва қамашлар билан нишонга олишмоқда.

Март ойи бошида Ўзбекистондаги 50 га яқин журналист ва фаоллар Ўзбекистонда бугун ОАВ ходимлари дуч келаётган “жиддий тўсиқлар, босим ва қўрқитиш”дан хавотир билдирган ҳолда Президент Мирзиёевга очиқ хат билан мурожаат қилган эди.

Германия президент Мирзиёевдан мустақил ташкилотлар давлат аралашувисиз рўйхатдан ўтиши ва фаолият юритиши, янги Жиноят кодексида ҳуқуқларни бузувчи барча моддалар олиб ташланиши ёки ўзгартирилишини таъминлашга ундаши керак, дейилади HRW баёнотида.

30 апрел куни Ўзбекистонда конституциявий референдум бўлиб ўтади, унда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган тақдирда конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи (54-модда), эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқларини кафолатлаш (44-модда), ва бошқа ижобий қоидалар қаторида ўлим жазосини (25-модда) тақиқлаш ҳам бор. Бироқ янги конституция қабул қилинса, Ўзбекистон президентининг ваколат муддати 5 йилдан 7 етти йилга узайтирилади ва президент Мирзиёевга яна икки муддатга президентлик қилиш имкониятини беради.

“Конституциявий ислоҳотлар Президент Мирзиёевнинг ҳокимиятда яна узоқ йиллар қолишига йўл очар экан, Германия Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатларида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни бошқа кун тартибига қўйиши жуда муҳим. Президент Мирзиёев ўзининг “Янги Ўзбекистон”ида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар жадаллик билан давом этиши кераклигини баланд овозда ва аниқ эшитиши керак", таъкидлайди HRWнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Хю Уилямсон.

09:24 30.4.2023

Ўзбекистон бўйлаб сайлов участкалари очилди

Ўзбекистон конституциясининг янги таҳрир бўйича референдумда овоз бериш учун 30 апрель куни эрталаб соат 8.00 дан мамлакатнинг турли ҳудудларида 10 минг 700 дан зиёд участка сайловчилар учун очилди.

Сайловчилар электрон реестрига 19,7 миллион фуқаро киритилган. Участкага келган сайловчилардан янги таҳрирдаги конституциявий қонунни қабул қилиш-қилмаслик бўйича “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб бериш сўралади. Хориждаги ўзбекистонликлар эса 39 та мамлакатда очилган 55 та сайлов участкасига бориб, овоз беришда иштирок этишлари мумкин.

Маълумотларга кўра, референдумда МДҲ, ЕХҲТ ДИИҲБ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти каби халқаро ташкилотлар ҳамда дунёнинг турли мамлакатларидан 258 нафар кузатувчи иштирок этади.

Шунингдек, овоз бериш жараёнини ёритиб бориш учун МСК 778 нафар маҳаллий ва хорижий ОАВ вакили аккредитациядан ўтказилгани айтилган.

Референдумда овоз бериш жараёни Тошкент вақти билан соат 20.00 га қадар давом этади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG