Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:46

Бронзага муҳрланган Рауф Парфи. Саройдан узоқ шоир бюсти саройга қўйилди


Рауф Парфи ҳайкали шоирнинг 80 йиллиги арафасида унинг мухлислари йиққан пул ва YUZUK нодавлат ташкилотчилиги асосида яратилди.
Рауф Парфи ҳайкали шоирнинг 80 йиллиги арафасида унинг мухлислари йиққан пул ва YUZUK нодавлат ташкилотчилиги асосида яратилди.

Шоир Рауф Парфининг ҳайкали узоқ тортишув ва сарсонгарчиликлардан сўнг ниҳоят Ўзбекистон Давлат санъат музейида қўним топди.

27 март куни Тошкентда атоқли шоир Рауф Парфининг хотирасига бағишланган тадбир ва у учун тайёрланган илк ёдгорликнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Ўзбек халқ шоирига бағишлаб 27 март куни ўрнатилган ушбу ёдгорлик биринчиси бўлди. 8 тонналик ҳайкал ўзбек ҳайкалтароши Азамат Хотамовнинг икки йиллик меҳнати махсули.

“Рауф Парфини етмишинчи йиллардан танийман. Мухлисларидан таклиф тушди. Мени ўзим ҳам унинг қиёфасини яратишни анчадан бери ўйлаб юргандим. Эскизлар қилиб образини топишим керак эди. Наброскалар қилиб анча ахтардим. Бир ярим йил изланиш қилдим….Олдинига тошга ўймоқчи бўлдим. Лекин, унинг феъли юмшоқ одам бўлгани учун қолипда қилиб кейин бронзага қуйдик”, - дейди ҳайкалтарош Озодлик билан суҳбатда.

Таниқли ўзбекистонлик рассом Вячеслав Охуновнинг Озодликка айтишича, "Рауф Парфи каби буюк шоир катта эътиборга лойиқ, нафақат бюсти, балки ҳайкали Олий Мажлис биноси қаршисидаги "Адиблар ҳиёбони"да туриши керак".

Рауф Парфи ҳайкали эса шоирнинг 80 йиллиги арафасида унинг мухлислари йиққан пул ва YUZUK нодавлат ташкилотчилиги асосида яратилди.

Икки йил аввал Ўзбекистонда Рауф Парфи хотирасига бронза ҳайкал ўрнатиш учун тарихчи Дилбар Ғаффорова бошчилигидаги бир гуруҳ зиёлилар пул йиғиш ҳаракатини бошлаган эди.

Ўзбекистоннинг яқин тарихида илк бор шоир учун элнинг ўзи маблағ тўплади. Мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги зиёлилардан қисқа вақт ичида 100 миллион сўмдан зиёд пул йиғилди.

Ҳайкалга айланган сурат

Ҳайкалга шоирнинг ўлимидан сал олдин 2004 йилда журналист Паҳлавон Содиқ олган фотосурат асос қилиб олинган.

Рауф Парфи. 2004 йил, Тошкент.
Рауф Парфи. 2004 йил, Тошкент.

“Мен Рауф акани анча фото суратларини чиздим. Шулар ичидан мана шу портретга, унинг ҳаётидаги энг сўнгги суратига асосланиб ишладим. Шунга яқинроқ бўлиши керак эди. Мана шу фотодан кўпроқ фойдаландим", - дейди ҳайкалтарош Азамат Хотамов.

Аввалига ҳайкалга бош қўшган Рауф Парфининг издошлари бюстни шоирнинг Минор қабристонидаги мозори устига қўйишни режалаштиришганди.

Бунга изн берилмагач, ташкилотчилар шоир ҳайкалини Тошкентдаги Адабиёт музейига совға қиладиган бўлишди.

Аммо бу режа ҳам амалга ошмади.

Ҳайкал яратилишига бош қўшган Рауф Парфи издошлари Адабиёт музейи раҳбариятини ҳайкални қабул қилишдан бош тортганликда айблаб чиқишди.

Ташкилотчилар иддаосича, музей раҳбари "тепадан фармон "кераклигини айтиб, ҳайкални қабул қилишдан воз кечган.

Музей раҳбари Жаббор Эшонқул эса бу иддаоларни рад этди.

“Биз фақат жамоат жойи ва давлат ташкилоти бўлган музейга бунақа қимматбаҳо нарса топшириш учун маълум бир ҳужжатларни ва талабдагидек расмийлаштиришни талаб қилдик. Хусусан, музейга бюст топширишнинг оддий қоидалари бор. Аввал, бюст шу соҳа мутасаддиларининг эксперт хулосасидан ўтиши, кейин жамоатчиликка тақдим қилиниши бу ҳам оддий маданиятли тартиб. Биз шу тартибдан келиб чиқиб, бюстни қабул қилишимизни билдирдик”,- дея ёзди Эшонқул Facebook саҳифасида.

Озодлик Жаббор Эшонқулнинг ўзига боғланди, лекин у саволларга жавоб беришни истамади.

Адабиёт музейи рад этиши ортидан ҳайкал тақдимоти Тошкентдаги Санъат музейи биносига кўчирилди.

Маросим 16 март куни ўтказилиши ҳақида эълон қилинган эди. Ўтказилиши кутилаётган кеча давомида Рауф Парфи шеърлари, унинг ижоди тўғрисида маърузалар ўқилиши режаланган эди.

Мўлжалланган санага бир кун қолганида “юқорининг буйруғи” сабаб тадбир 27 март кунига қолдирилгани маълум бўлди.

Охуновнинг "Бухорони бомбалаш" асари нега тақдим этилмади?

Ўзбекистонлик таниқли рассом Вячеслав Охунов 1984-1987 йилларда чизган иккита машҳур картинасининг ватанига қайтарилиши ва Тасвирий санъат музейида кўргазмага қўйилиши ҳақида маълум қилди.

Рассомнинг "Чўлпон" портрети ва бир неча кун олдин АҚШдан келтирилган "Бухорони бомбалаш" асари давлат ҳазинасига топшириладиган бўлди.

Аммо, "Бухорони бомбалаш" асари Санъат музейида 27 март кунги тадбирда тақдим этилмаган.

Рассом "Бухоронинг бомбаланиши" асари билан Лондонда.
Рассом "Бухоронинг бомбаланиши" асари билан Лондонда.

Санъат музейи раҳбарияти 27 март куни рассомнинг АҚШдан қайтариб келтирилган асари нега жамоатчиликка тақдим этилмаганини изоҳламади.

Озодлик билан суҳбатда бўлган Санъат музейи раҳбариятига алоқадор санъатшунослар музей директори Васила Файзиева "Россия манфаатларидан келиб чиқиб" Охуновнинг "Бухорони бомбалаш" асарини тақиқлаб қўйганини айтишди.

"Қизил аскарлар отиб ўлдирган Чўлпон портрети мумкин¸ аммо қизил армиянинг Бухорони бомбалаганини эслаш мумкин эмас. Кинода айтилганидек "здесь помню здесь не помню", - деб ёзди ўзбекистонлик сиёсатшунос Анвар Назир Facebook саҳифасида.

Тақиқларга кўникиб қолган шоир

Беш йил аввал ўзбек миллий шоири Рауф Парфи туғилганига 75 йил тўлиши муносабати билан ўтказиш режаланган маданий тадбир ҳам тақиқланган эди.

2018 йил 25 сентябрда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилиши лозим бўлган “Туркий дунёнинг ғолиб ҳаёли” деб номланган тадбирга саноқли кун қолганла уни Миллий кутубхонада ўтказиш тақиқланди.

Ўзини "Миллий кутубхона матбуот хизмати ходими", деб таништирган мулозим Озодлик билан суҳбатда Рауф Парфи юбилейини миллий кутубхонада ўтказиш “юқорининг буйруғига кўра бекор қилинган”ини билдирган¸ аммо юқори деганда қайси тизим ëки шахсни назарда тутаëтганига очиқлик киритмаган эди.

Шундан сўнг ташкилотчилар бу тадбирнинг 25 сентябрь куни Ойбек уй-музейида ўтказилишини эълон қилди.

Бу тадбир ҳам тақиққа учради.

Ўлимидан бир йил олдин, 2004 йилда шоир ижодига бағишланиб Freedom House ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида ўтказилган тадбирда сўзга чиққан Рауф Парфи тақиқу-чеклашларга кўникиб қолганини айтган эди:

“1992 йилда 50 ёшимга элликта шеър жамланган китоб чиқардим, унинг тепасига устоз Боймирза Ҳайитга бағишлайман, деб ёзиб ҳам қўйгандим.Балки шу ёзув ҳалал бердими бу китоб йўқолиб кетди. Яқинда Сорос фондида дўстим Карим Бахриев китобимни тайёрлади. Ниҳоят 600 бетли китоб чиқади, деб корректурасини ўқиб берганимдан сўнг Сорос фонди бутунлай ёпилди. Демак ўзим ишим юришмадиганроқ одамман, ўрганиб ҳам кетдим. Шеърларимни олиб борсам чиқмай қолади, китобимни олиб борсам босилмайди. Тушуниб бўлмайдиган фалокат бор”.

Рауф Парфи Ўзбекистонда озодлик ва мустақиллик ҳаракатининг бошида турган шахслардан бўлган.

У 2005 йили Тошкентда вафот этди. Шоирнинг ўлимидан сал олдин олинган сурати тошга муҳрланган.

Форум

XS
SM
MD
LG