Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:50

“Босимни тўхтатинг”. Блогерлар президентдан ёрдам сўради


Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий ва хорижий блогерлар билан. Самарқанд, 26 август, 2019
Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий ва хорижий блогерлар билан. Самарқанд, 26 август, 2019

3 март куни қирқдан зиёд фаоллар президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, Ўзбекистонда “матбуотнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда” ёрдам сўрашди.

Журналист, блогер ва жамият фаоллари имзолаган ушбу очиқ мурожаатда кучли цензура, жиддий тўсиқлар, босимлар ва қўрқитишлардан шикоят қилинган.

Ушбу мурожаатнома кейинги пайтда блогер ва журналистларга нисбатан “ов” кетаётган бир пайтда эълон қилинди.

Худди шу куни Қашқадарё суди блогер Элмурод Одилнинг апелляция аризасини қондирмади. Газ ва свет мавзусини фаол ёритган, сенат раиси истеъфосини талаб қилган блогер ўтган ойда 15 суткалик жазони ўтаб чиққан эди.

Икки кун аввал танқидий чиқишлари билан танилган блогер Эмине-Лемара Мирзааҳмедова ҳибсга олинган эди.

Президент танқидчиси бўлган блогер Абдуқодир Мўминов, “Kompromatuzb” иши доирасида ушланган журналист Хуршид Далиев, Мавжуда Мирзаева, Сиёвуш Ҳошимов ва яна бир қанча журналист ва блогерларнинг ҳибсдаги тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Мирзиёев ҳамда унинг оиласини непотизм ҳамда коррупцияда айблаб келган тошкентлик блогер Шоҳида Саломова эса қамоққа олинганидан сўнг «руҳий ҳолатини текшириш» важи билан тиббий муассасага жойлаштирилган.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида фаол бўлган журналистлар, блогерлар, ҳуқуқ фаоллари, депутатлар каби 40дан зиёд жамият фаоллари 3 март куни кечқурун президент Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаатнома эълон қилишди.

Тармоқларга жойланган мурожаатномада фаоллар матбуотга нисбатан тазйиқлардан шикоят қилишган:

“Биз журналистлар ва жамоатчилик вакилларини ҳозирга қадар сақланиб қолаётган яширин, лекин кучли цензура ҳам безовта қиляпти. Таҳририятлар, журналистлар, блогерлар, жамиятга ҳар қандай фикр берувчи шахсларнинг фикр билдиришида жиддий тўсиқлар, босимлар, қўрқитишлар сақланиб қоляпти.

Матбуот ўзи истаган мавзуни кўтара олмаяпти. Журналистлар ўзлари истаган оҳангда вазиятни кўрсата олмаяпти. Давлатнинг ахборотни назорат қилишга масъул бўлган муассасаси таҳририят ва блогерларга муттасил равишда босим қилиб, ахборот оҳанги, шакли, моҳиятини ўзгартириш ёки бу ахборотнинг тўлиқ чиқмаслигини талаб қилишда давом этмоқда”.

Мирзиёев президентликка ўтиргач, блогерларни сўз эркинлиги рамзи сифатида эътироф этиб, уларга йўл берган бўлса, орадан етти йил ўтиб, вазият ўзгаргани, блогерлар кейинги пайтда босимга олинганаётганидан шикоятлар кўпайди.

“Ҳурматли Президент, биз сиздан илтимос қилиб, Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлигини кучлироқ ҳимоя қилишингизни, бу борада конституция ва амалдаги қонун нормалари тўлиқ ишлашини, маълум давлат муассасаларининг журналистларга, матбуотга, блогерларга босимларини тўхтатишда ёрдам беришингизни сўраймиз!”, дейилади журналистлар мурожаатномасида.

Блогер Олимжон Ҳайдаров
Блогер Олимжон Ҳайдаров

Ушбу мурожаатномага имзо қўйганлардан бири, жорий қишда маълум муддат ҳибс қилинган ва маҳкамага тортилган фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров кейинги пайтдаги босимлар сабаб блогерлар сафи торайиб бораётганини айтади:

“Чунки ҳукумат позицияси ўзгарди. Ҳукумат олдин ижтимоий тармоқ орқали чиққан ҳар қандай хабарга муносабат билдиришни мажбурият деб қараётганди. Катта-кичик ҳар қандай хабарга ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар муносабат билдирар эди. Ҳозир оммавий муносабат билдириш тўхтатилди. Блогерлар сўровига жавоб бермаслик ҳақида тепадан маҳаллий ҳокимликларга буйруқ бўлган. Бунинг орқасида ким тургани номаълум”.

Блогер Элмурод Одил
Блогер Элмурод Одил

Газ ва свет мавзусини фаол ёритган, сенат раиси истеъфосини талаб қилгани ортидан 15 суткалик қамоқ жазосини ўтаб чиққан қашқадарёлик блогер Элмурод Одил ҳам вазият қалтислигини айтади:

“Блогерликни ниҳоятда эҳтиёткорлик билан давом эттиряпман. Аввал ўзгача иштиёқ билан ижод қилардим. Ҳозир нафақат мен, балки барча блогерлар етти марта эмас, етмиш марта ўлчаб, пост чиқаришга, дастурлар тайёрлашга ҳаракат қилишмоқда”.

Элмурод Одил 31 январь куни туҳмат ва ҳақоратда айбдор деб топилиб, 15 суткага маҳкум этилган эди. Бугун Қашқадарё маҳкамаси Элмурод Одилнинг апелляция аризасини қоноатлантирмади. Дастлабки суд қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Жорий қиш блогер ва журналистлар ҳибси ва маҳкамалари кўплиги билан эсда қоладиган бўлди.

1 март куни ижтимоий тармоқ фаоли, блогер Эмине-Лемара Мирзааҳмедова ҳибсга олинди.

Вазиятдан хабардор “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка айтишича, Мирзааҳмедова Жиноят кодексининг 5та моддаси: 139, 140, 165, 167 ва 228-моддалари билан айбланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Мирзааҳмедова ишидан хабардор манбага кўра, блогерга қўйилган айбловлар унинг блогерлиги билан боғлиқ эмас, балки унинг тадбиркорлик фаолияти яъни қурилиш фирмаси фаолиятига алоқадордир.

Айни пайтда тармоқлардаги танқидий чиқишлари билан танилган Мирзааҳмедовани яқиндан билганлар унинг ҳибсга олинишини айнан блогерлиги билан боғлашади.

"Кўзгу" лойиҳаси муаллифи Абдуқодир Мўминов кейинги икки ойда ҳибсга олинган ўнга яқин фаолдан бири. Президент ва унинг куёвларини танқид қилиб келган Мўминов шу йилнинг 8 февралида “фирибгарлик” ва “товламачилик”да айбланиб ҳибсга олинди.

Сабоҳат Абдуллаева ўғлининг ҳибсга олинишини унинг блогерлик фаолияти билан боғлайди ва Абдуқодирнинг ҳаёти учун блогерларни сўз эркинлигига ишонтирган Мирзиёевни масъул деб ҳисоблайди.

Абдуқодир Мўминовнинг ҳибсга олиниши Human.uz нашрининг Тошкентдаги идорасига уюштирилган рейд ва қатор журналист ҳамда блогерларга қарши жиноят иши фонида юз берди.

27 январь кунги рейд пайти Human.uz сайти директори Хуршид Далиев дохил жами ўнга яқин киши қўлга олинган. ДХХ уларни Telegramдаги «Kompromat.uzb» каналида жиноий фаолият олиб борганликда айбламоқда ва “товламачилик” моддаси бўйича иш очган.

Хуршид Далиев ҳибсга олинганидан кейин “Дарё” нашри мухбири журналист Далиев билан ҳибсхонада икки марта учрашгани ҳақида ёзиб чиқди. Учрашувдан бирор фото ёки видео эълон қилмаган нашр ҳибсхонада Далиевнинг аҳволи яхши эканини иддао қилди.

Айни пайтда Далиев билан биргаликда ҳибсга олинган бошқа шахсларнинг тақдири ҳам номаълум қолмоқда.

Жумладан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ҳибсга олинганидан қарийб бир ой ўтиб, унинг аҳволи борасида жамоатчиликка бирор нарса маълум эмас. Мирзаева дастлаб суд санкцияси билан 10 кунлик ҳибсга олинган эди.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, Мавжуда Мирзаева ҳамон ДХХ тергов ҳибсхонасида ушлаб турилибди.

Мавжуда Мирзаева ҳибсга олинишидан икки ҳафта аввал Озодлик мухбирига боғланиб, ўзига қарши жиддий босим бўлаётгани ва уни қамашлари мумкинлигидан хавотир билдирганди. Ўша пайтда Мирзаева ўзига қарши босимларни Ташқи миграция агентлиги мансабдорларига нисбатан очилган жиноят иши билан боғлаган эди. Январь ойининг охирида эса Мирзаеванинг ҳибсга олиниши «Kompromat иши» доирасида экани айтилди.

Бироқ расмийлар Мирзаеванинг ҳибсга олинишидан бир ой ўтиб ҳам, унга қарши айбловлар борасида бирор маълумот берганича йўқ.

Шунингдек, «Kompromat иши» доирасида ҳибсга олингани айтилаётган “Ўзбекнефтгаз” компанияси матбуот хизмати раҳбари Сиёвуш Ҳошимовнинг ҳам тақдири номаълум қолмоқда.

Терговга яқин манбаларнинг Озодликка билдиришича, «Kompromat иши» доирасида ҳибсга олинганлар гўёки "уюшган жиноий гуруҳ аъзолари" сифатида кўрилмоқда. Kompromatuzb Телеграм каналида “амалга оширилган жиноятлар” нималардан иборат экани ҳақида ҳозиргача ҳеч қандай маълумот йўқ. ДХХ тергов қилаётган шов-шувли “Kompromatuzb иши” тафсилотлари жамоатчиликка қоронғилигича қолмоқда.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ( АОКА) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни Human.uz интернет-нашри ходимлари билан боғлиқ вазиятда амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга чақирди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳам Human.uz интернет нашри журналистларининг қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятдан хавотир билдирди. Бу иккала ташкилот ушбу баёнотларидан сўнгги бир ой давомида блогерларга нисбатан бўлаётган вазият борасида сукут сақламоқда.

Ўзининг шов-шувли постлари билан танилган Алламжонов-Мирзиёева тандемининг бу борадаги роли ва мавқеи жамоатчиликка қоронғилигича қолмоқда. Тармоқларда, хусусан, Алламжоновни ушбу масалада муносабат билдиришга чақирганлар ҳам бўлди.

Ўтган ҳафта президент Шавкат Мирзиёев кўпчилик оммавий ахборот воситаларини “ёпиш”ни таклиф қилаётгани, лекин ҳеч қачон бундай қилмаслигини таъкидлади. Президент матбуот хизмати ёйинлаган қисқа видеолавҳада ОАВни кимлар, қай усулда ёпмоқчи бўлгани мавҳум қолган.

Мирзиёевнинг "матбуотни ёпмаслик" ҳақидаги баёноти тармоқларда сўз эркинлиги ва президент ваколатлари борасидаги муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Президентнинг ушбу чиқиши мамлакатда журналист ва блогерлар турли айбловлар билан қамалаётган паллага тўғри келгани боис баъзи фаоллар баёнотнинг самимийлигини шубҳа остига олган.

“Ўзбекистон матбуоти кўринмас, лекин жиддий назорат остида эканини ачинарли ва келажак учун хавфли вазият деб биламиз. Муҳтарам Президент, Ўзбекистонда матбуотнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда тарихий ёрдам беришингизни илтимос қиламиз”, дея якунлашган фаоллар ўз мурожаатини.

Форум

XS
SM
MD
LG