Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:41

2022: Мирзиёевнинг “шогирди”, "қонли таклиф" ва нейтрал Тошкент


2022 йил поёнига етмоқда, янги йилни ёруғ ва иссиқ хонадонларда кутиш орзуси кўпгина ўзбекистонликлар учун бу йил ҳам орзулигича қолди.

Ўзбекистонликлар қишнинг совуқ кунларида газдан ва электрдан узилган бўлишлари мумкин, аммо бу уларнинг дунёдаги жараёнлар, янгилик ва тармоқлардан ҳам узилганликларини англатмайди, албатта.

Россия бомбардимонлари сабаб бу йил худди аксар ўзбеклар каби янги йилни қоронғида ва совуқда кутиб олаётган украиналиклар бошдан кечираётган уруш ўзбекистонликларнинг ҳам тилида.

Озодлик йилнинг энг муҳим 5 воқеасини саралади.

Зимистон

Табиий, шу куннинг энг муҳим воқеалиги - йилдан йилга қаҳри ортиб бораётган энергетик инқироз. Совуқнинг суякдан ўтаётганини таърифлашга ҳожат йўқ, ижтимоий тармоқларни тўлдириб тоширган тасвирлар бор овозда ҳайқирмоқда.

Йилдан йилга аҳвол оғирлашмоқда. Чекка қишлоқлар йиллар давомида қишда зимистонда яшайди. Аммо, бу зимистон бугун шаҳарларда, хусусан Ўзбекистон пойтахтида.

Боз устига, бу йил пойтахтда метан газ шоҳобчалари ёпилди, натижада ер усти транспорти кескин камайиб, йўловчилар оқими метрога қуйилди. Метрода бунақа тумонатни пойтахтдагилар кўрмаган эди.

ZIMISTON-UZ XABARLARI. 4-qism: Уч кун светсиз қолган чилонзорликлар норозилигини ИИБ тўхтатди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:59 0:00

Ўтган йиллардан бу йилги зимистоннинг фарқи - бу йил кутилмаганда, ҳукумат расмийлари ва ҳатто Энергетика вазирининг ўзи чиқиб, саволларга жавоб бера бошлади.

Озодлик ва ниҳоят шахсан вазир Жўрабек Мирзамаҳмудовдан, олдиндан берилган ёзма саволларга видео жавоб олди.

Вазир, Ўзбекистонда газ ва электр токи етишмаслиги, ҳукумат кўраётган чоралар муаммони ҳал қилолмаслигини тан олди, ҳатто ўз уйида чироқ ўчишини айтди.

Аммо, вазирнинг бу баёни совуқ қотаётган ўзбекистонликларни қониқтирмади. Биргина Озодликда йиғилган шарҳлар, совуқ суяк-суягидан ўтиб кетган аҳолида ҳукумат ишидан норозилик чуқурлашиб кетганини яққол ифода қилмоқда.

Табиий, оддий одамлардан тушаётган аксар саволлар - энергетика тизимига ажратилган миллиардлар ҳамда бу миллиардларнинг саноқли монопол ширкатлару улар қуриб олгани коррупцион схемалар домида йўқолиб кетаётганига оид иддаолар ҳақида.

Аммо, Ўзбекистон ҳукумат идоралари ҳозирча Озодликнинг бу борадаги қатор суриштирувларига очиқ, тушунарли бир изоҳ бергани йўқ.

ZIMISTON-UZ: Каттақўрғондаги вазият
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:47 0:00

Қорақалпоғистондаги воқеалар

Қиш бошланиб, Ўзбекистонда зимистон чўккунига қадар - жамоатчилик муҳокамасида турган муҳим масала - Қорақалпоғистонда ёзда бўлган норозилик ва унинг ортидан судланаётганлар тақдири бўлиб турганди.

Бухоро вилоят судида бу намойиш ва зўравонликларга алоқадорликда айбланаётган 22 киши устидан очиқ суд бўлди:

  • Нукуслик журналист ва блогер, «Эл хизметинде» газетаси редактори Даулетмурат Тажимуратов,
  • блогер ва таниқли самбочи Азамат Турданов,
  • Қорақалпоғистонлик журналист, “Makan.uz” сайти таъсисчиси Лолагул Қаллиханова,
  • "Ayama" веб-сайти маъмури Бахтияр Кадирбергенов,
  • блогер ва жамоатчилик фаоли Азамат Нуратдиновлар бор.


Бу ва бошқа фаоллар ЖКнинг 10 га яқин моддаси, жумладан, оммавий тартибсизликлар ва конституциявий тузумга тажовузда айбланди. Айбланувчилар ўзларига нисбатан қийноқ қўллангани, намойишчилар чоғида ўқотар қурол қўллангани ҳақида кўрсатма беришди.


Шу йил июнда, Ўзбекистон конституциясига киритилажак ўзгаришлар сирасида Қорақалпоғистоннинг суверенлик мақомини бекор қилиш таклифи ҳам эълон қилинганди.

Бу таклиф Қорақалпоғистонда катта норозилик билан қарши олинди. 1 июлга келиб, Нукус кўчаларига минглаб одам чиқди. 2 июлда зўравонликлар акс этган видеолар тарқалди.

Президент Шавкат Мирзиёев воқеалар ортидан, 2 июль куни Нукусга борди. Президент Қорақалпоғистон олий ҳокимият органи - Жўқорғи Кенгесдаги чиқишида, масуълиятни маҳаллий қонун чиқарувчиларга юклади ва Қорақалпоғистонга оид ўзгаришлар бекор қилинишини билдирди.

Нукусдаги намойишлар куч билан бостирилди. Бу воқеалардан сўнг Қорақалпоғистон - мақоми ҳуқуқ нормаларига зид, Украинадаги уруш фонида эса, бўлгинчилик таҳликасига яқин мухтор минтақа сифатида кун тартибига чиқди.

Европа Иттифоқи, БМТ ва АҚШ томони Ўзбекистон ҳукуматини Нукус воқеалари юзасидан мустақил ва очиқ суриштирув ўтказишга чақириб келмоқда.

Референдум

Шавкат Мирзиёев ҳукумати мустақил суриштирув чақириқларига ҳануз очиқ жавоб бергани йўқ.

Аксинча, Бухородаги суд охирига етмасидан туриб, Нукус воқеаларига сабаб бўлган - Конституцион ўзгаришларга оид референдум масаласига яна қайтди.

Шу йилнинг 26 июнида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

100дан ортиқ ўзгаришлар орасида, Бош қомуснинг Қорақалпоғистонга оид 5 модда ҳам борлиги, норозиликлар асносида жамоатчиликка маълум бўлганди.

Нукусда мисли кўрилмаган қонли намойишлардан сўнг, конституциявий ислоҳотлар овоз қўйилиши керак бўлган референдум номаълум муддатга қолдирилганди. Аксар таҳлилчилар, бу референдумдан сўнг Мирзиёев учинчи муддат президентликда қолишини кутмоқда.

Мирзиёевнинг Конституция ислоҳоти: Мақсад президент муддатини ноллаштиришми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:02 0:00

Зотан, Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев янги конституция қабул қилинса, Мирзиёевнинг президентлик муддатлари ноллашади, деб баёнот берган:

  • "Янги Конституция қабул қилинса, у албатта барча фуқаролар учун, шу жумладан бугунги президентимиз учун ҳам янги конституция бўйича сайловларда иштирок этишга имконият яратиб беради…" Сафоев

Кадрлар алмашинуви

Конституцияга ўзгартишлар бўйича масъул комиссия раҳбари, Ўзбекистон ҳукумати бош юристи Акмал Саидов Қорақалпоғистондаги норозилик ва айнан “ноллаштириш” режасини ҳануз изоҳлагани йўқ. Озодликнинг Саидовдан изоҳ сўраб қилган мурожаатлари ҳануз жавобсиз.

Аммо, Тошкентдаги Конституциявий комиссия ва ҳокимиятга яқин манбалар, комиссия раиси Саидов, президентлик муддати билан боғлиқ 90-модда қаторида, Қорақалпоғистонга оид ўзгартиришларни, Ўзбекистон Президенти Администрацияси собиқ раҳбари "Зайнилобиддин Низомиддиновнинг бевосита топшириғига биноан" илгари сурганини айтиб келади.

Манбалар, администрация собиқ раҳбари Низомиддинов, эҳтимолий норозилик ва беқарорликлар ҳақидаги огоҳлантиришларга қулоқ солмагани, шу боис ишдан олинганини иддао қилади.

Озодлик ихтиёрида бу иддаоларни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд эмас. Аммо, Зайнилобиддин Низомиддинов, Нукус воқеаларидан сўнг ишдан олинди ва 16 июль куни унинг ўрнини Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов эгаллади.

Президент маъмуриятига ўтганидан сўнг Сардор Умурзоқов, муқаддам қарийб кўзга кўринмаган Зайнилобиддин Низомиддиновдан фарқли, фавқулодда фаоллик билан сиёсий саҳнага чиқди.

Администрация ваколатидан ташқари - Ижро ҳокимияти вакилларини йиғиб, мажлислар ўтказа бошлади, ҳокимларга дакки бериб, ишдан ҳайдади. Сўнгги йирик ҳодиса эса - Умурзоқовнинг Туркманистон президенти билан юзма-юз учрашувидир.

1977 йилда Тошкентда туғилган Сардор Умурзоқов, Ўзбекистон сиёсий элитасида, Мирзиёевнинг энг яқин шогирди ва “кўз ўнгида ўсган, дўст оиланинг ўғли” деб кўрилади.


Муҳими, шу билан президент маъмуриятида ҳам жиддий ўзгаришлар бошланди - охирги тўрт ойда жамоатчиликка эълон қилинган беш тайинлов бўлди. Умурзоқовдан сўнг, унга икки ўринбосар ва бир ёрдамчи тайинланди. Жумладан, президент катта қизи Саида Мирзиёева отасининг маъмуриятига ишга олинди.

У билан бирга яқин ҳамкори - аввал Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги - АОКА ҳамда Масс-медиа фонди раҳбари бўлган Комил Алламжонов ҳам президент маъмуриятига қайтди.

Ўзбекистонда бугунги кадрлар сиёсатида таъсири ортиб бораётган бу тандем - администрацияда Жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати учун масъул бўлди.

36 миллион аҳоли яшайдиган давлатда, президент маъмурияти бошқаруви, нега айнан президентнинг яқин шогирди, давлат ахборот сиёсати бошқаруви эса унинг катта қизию яқин ҳамкорига берилгани сабаблари жамоатчиликка очиқлангани йўқ.

Озодликка аккредитация

Озодлик 2005 йил - Андижон воқеаларидан кейин илк бор Ўзбекистонда ишлаш учун бир неча кунлик аккредитация олди.

2022 йилнинг кузида Самарқандда 2 йирик тадбир бўлди - Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари бўлди.

Ҳар икки тадбирни ёритиш учун маҳаллий ва хориж журналистларидан иборат 500 дан ортиқ матбуот вакили чақирилди. Булар орасида Озодлик мухбирлари ҳам Самарқандга борди.


Бундан ташқари, ҳукумат вакиллари - вазирлар ва давлат қўмиталари раислари Озодликка эксклюзив интервьюлар бера бошлади. Аммо, маҳаллий ва хориж журналистларга берилган янги имконият жуда чекланган.

Жумладан, Озодлик мухбирлари бу тадбирлар давомида ва ундан сўнг ҳам қатор актуал муаммоларга масъул Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги каби идоралар раҳбарларига савол бериш имкони бўлмади.

  • Ҳокимиятнинг юқори бўғинларидаги коррупцион схемаларга оид Озодлик суриштирувлари,
  • газни хорижга сотиб, пулини ўзлаштираётгани иддао қилинаётган ва ҳокимиятга яқин кўрилган монопол ширкатлар,
  • четдан келаётган сармоянинг ҳокимиятдаги алоҳида гуруҳ томонидан ўзлаштирилаётганига оид иддаолар,
  • Ғарб санкцияларига учраган россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг Мирзиёев ҳукумати томонидан лобби қилинаётганига оид Ғарб нашрларидаги хабарлар шулар жумласидандир.

Аксар таҳлилчиларга кўра, президент маъмуриятидаги янги раҳбарият, асосан ҳукумат тадбирларини гўёки ҳукумат истаган шаклда ёритилишига рози, аммо эркин матбуот билан мулоқотга ҳануз ҳозирмас.

Якунланаётган 2022 йилнинг энг муҳим воқеаси, шубҳасиз Россиянинг Украинага босқини бўлди.

Инсоният Иккинчи жаҳон урушидан буён илк бор - қўлида қурол тутган аскарлар, танкларнинг юрган жанг майдондонлари, оловга бурканган шаҳарлар ва бу шавфқатсиз урушнинг қурбони бўлаётган аёллар, болаларга гувоҳ бўлди.

Бу уруш - нафақат Украина ёки унга ҳужум қилган Россия, нафақат бу икки давлатга қўшнилар, балки бутун дунё ва хусусан, Ўзбекистонга ҳам бевосита таъсир қилди.

Россия шу йилнинг 24 февраль куни Украинага бостириб кирди. Кремль бу ҳаракатини ўз таъбирича ҳануз “махсус ҳарбий амалиёт” деб атамоқда. Киев ва дунё ҳамжамияти буни мустақил давлат ҳудудига босқин, деб қораламоқда.

Ўзбекистон ҳукумати эса мураккаб танлов қаршисида қолди. БМТ га аъзо давлатларнинг асосий қисми - бу тажовузни қоралаган бир кезда, Кремлнинг қаттиқ босими остида қолган Ўзбекистон нейтраллик позициясини тутди.

Президент Шавкат Мирзиёев, бошланганидан бери 10 ой ўтган бўлсада, Украинадаги уруш ҳақида шахсан баёнот бергани йўқ.

Ўзбекистон ҳукумати даражасида берилган энг катта баёнот - Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Аблулазиз Комиловнинг шу йил 17 март куни Ўзбекистон Сенатида Украинадаги вазият юзасидан қилган баёнотидир.

Комилов, Ўзбекистон Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олиши, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилиб олган Луганск ва Донецк республикаларини тан олмаслиги аниқ айтди.

Шу баёнотидан сўнг Комилов Ташқи ишлар вазирлигидан кетди ва маълум муддат сўнгра, ими-жимида президент маслаҳатчиси лавозими билан яна ҳокимиятга қайтди.

Ўшанда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига яқин манбалар, вазирнинг Сенатда қилган Украинага оид баёноти, Ўзбекистон президенти маъмурияти билан келишилган - яъни, Ўзбекистоннинг Украина борасида 2014 йил Қрим аннексиясидан сўнг эгаллаб келган позициясига ҳамоҳанг берилган.

Буни эса Ўзбекистон томонининг енг ичида Украинага гуманитар ёрдам кўрсатгани ҳам билвосита тасдиқлаган. Бундай ёрдам ҳақида Украинанинг Тошкентдаги элчиси Микола Дорошенко Озодликка эксклюзив интервьюсида маълум қилганди.


Россиянинг Украинага босқини ҳануз давом этмоқда. Бугунга келиб бу босқин Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида, худди Европа минтақасида бўлгани каби, янги даврни бошлаб берди.

Зотан, Ўзбекистон ва унга қўшни Марказий Осиё мамлакатларини Кремлнинг ихтиёрига қарам қилган қатор факторлар орасида, миллионлаб меҳнат муҳожирларининг тақдири ётибди.

Гарчи Ўзбекистон ҳукумати бир тарафдан Туркия, яна бир тарафдан Европа иттифоқи давлатлари қўллови билан, Россияни четлаб ўтувчи, янги сиёсий ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни қуришга интилаётган бўлса-да, Россиядан келиб турган йиллик ўртача 3 - 5 миллиард долларлик пул ўтказмалари мамлакат иқтисоди учун асло воз кечилмас кирим бўлиб қолмоқда.

2023 йилда ҳам йилнинг муҳим воқеаларини биз билан бирга кузатинг!

Озодлик сайти, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига обуна бўлинг!

Форум

XS
SM
MD
LG