Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:53

Таниқли блогер “суиқасдга учради”. ИИББ "босқинчилик" деб иш очди


Youtube тармоғидаги Ko'zgu каналида президент номига кескин танқидий чиқишлари билан танилган журналист Абдуқодир Мўминов "суиқасдга учраган"ини айтмоқда.

Блогернинг 23 декабрь оқшом тармоқда қилган жонли ёйинида, юзи ва қўлларидаги жароҳат излари, автомобилининг абгор аҳволи акс этган.

Тошкент шаҳар ИИББга кўра, воқеа жойида 5 кишининг бармоқ изи аниқланган, Жиноят Кодексининг 164-моддаси - “босқинчилик” айби билан жиноят иши очилган.

Мўминов Ўзбекистонда коррупция, унга аралашган амалдорлар, хусусан президент оиласига мансублар, шу жумладан куёвларини танқид қилганди.

Абдуқодир Мўминов 23 декабрь оқшом ижтимоий тармоқ орқали қилган жонли ёйинда, уйи яқинида ниқоб таққан бир неча номаълум шахс уни калтаклагани ва аранг воқеа жойидан қочиб қолганини айтди.

"Ҳозиргина юзига ниқоб таққан бир неча номаълум шахслар уйим яқинида мени дўппослаб кетди. Машинамга жиддий зарар етди, ойналарини синдириб ташлашди. Мени ўлдирмоқчи бўлишди. Ўзим қочишга муваффақ бўлдим. Улар адашмасам, беш киши эди. Ўзбекистонда "кўча қонунлари" ишлашни бошлапти шекилли", деди Мўминов.

Ёйин сўнггида у Яшнобод туман ҳуқуқ-тартибот органларига етиб боргани ва қонуний тартибда шикоят қилишини қилишини билдирди.

Мўминовнинг жонли ёйини ўша заҳотиёқ ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бироз сўнгра воқеа жойига борган бир неча блогер ва тармоқ фаоли ҳам жонли ёйинга чиқиб, ҳамкасбига нисбатан ҳужумга дархол ҳуқуқий баҳо берилишини талаб қилди.

Ҳамкасблари узатган жонли ёйинларда, Абдуқодир Мўминовнинг Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Ички ишлар бўлими ҳудудида тургани, ёнида ички ишлар ходимлари акс этди.

Бундан ташқари, Мўминовнинг ўзи ва ҳамкасбларининг кейинги чиқишларида, блогернинг ойнаклари чилпарчин синдирилган автомобили кўчада қаровсиз қолдирилгани, машина ичидаги ашёвий далил, жумладан бейсбол битаси қайд этилмасдан, ички ишлар ходими томонидан олиб кетилгани иддао қилинди.

Хусусан Мўминов ўзи кетма-кет қилган жонли чиқишларда, автомашинасининг видеорегистраторидаги USB флеш-диски расмийлаштирилмай, розилигисиз олиб қўйилганини айтди. Унга кўра, флеш-дискда ҳужум қилган шахслар билан суҳбатлари ёзилиб қолган эди.

Бу ёйинларда Мўминовнинг ИИВ ходимлари ёнига бориб, қайта ва қайта флеш-дискни сўрагани, “қайтариб берилади” деган ваъдани эшитгани акс этган.

24 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати блогернинг “102” рақамига мурожаати асосида тергов бошланганини маълум қилди.

“Воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, барча зарурий тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилган ва холислар иштирокида воқеа жойидан 5 дона қўл бармоқ изи ва 1 дона бейсбол битаси далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган. Шунингдек, фуқаро Мўминовдан бир дона флешкадаги видеоёзувлар текшириб қўриш учун процессуал тарбида олинган”.

Бошқарманинг маълум қилишича, ҳодиса юзасидан Жиноят Кодексининг 164-моддаси (“Босқинчилик”) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Айни пайтда, Мўминовга ҳужум ижтимоий тармоқларда кескин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Мўминов ҳимояси учун 23 декабрь оқшомидаёқ чиқиш қилган ўзбекистонлик фаол Худойберди Зоминий бу ҳодисага зудлик билан ҳуқуқий баҳо берилишини сўради.

Ўзбекистонлик таниқли журналист Илёс Сафаров эса бу ҳодисани “бутун жамият виждонига қилинган суиқасд”, деб баҳолади:

“Шахсан мен блогернинг ҳаёти ва мулкига қилинган бу суиқасддан қаттиқ таъсирландим ва хавотирга тушмоқдаман. Чунки фикри, эркин сўзи учун блогер, журналистнинг таъқибга олиниши, ҳаётига суиқасд қилиниши барча журналист ва блогерларга бирдай таъсир қилади, қўрқувга солади. Бир блогер, журналист ҳаётига суиқасд бу – бутун жамият виждонига қилинган суиқасд”.

Сафаров, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар, суиқасд иштирокчилари ва буюртмачиларини тезроқ топиб жазолайди, деб умид билдирди.

Бундан ташқари, Gazeta.uz ва Effect.uz каби маҳаллий мустақил Интернет нашрлари ҳам ҳодисани ёритдилар.

YouTube даги Ko'zgu канали муаллифи, 30 яшар Абдуқодир Мўминов сиёсий мавзуларни ёритиб келаётган блогер. Каналда Ўзбекистондаги ижтимоий сиёсий ва иқтисодий муаммолар кўтарилган қатор кўрсатувларни эълон қилган.

Жумладан, ўтган йили Зомин давлат қўриқхонасидаги қонунбузарликлар ҳақидаги чиқиши жамоатчилик орасида шов-шув кўтарган. Ушбу кўрсатувида у Зомин туманида президентни орқа қилган амалдорлар қўриқхона ҳудудида бемалол ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар қилаётгани ҳақида гапирганди.

Ўшанда у Озодликка берган интервьюсида президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат қўмиталари ва атроф муҳит ҳимоясига доир янги қароридан ҳам хафсаласи пир бўлганини ҳам очиқ айтган.

Ўтган йили Ахборот хизмати очмоқчи бўлиб, шу йўналишда иш бошлаб турувдим, Президент администрациясидан телефон қилиб қолишди. Биздан қандай ёрдам керак, деб сўрашди. Фирмамнинг фаолиятини юритишим учун машина, оргтехника олишга 200-300 миллион сўм кредит керак, дедим. Ёрдам берамиз, дейишди. Лекин ҳалигача ҳеч нарса бўлмади”, деган эди Мўминов Озодликка берган 2021 йил февралда берган интервьюсида.

Озодлик мухбири Абдуқодир Мўминов билан 24 декабрь, куннинг биринчи ярмида телефон орқали боғланди. Журналист ўз уйида эканини, чарчаганини, саволларга кейинроқ албатта жавоб беражагини билдириш билан чекланди.

Форум

XS
SM
MD
LG