Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:34

"Бизгача кукуни етиб келади". Ўзбекистонда "Каримов кўмири"га талаб сақланиб қолмоқда


Ўзбекистоннинг газ қувури етиб бормаган жойларида шу кунларда аҳолига арзон кўмир тарқатилмоқда.
Ўзбекистоннинг газ қувури етиб бормаган жойларида шу кунларда аҳолига арзон кўмир тарқатилмоқда.

Қишнинг илк кунлариданоқ энергетик бўҳрон ичида қолган Ўзбекистоннинг кўпгина жойларида шу кунларда аҳолига арзон кўмир тарқатилмоқда.

Килоси 303 сўм бўлган “халқ кўмири” ёки "Каримов кўмири"дея ном чиқарган бу ёнилғи учун баъзи жойларда навбатлар юзага келган.

Лекин, жойларда одамлар етказиб берилаётган кўмирнинг сифатидан норози.

Андижон вилояти Пахтаобод туманилик Аҳмаджон ака Озодлик билан суҳбатда кўмирни ëқолмай хуноб бўлаётганини айтади.

“Мана шу уюмдан чиққан кўмирни йириги мана шу, қолгани майда кукун. Ҳамма норози. Кўмир ҳокаси, майдаланиб кетган, шуни бизга беряпти. Мана, печкани қиздирмаяпти. Буни ўзини ёқиб ишлатолмайсиз. Ёниб турган оловнинг устига сепасиз. Ёки баклажкага кукунни солиб, устига сув қўйиб қотириб қўясиз. Шунда ҳам яхши ёнмайди. Мана, қаранг ёнмайди. Мана шуни бизга беришди. Йиригини оламан десангиз у чайқовчиларда, унга қурбимиз етмайди”, - дейди Аҳмаджон ака.

2012 йилда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси аҳолини давлат томонидан белгиланган арзон нархда кўмир билан таъминлашга оид дастур қабул қилган эди.

Бу дастурда мамлакат аҳолисини қиш пайтида Ангренда қазиб олинган кўмир билан таъминлаш назарда тутилган эди.

Арзон, аммо яхши ёнмайдиган сифатсиз кўмир халқ орасида "Каримов кўмири" номини олган.

"Ёнмайди ва сассиқ тутун чиқаради", - дейди Аҳмаджон ака.

Ҳаёт-мамот масаласи

Ўзбекистоннинг газ қувури етиб бормаган қишлоқлари аҳолиси кўмир улар учун ҳаёт-мамот масаласи эканини айтишади.

Андижоннинг Эски шаҳар қисмида яшовчи тадбиркор Ҳаётулло Байбаевнинг Озодликка айтишича, совуқ тушиши билан Ангрен кўмирининг килоси қўлда 2 минг сўмдан ошиб кетган.

“Яхши кўмир оламан десангиз 2 минг, 2 ярим минг сўм, килоси. Ангреннинг кўмири. Ўтган сезонда 800-900 сўм эди. Бу йил бирдан қимматлаб кетди. Ҳозир кўмир ёқмаса бўлмайдиган бўлиб қолган-да. Газ умуман йўқ. Печка ёқиш учун кўмир керак”, - дейди Ҳаётулла Байбаев.

Фарғоналик блогер Дима Қаюм бир оиланинг қишдан эсон-омон чиқиши учун 5-6 тонна кўмир зарурлигини таъкидлайди.

“Битта қишдан чиқиш учун иккита келини бор оила учун 5-6 тонна кўмир керак. Ўтин ҳам керак. Кўмирни ёқиш учун . Кўмирнинг килоси ҳозир 2 ярим минг сўм атрофида бўлса, демак бир оилага қишдан чиқиш 2 минг АҚШ долларига тушяпти. Қишлоқ жойларида бу жуда катта пул. Шунинг учун аҳоли навбатда туриб бўлса ҳам ўша сифатсиз кўмирни олишга мажбур, ёки таппи ёқишдан бошқа чораси йўқ”, - дейди Дима Қаюм.

Блогернинг айтишича, яна бир муаммо кўмир транспортировкаси.

“Кўмир юк машиналарда ташилади, метан, бензин ҳам қимматлаб кетган. Ташиш пули ҳам кўмир нархи устига миняпти, қимматлаяпти. Шунинг учун қишга ёзда захира қилиб қўйиш керак”, - дейди Дима Қаюм.

Кўмир чайқовчилиги

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакиллари арзон кўмирнинг катта қисми чайқовчилар қўлига ўтиб кетаётгани ёки ўғирланаётганидан ташвиш билдирди.

"Кўмир Ангрендан то бизга келгунича ўғирланиб, бизгача кукуни етиб келади", - дейди андижонлик Аҳмаджон ака.

Тармоқларда эса кўмир ортилган поездлардаги ўғриликлар акс этган видеолар муҳокама бўлмоқда.

Видеотасвирда кўмир ортилган юк поезди ҳаракатланиб кетаётгани, вагонлар устида ўрта ёшлардаги эркаклар кўмир тошларини ерга улоқтираётгани акс этган.

Кадр ортидан гапирган эркак бу ҳодиса Ангрен кўмир конига яқин жойда бўлганини айтади.

Ўзбекистонлик блогер Шокир Хондавлатов кўмир ўғриликлари ҳақида Facebook саҳифасида ёзди:

“Ангрен кўмир конидан кўмирни юклашётгонда ўша жойни ўзидаёқ "испарения" бўлади. Яна йўлга чиқгач, йўл-йўлакай ўғрилар тўдаси ёпирилади. Ҳа айтганча, кўмир ўғрилари билан машинистлар хам шерик. Яъни ўша ўғрилар вагон тепасига чиққанида поездни секинлаштирар экан. Шу ўғрилар 8-10 тоннагача кўмирнинг сарасини ўғирлашларини эшитдим. Наҳот шунчалик қароқчи ўғри халқ душманларини йиғиштириб қўйишнинг имкони бўлмаса? ”, - деб ёзди блогер.

Улкан кўмир захирасига эга давлат

Global Energy Monitor маълумотига кўра, Ўзбекистон кўмир етиштириш бўйича дунё давлатлари орасида 34-ўринда туради.

Мамлакатда ҳар йили 4 миллион тоннадан зиёд кўмир қазиб олинади.

Бу эса Ўзбекистонда кўмирга бўлган талабнинг саксон фоизини қондиради.

Ўзбекистон конларида 1853 миллион тонна қўнғир кўмир ва 47 миллион тонна қора кўмир мавжуд.

Кўмирнинг умумий захиралари 5, 7 миллиард тоннадан кўпроқни ташкил қилади.

Ўзбекистон шунча кўмир захирасига эга бўлатуриб, нега халқини сифатли ва арзон кўмир билан таминлаб беролмаяпти?

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг исми очиқланмаслигини сўраган масъул ходими Озодликнинг бу саволига жавоб берар экан, жойларда кўмир танқислигига чайқовчилик сабаб бўлиши мумкинлигини айтди.

- Чайқовчиликлар бор. Тонналаб олиб, қимматга сотишади. Ўзаро тил бириктириш, келишиб ҳаракат қилиш ҳолатлари йўқ эмас. Лекин бизда аҳолига етадиган керагидан ҳам ортиқ кўмир бор, - деди "Ўзбеккўмир" АЖ мулозими.

Табиий газга қараганда кўмир ёқиш арзонроққа тушади. Шу сабабдан кўпчилик уйларини кўмир билан иситади. Аммо кўмирнинг нархи давлат назоратига олинганига қарамай, кескин қимматлаган ва нархлар яна ўсмоқда.

Газ-свет ваъда қилган Мирзиёев Ўзбекистони: ўтин қиммат, кўмир танқис, газ-свет ҳамон йўқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:13 0:00

Ушбу дастурда мамлакат аҳолисини қиш пайтида Ангренда қазиб олинган кўмир билан таъминлаш назарда тутилган.

Соҳани яхши билган мутахассислар Ўзбекистонда аҳолига арзон нархда сотилаётган Ангрен кўмирининг сифати талабга жавоб бермаслигини айтишади.

Қиш мавсумида кўмир етишмаслигининг яна бир сабаби эса, мамлакатда қазиб олинадиган кўмирнинг қарийб 90 фоизи электр энергияси ишлаб чиқаришга сарфланишидир.

Ўзбекистонда асосий иккита кўмир кони бўлиб, булардан бири Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳудудида жойлашган “Ўзбеккўмир” АЖга қарашли бўлса, иккинчиси Сурхондарёда жойлашган “Шарғункўмир” конидир. Ангрен кўмир заводидан қўнғир кўмир қазиб олинса, Сурхондарёда жойлашган кўмир конида тошкўмир қазиб олинади.

“Ангрен” кўмир кони Марказий Осиёдаги йирик конлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда қаттиқ ёқилғи ишлаб чиқариш ҳажмининг 85 фоизи шу корхона ҳиссасига тўғри келади.

“Ўзбеккўмир” АЖ маълумотига кўра, мамлакатда ҳар йили қазиб олинадиган 4 миллион тоннадан ортиқ кўмирнинг қарийиб 3 ярим миллион тоннаси иссиқлик электр станцияларига, 400 минг тоннаси бюджет ташкилотларига, қолган 900 минг тоннаси аҳолига етказиб берилади.

Қаттиқ ёқилғининг асосий истеъмолчиси электр энергияси сектори ҳисобланади. Бу эса кўмир умумий истеъмолининг 85 фоизидан ортиғини ташкил қилади.

Форум

XS
SM
MD
LG