Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:57

Гулнора Каримовага 303 млн доллар қайтарилиши мумкин


Гулнора Каримованинг адвокатлари Швейцария судида ишни ютиб чиқди, деб хабар беради Bloomberg Law.

Адвокатлар Швейцария прокуратурасининг айблов стратегиясини танқид қилиб чиққан. Апелляция палатаси асосий тергов давом этаётган бир пайтда Каримованинг маблағлари қўшимча процессда мусодара қилиниши айбсизлик презумпциясини бузган, деб топилган.

Гулнора Каримова порахўрлик ва пул ювишда айбланган эди. Бироқ, адвокатлар у мансабдор шахс бўлмагани учун айбловлар ноқонуний эканлигини исботлай олишди. Адвокат Грегуар Манжа ўз Твиттерида "293 миллион франкни мусодара қилиш бекор қилинди", деб ёзди.

Судда қозонилган ғалаба Гулнора Каримованинг Швейцарияда музлатиб қўйилган 303 миллион доллар маблағини қайтариб олиши учун қонуний асос яратиши мумкин.

2020-йил март ойида Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги Швейцария, Франция, Россия, Латвия ва бошқа мамлакатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда “Гулнора Каримованинг жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард доллардан кўпроқ мол-мулкини қайтариш бўйича" иш олиб бораётганини маълум қилган эди.

2021-йил охирида Швейцария суди Гулнора Каримова ва унинг шерикларини пул ювишда айбдор деб топиб, 293 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилганди.

Гулнора Каримованинг ўзи эса 2015 йилда беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, кейин эса 2019 йилда колонияга ўтказилган.

У 2020-йил март ойида “давлат маблағларини ўзлаштириш ва Ўзбекистон манфаатларига зид бўлган шартномалар тузиш, шунингдек, ўта йирик миқдорда товламачилик йўли билан ўзгаларнинг мулкини эгаллаб олиш” фактлари бўйича яна 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилган эди.

XS
SM
MD
LG