Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:44

Конституция: Гапириш фурсати

📌Озодлик ўзбек зиёлиларининг конституция янгиланиши борасидаги фикрларини сўради.

30 йил ичида 15 марта ўзгарган Ўзбекистон бош қомуси яна ўзгарадиган бўлди. Кутилаётган ўзгаришлар ҳақида илк бор ўтган йил октябрида иккинчи муддат, конституция бўйича охирги муддатга сайланган Шавкат Мирзиёевнинг ўзи гапирганди.

Конституцияни бот-бот ўзгартириш авторитар режимларга хос кўриниш. Хусусан, Марказий Осиё учун бу янгилик эмас.

Ўзбекистон конституцияси 1992 йилнинг 8 декабрида қабул қилинган. Ислом Каримовнинг 23 йиллик ҳукмронлиги даврида бош қомус 7 марта ўзгартирилган бўлса, Шавкат Мирзиёев асосий қонунни янгилашда устозини чангда қолдириб кетди: 6 йил ичида бош қомусни тўққизинчи марта ўзгартириш ҳаракатлари кетмоқда.

Конституциянинг ўзгариш тарихи:

Ислом Каримов даврида

1. 1993 йил 28 декабрь
2. 2003 йил 24 апрель
3. 2007 йил 11 апрель
4. 2008 йил 25 декабрь
5. 2011 йил 18 апрель
6. 2011 йил 12 декабрь
7. 2014 йил 16 апрель

Шавкат Мирзиёев даврида

8. 2017 йил 6 апрель
9. 2017 йил 31 май
10. 2017 йил 29 август
11. 2018 йил 15 октябрь
12. 2019 йил 18 февраль
13. 2019 йил 5 март
14. 2019 йил 4 сентябрь
15. 2020 йил 24 ноябр

30 йил давомида бош қомус 15 марта ўзгарган бўлса, бунинг натижасида жами 77та нормага тузатиш, ўзгартириш ва қўшимча киритилган.

Одатда, айниқса, авторитар давлатларда бош қомусни ўзгартириш амалдаги президентнинг ўз курсисида узоқроқ қолишига имкон бериш мақсадида амалга оширилади. Жумладан, Ислом Каримовга ҳам бу қўл келган. Ўзбекистон Бош қомуси бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президент бўлишини тақиқлаганига қарамай¸ Ислом Каримов 27 йил давомида Ўзбекистоннинг ягона президенти бўлди.

Аъзам Обидов, шоир ва таржимон

Конститутцияга ўзгартириш киритилмоқчи бўлса, энг аввало унда “матбуот ва ОАВ давлат назоратидан холи ва тўла мустақилдир” деган модда бўлмоғи шарт.

Унда соғлом мухолифат, сиёсий рақобат ҳақида ҳам гап бўлсин. Яна, худди ОАВ каби, адабиёт, маданият ва санъат соҳаси ҳам мустақил ва эркин бўлиши белгиланса.

Йўқса, президентлик муддатини узайтириш, ноллаштиришни асл мақсад остига яширганча, гапни узоқдан бошлаб, чайналиб айлантириш шартмас.

Муҳаммад Матжон, журналист

Инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган жамиятларда Конституциявий ўзгаришлар мухолиф сиёсий партияларнинг қаттиқ назорати остида ўтади.

Янги Ўзбекистонда Президент сайлови каби, мухолиф сиёсий партияларни оғзини ёпиб ўтказишяпти. Халқ ғафлатда.

Беруний Алимов, собиқ дипломат, “Янги медиа таълим маркази” раҳбари

Ушбу ўзгаришлар аввало Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини, унинг суверенитетини, хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак. Давлатимизнинг замонавий “челленжлар”, таҳдидлар олдида янада кучли ва иродали бўлиши учун хизмат қилиши шарт.

Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг мамлакат ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам том маънода ҳимояланиши ва унга ҳомийлик кўрсатилишининг кафолатланишига эришилиши лозим. Бундан ташқари, ҳар кимнинг интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эгалигининг алоҳида қайд этилиши, сўзсиз, ижобий натижа бериши керак. Чунки бу ёғига орқага қараб кетолмаймиз.

Муҳокамаларга сабаб бўлаётган масала ҳақида ҳам бир оғиз гапириб ўтсам. Ҳозирги раҳбарнинг учинчи муддат президент бўлиши-бўлмаслиги қарорини ҳозир Ўзбекистонга бўлаётган, олдинги даврда мутлақо кузатилмаган янгича, янада агрессивроқ ташқи сиёсий таҳдидлар билан боғлаган бўлардим.

Шахсан, “демократия йўлида” дейилаётган ҳар қандай ўзгариш ёки реформани қўллаб-қувватлайман. Бироқ Конституцияга киритиладиган янгиланишлар кейинчалик амалиётда қай даражада ишлайди? Бундан кейин қонунларнинг устунлиги реал тан олинадими? Ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий ва демократик давлат сифатида ўзимизни кўрсата оламизми?

Назаримда, шуларга тайёр туришимиз керак.

Жаҳонгир Муҳаммад, собиқ депутат, журналист

1992 йил, Ўзбекистоннинг янги Конституцияси қабул қилингунга қадар лойиҳага жиддий эътирозлар бор эди ва сессияда уни атрофлича муҳокама қилмоқчи эдик. Аммо Ислом Каримов муҳокама қилмасликнинг йўлини топди. Ўринбосари ва Бош маслаҳатчисини вилоятларга жўнатди. Бош қонунни гўёки ҳар бир вилоятдан сайланган депутатлар иштирокида жойларда қараб чиқилди, деб сессияда муҳокамаларсиз овозга қўйилди. Биз унда давлатнинг бошқариш мувозанати бузилганига қарши эдик. Ҳамма ваколат битта одамга берилган ва бу диктатуранинг қонунан ўрнатилиши эди. Камина унга қарши овоз бердим. Вақт ўтиб билдимки, ўшанда тўғри қилган эканман. Лекин кўпчиликнинг фикри ва қарашида бизнинг гапларимиз хато эди. Буни Конституция қабул қилиниши муносабати билан “Наврўз” кошонасида миллат вакилларига, сарой аъёнларига берилган зиёфат ҳам исботлади.

1992 йилда ёзганим ва 1994 йилда "Эрк" газетасида чиққан мақоламдан парча келтирмоқчиман: “Масалан, ҳурматли шоиримиз Шукрулло халқи-мардумнинг ўртасида президентни оз деганда ўн марта чўлпиллатиб ўпдилар. Президент қўл қовуштириб турар, Шукрулло ака эса “илиқ” гаплар билан унинг кўнглига сув сепардилар.

Бирдан Олмахон Ҳайитованинг жарангдор овозлари янгради. Ўртага Хоразм вилояти ҳокими Маркс Жуманиёзов чиқди. У қарсаклар оғушида гоҳ қош учириб, гоҳ ўтириб-туриб ўйнарди. Самарқанд вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов рақсга уста эмас экан. Бухоро вилоят ҳокими Дамир Ёдгоровнинг эса “бадани”да бор экан, анча вақт давра айланди. Ҳатто, бир қўли билан қошини юқори кўтариб, президентга қараб “ҳунар” ҳам кўрсатди.

Навбат миллатнинг гули ва ақли бўлмиш ижодкорларга келди. Тўғрироғи, президент сўзни аввал Саид Аҳмадга, сўнг Одил Ёқубовга берди.

Саид Аҳмад микрофонни икки қўллаб ушлаганча даврага бир назар солдиларда юракларини очдилар. –Мен ҳам мустақиллик учун курашганлардан бириман, – деди у киши. – Советлар империясида мустақиллик ҳақида гапириш у ёқда турсин, ҳатто фикрлаш ҳам қўрқинчли эди. Лекин биз юрагимиздаги бу дардни асарларимизга сингдирдик. “Келинлар қўзғолони”ни ёзарканман, дилимда шу мақсад эди. Марказ зулмидан озод бўлиш ғояси асаримнинг бошидан охиригача чекинмайди. Бу асарда ўн беш мустамлака жумҳуриятнинг дарди, ташвишларрини беришга интилдим. Бош қаҳрамонларимнинг ҳар бири бир жумҳуриятнинг образидир… Муҳтарам президентимиз Ислом ака Каримов мустақиллигимизни эълон қилган паҳловон халқимизнинг Алпомиш ўғли, умидларимизнинг ёрқин шўъласидирлар. Мана, яна у кишининг дадил ва жасоратли одимлари билан юртимизнинг янги Бош қонуни қабул қилинди…

Одил Ёқубов янада жозибали, янада образли нутқ ирод этдилар: –Ўзбекистон ярадор, мажруҳ бир от, тўғрироғи тойчоқ эди. Рус мустамлакаси пайтида эзилган бу тойчоқнинг кўзлари ёш, дарди оғир эди. Ислом Абдуғаниевич унинг ёшларини авайлаб, ёлларини тараб, силлиқлаб, ярасига малҳам босиб парваришладилар. Бу тойчоқ тезда куч тўплаб, парвозга шайланган от ҳолига келди. Бугун Ислом ака соҳиби давлат сифатида уни эгарладилар. Дул-дул юксак парвозларга шайланди. У ўз чавандозига, чавандози эса унга ярашиб турибди. Бугун Ислом аканинг мардлигини кўролмаётганлар бор. Улар адашган, кимдандир, нимадандир норози кишилардир. Шу сабаб, Сиз Ислом ака, ундайларга эътибор ҳам берманг. Халқ уларга аллақачон баҳо бериб бўлган. Шундай деймизу, аммо улар асабни эговлаб, катта ишлар ва мақсадлар йўлида тўсиқ бўлишгани аянчлидир…

Сўнг Ортиқ Отажонов президентга “бир капгир” мақтов ёғдириб, қўшиқ бошлади.

Даврага раислик қилаётган Наманган вилояти ҳокими, президент ибораси билан айтганда “оқсоқол” Бургутали Рапиқалиев ишораси билан ўртага яна ҳокимлар чиқдилар.

Рақс тугагач, Каримов “икки улуғ адиб” шарафига қадаҳ кўтаришни буюрди. Стол устидаги шишалар аллақачон бўшаб қолгани учун баъзи аъёнлар бўш қадаҳларни кўтариб, буйруқни бажардилар.

Қўшиқ айтиб турган Ғуломжон Ёқубовга президент ниманидир ишора қилди. У куй оҳангини ўзгартириб, Каримовга Мустақиллик куни ёқиб қолган насиҳат – қўшиғини бошлади.”

Буни нега эсладим? Ўзбекистонда бугун ҳам айни вазият. Таклифлар, танқидлар эмас, мақтовлар янграйдиган замон. Бундай ҳолда қабул қилинадиган ҳар қандай ҳужжат бир кишининг қош-қовоғига, йўлини очишга, халққа эмас, унгагина хизмат қилишга асосланади.

Ҳозир муҳокамага қўйилган ўзгаришларда ҳам ўша 1992 йилда рад этилган таклифлар инобатга олинмаган. Бошқарув мувозанати айни. Ҳамма иплар битта одамнинг қўлида. У масхарабоз каби бу ипларга одамларни ҳам боғлаб олган.

Ижтимоий тармоқларда, муҳокамаларда қанчадан қанча яхши таклифлар берилди, лекин инобатга олинмади. Вавилонда тахта-чўпга битилган Ҳаммураби битиги дунёнинг илк конституцияси деб билинади.

Ўшандан бери минглаб Конституциялар яратилди, яратилмоқда ҳамда яратилади ва янгиланиб, қўшимчалар қўшилиб борилади. Бу табиий жараён. Аммо битта нарсани унутмаслигимиз керак: бу ҳужжат жамиятнинг қаршиликли шартномаси бўлиши керак.

Бошқарувнинг ваколат ва мажбуриятлари нимадан иборат ҳамда халқнинг ҳақ-ҳуқуқари ва мажбурияти қандай? Конституция буни белгилаб беради. Шундай экан бу ҳужжатни қабул қилишда икки томон бирдек иштирок этиши зарур.

Халқ ҳокимият қандай бўлишини истайди? Буни амалдорлар эмас, халқнинг ўзи айтиши зарур. Ҳар икки томоннинг вазифасини ҳам бир томон бажариши бу нафақат мантиқсизлик, балки мазкур ҳужжат шунчаки қоғоз бўлиб қолишидан далолатдир. Бугунга қадар бу ҳужжат қоғозда қолганидек, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Чунки унда бошқарувнинг бузилган мувозанати тузатилмаётир ва диктаторликка кўк чироқ ёқилган.

Шундай экан, бошқа масалалар ва ўзгаришларнинг аҳамияти ҳақида гапириш ортиқча. Бу фақат бир кишининг йўлини ёритишга ва уни тахтда бир умр қолишига йўл очади, холос. Бизда садоқат ўша бир кишига қаратилган. Қачонки, садоқат шахсга эмас, Конституцияга йўналса, ўша пайтда бу ҳужжат ишлайди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG