Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:00

Мустафо Жамилев: Бир давлат ҳужум остида экан, бетараф туриш аҳлоқан нотўғри


Қрим татарлари раҳбари, Украина Олий Радаси депутати, Украина президентининг Қрим бўйича махсус вакили Мустафо Жамилев.
Қрим татарлари раҳбари, Украина Олий Радаси депутати, Украина президентининг Қрим бўйича махсус вакили Мустафо Жамилев.

Қрим татарлари раҳбари, Украина Олий Радаси депутати Мустафо Жамилев Киев ҳукумати бир қарич ҳам ерини бировга ҳадя қилмаслигини айтди.

“Кимки Украинада Қримни Россиянинг таркибий қисми сифатида тан оламан, дегудек бўлса, шу ондаёқ “Ватан хоини” деб эълон қилинади”, - деди Жамилев Озодлик билан суҳбатда.

Мустафо Жамилев, шунингдек, Ўзбекистоннинг Украинага оид позициясини олқишлашини айтди.

Қрим ишғолидан саккиз йил ўтиб қримтатарларнинг ҳаётида нималар ўзгаргани, ҳақида сўзлаб берди.

Озодлик :- Мустафо оға, суҳбат аввалида Ўзбекистоннинг Украинага оид позицияси ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдик. Украинада уруш бошланганидан 22 кун ўтиб, Ўзбекистон бу борадаги расмий позициясини очиқлади, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олиши, бўлгинчи "Луганск ва Донецк халқ республикалари"ни эса тан олмаслигини билдирди. Ўзбекистон ҳукуматининг тутган бу позицияси ҳақида нима дея оласиз?

“Россиянинг тажовузлари бўйича 16 та резолюция овозга қўйилган бўлса, Ўзбекистон ҳамиша ё бетараф қолган, ёки Россия тарафини олган. Россиянинг Украинага қарши агрессияси қораланган сўнгги резолюцияни тарихий кўпчилик – 141 давлат қўллаб-қувватлаган бўлса, Ўзбекистон бетараф қолди. Бир мамлакат иккинчисига ҳужум қилиб, ҳудудининг бир қисмини тортиб олган пайтда бетараф позицияда бўлишни ахлоқан тўғри иш деб ўйламайман. Лекин агар энди Ўзбекистон шунақа баёнот берган бўлса, фақат олқишлашимиз мумкин”.

Озодлик: – Мустафо оға, шу ерда аниқлик киритиб ўтcак. Ўзбекистон бетараф эмас, балки овоз беришда қатнашмади, десак тўғрироқ бўлади. Сизнинг-ча, Украина масаласида ўз позициясини эълон қилиш учун Ўзбекистон ҳукуматига нега бунча узоқ вақт керак бўлди?

“Россия юзсизларча хатти-ҳаракатлари, тинч шаҳарларни бомбалаши ва минглаб одамларни ўлдириши ортидан халқаро майдонда буткул яккаланиб қолди. Украинага бостириб кирганидан сўнг БМТда резолюция овозга қўйилганида Россиянинг позициясини унинг ўзи билан бирга атиги бешта давлат дастаклаганди. Булар: Башар Асаднинг Сурияси, қанақадир Эритрея, Шимолий Корея, Беларусь – шу холос. Ўзбекистон ҳам қайсидир маънода ана шу ёмон ном чиқарганлар билан қарийб даврадош бўлиб қолди. Обрў-эътиборини қадрлайдиган ҳар қандай мамлакат бунақа пайтларда бир томонни танлаши керак бўлади. Ва алоҳа шундай баёнот беришган бўлса, жуда тўғри қилишибди”.

Қрим татарлари депортация қурбонларини хотирлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:18 0:00

– Россия Қримни оккупация қилганига 8 йил тўлди. Бугунги кунда қримликлар, хусусан қримтатарларнинг ҳаёти қандай? Мана шу ўтган давр мобайнида қанақа ўзгаришлар содир бўлди?

“Россиянинг Қрим туб аҳолиси – қримтатарларга нисбатан сиёсати уларни террор ёрдамида доимий қўрқувда тутишга ва ерларини тарк этишга мажбур этишга асосланган. Бир пайтнинг ўзида Россия Қримга мамлакат ичкарисидаги фуқароларини оммавий кўчириб келиб, ерлаштирмоқда. БМТ бош котиби Гутьерреш икки йил йил аввал эълон қилган маълумотда Қримга Россиядан қарийб 140 минг киши кўчириб келингани айтилган. Лекин аслида тахминан ярим миллион, айрим маълумотларга қараганда эса бир ярим миллион аҳоли кўчириб келинган.

Қизиғи шундаки, улар нафақат қримтатарларга, балки бошқа маҳаллий халқлар, шу жумладан русларга ҳам ишонишмайди. 2014 йилда Россия байроқларини силкитган коллаборантларнинг ҳам аксарияти ҳайдалган ёки Узоқ Шарққа жўнатиб юборилган – бир сўз билан айтганда, Қримни унинг туб аҳолисидан тозалаш ишлари кетяпти.

Қримтатарлар эса биз учун алоҳида бир фожиадир. Тарихий ватанимизга қайтиш учун ярим асрдан ортиқ курашган эдик. Энди бўлса кўплаб қримтатарлар ўз ерларини ташлаб кетишмоқда, шунга мажбур бўлишяпти. Биз ҳамиша қримликларга мурожаат этиб, эртами, кечми Қрим оккупациядан озод бўлиб, Украина таркибига қайтади, дея улардан бундай қилмасликни, сабр қилиб туришни ўтинамиз. Аммо одамлар қамоққа олинаётган, қийноқ ва хўрликларга гирифтор этилаётган экан, уларни тушуниш мумкин.

Қрим Россия Федерацияси таркибида қоладиган бўлса, қримтатарлар ё ўз ерларидан бутунлай қувилиб йўқ бўлади, ёки рус миллатига синггиб кетади – чунки уларга қарши жуда кучли руслаштириш сиёсати олиб борилмоқда”.

– Шу саккиз йил давомида қанча қримтатар яриморолни тарк этди?

“Аниқ маълумотлар йўқ, бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра – чамаси 30 минг киши. Катта миқдор, лекин бу яриморолда яшаган қримтатарларнинг атиги 10 фоизини ташкил қилади”.

– Айни пайтда Украинада қанча қримтатарлар яшашяпти?

“Биз Қримда 300 минг нафарга яқин миллатдошимиз яшаганидан келиб чиққан эдик, шундан чамаси 30 минг қримтатар кетган бўлса-да, туғилиш ҳисобига нуфусимиз деярли тиклангандир, деб ўйлайман. Бироқ, афсуски, кўпчилик барибир Қримдан кўчиб кетиш пайида”.

– Мустафо оға, ҳозир, мана, уруш кетяпти. Айтинг-чи, Украина Қуролли кучлари сафида жанг қилаётган қримтатарлар сони қанча?

“Украинанинг материк қисмида яшаётган қримтатарларнинг барчаси ё Украина Қуролли кучлари, ё бўлмаса ҳудудий мудофаа отрядлари сафида жанг қилишяпти. Яъни, бошқа барча фуқаролар қаторида мамлакатимизни ҳимоя қилишмоқда”.

-Россия-Украина музокаралари ҳақида Сизга нималар маълум? Бу уруш яна қанча давом этиши мумкин? Музокаралар ҳақида нималарни биласиз? Унда нималар муҳокама қилинмоқда?

“Беларусь-Украина чегарасида кечган музокараларда Россия томони ўта абсурд, мутлақо номақбул талабларни илгари сурди. Яъни, биз Қримни Россия ҳудуди деб, Донецк ва Луганск республикаларини эса мустақил деб тан олишимиз, НАТО ва Европа Иттифоқига кириш фикридан қайтишимиз, қуролларимизни ташлашимиз – бир сўз билан айтганда, уларга сўзсиз таслим бўлишимиз керак эмиш. Шундай қилсак, шаҳарларимизни ўққа тутишни тўхтатишга ваъда беришяпти.

Аслида уларнинг мақсади уч кун ичида Киевни босиб олиш, сўнгра Украина тепасига қўғирчоқ раҳбариятни келтириш бўлган. Шу умидда Януковични Минскка олиб боришди ҳатто, унинг воситасида Қримни тан олиш ва ҳоказо талаблар киритилган битимни легаллаштирмоқчи бўлишди.

Лекин амалда нима бўляпти?

Мана бугун урушнинг 22-куни. Душман ҳужуми тўхтатилган. Бирон силжиш йўқ. Катта талафот кўришяпти. Музокаралар давом этмоқда. Анави бўлмағур талабларидан ҳануз воз кечишгани йўқ, аммо уларнинг гап оҳанглари бир оз ўзгарган. “Бандерачи”, “нацист” деган иддаолар ғойиб бўлди”.

– Мустафо оға, Украина ҳукумати Қрим масаласида сизлар билан маслаҳатлашиб турибдими?

“Албатта. Яқинда ҳам президент Зеленский топшириғига кўра Туркияга бордим. Раҳбарият миллий манфаатлардан келиб чиқиб, зиммамизга аниқ вазифалар қўяди”.

– Хабар қилинишича, 18 март санасида Россия президенти Владимир Путин Туркия жумҳурбоқони Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали сўзлашганида унга Украина борисида ўз талабларини баён қилган эмиш. Улар орасида, жумладан, Қримнинг Россия ҳудуди ўлароқ тан олиниши масаласи ҳам бор. Сизнинг-ча, Украина ҳукумати урушга чек қўйиш учун Қримни тан олишгача бориши мумкинми?

“Сизга айтар гапим шуки, биз бир қарич ҳам еримизни бировга ҳадя қилмоқчи эмасмиз. Ҳар қандай давлат мулозими, агар у Қримни Россиянинг таркибий қисми сифатида тан оламан, дегудек бўлса, шу ондаёқ “Ватан хоини” деб эълон қилиниб, лойиқ жазосига мустаҳиқ этилади. Бу борада ён бериш мутлақо йўқ”.

– Демак, музокараларда Қримни тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас?

“Нафақат Қрим, балки Донбассни масаласида ҳам аҳдимиз қатъий. Умуман, биз БМТ Бош ассамблеяси ва барча халқаро ташкилотларнинг Украина суверенитетини унинг халқаро тан олинган чегаралари доирасида тан олишга доир талаблари бажарилиши учун курашяпмиз.

– Ҳозирги кунда Россия қўшинлари Қрим билан чегарадош бўлмиш Херсон вилоятини бутунлай эгаллаб олди. Икки кун олдин эса президент Владимир Путин тадбиркорларни Қрим ҳудудида фаолият юритишга даъват қилди. Мана шу воқеалар манзарасида Қрим тақдирини қандай тасаввур этасиз?

“Улар бизнес тузилмаларини шундоғам Қримга судраб олиб боришаётганди, лекин Қримда тадбиркорлик учун ҳеч қанақа истиқбол йўқ, нафақат Қримда, балки – Қўшма Штатлар ва ўзга Ғарб мамлакатлари томонидан ниҳоят жорий этилган бу даҳшатли санкциялардан сўнг бутун Россияда аҳвол шундай бўлиб қолади. Бинобарин, тадбиркорларни Қримга ҳайдаб боришадими, йўқми, бу ҳеч нимани ўзгартирмайди.

Россия бутун Украинани, ҳатто пойтахт Киевни тўлиқ босиб олган тақдирида ҳам барибир ютқазади. Чунки 21 асрда бунақа рўй-рост бандитлик қилинишига ҳеч ким индамай қараб турмайди. Бу урушда ғалаба қилиши ёки мағлуб бўлишидан қатъий назар, Путин ютқазади. Аммо ғалаба унга насиб этмайди, чунки бунақа қаршиликни у мутлақо кутмаганди. Улар неча йиллардан бери ўзлари олиб бораётган пропагандага ўзлари алданиб, гўё Украина ҳукуматининг зулмидан безган аҳоли, айниқса этник руслар бизнинг йўлимизга интизор бўлиб турибди, деб ўйлашган эди. Ва, эътибор беринг: русийзабон деб аташ мумкин бўлган Мариуполь, Херсон, Николаев шаҳарларининг аҳолиси рус қўшинини гуллар билан эмас, қурол билан кутиб оляпти. Шу пайтгача Россия бу шаҳарлардан ҳеч бирини ишғол эта олгани йўқ. Қақшатқич қаршилик кўрсатишяпти, нафақат украинлар, балки рус миллатига мансуб ватандошларимиз ҳам душманга қарши аёвсиз жанг қилишмоқда”.

– Сизнинг-ча, Ғарб давлатлари томонидан жорий этилган санкциялар Украинани нечоғли қониқтиради? Бу санкциялар етарлими?

“Ушбу санкциялар Россия иқтисодиётининг белини синдириш ва иқтисодиётни ўзлари урушга жўнатаётган ҳарбийларни ҳам боқа олмайдиган аҳволга солиш учун кифоя қилади. Бироқ бу драматик паллада биз учун осмонимизни тўсишгани кўпроқ муҳим эди, чунки шаҳарларимизни айнан ҳаводан – ракета ва учоқлар билан бомбалашмоқда, бизнинг эса ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимиз йўқ.

НАТО Россия билан тўғридан-тўғри тўқнашишдан ва, ўзлари айтмоқчи, мазкур можаронинг Учинчи жаҳон урушига айланиб кетишидан чўчияпти. Мен бу хавотирни абсурд деб биламан, чунки Путин ҳар қанча сурбет бўлмасин, жони ўзига ширин. Хуллас, осмонимизни тўсишмаган тақдирда ҳам ўзимизни ўзимиз ҳимоя қилишимиз учун бизга учоқлар беришса бўларди. Бироқ, афсуски, шу ҳам йўқ.

Санкцияларнинг самарадорлигига келсак, уларнинг таъсири бирданига сезилмайди. Санкциялар сақланса, – сақланиши турган гап, – тахминан июнь-июль ойларига бориб Россия деб аталувчи мамлакат коллапс ҳолатига тушади. Ана ўшанда, жумладан, Қримни ҳам оккупациядан озод қилиш имконияти пайдо бўлиши мумкин”.

– Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Ғарб мамлакатлари 8 йил олдин Россиянинг Қримни босиб олишига, кейин узоқ вақт Украинага қарши гибрид уруш олиб боришига йўл қўйиб берганини мудҳиш хато деб атади. Сизнинг фикрингиз қандай? Саккиз йил муқаддам Ғарб Россияга қарши нималар қила олиши мумкин эди ва ҳозирги кунда нималарга қодир?

“Бунақа фикрни яқинда Антальяда бўлиб ўтган дипломатия форумида Эрдўғон ҳам айтди, Ғарб Қримнинг оккупация қилинишига нисбатан кескин муносабат билдирганида бугун бу уруш балки бўлмасди, деди. Мен бундан ортиғини айтаман: агарда Ғарб 2008 йил августда – Россия Грузияга бостириб кирганида лоақал 2014 йилги Қрим аннексиясидан кейин жорий қилган санкцияларини қўлласа эди, катта эҳтимол билан, Қрим Россия ишғолидан омон қолган бўлур эди. Россиянинг жорий йил 24 февралидаги агрессиясидан кейин киритилган санкциялар ўшанда қўлланилганида бугун, балки, нафақат Қрим, балки Грузиянинг бир бўлаги ҳам босиб олинмаган, боз устига Молдова ҳам озод этилган ва Украина ҳам Россия тажовузидан сақланган бўлур эди”.

– Тўрт йил бурун Сиз Путин билан учрашган эдингиз. Айтишларича, ўшанда у Сизни гўё сотиб олишга уринган экан. У қанақа одам, Сизнинг-ча, уни урушни тугатишга ишонтирса бўладими?

– Биринчидан, у билан юзма-юз кўришганим йўқ, телефонда 40-45 дақиқа гаплашдик холос. Путин мени сотиб олишга ҳаракат қилмади, шунчаки Россия Федерацияси таркибида нақадар бахтиёр бўлишимиз мумкинлиги, барча муаммоларимизни, хусусан қримтатарларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муаммоларини энг қисқа замонда ҳал қилиб бериши ва умуман, бизга Украина 23 йиллик мустақиллик даврида қилганидан неча баробар ортиқ яхшилик қила олиши ҳақида ваъз ўқиди. Мана шунақа таклиф бўлган эди.

Мен “Аввал Қримдан қўшинларингизни олиб чиқиб кетинг, кейин гаплашамиз бу мавзуда”, деб жавоб бердим. Бизнинг бу аҳволга тушишимизга Россия айбдорлигини, чунки 1944 йилда бизни депортация ва геноцид қилишганида Россия таркибида бўлганимизни айтдим. Мана шунақа мазмунда гаплашган эдик”.

– Путин ва Россиянинг келажаги хусусида нималар дея оласиз? Бугун улар олдида вазиятдан чиқиш йўли борми?

“Улар обрў-эътиборини сақлаган ҳолда, тантилик билан вазиятдан чиқа олишмайди. Қолаверса, Путин ўз сиёсати таназзулга учраганини тан олган ҳолда ўрнини бошқага бўшатиб бериб, сиёсий саҳнадан чиқиб кета олмайди. Негаки, агар шундай қилса, эртасигаёқ уни ҳибсга олишади – мамлакат бошига солган мусибатлари учун. Ҳеч бир душман Россияга Путин каби кўп ёмонлик қила олмаган. Путиннинг айби катта, шу боис охиригача борса керак”.

– Мустафо оға, Туркия раҳбари орқали олиб борилаётган музокаралар тафсилотларидан хабарингиз борми?

– Биласизми, у музокаралар ҳақида, то якуний келишувга қадар ҳеч кимга бир оғиз ҳам сўзламасликка қарор қилинган. Узр.

XS
SM
MD
LG