Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:47
25 февраль куни Киевни Россия ҳарбийларидан ҳимоя қилишга кўнгилли равишда қўшилган фуқароларга қурол тарқатилди.
25 февраль куни Киевни Россия ҳарбийларидан ҳимоя қилишга кўнгилли равишда қўшилган фуқароларга қурол тарқатилди.

Украина ҳужум остида: Зеленский Киев мудофаасида; ЕИ Путин ва Лавров активларини музлатди

  • 24 февраль тонгда Россия армияси Украинага ҳужум бошлади.
  • Ҳужум, Владимир Путин Донбасда махсус амалиёт ўтказилишини эълон қилиши биланоқ амалга оширилди.
  • Путин, Донецк ва Луганк ҳудудидаги украин ҳарбийларини қуролни топширишга чақирди.
  • Россия қўшинлари, бу икки айирмачи республика раҳбарларининг "сўрови билан" киритилди.
  • 21 февраль куни Россия, Украина шарқидаги икки айирмачи республикани мустақил, деб тан олган.
  • Украинада фавқулодда ҳолат жорий этилди, мамлакат бўйлаб кенг кўламли хакерлик ҳужуми кузатилмоқда.
  • НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, бу ҳужумни "халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши" деб қоралади.

Путин ва Лавровнинг Европадаги активлари музлатилади

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар кенгаши Россияга қарши иккинчи пакет санкцияларни жорий қилди.

Бу санкциялар президент Владимир Путин ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Европа банкларидаги пуллари ва бошқа активларини музлатишни кўзда тутади.

Бу ҳақда ЕИ Ташқи ишлар вазирлари фавқулодда мажлисида қатнашаëтган Латвия Ташқи ишлар вазири Эдгар Ринкевич ўз Twitter саҳифасида хабар қилди.

Латвия вазирига кўра¸ айни дамда ЕИ Россияга қарши учинчи пакет санкцияларни жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Роскомнадзор Facebookка кириш “чеклангани”ни билдирди

25 февралдан Роскомнадзор "Facebook тармоғига киришни қисман чеклади".

Бундай ҳаракат¸ Роскомнадзор расмий баëнотига кўра¸ Россия Бош прокуратураси қарори асосида амалга оширилган.

25 февраль куни Россия прокуратураси Facebook тармоғини "фундаментал инсон ҳақлари ва эркинликларини бузиш¸ хусусан Россия фуқаролари ҳақ ва эркинликларига тажовуз қилиш»да айблади.

Прокуратуранинг бундай айбловига Facebook маъмуриятининг Россия телеканаллари ва агентликларининг тармоқдаги расмий саҳифаларини чеклагани сабаб бўлди.

Россиянинг пропаганда қуроли сифатида Facebook тармоғида чекланганлар орасида "Звезда" телеканали¸ РИА Новости, "Лента.ру" ва "Газета.ру" агентликлари бор.

Россиялик тармоқ фойдаланувчилари¸ 25 февралдан бошлаб Facebookка кириш ëпиб қўйилганини билдирмоқда.

Россия Евронигоҳ қўшиқ танловидан чиқарилди

Европа телерадиоэшиттирувлар уюшмаси Россияни Евронигоҳ конкурсидан чиқарди.

Украинага уруш бошлаган мамлакатнинг бу танловда иштирок этиши¸ ташкилотчилар таъкидича¸ уни “обрўсизлантиради”.

Бу қарор арафасида Финляндия¸ агар Евронигоҳда Россия қатнашадиган бўлса¸ танловга ўз қўшиқчиларини юбормаслигини билдирди.

Бошқа давлатлар¸ хусусан Украина эса¸ ташкилотчиларни Россияни бу танловдан чиқариб юборишга даъват қилган эди.

Россиянинг Европа кенгашига аъзолиги тўхтатилди

Бу ҳақда Европа кенгаши Вазирлар комитети расмий сайтида хабар берилди.

Аъзоликни тўхтатиш ҳозирча Россиянинг кенгаш таркибидан чиқарилганини англатмайди. Жорий вазиятда бу Россиянинг Вазирлар комитети¸ Парламент ассамблеяси ва кенгашнинг бошқа тизимлари ишида қатнаша олмаслигини билдиради.

Айни пайтда¸ Европа кенгаши Вазирлар комитети кенгашнинг бошқа аъзоси Украинага уруш бошлагани учун Россияни аъзоликдан ҳам чиқариши мумкин.

Бундай қарорга муносабат билдирган Европа Парламент ассамблеясидаги Россия делегацияси раҳбари Петр Толстой Россиянинг “Европадаги энг катта давлат экани ва Россиясиз Европа Кенгашининг ҳеч кимга кераги бўлмаслиги” ҳақида баëнот берди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG