Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:01

Қирғиз-тожик чегарасида яна можаро чиқди. Тожикистон “ўз аскарлари ноҳақлигини тан олди”


Қирғиз-тожик чегарасида жойлашган Мақсат қишлоғи
Қирғиз-тожик чегарасида жойлашган Мақсат қишлоғи

22 декабрь куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятида, Тожикистон билан чегара яқинида яна ўқ овозлари янгради. Ижтимоий тармоқларда ёйинланган видеога кўра, ўқлар юк машинаси ҳайдовчиси бўлмиш қирғизистонликка қарата отилган.

Қирғизистон Чегара хизмати “тожик ҳарбий хизматчилари юк машинаси ҳайдовчисидан Тожикистон ҳудудига киришни талаб қилган”ини маълум қилди. Қўшни республика ҳодиса юзасидан расмий изоҳ берганича йўқ.

Ушбу воқеа муносабати билан чегарага яқин қирғиз қишлоқларида маҳаллий аҳоли вазиятни назорат қилиш мақсадида халқ дружиналари тузгани айтилмоқда.

“Вазият тинч, лекин одатда чегараолди ҳудудларда бир кор-ҳол рўй берса, қишлоғимиз эркаклари навбатчилик ташкил қилади. Биз ҳамиша бир-биримиз билан алоқада бўламиз”, дейди Мақсат қишлоғининг собиқ оқсоқоли Сапарали Адинаев.

У изоҳ берганида вақт 22 декабрь, чамаси соат 19.00 эди. Адинаевга кўра, ўша кечада Лайлак (Қирғизистон) ҳамда Ганжи (Тожикистон) туманлари раҳбарлари, бундай тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида учрашув ўтказиши режалаштирилган эди.

Ижтимоий тармоқларда ёйилган видеода кадр ортидаги эркак овози ҳодиса Лайлак туманининг Мақсат қишлоғида юз берганини айтади. ҚР Чегара хизмати Боткен вилояти ҳудудий бошқармаси вакили Асилкерим Ажиев қуйидагиларни маълум қилди:

“Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистон фуқароси “Камаз” машинасида Боткен вилояти, Лайлак туманидаги Мақсат-Жаштик автойўлида кетаётган бўлган. Йўл қирғиз-тожик чегараси бўйлаб ўтган. Ҳайдовчи ариқдан сув олмоқчи бўлиб тўхтаган. Шу пайт ёнига уч нафар тожик ҳарбий хизматчиси келиб, машинага ўтириб олган ва Тожикистон ҳудудига ҳайдашни талаб қилган. Ҳайдовчи ҳаракатни тожик ҳарбийлари ҳамроҳлигида давом эттирган. Аммо эътиборни тортиш мақсадида у кутилмаганда бошқа бир машина йўлини тўсган ва қичқириб, тожик ҳарбийлари уни қўлга олишганини айтишга улгурган. Тожик чегарачилари машинадан тушган, бу пайтда ҳайдовчи ҳаракатни давом эттирган. Кейин Тожикистон ҳарбийлари юк машинаси ғилдираги ва олд ойнасига қарата уч марта ўқ узган. Натижада ҳайдовчи ойна синиқларидан енгил жароҳат олган. Айни пайтда Қирғизистоннинг Лайлак ва Тожикистоннинг Ганжи участкалари бўйича вакиллари учрашуви ўтказилмоқда.”

Тожикистон расмийлари юз бергани воқеага ҳозирча изоҳ беришмади.

23 декабрь куни эса ҚР МХДҚ Чегара хизматининг ахборот ва коммуникациялар бошқармаси қўшни республика чегара вакиллари билан 22 декабрда бўлиб ўтган музокара якунлари ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, музокара чоғида тожик томонига Тожикистон чегарачилари ҚР фуқароси Б.М.га нисбатан қурол ишлатган мазкур воқеа хронологияси ҳамда жойи намойиш этилган, шундан сўнг “Тожикистон Республикасининг чегара вакиллари тожик ҳарбий хизматчиларининг хатти-ҳаракатлари, хусусан, улар томонидан қурол қўлланиши қонунга хилофлигини тўлиқ тан олганлар”.

Улар, шунингдек, юз берган воқеани Тожикистон Ҳарбий прокуратураси тергов қилишига ва айбдорлар жазоланишига ваъда беришган.

Музокара сўнггида томонлар воқеа бўйича бир томонлама суриштирув ўтказишга келишиб олганлар. Тез орада иккала республика чегара заставалари бошлиқлари чегарачиларга ўзини тутиш қоидаларини ўргатиш мақсадида қўшма машғулотлар ўтказади.

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегарада баҳсли участкалар кўп. Ана шу мавҳумлик сабабли қўшни мамлакатларнинг аҳолиси ва чегарачилари ер, сув ва коммуникацияларни талашиб тез-тез тўқнашади. Ва шу можаролар чоғида ўқотар қурол қўлланиши ва инсонлар қурбон бўлиши ҳоллари ҳам кўп учрайди.

Чегарада энг йирик тўқнашув 2021 йилнинг апрель ойи охирларида содир бўлди. У “Головной” сув тақсимлаш объекти жойлашган ҳудуд учун жанжалдан келиб чиққан. Қуролли тўқнашув оқибатида қирғиз томонидан 154 киши жабрланди, 36 киши, жумладан, икки бола нобуд бўлди. Тожикистон ҳукумати эса расман 19 қурбон берганини ва 87 киши ярадор бўлганини маълум қилди.

Чегара: хавфсизлик ва дипломатия

“Интербилим” халқаро марказининг Ўш шаҳридаги филиали раҳбари Гулгааки Мамасолиева икки мамлакат фуқаролари орасида келиб чиқаётган бундай воқеалар олдини олиш устида ишламаётгани учун махсус хизматларни танқид қилди:

“МХДҚнинг сустлиги бу. Махсус хизмат тегишли тартибда иш олиб бориши ва бунақа ҳолатлар олдини олиш чораларини кўриши керак. Бунинг ўрнига ҳокимиятни танқид қилаётган сиёсатчи ва фаолларни кузатиш билан шуғулланишяпти. Улар Қирғизистон ресурсларидан ношудларча фойдаланаётгани учун ҳам чегараларимиз хавфсиз эмас. Сарҳадларимиз муҳофазаси – МХДҚнинг бирламчи вазифасидир.”

Ўз навбатида Қирғизистон расмийлари мунтазам равишда баёнот бериб, чегарада вазият назорат остидалигини айтишади ва вақти-вақти билан музокаралар ўтказишади. Бироқ Гулгааки Мамасолиева Бишкек ва Душанбенинг расмий баёнотларига ишонмаслигини айтади ва буни иккала республика ҳукуматлари ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир ҳужжатларни эълон қилмаётгани билан асослайди.

“Убада Баткен” ҳаракати вакили Акмарват Абдулла қизига кўра, икки мамлакат фуқароларининг тўқнашувларига чек қўйиш учун аҳоли ўртасида тушунтириш олиб бориш ва ҳукуматларнинг ўзаро музокара қилиши етарли эмас. У биринчи галда жараёнга чегара ва хавфсизлик бўйича ўткир мутахассисларни жалб этиш керак, деб ҳисоблайди.

“Ҳарбий хизматчиларнинг аксарияти – кечагина мактабни битирган ёшлар. Улар мактаб партасидан армияга кетиб, чегараларни қўриқлашяпти. Ҳолбуки чегара можаролари кўп содир бўладиган мамлакатларда чегара хизматига яхши тайёрланган ҳарбийларни олиш лозим. Қўшни мамлакат фуқаролари билан мулоқот чоғида бир оз кўнгилни кенг қилишса, эҳтимол, агрессия пасайган бўларди. Чунки муаммони тиканли сим тортиш билангина ҳал этиш имконсиз”, дейди Озодлик суҳбатдоши.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида 970 километрлик чегара бўлиб, шундан атиги 519 километри белгиланган, қолган қисми баҳсли ҳисобланади. Қирғизистоннинг Боткен ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари орасидаги участка ҳам баҳсли бўлиб, бу ерда қишлоқлар шахмат катаклари каби уйқаш жойлашгани сабабли чегара чизиғини аниқлаш қийинчилик туғдиради.

Июль ойи охирида икки мамлакат ҳукумат комиссиялари яна 40 километр чегара бўйича келишувга эришгани маълум қилинди. Томонларнинг топография гуруҳлари дам-бадам учрашувлар ўтказишади, аммо музокаралар тафсилотлари очиқланмай қолмоқда.

XS
SM
MD
LG