Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:53

"Коррупцияга қарши курашда Президент “Қариндошимни ҳам аяма!” десагина наф бўлади"


Сўнгги ойларда Ўзбекистонда давлат идоралари мулозимларининг пора билан ушланганига оид хабарлар бот-бот пайдо бўлмоқда. Қўлга тушаётганлар аксар ҳолатларда бошлиқ ўринбосарлари ёки улардан ҳам қуйироқдаги мулозимлардир.

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда Бош прокуратура Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) билан ҳамкорликда олиб бораётган порахўрликка қарши қўшма курашнинг айнан шу жиҳати танқид қилинмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, бундай қўшма амалиётлар коррупцияга қарши бундай танланма кураш халқ ва ташқи дунёга “курашилмоқда” деган ишоратни бериш учун қилинмоқда. Бундай намойишкорона томошани тўхтатиб, асл коррупция илдизини қирқиш эса бевосита президент Шавкат Мирзиёевнинг иродасига боғланмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 5 декабрь куни Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари 29 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда ушланган.

Бунга қадар Бухорода Бош прокуратура бошқармаси бошлиғи ўринбосари 3 минг АҚШ доллари, Андижонда солиқ инпекцияси бош инспектори 15 миллион сўм билан, Наманганда Қишлоқ хўжалиги бошқармаси мулозими 10 минг, Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари эса 2 минг АҚШ доллари билан ушлангани хабар қилинган.

Бундан ташқари, катта лавозимли амалдорларнинг аксарияти “фирибгарлик”да айбланиб, енгил жазо билан қутулаётгани, аммо оддий ходимлар, жумладан мактаб директори даражасидаги раҳбарлар кичик сумма билан қўлга тушган бўлсада, қамоқ жазосини олаётгани ҳам танқид қилинмоқда.

“Таътил” пайтида “моддий рағбат” олган мулозим

Ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий нашрларда кўп норозилик билдирилган ҳолат, Бош прокуратуранинг 29 минг АҚШ доллари миқдоридаги порани олиб, “фирибгарлик”да айбланган мулозими бўлди.

Бош прокуратура берган расмий баёнотга кўра, бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаётган ва меҳнат таътилида бўлган мулозим 5 декабрь куни ушланган:

“22 ноябрдан меҳнат таътилида бўлган А.Т. жорий йил 5 декабрь куни соат 22 ларда Миробод туманида жойлашган "Мустафо" ресторанида “Д.А.дан гўёки тендерда ютишига ёрдам қилганлиги учун 29 минг АҚШ долларини олганида ашёвий далиллар билан ушланди”, дейилади расмий баёнотда.

Мулозим Бош прокуратура ҳамда ДХХ ҳамкорлигида ўтказилган амалиёт чоғида қўлга олинган. Бош прокуратура А.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатган.

Расмий баёнотда, “пора” сўзи тилга олинмаган, мулозим томонидан олинган маблағ “моддий рағбат” деб таърифланган. Бундан ташқари, мулозим хизмат вазифасини бажармаётгани, балки меҳнат таътилида экани алоҳида урғуланган.

Тошкент шаҳар прокуратураси қошидаги Солиқ, валюта ва ноқонуний даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти бошлиғининг собиқ ўринбосари Ботир Ҳусаиновга кўра, бу баёнотда нафақат прокуратура балки аксар давлат ташкилотларида мавжуд коррупцион тизимда қўлланадиган схема белгилари яққол кўринган.

Собиқ прокурорга кўра, куч ишлатар органлар ёки давлатнинг юқори бошқарув органларидаги раҳбарлар янги ишга кирган ходимдан “меҳнат таътилига чиқиш ёки оилавий шароитига кўра ишдан бўшаш ҳақида олдиндан ариза ёздириб олади”:

- Пора оладиган одам, албатта раҳбари билан бўлишади. Шунинг учун, бу ходим қўлга тушса, раҳбарига қарши кўрсатма бериш эҳтимоли катта бўлади. Шунинг олдини олиш учун, ишга кирган пайтида ходимлардан ариза олиб қўяди, унга сана қўйилмайди. Қўлга тушганда, ўша аризани олиб, қўлга тушишидан олдинги сана билан буйруқ чиқариб қўяди, - дейди Б. Ҳусаинов.

Қуйида собиқ прокурор билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:36 0:00
Бевосита линк

Каримов давридан мерос қолган схема

Б. Ҳусаиновнинг айтишича, бу амалиёт марҳум Ислом Каримов бошқаруви пайтида - 2005 йиллардан ишга тушган ва уни куч ишлатар органлари ходимларининг ўзлари ўйлаб топган.

Ботир Ҳусаинов кейинги йилларда бу амалиёт кенг кўламда қўлланилмоқда, деган фикрда:

- Эътибор берган бўлсангиз, пора олишда айбланиб ушланаётганларнинг ҳаммаси ўринбосар, бўлим бошлиғи ёки терговчи. Булар бошлиқдан рухсатсиз пора олмайди, фақат воситачилик қилади ва кейин юқоридагилар билан бўлишади.

Прокуратура собиқ мулозимига кўра, аксар ҳолларда порани олувчи ёки юқорига берувчи ходимнинг, бир кун ДХХ томонидан қўлга олиниш эҳтимолига шу тариқа ҳозирлик кўрилади:

- Яъни, бу одам нақд пул билан қўлга тушган, зарар келтирмаган давлатга ёки порани берган шахсга. Демак, пул қайтарилади ва ишдан бўшаган ёки таътилда бўлгани учун, ЖКнинг 168-моддаси билан фирибгарликда айбланади. Узоғи 1 ой ҳибсда ўтирадида, озодликка чиқиб кетади. Бу ҳар доим ишлаб келган практика.

300 млн сўм олганга жарима, 1,5 млн олганга қамоқ

Бош прокуратура мулозими бошқа шахсдан олган пул миқдори - 29 минг АҚШ доллари - шу кунда тақрибан 300 миллион ўзбек сўмига тенг, бу эса мавжуд қонунчиликка биноан "жуда катта миқдордаги пора" ҳисобланади.

Ўзбекистон Жиноят кодексида “Пора олиш” жинояти 210-моддада шундай белгиланган:

  • “Пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши”.

Бу айблов тасдиғини топса, давлат органи, яъни прокуратурада ишлаган мулозим беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эди.

Пора билан қўлга тушаётган амалдорлар ишини ёритиб келаётган ва исмини сир сақлаган маҳаллий журналистга кўра, прокуратура ёки куч ишлатар органлари, ҳокимиятлар ёки бошқа юқори бошқарув идораларининг мулозимларига нисбатан оғир жазо қўлланилмаётир. Аммо, оддий ишчи-ходимлар, жумладан ўқитувчи, шифокор ёки бошқа қуйи буғиндаги раҳбар ходимларга нисбатан оғир жазо қўлланмоқда.

“Масалан, кўзингиз тушган бўлса, яқинда мактаб директори 1 ярим миллион сўм пора олгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Тармоқларда роса муҳокама бўлди. Энди ўзингиз ўйланг, 29 минг АҚШ доллари олган раҳбар фирибгарлик билан қутулиб кетяпти, 1 ярим миллион сўм олган раҳбар 5 йилга қамаляпти. Бу ҳаракатлари билан ўзига нисбатан коррупция иддаоларни Бош прокуратуранинг ўзи тасдиқлаб турибдида. Яъни, пора олган шеригини қутқаряпти, пора олган мактаб директорини аксилкоррупция ислоҳотларига қурбон қиляпти. Албатта, директор пора олиши мумкин, деган гап чиқмаслиги керак бундан. Лекин, бунақа қилиб халқнинг устидан ҳам кулиши керак эмасда!”

Бу журналист тилга олган мактаб директори китоблик эди. Ўшанда ҳам ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти амалиёт ўтказган.

Унда Китоб туманидаги 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори М.Х нинг оддий фуқародан, ишга жойлаш шарти билан, 1 миллион 500 минг сўм олаётганда ушлангани расман хабар қилинган эди.

Расмий маълумотга кўра, бу масъулга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси қўлланган ва пора олишда айбдор топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.​

“Порахўрлик барча тизимларда авж олган”

Муқаддам Тошкент шаҳар ИИВ тизимида терговчи бўлиб ишлаган ва исмини сир сақлаган юристга кўра, порахўрлик барча тизимларда авж олган ва буни расмий идораларнинг ўзлари ҳам билади.

“Мактаб, боғча, қишлоқ поликлиникаси, бозор - ишқилиб, қайси идорага борсангиз, ҳамма жойда майда порахўрлик авж олган. Бу йиллардан бери шунақа ва ҳеч кимга сирмас. Лекин, ҳозир жуда ошкор тус олган. “Ана казо-казо раҳбарларнинг ўзи порахўр, қўлингдан келса бор, ўшаларни ушла!” деб айтишади юзингизга. Чунки, ижтимоий тармоқ бор ва ҳаммаси очиқ-ойдин, видеолари билан турипти. Ана сизлар ҳам ёзиб ётибсизлар, тўғрими?! (Озодлик радиосини назарда тутмоқда - таҳр.) Бир тарафдан халқни кўзи очиляпти, иккинчи тарафдан катта-катта коррупционер раҳбарлар жазоланмаётгани учун, майдаю йирик порахўрлик авжида кетяпти”, дейди собиқ терговчи.

Озодлик радиоси 2021 йилда қилган қатор йирик журналистик суриштирувлар давомида, Ўзбекистоннинг юқори бўғиндаги раҳбарлар, жумладан шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг оиласи алоқадор кўрилган миллиардлаб доллар миқдоридаги коррупцион жиноятларни ўртага чиқарган.

Бу суриштирувлар билан шахсан таниш эканини айтган собиқ терговчининг хулоса қилишича, раҳбарлар жиноятининг жазосиз қолаётгани жамиятда ҳам, ҳокимият органларида ҳам коррупция ва порахўрликни рағбатлантирмоқда.

“Қайсидир кичик амалдор, замҳокимми ёки кадастр раҳбарими, унинг ўринбосарими, давлат мулкини ўзлаштирди ёки ўғирлади, ёки катта миқдорда пора олди, дейлик. Қўлга тушяптида, ўзиям пора билан жазони енгиллатиб ёки амнистияга илиниб, 1 - 3 йилда чиқиб келяпти. Олганининг бир қисмини қайтаради, қолганини жиноий шериклари билан бўлиб еб ётади ёки ғирт бегонанинг номига расмийлаштириб, четга чиқариб юборадида, қамоқдан чиққандан кейин кетворади. Агар тепада ўзига қарши жуда катта душмани бўлса, чиқолмаслиги мумкин холос. А так, порани бериб сотиб олиш мумкин бўлмаган идора қолмаган. Чунки энг юқоридаги раҳбарлар - президентнинг ёнидагилардан тортиб, мактаб директоригача - кун кўриш ва бойишнинг ягона йўли пора олиш, таниш билиш қилиб ўзлаштириш, деб билади. Халқ ҳам шунга кўниккан. Аҳвол жуда ёмон, билмайман буни тузатиб бўладими-йўқми?!”​

“Коррупцияни фақат президент тўхтата олади”

Ўзбекистонда 2021 йилнинг биринчи ярмида 2544 мансабдор шахсга нисбатан коррупция жиноятлари бўйича 1676 та жиноят иши очилиб, судга юборилган.

Бу ҳақда шу йилнинг 24 сентябрь куни Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурхонов маълум қилган.

Айбланувчиларнинг аксарияти - 1297 киши (51%) – Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси ("Ўғирлик ёки ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш") бўйича жиноят содир этган мансабдор шахслардир. Яна 420 киши 168-модда ("Фирибгарлик"), 80 киши - 210-модда ("Пора олиш") билан айбланган.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги энг кўп коррупция ишлари билан қўлга олинганлар сони Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари - 107 киши, иккинчи ўринда Халқ таълими вазирлиги - 74 киши, учинчида - давлат корхоналари раҳбарияти аъзолари орасидан 66 киши эканини маълум қилган. Аммо, бу мулозимларга қандай жазо берилгани ҳақидаги маълумотларни очиқламаган.

Собиқ прокурор Ботир Ҳусаиновнинг ишонишича, майда порахўрликни коррупцияни тўхтатиш орқали тугатиш мумкин, коррупцияни эса фақат президентнинг ўзи тўхтата олади:

- Президентнинг ўзи энг ишонган 20 та ҳалол одамни танлаб, уларга пора олган Бош прокурор бўлса ҳам, ушлаб-қамаш ваколатини берсагина, коррупцияни тўхтатиш мумкин. Акс ҳолда, имкони йўқ. Чунки, қариндош-уруғ, қуда-анда бўлиб, бу коррупционерлар бир-бирига боғланиб кетган. Қачонки президент, “Пора олган менинг қариндошим бўлса ҳам, аяма!” деб ваколат берса, ўшандагина натижа бўлади.

XS
SM
MD
LG