Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:06

“Тутинган отам ёлворишимга қарамай номусимга тегди”. Зўравонлик қурбонлари ҳикоялари


“Билсам, у тўнғиз қизимни нафақат зўрлаган, балки мен беҳуш ётганимда, агар бировга чурқ этсанг онангни ўлдираман, деб қўрқитган ҳам экан...”

“Эримнинг калтакларидан тўйиб, ота уйимга кетдим. Аммо отамга бу маъқул бўлмади – бир кеча тунашимга ҳам изн бермай, эримникига олиб келиб ташлади...”

“Полицияга ҳеч нима демадим. Йиқилиб тушдим, дедим холос. Сўнгги беш йилда юзимни етти марта операция қилишди...”

Озодлик радиосининг қозоқ хизмати йиллаб хўрлик, ҳақорат ва жисмоний қийноқлар ичида яшаган, лекин алал-оқибат Чимкентдаги “Кўмак” зўравонлик қурбонларига кўмаклашиш марказига мурожаат қилиш учун ўзида куч топа олган бир неча аёлнинг кечмишларини ёзиб олди.

(Ҳикоялар қаҳрамонлари исмлари ўзгартирилган*)

“У бегуноҳ қизимнинг номусига тажовуз қилади, деб сира ўйламагандим”

Нозгул, 42 ёш

Биринчи эрим 10 йил олдин автофалокатда ўлган. Қизим ўшанда тўрт яшар эди. Катта тезликда кетаётгандик, дарадан ўтаётганимизда машина ағдарилиб кетди. Реанимацияда ҳушимга келдим, эримнинг ўлганини уйга қайтганимдан сўнг айтишди. Бу мен учун оғир зарба бўлди.

Ўнта укам бор. У пайтлар онам ҳали ҳаёт эдилар. Онам қазо қилгач, ота уйимда менга жой қолмади. Укаларим сиғдиришмади. Иззат-нафсимга тегадиган гап-сўзлардан безиб кетдим. Руҳим тушди. Борадиган жойим бўлмаганидан ўзим яхши танимаган-билмаган одамга турмушга чиқдим. У сўққабош эркак эди. Ёлғиз қизини узатган экан. Биз қишлоқда яшардик. Эрим эски машинасида киракашлик билан шуғулланарди. Қизимга боқувчисини йўқотганлик нафақасини тўлай бошлашди. Бир амаллаб яшардик.

Бошида тўрт ой турмушимиз ёмон эмасди. Ҳамма даҳшатлар кейин бошланди. Эрим жуда рашкчи чиқиб қолди. Ҳатто укаларим билан гаплашишимни ҳам тақиқлаб қўйди. Телефонимни тортиб олди. Кўп ўтмай ичкиликка ружу қўйди. Ичиб олганида бўралатиб сўкадиган бўлди. Унимни чиқармасликка ҳаракат қилдим. У менга қўл кўтарди. Эътирозга оғиз очган эдим, нега гап қайтарасан, деб яна урди. Чидадим: худо инсоф бериб қолар, деб ўйладим.

Кунларнинг бирида егулик олиб келгани дўконга чиқиб кетдим, 14 ёшли қизимни уйда қолдириб. Хаёлимда ҳеч бир ёмон ўй йўқ эди. Қайтганимда уйда юракни эзадиган сукунат чўккан эди. Қизим бир бурчакда тиззаларини қучиб ўтирарди.

Нима бўлди, деб сўрадим. У бош чайқади холос. Шу маҳал эрим ёнимга келдию гап йўқ, сўз йўқ, чаккамга шапалоқ тортиб юборди. “Нима қилдим сизга?” – дедим тик боқиб. У дўппослай кетди. Қизим, менинг дод-фарёдимни эшитмаслик учун қулоқларини бекитганча кўчага отилди. Мен ортидан чопдим. Аммо эрим етиб олиб, сочимдан чангаллаб тутдию қорнимга бир неча марта тепгач, судраганча уйга олиб кирди. Ўрнимдан турганимда иккала қўли билан қулоқларимга урди. Ҳушимдан кетдим...

Тўшакда кўзимни очдим. Тепамда қизим йиғлаб ўтирарди. “Жоним, нима бўлди ўзи?” – деб сўрадим, лекин у яна миқ этмади.

Қийноқ ва ҳақоратлар давом этди. Кетмоқчи бўлган эдим, у менга пичоқ ўқталиб: “Бу уйдан фақат ўлигинг чиқади”, деди. Қизим икковимиз доимий қўрқув ичида яшардик. Кимса билан гаплашмасдик, қўрқардик. Қочиб кетишга ҳам юрагимиз дов бермасди: бизни тутиб олиб, қайтариб олиб келади барибир, деб ўйлардик.

Инсон ҳамма нарсага кўникар экан. Ортимга назар ташласам, умримизнинг ярим йили шу тарзда ўтиб кетибди. Қизим баттар одамови бўлиб қолди. Бурчакка биқиниб олган кўйи сассиз, бир нуқтага тикилиб ўтирарди. Кулги, ҳазил-ҳузул бутунлай эсидан чиқди.

Кейин билсам, тўнғиз эрим унинг номусига теккан экан. Нафақат зўрлаган, таҳдид ҳам қилган: мен беҳуш ётарканман “бировга чурқ этсанг, онангни ўлдираман”, деб қўрқитган. Минг афсуски, буларнинг барини жуда кеч билдим.

Бир куни эрим бўкиб ароқ ичгач, қизимга қўлини бигиз қилиб: “Бунинг энди қиз бола эмас”, деб айтди. Бу гапнинг даҳшатидан юрагим тилка-пора бўлиб кетди. “Нималар деяпсан?” – дея қичқирдим томоғим йиртилгудек бўлиб. Қизим йиғлаб юборди, икки кафти билан юзларини тўсганча кўчага отилди. Эрим унинг орқасидан заҳарханда кулди...

Эрим шунча калтаклаганига, хўрлаганига қарамай, бегуноҳ қизимнинг иффатига чанг солишдек тубанликка боради, деб сира ўйламаган эдим.

Ҳозир қизим билан алоҳида яшаяпмиз. Мен энди-энди ўзимга кела бошладим. Ўша изтиробли кунлар эсимга тушса, соатлаб ўзимни йиғидан тия олмайман. Якка‑ёлғиз қизимнинг ҳаётини заҳар қилганимга куяман. Бу ҳақида ўйлаганимда юрак-бағрим ўртаниб кетади...

Эримнинг иши судда кўриляпти. Ўзи қамоққа олинган. Аммо у айбини тан олгани йўқ. Судда адвокатлар менга танбеҳ беришади: “Қизимни бир неча ой ичида бир неча бор зўрлаган, деяпсиз. Сиз нима қилдингиз? Кўзингиз қаёқда эди?” Ҳамма мени қоралайди. Адвокатларнинг саволларини мен ҳам ўзимга кўп бор берганман. Ҳар гал ўзимни сўроққа тутганимда аламдан дод солгим келади.

Нима бўлганида ҳам, ўз қизимни асрай олмадим. Қизимнинг, эл-юртнинг олдида шармандаю шармисор бўлдим.

“Бозордаги қўйдек сотиб олишди”

Нурсулув, 30 ёш

17 ёшда эдим. Бир куни синглим билан даладан қайтсак, уйда меҳмонлар бор экан. Онам менга совчи келганини айтди. Куёв мендан 10 ёшга катта эди. Ота-онам, шунча эътирозимга қарамай, унга тегишга қистай бошлашди. Раъйим билан ҳисоблашмай, менинг номимдан розилик беришди ҳам. Отамга қалин пули беришди – 20 минг танга. Меҳмонларга газмол йиртиб тарқатилди. Сўнгра мени олиб кетишди. Бозордаги қўйдек сотиб олишди.

Турмуш қурдик. Эрим мени мутлақо ҳурмат қилмасди. Унинг уйида мисоли чўридек яшардим. Бора-бора эрим мени энг чиркин тарзда хўрлай бошлади. Қайнонам, эримнинг турмуши бузилган опаси ва синглиси биз билан яшашарди. Ҳаммалари қилдан қийиқ қидириб, менга тирғалардилар. Кўнглимга тегишар, камситишарди. Ахир одамни сўз билан ҳам ўлдириш мумкин-ку. Баъзан йиғлаб тонг орттирардим. Ухласаму сира уйғонмасам, дея орзу қилардим. Бир қул каби эдим.

Икки йилдан сўнг тўнғич қизим дунёга келди. Кейин онам вафот этди. Унинг таъзиясини ўтказиб уйга қайтган куним қайнонам билан эрим, азадорлигимга қарамай ҳақорат қилишди. Чидай олмадим, жавоб қайтардим. Шунда эрим дўппослади. Қалб жароҳатига тан оғриғи қўшилиб, тобим қочди. Шундай бўлса ҳам, бу ерда тургим келмади – отамникига қайтдим. Аммо отам норози бўлди, жаҳли чиқиб кетди ва, бир кеча тунашга ҳам қўймай эримникига олиб келиб ташлади.

Борадиган жойим, суянадиган кишим йўқ эди. Ноилож, тишимни тишимга босиб яшашда давом этдим. 10 йилда тўрт қиз кўрдим. Кунларнинг бирида қариндошлардан бири эрим менгача олти марта уйланганини айтди. Бошимга биров сўйил билан ургандек карахт бўлиб қолдим.

Ўшанда эрим ишлагани Олмаотага кетганди. Қўнғироқ қилиб, ўзидан сўрадим. “Ишинг бўлмасин” – гапни калта қилди у. Ҳадемай у менинг устимга ҳам хотин олганини эшитдим. Ҳаётдан буткул кўнглим қолди. Қизларимни олдиму уйдан кетдим. Тўғри реабилитация марказига бордим. Ҳозир ижара квартирада, нафақага яшаб турибмиз. Баъзан ўзимни ўлдиргим келадию қизларимни ўйлаб, шайтонга ҳай бераман.

“Уч йил ичида отам мени бир неча бор зўрлади, таҳқирлади”

Равшан, 27 ёш

Учинчи гуруҳ ногирониман. Реабилитация марказига келганимга бир ярим йилдан ошди. Мен асранди қизман, мени болалар уйидан олишган. Тутинган отам ҳар куни ичар, онамни урарди. У маст бўлиб келган пайтларда онам икковимиз уйдан қочиб кетар ва қўшниларникида тунаб қолардик. Кўчада тонг оттирган пайтларимиз ҳам бўлган.

2016 йили онам ўлди. Кейин отамдан калтак ейиш навбати менга келди. У уйга ичиб келар ва мендан пул топиб беришимни талаб қиларди. Пул бўлмаса мени сўкар, ўшқирарди. Ароққа пули бўлмаган кезларда қўлига илинган буюмни олиб чиқиб, сотадиган бўлди. Баъзан кундалик овқатимизга яраб турган оз-моз захира озиқ-овқатимизни пуллаб юборишдан ҳам тоймасди.

Бир куни у уйга кеч қайтди, мен ухлаб қолган эканман. Отамнинг овозидан чўчиб уйғондим. У хонамга кириб келди ва юзимга ёстиқ босиб бўға бошлади. Нафасим қисди. Шунда у бор оғирлигини ташлаганча устимга ётиб олди. Оёқ-қўлимни қимирлата олмай қолдим. “Ота, бас қилинг!” – дедим ёлвориб. Қулоқ солмади. Зўрлик билан номусимга тегди. Минг типирчиламайин, ҳолим етмади ўзимни қутқаришга.

  • Қозоғистон ички ишлар вазирлиги қайдларига кўра, 2020 йилда маиший зўравонлик ҳолатлари бўйича 1071 та жиноят иши қўзғатилган. Бу бурноғи йилга нисбатан 4.7 фоизга кўпдир.

“Ҳеч кимга чурқ этма”, – буюрди у. Муштини дўлайтириб таҳдид қилгач, хонамдан чиқди. Мен уст кийимларимни кийдим ва нима бўлганини идрок эта олмай узоқ ўтириб қолдим. Эрталаб уйдан чиқдим‑у бошим оққан тарафга жўнадим. Аммо борар ерим йўқ эди. Телба каби сандирақлаб, чошгоҳ маҳали уйга қайтдим. Отам тағин маст эди. “Қаерларда санғиб юрибсан?” – деди. Индамадим. Уч йил давомида отам бир неча марта зўрлади, таҳқирлади. Отамнинг қариндошларига бор гапни айтиб, ёрдам сўрадим. Лекин ҳеч ким ёрдам бермади. Қайтага, ўзимни айбдорга чиқаришди. “Отангга яхши муомала қилмагансан”, деб таъна қилишди. Реабилитация марказига мени қўшнимиз бошлаб келди. Ҳозир даволаняпман. Сал-пал ўзимга келволай, сўнг биологик онамни қидириб топаман. Мендан нега воз кечганини билмоқчиман.

“У мени ушлаб олмоқчи бўлганида қоқилиб кетиб, чўғланиб турган кўмир устига юзтубан йиқилдим”

Гулбека, 48 ёш

17 ёшимда эрга текканман. Эримни танирдим, лекин у билан ҳеч қачон гаплашмагандим. Мени кўчада ўғирлаб кетишди. У пайтлар олиб қочилган қизлардан ҳеч бири уйига қайтмасди. Қариндош-уруғлар ҳам мени олиб келишни хоҳламаган. Мен тақдирга тан бердим.

10 йил бирга яшадик. Фарзанд кўрмадим, шу туфайли қанча хўрлик ва азобларга гирифтор бўлдим. Бошимга ит кунини солишди. Қайнонам бўйимда бўлмаганини писанда қилиб кўз очирмасди. Эрим кўп ичар, мени урар ва уйдан ҳайдаб соларди. Қанчадан-қанча тунларни кўчада ўтказганман. Сабр қилишим керак, ҳаётим изга тушиб кетади – аёл зотининг қисмати шу, деб ўйладим.

Кунларнинг бирида эрим шундай деди: “Мен бошқа хотин оляпман, отлан, сени отангникига ташлаб келаман”. Нима дейишни билмасдим. Мени куч билан ўғирлаб кетган эди, яна куч билан уйимга элтиб ташлади. Аччиқ-аччиқ йиғладим.

Эртасига отам бақириб берди: “Эл-юрт олдида юзимни шувут қилдинг!” – деб. Ака-укаларим ҳайдаб юбормоқчи бўлишди. Лекин қаёққа бораман ахир. Бир куни ўзимни ўлдирмоқчи бўлдим. Синглим қутқариб қолди.

Эримдан ва унинг оиласидан кўрган шунча ситамлар камдек ота уйимда ҳам одам каби яшай олмадим. Сиғинди эдим ҳаммага. Акам ва янгамнинг кўнглини олишга тиришиб уларнинг болаларига энагалик қилар, рўзғор ишларига қарашардим. Лекин отам ва ака-укаларим норози эдилар барибир. Бир йил ўтар-ўтмас акам менга қўл кўтарди. Отам бўлса мендан айб қидириб, турткилайвериб жонимдан тўйдирарди. Ўзим туғилиб ўсган уйда барча безор эди мендан.

Дарвоза ёнида катакдек ҳужра бор эди. Қишда совуқ, ёзда иссиқ бўларди. Ўша ерда ёлғиз ётардим. Эримникидан бир нечта кўрпа-ёстиқ ва кийимларим солинган бўғжома билан келгандим холос. Ҳаммадан олдин уйғониб, энг охирида ухлагани ётардим. Аммо бу кўргиликлар туфайли уйқумдан ҳаловат қочди, кечалари алаҳлайдиган бўлдим. Отам ё акамнинг овозини эшитсам ўзимни қўярга жой тополмасдим. Сўнгги пайтларда асабларим чидамай қолди. Бир ўтирсам, оёқ-қўлим чангак бўлиб қотарди.

Бир куни кечки овқатни еб ўтирганимизда акам кўчадан ўқдек отилиб кирдию менга ўшқира кетди. Нима бўлганини билолмай, анграйдим. Эмишки, акам бир қишлоқдош эркак билан жиқиллашибди. Жанжал нимадан чиққан, нима бўлган – билмайман, охирида у акамга: “Сенлар дуруст бўлганингда синглинг шармандаларча эриникидан ҳайдалармиди”, деганга ўхшаш гап айтибди. Акамнинг бақир-чақиридан бошқа сўз англамадим. Қулоқларим шанғиллар, карахт эдим. Акам ёқамдан тутиб бир-икки силтагач: “Кўзимдан йўқол!” – деди. Отам эса қўлимга ёпишиб, судрай бошлади. Мен йиғлаб юбордим. Отам қўлларидан юлқиниб чиқиб, қочмоқчи бўлдим. Дарвоза ёнида ҳозиргина овқат пиширилган ўчоқ бор эди. Отам орқамдан тутмоқчи бўлганида мен қоқилиб кетдим ва ўчоқдаги ловуллаган кўмир чўғлари устига юзтубан йиқилдим. Ҳушдан кетдим, ўнг чаккам куйди.

Касалхонанинг реанимация бўлимида ўзимга келдим. Бу менга онам тақдирини эслатди – у отамнинг калтакларига чидай олмай, юрак хуружидан ўлган эди. Кўнглим бузилди, узоқ вақт унсиз йиғладим. Полиция келиб воқеани суриштирди. Йиқилиб тушганимни айтдим. Сўнгги беш йилда юзимни етти марта операция қилишди. Бир кўзим деярли кўрмайди. Қалбим даҳшатларга тўла. Бошимга тушган кўргиликларни эсласам, аъзойи баданимни титроқ тутади. Тик турган бўлсам, йиқилишимга бир баҳя қолади. Соғлиғим бир оз тиклангач, укам мени реабилитация марказига олиб келди. Гоҳида ўйлаб қоламан: нима гуноҳ қилибманки, худойим менга бунча қаҳр қилади, деб. Жуда ҳоридим, яшашдан чарчаб кетдим.

XS
SM
MD
LG