Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:00

АҚШ: Афғонистонни афғонлар ўзлари мудофаа қилиши керак


Толибон жангчилари Кобул жануби-ғарбидаги Фараҳ вилояти маркази Фараҳ шаҳрида - 10 август, 2021
Толибон жангчилари Кобул жануби-ғарбидаги Фараҳ вилояти маркази Фараҳ шаҳрида - 10 август, 2021

Толибон бир ҳафтадан камроқ вақт мобайнида тўққизинчи вилоят маркази ҳамда чегара яқинидаги шаҳар ва савдо йўлларини эгаллаб олар экан, Америка Қўшма Штатлари мамлакатни ҳимоя қилиш Афғонистон хавфсизлик кучлари қўлида эканини билдирди.

Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий миссияси 31 августда тугашини айтган. Унинг сўзларига кўра, афғон халқи ўз келажагини ўзи ҳал қилиши керак. Байден 20 йилдан бери тинчимаётган урушга бошқа америкаликларни сафарбар қилмаслигини айтган.

Душанба куни АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Қатарга жўнаб кетди. АҚШ Давлат департаментига кўра, у ерда Халилзод «Толибонга ҳарбий ҳужумларни тўхтатиб, сиёсий келишувга эришиш учун босим ўтказади».

Департамент баёнотида қайд этилишича, уч кун давом этадиган музокараларда ҳукуматлар ва турли ташкилотлар вакиллари «зўравонлик ва ўт очиш камайтирилиши ҳамда куч билан ўрнатилган ҳукуматни тан олмаслик мажбурияти қабул қилиниши» учун босим ўтказадилар.

2001 йилда ҳокимиятдан ағдарилган Толибон Афғонистонда шариатни тиклашга уринмоқда. Экстремистик гуруҳ Афғонистондан хорижий кучлар олиб чиқиб кетилар экан, ҳукуматни мағлуб этиш кампаниясини кучайтирган.

Душанба куни улар мамлакат шимолида жойлашган Самангон вилояти маркази Самангон шаҳрини эгаллаб олди.

«Айни пайтда толиблар полиция қароргоҳи ва вилоят ҳокими биносини эгаллаш учун Афғонистон кучлари билан жанг қилмоқда», деди самангонлик депутат Зиёуддин Зиё.

«Марказнинг бир неча қисми толиблар қўлига ўтди», деди у.

Дам олиш кунлари Толибон учта вилоят марказини – жануби-шарқдаги Нимроз вилоятининг маъмурий маркази бўлмиш Заранж шаҳрини, Сарипул вилояти пойтахти Сарипул шаҳрини ҳамда Таҳор вилояти маркази Толуқон шаҳарларини эгаллаб олди.

Аввалроқ улар Қундуз вилояти маркази Қундуз шаҳрини ҳамда Ҳелманд вилояти маркази Лашкаргоҳ шаҳрини эгаллаб олишганди.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирби АҚШ ушбу тенденциядан чуқур хавотирда эканини, лекин Афғонистон хавфсизлик кучлари исёнчи гуруҳга қарши курашишга қодир эканини таъкидлади.

«Улар ўз ҳарбий кучлари, ўз вилоят марказлари, ўз халқларини мудофаа қилишлари керак. Пировардида, ҳаммаси мамлакат раҳбарияти айнан ҳозир ва айнан шу ерда буни бажаришга қодир эканини кўрсата олишига бориб тақалади», деди Кирби.

Котиб агар Афғонистон хавфсизлик кучлари жанг қилмаса, АҚШ армияси нима қила олиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан «Кўп нарса эмас», дея жавоб берди.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган АҚШ расмийларининг айтишича, йил бошида Байден қўшинлар олиб чиқиб кетилиши ортидан вилоят марказлари қулаши ҳақида огоҳлантирилган. Шундай бўлса-да, АҚШ ҳарбийлари айрим шаҳарлар толиблар томонидан жуда тез суръатда эгаллаб олинганидан ҳайратга тушган.

Толибон дам олиш кунлари вилоят марказларини қўлга олар экан, АҚШ ўндан кам ҳаво зарбасини амалга оширган. Ҳужумларнинг бири шунчаки толиблар ҳарбий техникасини йўқ қилиш мақсадида амалга оширилган.

АҚШ расмийларининг бири Қундуз шаҳри қулаётганида Афғонистон кучлари ҳеч қандай ёрдам сўрамаганини айтди.

Толибон ютуқлари туфайли хорижий кучлар Афғонистондан олиб чиқиб кетилгани кескин танқидга учрамоқда. Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес “The Daily Mail” нашрига берган интервьюсида ўтган йили АҚШ ва Толибон ўртасида тузилган келишувни «чириган битим» деб атади.

Вашингтон ўтган йили собиқ президент Дональд Трамп раҳбарлиги остида толиблар билан тузилган битим асосида ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кета бошлаган.

Уоллеснинг айтишича, Британия ҳукумати айрим НАТО мамлакатларини АҚШ қўшинлари чиқиб кетганидан кейин Афғонистонда қўшин сақлаб қолишга ундаган, аммо бу таклифни етарлича мамлакатлар қўлламаган.

«Баъзилар буни хоҳлашларини, лекин уларнинг парламентлари қарши эканини айтишди. Тез орада бирлаштирувчи куч бўлиб келган Қўшма Штатларсиз бундай вариантлар иш бермаслиги маълум бўлди», деди Уоллес.

Германия мудофаа вазири Толибон исёнчилари ўн йил давомида немис қўшинлари фаолият юритган Қундузни эгаллаб олганидан сўнг, немис аскарларини Афғонистонга қайтариш борасида янгараган чақириқларни рад этди.

Афғонистон ҳарбийлари Қундузни босиб олган Толибон жангчиларига қарши ҳужум уюштирган. Шаҳар аҳли жон сақлаш учун қочиб кетишга мажбур бўлган.

Хавфсизлик ходимлари Эрон билан чегарага яқин ҳудудда, Ҳирот яқинида оғир жанглар кетаётганини билдиришди.

Ҳирот минтақавий касалхонаси бошлиғи Ориф Жалолий охирги 11 кун ичида 36 киши ҳалок бўлганини, 220 киши яраланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, яраланганларнинг ярмидан кўпи тинч аҳоли вакилларидир.

UNICEF ташкилоти сўнгги 72 соат ичида Қандаҳор вилоятида 20 нафар бола нобуд бўлгани ва 130 бола яраланганини маълум қилди.

Ташкилотнинг Афғонистондаги вакили Эрве Людовик де Лис:

«Зўравонликлар кундан-кунга кучайиб бормоқда», деди.

Қундузда кўплаб оилалар ўз уйини ташлаб, 315 км масофада жойлашган Кобулга йўл олган. Одатда автомобилда Қундуздан Кобулга 10 соатда етиш мумкин.

Шаҳарлик муҳандис Ғулом Расул тинчимаётган отишма садолари остида ўз оиласи билан пойтахтга кетиш учун автобус излаётганини айтди.

«Кобулгача пиёда боришга мажбур бўлишимиз мумкин, лекин йўлда тирик қоламизми, йўқми, билмайман. … Ердаги тўқнашувлар ҳатто 10 дақиқага ҳам тўхтамаяпти», деди у “Reuters” агентлигига.

Ғулом ва бошқа бир неча шаҳарлик сўзларига кўра, ҳукумат ҳарбийлари Қундузни исёнчилардан тозалаш амалиётини бошлаган.

Кобулда эса Толибон жангарилари экани айтилаётган шахслар ҳукумат радиостанцияси бошлиғини ўлдиришган.

“Reuters” агентлигининг хабар беришича, минглаб одамлар Кобул боришга уринмоқда. Хабарларга кўра, пойтахтдаги дипломатик мавзеларда ҳужумлар амалга оширилган.

Якшанба куни Толибон матбуот котиби Муҳаммад Наим Вардак “Al Jazeera” телеканалига берган интервьюсида АҚШни Афғонистон ҳукумати кучларини қўллаб-қувватлаш учун бошқа аралашмаслик ҳақида огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG