Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:31

Ковидономика: Ўзбекистонда ўртача маош хусусий клиникада ковиддан 1,5 кун даволанишга етади


Ўзбекистондаги хусусий клиникаларда ковиддан бир кун даволаниш беморга ўртача 2 млн.сўмга, бундай клиникаларнинг жонлантириш бўлимларида бир кун ётиш эса, камида 4 млн. сўмга тушади.

Давлатга қарашли ковид-марказда даволанган беморнинг айтишича, бир беморнинг бир кунлик муолажаси учун дори- дармонга 400 минг сўм сарфланади.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ўртача ойлик миқдори 2 миллион 971 минг 100 сўмни ташкил қилган.

$10 000 га тушган жонлантириш

“Ўтган кузда дадамга коронавирус юқиб, оғирлашиб қолдилар. Дадамни хусусий клиникага ётқизишга мажбур бўлдик. Дўхтирлар реанимация бўлимига ётқизди. Реанимацияда бир кун ётиши 500 АҚШ долларига тушди бизга. 20 кун ётдилар дадамлар. Бир неча кун ичидаёқ қарзга кириб кетдик. Майли, нима бўлсаям отамни сақлаб қолдик. Лекин нега бу қадар қиммат, деган савол мени ҳануз ўйлантиряпти”, - деди Озодликка қўнғироқ қилган тошкентлик йигит. Унинг айтишича, “ўта қиммат дориларга яна бир неча минг доллар сарфлаган”.

Отасини ковиддан даволайман деб қарзга ботган ўғил айтган клиника билан боғлана олмагани учун Озодлик бу хусусий касалхона номини келтирмаяпти.

Кундузги стационарда бир кун ётиш 2 млн. 700 минг сўм

Хусусий клиникалардаги нархлар чиндан ҳам тошкентлик йигит айтаётган ўлчамларда эканлигини бир-икки муассасадан олинган маълумот тасдиқлади.

Масалан, Yunusobod Medical Center хусусий клиникаси телефонини кўтарган ходима бу муассасада ковид беморлар даволанишини билдирганидан сўнг, нархлар тўғрисида маълумот берди:

“Бир кун палатада ётиш 1 500 000 сўм, реанимацияга ётқизилса, 2 миллиондан 4 миллион сўмгача”.

Ходиманинг айтишича, 1 500 000 сўм сўм тўлаган беморга 4 маҳал овқат берилади, у муолажа учун керак бўладиган дори-дармоннинг 90-95 фоизи билан таъминланади.

AKFA Medline хусусий клиникаси телефонини кўтарган ходиманинг айтишича, бу касалхонанинг кундузги стационарида даволаниш учун бемор 1 700 000 сўмдан 2 700 000 сўмгача тўлаши лозим. Нархлардаги тафовут, ходиманинг айтишича, беморга бериладиган дориларнинг миқдори ва нархига боғлиқ.

AKFA Medline ходимаси бу клиниканинг жонлантириш бўлимида ётиш неча пулга тушиши тўғрисида маълумот бермади. “Реанимация нархини билмайман, келиб, ўзингиз гаплашасиз”, - деди у.

Отаси хусусий клиниканинг жонлантириш бўлимида 20 кун ётиши учун 10 минг доллар сарфлаган ўғилнинг айтишича, ўтган йилнинг кузида баъзи хусусий клиникаларнинг бир кунлик реанимацияси 1000 долларга чиққан.

Зангиотада ётганлар неча пуллик дори ичади?

Зангиотадаги ковид-марказда 9 кун (8 тун) ётиб, даволаниб чиққан 45 яшар эркак бемор Озодликка ўз касаллик варақасидан унга берилган дорилар рўйхатини ҳамда уларнинг чакана нархларини ёзиб жўнатди.

Ковидга қарши қўлланилган дорилар ва уларнинг чакана нархлари
Ковидга қарши қўлланилган дорилар ва уларнинг чакана нархлари

Беморнинг айтишича, унга бир кунда ўртача 400 000 сўмлик дори берилган, бундан ташқари, у кунига 3 маҳал овқат билан ҳам таъминланган.

Агар шу маълумотдан келиб чиқилса, яъни дори ва озиқ-овқат харажатлари чиқариб юборилса, бемордан бир кунлик муолажа учун ўртача 2 миллион сўмдан олаётган хусусий клиникалар каравоти учунгина 1,5 миллион сўмгача ҳақ олаётгани тушунилади.

Истеъмолчилар жамиятлари федерацияси матбуот хизмати ходимининг айтишича, хусусий клиникалар хизмати, айниқса, нархларнинг баландлигидан шикоятлар талайгина. Жамият расмий вакили бу ҳақда батафсил маълумотни кейинроқ беришга тайёрлигини билдирди.

Очиқ манбалардан хусусий клиникалар хизматлари прейскурантини топиб бўлмади. Бу муассалаларда шаклланган нархларни ким ва қандай назорат қилади? Бу саволга Монополияга қарши курашиш қўмитасидан ҳам, Давлат солиқ қўмитасидан ҳам жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ходими саволни эшитиб-эшитмасданоқ алоқани узиб қўйди.

Ўзбекистон президентининг 2020 йил, 26 мартдаги қарори билан хусусий тиббиёт ташкилотларига коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга, истисно тариқасида, 2020 йил 1 сентябрга қадар тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилган, тиббий хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилган эди.

Ўтган йилнинг августида Тошкент шаҳрида жами 14 та хусусий клиника коронавирусга чалинган беморларни қабул қилган эди. Шу кунда пойтахтда ва умуман мамлакат бўйлаб қанча хусусий клиника ковид-беморларни қабул қилаётгани маълум эмас.

  • Ўзбекистонда 8 август куни коронавирусга чалинган беморлардан 6 нафари вафот этган, шу тариқа пандемия қурбонлари сони 934 нафарга етган.
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, кеча мамлакат бўйлаб 856 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 137 минг 491 нафарни ташкил қилган.
  • Айни пайтда якшанба куни Андижон, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 795 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 130 минг 906 нафарга етган.
  • ССВ ўтган кеча-кундузда яна 439 нафар кишида пневмония аниқлангани, 5 июлдан бери эса 14 минг 942 киши пневмонияга чалинганини маълум қилган. Булардан 7 минг 537 нафари соғайиб чиққан, 99 нафари эса вафот этган.
XS
SM
MD
LG